Рамазон ойи одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ҳақ билан ботилни ажратувчи очиқ оятлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир.
Рамазон ойи ҳар доим ойларнинг султони, саййиди, энг яхшиси бўлиб келган ва ҳамиша шундай бўлиб қолаверади.
Рамазон ойи рўза, таровиҳ ва тиловат ойи бўлиб, унинг рўзасини тутиш фарз, таровиҳ намозини ўқиш суннат, Қуръони каримни хатм қилиш эса фазилатдир.
Рамазон шундай қадрли ва ғанимат ойдирки, унда тутилган рўзанинг савобини бевосита Аллоҳ таолонинг Ўзи беради.
Рамазон ойида жаннат дарвозалари очилади, жаҳаннам қопқалари ёпилади, итоатсиз жин-шайтонлар занжирлар билан боғланади.
Рамазон ойи гуноҳлар мағфират қилинадиган, раҳм-шафқат кўрсатиладиган ва дўзахдан озод қилинадиган ойдир.
Рамазон ойи Аллоҳ ва Расулининг буйруқларини бажаришда, қайтариқларидан қайтишда ва синов-имтиҳонга учраганда сабр-тоқатли ва чидамли бўлишни ўрганадиган ойдир.
Рамазон ойи ўзаро бирдамлик, меҳрибонлик кўрсатиладиган, инсонлар бир-бирлари ҳақида қайғуриб, хато-камчиликларини кечирадиган ойдир.
Рамазон ойи хайрли ишларда ҳамкорлик қилинадиган, мусулмонлар бир-бирини қўллайдиган ойдир.
Рамазон тенглик ойи бўлиб, бу ойда қариялар зиёрат қилинади, беморлардан хабар олинади, муҳтожларга ёрдам берилади, мусибатзада инсонлардан кўнгил сўралади ва етимлар овутилиб, юпатилади.
Рамазон ютуқлар ойи бўлиб, улкан савоблар қўлга киритилади ҳамда нафс ва шайтонлар мағлуб этилади.
Рамазон ойида мусулмонларнинг Аллоҳ ҳузуридаги мартабалари юқори кўтарилади, хайрли ишларининг мукофотлари кўпайтирилади ва кичик гуноҳ ишлари кечирилади.
Рамазон ойининг охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларидан бирида Қадр кечаси яширилган бўлиб, у Қадр кечаси бўлмаган қамарий минг ойдан яхшироқдир. Ким ўша кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, демак у кўп маҳрум бўлибди.
Барчамизга Рамазон ойи муборак бўлсин. Рўзасини тутишда, таровиҳ намозларини ўқишда, Қуръони каримни хатм қилишда ва бошқа хайрли ишларни адо этишда Аллоҳ таоло муваффақиятлар ато этсин. Бу ишларни ихлос ила бажариб тақво ҳосил қилган кишиларга хушхабар ёр бўлсин.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойи кириб келиши билан саҳобаларини муборакбод қилар ва бу ойнинг фазилатларини баён этар эдилар, токи бу ойга тайёр бўлсинлар ва бу фурсатдан фойдалансинлар.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига хушхабар қилиб, айтардилар: “Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ сизга унинг рўзасини тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат дарвозалари очилур, жаҳаннам қопқалари ёпилур, итоатсиз жин-шайтонлар занжирбанд қилинур. Бу ойда бир кеча бўлиб, у минг ойдан яхшироқдир. Ким ўша кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, демак у маҳрум бўлибди”[1].
Уламоларимиз бу ҳадисни инсонлар бир-бирларини Рамазон ойи билан муборакбод этишларига асос бўлади, дейишади. Нима учун бир-бирларини табриклашмасин, ахир бу ойда жаннат дарвозалари очилса, жаҳаннам қопқалари ёпилса, итоатсиз жин-шайтонлар занжирбанд қилинса, минг ойдан яхшироқ Қадр кечаси бўлса ва ҳоказо...
Бошқа бир ҳадисда[2]: “Бир нидо қилувчи: “Эй яхшилик талабгори, савоб ишларга кириш! Эй ёмонлик талабгори, гуноҳ ишлардан тийил!”, деб нидо қилиб туради. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиган бандалари бор бўлиб, (Рамазоннинг) ҳар кечаси шундоқ бўлур”, дейилган яъни, аввалдан дўзахга тушишга лойиқ бўлиб қолган бандалардан баъзилари Рамазони шариф туфайли Аллоҳ томонидан кечирилиб, дўзахдан озод қилинурлар.
