Бир куни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир от сотиб олдилар. Отни олиб узоқроққа юрдилар. Уни синаб кўриш учун миниб кўрмоқчи бўлдилар. Шу пайт от бир титраб ўлиб қолди. Умар розияллоҳу анҳунинг нафси отни эгасига қайтариб беришга ундарди. От эгаси мени алдабди, касал отини менга сотибди, деб ўйладилар. Умар розияллоҳу анҳу отни эгасини кетидан қидириб бориб топдиларда, қайтариб бермоқчи бўлдилар. Аммо отни эгаси отини пулини қайтариб беришдан бош тортди. Амирал муъминин қозига шикоят қилдилар. Ўша пайтда адолат қилишда шуҳрат қозонган қози Шурайҳ эди. Қози Шурайҳ отни сотган кишини фойдасига ҳукм чиқардида ва Умар розияллоҳу анҳуга қараб, агар эътирозингиз бўлса, отни эгасига асли тирик ҳолида қайтаринг, ундай қилолмасангиз отни олиб кетаверинг деди. Умар розияллоҳу анҳу қози Шурайҳга қараб кулиб туриб; қози аслида шундай бўлиши керак деб, уни Куфага қози этиб тайинладилар.
Юлдашев Иззатуллоҳ
Тошкент ислом институти “Тиллар” кафедраси ўқитувчиси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ривоят қилинишича, бир кекса инсон 25 ёшли ўғли билан поездда кетиб борар эди. Ёш йигитнинг юзида беқиёс қувонч ва ҳайрат ифодаси акс этарди. У деразадан қўлини чиқариб, шамолни ҳис қилиб: “Ота, қаранг, ҳамма дарахтлар ортимиздан кетаётгандек!” деб бақирди. Кекса киши ўғлининг хурсандчилигига шерик бўлиб, юзида табассум билан жавоб қилди.
Ёнларида ўтирган жуфтлик ота ва ўғлининг суҳбатини эшитиб турди ва бироз ғашлари келди. Чунки 25 ёшли йигит ёш болалар каби ҳаракатланаётганди. Бир вақт ўғил яна “Ота, қаранг, бу кўлдаги ҳайвонларга, булутлар поезд билан бирга кетмоқда!” деб яна қувонч билан бақирди. Жуфтлик янада ҳайрон бўлишди.
Кейин ёмғир ёға бошлади ва йигит қўлига ёмғир томчилари тушганини ҳис қилиб, яна қувонч билан: “Ота, ёмғир ёғяпти, сув қўлимга тегди, қаранг, ота!” деди.
Шунда жуфтликсабр қила олмай, кекса инсондан: “Нега ўғлингизни шифокорга кўрсатиб, даволатмайсиз?” деб сўради.
Кекса киши эса шундай жавоб берди: “Биз шифохонадан келяпмиз, ўғлим ҳаётида биринчи марта кўра бошлади”.
Эсингизда бўлсин: Барча ҳақиқатларни билмагунча хулоса чиқарманг.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