Бу ва бошқа ҳадислар асосида Рамазон ойининг баъзи хусусиятлари ва фазилатлари ҳақида тўхталамиз:
Бу ойда жаннат дарвозалари очилади ва жаҳаннам эшиклари ёпилади, чунки бу ойда жаннатга кириш учун сабаб бўлган хайрли ишлар ва солиҳ амаллар кўпроқ бажарилади, дўзахга кириш учун сабаб бўлган гуноҳ-маъсиятлар ва ярамас, жирканч, уятли ишлар камроқ содир этилади. Жаннат дарвозалари мусулмонларни хайрли ишларга шошилишга тарғиб қилиб ҳам очилади. Дўзах эшиклари эса, гуноҳлардан қайтган, истиғфор айтган, афсус-надомат чеккан, қайта қилмасликка ният қилган ҳолда тавба қилишга тарғиб қилиб ёпилади. Натижада, бу ойда вафот этган ва руҳи дўзахга маҳкум қилинган кимсалар, бу ойнинг шарофати ила шу ойнинг охиригача дўзахга киритилмай туради. Жаннатнинг барча дарвозалари очилиши Рамазон ойида ер юзига Аллоҳнинг раҳмати кўп нозил бўлишига ҳам ишорадир.
Бу ойда итоатсиз жин-шайтонлар занжирлар билан боғлаб қўйилади, қўл-оёқларига кишанлар солинади, натижада, инсонларни васваса қилишолмайди, ғаразли мақсадларига етишолмайдилар. Бу Аллоҳнинг бандаларига нисбатан меҳрибонлиги ва лутфу инояти бўлиб, У Зот уларга ўз нафсларидан ғолиб бўлишларига ёрдам беради ва итоатсиз жин-шайтонларнинг макр-ҳийлаларидан асрайди.
Рамазон ойларининг шарофати ила мўмин бандаларнинг кичкина гуноҳлари ўз-ўзидан кечириб юборилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар катта гуноҳлардан сақланиб юрилса, беш вақт намоз, жума намози ўзидан кейинги жума намозигача, Рамазон келгуси Рамазон ойигача ўртада қилинган гуноҳлар учун каффорот бўлади”[3], деганлар.
Рамазон ойининг охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларидан бирида Қадр кечаси яширилган бўлиб, у Қадр кечаси бўлмаган қамарий минг ойдан яхшироқдир. Саҳиҳ ҳадисларда Қадр кечаси Рамазоннинг охирги ўн кунларининг тоқ кечаларидан бирида экани баён қилинган. “Аржаҳ (ҳақиқатга энг яқин) қавлга биноан, Қадр кечаси ҳар йили мазкур тоқ кечаларда биридан-бирига кўчиб юради”[4]. “Уламоларимиз Қадр кечаси бир йил у кечада, бир йил бу кечада бўлиб, кўчиб юради, деган фикрни айтганлар”[5].
Мана шу бир кечада бажарилган ибодат саксон уч йилдан кўпроқ муддат ичида қилинган ибодатга тенг бўлади. Бир кеча! Аниқроғи, таровиҳ намозидан қайтганингиздан кейин саҳарликкача бор-йўғи тўрт соатлик кеча. Агар сиз бу муборак кечани тоат ва ибодатда ўтказсангиз, гўё сиз бу тоат-ибодатни саксон уч йилдан кўпроқ вақт давомида тинмай бажараётгандек бўласиз.
Рамазон ойининг ҳар кунида қабул бўладиган бир дуо бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Рамазоннинг ҳар кунида барча мусулмонлар учун қабул бўладиган бир дуо бор”, деганлар[6]. Агар бу дуо рўза пайтида айниқса, ифтордан салгина олдин қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: адолатли имом, рўзадор то ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси”[7].
Рамазон Қуръон тиловати, зикр ва истиғфор ойидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда Қуръонни тўлиқ Жаброил алайҳиссалом назоратларидан ўтказиб олар эдилар. Вафот топадиган йилларида эса, Қуръонни бу улуғ фариштадан икки марта ўтказиб олганлар. У зот Рамазон ойида Қуръон тиловатини кучайтириб, тунги намоздаги қироатларни узайтирардилар. Ўтган солиҳларимиз ҳам бу ойда Қуръонни бир неча бор хатм қилиб чиқишарди.
Бу ой хайр-эҳсон ойидир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда бошқа ойларга қараганда янада сахийроқ бўлиб кетардилар. Абдуллоҳ ибн Аббос айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг саховатлиси эдилар. Рамазон ойида янада саховатлироқ бўлиб кетардилар[8].
Бу ойнинг хусусиятларидан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларида мужассамдир: “Ким иймон ила, савоб умидида Рамазон рўзасини тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади. Ким иймон ила, савоб умидида Рамазон кечаларининг маълум бир қисмини таровиҳ намозини ўқиш билан ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади. Ким иймон ила, савоб умидида Қадр кечасини тоат-ибодатда ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади”[9].
Бу ой тунги намозлар ва нафл ибодатлар ойи ҳамдир. “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказиб чиқардилар. Қачон ойнинг охирги ўн куни келса, оила аъзоларини ва намозга кучи етадиган катта-ю кичикни уйғотардилар”[10]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйда ўқийдиган нафл ибодатларини Рамазонда масжидга чиқиб, жамоат кўз ўнгида уч кун мобайнида ўқиганлари У зотнинг бу ойдаги тунги намозларга кучли эътибор қаратганларидан дарак беради. Саҳобалар бу ойда У зотнинг нафл намозларга бўлган эътиборларини кўриб, уни ўзларига доимий одат қилиб олганлар. Бу яхши одат ҳозирги кунгача давом этиб келмоқда. Рамазон ойидаги тунги намозлар фиқҳ истилоҳида “таровиҳ” дейилади. Бу намозни ўқиш барча муслим ва муслималар учун суннат ҳисобланади. Мусулмонлар ғофил қолиб, бу намозни ўтказиб юбормасликлари керак. Чунки Рамазондаги нафл намозлар учун бериладиган улуғ савоблар бошқа ойларда берилмайди.
Рамазон ойида қилинган умранинг савоби ҳаж савобига тенг, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга қилинган ҳажнинг савобига тенгдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазондаги умра ҳажга тенг”[11], “Рамазондаги умра мен билан бирга қилинган ҳажнинг савобига тенгдир”[12], дея марҳамат қилганлар.
Булар Рамазон ойининг айрим хусусиятлари ва фазилатларидир. Демак, Рамазони шариф ҳар бир мусулмон банда учун улкан савоблар топиб қолиш, дўзахдан озод бўлиб олиш учун жуда ҳам қулай фурсат экан. Шунинг учун ҳам бу ойнинг келишидан хурсанд бўлишимиз, яхши кутиб олишимиз ва бу фурсатдан ҳар биримиз унумли фойдаланиб қолишимиз даркор. Бунинг учун эса, бу муборак ойнинг рўзасини ихлос билан тутиб, ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, кўпроқ ибодат ва яхшиликлар қилиб қолишимиз керак.
Ўтган баъзи азизларимиз Рамазондан олдин олти ой давомида Аллоҳдан Рамазон ойига етказишини сўраб дуо қилардилар, сўнг яна олти ой давомида ҳусни қабул қилишини сўраб, дуо қилардилар[13]. Зеро улар Рамазон ойидаги хайр-барака, улкан савоб, мўл-кўл ажр-мукофот, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш каби имтиёзлардан хабардор эдилар.
Аллоҳ бизларга ҳам уларнинг йўлларини берсин, омийн.
Абдул Азим Зиёуддин
Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси
[1] Аҳмад ибн Ҳанбал, Насоий, Байҳақий, Ибн Абу Шайба ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳлар ривояти, исноди саҳиҳ.
[2] Имом Термизий, Насоий, Ибн Можа, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Ҳокимлар ривояти.
[3] Имом Муслим ривояти.
[4] Аҳмад ибн Ҳажар Асқалоний, “Фатҳул Борий шарҳу саҳиҳил Бухорий”.
[5] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “Ҳадис ва Ҳаёт”, 9-жуз, 159-бет.
[6] Имом Аҳмад, Баззор ва бошқалар ривояти. Муҳаддис Шуъайб Арнаут: “Бу ҳадиснинг исноди Бухорий ва Муслим шартларига кўра саҳиҳдир”, деган.
[7] Ибн Можа, Термизий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Байҳақий, Ибн Ҳиббон, Таёлисий, Ибн Хузайма ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳлар ривояти. Имом Термизий бу ҳадисни “ҳасан”, деган.
[8] Байҳақий ва Ҳокимлар ривояти. “Ал мустадрак ъалас саҳиҳайн би таълиқиз Заҳабий” китобида: “Бу ҳадис Бухорий ва Муслимларнинг шартига кўра саҳиҳдир”, дейилган.
[9] Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти.
[10] Муслим ривояти.
[11] Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти.
[12] Абу Довуд, Байҳақий, Табароний, Ибн Хузайма ва Ҳокимлар ривояти. Ҳоким: “Бу ҳадис Бухорий ва Муслимларнинг шартига кўра саҳиҳдир”, деган.
[13] Шайх Али ибн Нойиф Шаҳҳуд, “Мавсуъатул хутабил минбария”, “Мавсуъа ад-дийну ан-насийҳату” ва “Мавсуъатул буҳуси вал мақолотил илмия”.
Баъзи уламолар инсоннинг ҳаёт билан видолашув дамларини “сафар чоғи”, “сафар соати” дейишади. Хусусан, машҳур олим Оиз Қарний “Саҳобалар ҳаётидан хотиралар” китобида Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг “сафар соати” ҳақида сўз юритиб, бу вақтнинг ростгўйлик, руҳнинг покланиши, ошкоралик ва шаффофлик онлари эканини таъкидлайди.
Бу вақтда ўлим тўшагида ётган инсондан дунё безакларига интилиш, иғво, мунофиқлик, сохтакорлик каби иллатлар чекинар ва у ўзининг ҳақиқати билан ёлғиз қолади. Ҳатто Фиръавн ҳам жон бериш онида ичидаги махфий ҳақиқатни ошкор қилиб, бундай деган:
لا إِلَهَ إِلا الَّذِي آَمَنَتْ بِهِ بَنُو إِسْرَائِيلَ وَأَنَا مِنَ الْمُسْلِمِينَ
“Иймон келтирдимки, Исроил авлоди иймон келтирган Зотдан ўзга илоҳ йўқдир. Мен ҳам мусулмонларданман” (Юнус сураси, ٩٠-оят).
Машҳур саҳобий Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётаркан, юзини деворга буриб олганди. Атрофида ўтирган дўстлари ва ўғли Абдуллоҳ Амр ибн Осга Мисрни фатҳ этиб, Исломнинг ёйилишига катта ҳисса қўшганини, Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлишини эслатар, у зот бўлса, ўзини қандай оқибат кутаётганини билмагани боис қўрқувдан йиғларди.
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу сўнгги лаҳзаларини бошдан кечирар экан, яшаб ўтган ҳаётини хотирлаб, бундай хулосага келади: “Менинг умрим уч босқичда ўтди. Исломдан олдин жаҳолат босқичида яшадим. Ўша пайтда энг ёмон кўрганим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эдилар. Ҳар қанча ҳийла-найранг ишлатиб бўлса ҳам, у зотни ўлдиришга тайёр эдим. Исломни қабул қилгач, Мадинага ҳижрат қилдим. Бу ҳаётимдаги иккинчи босқич, яъни куфрдан Исломга ўтиш босқичи эди...”
Амр ибн Ос Маккадан Мадинага Холид ибн Валид билан бирга ҳижрат қилганди. Улар Мадинага яқинлашаркан, Амр ибн Ос Холид ибн Валидга: “Ё олдинда юр ёки орқада қол. Менинг гуноҳларим кўп. Расулуллоҳга улар ҳақида айтмоқчиман. У зот билан ёлғиз қолишни истайман”, деди. Шундан сўнг Холид ибн Валид олдинга ўтиб кетди. Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб: “Қўлингизни беринг, байъат қиламан”, деди.
Расулуллоҳ Амр ибн Осга байъат учун қўлларини чўзганларида, у пайғамбаримизнинг муборак қўлларини маҳкам ушлаб олди. Набий алайҳиссалом: “Сенга нима бўлди, эй Амр?” деб сўрадилар. Амр ибн Ос: “Мен шарт қўймоқчиман, эй Аллоҳнинг Расули”, деди. У зот: “Нимани шарт қўясан?” дедилар. Амр ибн Ос: “Раббим ўтган гуноҳларимни мағфират қилишини шарт қилиб қўяман”, деди. Амр ибн Ос жоҳилият даврида Исломга қарши жангларда қатнашган ва кўпгина гуноҳ ишларга қўл урганди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Амр, билмайсанми? Ислом ўзидан олдинги нарсаларни йўқ қилади (гуноҳларни кечиради)”, дедилар.
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу айтади: «Қўлимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларига қўйиб, байъат қилдим. Шундан сўнг муҳаббат ва итоаткорлик ила у зотга ҳамроҳ бўлдим. У зот мен учун инсонларнинг энг севимлиси эдилар. Исломдан аввалги нафратим муҳаббатга айланди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган ҳурматим сабабидан у зотга тик қарай олмаганман. Агар мендан у зотни тасвирлаб беришимни сўрасангиз, бу ишни уддалай олмайман. Чунки у зотга бўлган муҳаббатим, эҳтиромим ва ҳаёим сабабли Расулуллоҳнинг юзларига қарай олмаганман. Ана шу муҳаббат туфайли қайтадан дунёга келгандек бўлдим... Кошкийди, ўша ҳолатимда вафот топган бўлсам. Чунки мазкур ҳолат дин учун кураш, илм, тавба ва ҳидоят каби ҳис-туйғуларни ўзида жамлаганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан сўнг ўзгариб қолдим. Бу ҳаётимнинг учинчи босқичи эди. Бу босқичда дунё мен билан ошкора ўйин қилди. Сиффин ва Жамал каби фитнали ҳодисалар содир бўлди. Аллоҳга қасам, жаннатга кираманми ёки дўзахгами, билмайман!.. Ҳозир биргина калима бор, холос. Уни Аллоҳнинг ҳузурида ўзим учун ҳужжат қиламан. Бу: “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ. Лаҳул-мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайъин қодир” калимасидир».
Шундан сўнг Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу кафтини маҳкам сиқди ва руҳи танасидан чиқиб кетди. Унинг ўғли Абдуллоҳ ибн Амр айтади: “Отамни ювгани олиб кирдик. Ғассоллар унинг бармоқларини ювиш учун очмоқчи бўлдилар, лекин улар маҳкам сиқилганди. Сўнг уни кафанлаш учун бармоқларини очдик, лекин улар яна ёпилиб қолди. Уни қабрга қўйганимизда ҳам қўллари маҳкам сиқилганди”...
Ушбу воқеа замирида барчамиз учун улкан сабоқ бор. Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг нақадар самимийлиги, тавҳид калимасини дили ва тилида маҳкам тутиб, Раббисига юзланганига ҳавасдамиз, албатта.
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу умрини уч босқичга бўлди. Бизнинг “сафар соати”миз қандай кечаркин? Ҳаётимиз неча босқичдан иборат бўлади? Умримиз қандай кечяпти? Раббимиз биз ожиз бандаларига бу борада ҳам Ўз “таклиф”ини тақдим этган. Оли Имрон сураси ٨-оятида бундай дуо бор:
رَبَّنَا لَا تُزِغْ قُلُوبَنَا بَعْدَ إِذْ هَدَيْتَنَا وَهَبْ لَنَا مِنْ لَدُنْكَ رَحْمَةً إِنَّكَ أَنْتَ الْوَهَّابُ
“Роббанаа лаа тузиғ қулуубанаа баъда из ҳадайтанаа ваҳаб ланаа мил-ладунка роҳмаҳ. Иннака антал Ваҳҳааб”.
“Эй Раббимиз, бизни ҳидоят йўлига солганингдан кейин дилларимизни (тўғри йўлдан) оғдирма ва бизга ҳузурингдан раҳмат ато эт! Албатта, Сен Ваҳҳоб (барча неъматларни текин ато этувчи)дирсан”.
Меҳрибон Зот барчамизни ушбу дуо-оят ҳақиқати билан ризқлантирсин!
Мавжуда НУРИДДИНОВА
тайёрлади.