Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсинки, юртимизга ўз таровати ва барокати ила яна моҳи рамазон ташриф буюрди. Бу ой савобли ишларимизни кўпайтириб, нафсимизни тафтиш қилиб, хулқимизни Қуръонга мувофиқ сайқаллаш дамларидир. Зотан, бу саноқли кунлар ғаниматдир.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло Ўз Каломи Қуръони каримнинг Бақара сураси, 185 оятида шундай марҳамат қилади:
“(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни, ҳалол билан ҳаромни ажратувчи) нинг очиқ оятлари бўлиб, Қуръон нозил килинган”.
Биз эса ушбу ойни ватандошларимиз қандай ўтказаётганлиги ва нечоғлик фойда олаётганлиги билан яқиндан танишиш мақсадида янги рукн бошладик. Мазкур рукнда сиз ҳам иштирок этишингиз мумкин.
Рамазонни қандай ўтказаётганинггизни бизга ёзиб юборинг. Биз уни MUSLIM.UZ сайти орқали дунёга ҳавола этамиз.
Қуйида илк ҳикоямизни сизларга тақдим этамиз.
Бозорхон бобо Алимов. Сурхондарё вилояти, Музработ туманидан.
“Бу йилги Рамазон ойи аввалги йилдагиларга нисбатан бироз ўзгача ҳолда ташриф буюрди. Аввало, кун давомида уйда эканлигим кўпроқ китоб мутолаа қилишга ҳамда оилам билан вақт ўтказишга фурсатдир.
Саҳарликдан сўнг фарзандларимга ҳурматли муфтий ҳазратлари Шайх Усмонхон Темурхон ўғлининг “Тафсири Ирфон” китобларини ўқиб беряпман. Аллоҳ рози бўлсин Қуръони каримни ниҳоятда ажойиб тафсир қилибдилар.
Кун давомида невараларимга қўлдан келганча Қуръондан кичик сураларни ўргатаман, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг аудио маърузаларни биргаликда эшитамиз. Шу билан ифторлик вақти бўлиб қолади. Яна бир қувончли жиҳати, оила аъзоларим билан биргаликда таровеҳ намозини адо этаётганимиздир. Бугунги синовли кунларнинг ҳикматларидан биридир эҳтимол.
Барча ватандошларимизга моҳи Рамазон муборак! Юртимиз тинч, осуда ва фаровон бўлсин. Синовли кунларни Аллоҳ таолонинг ўзи тез фурсатда Ер юзидан кўтарсин”.
Суҳбатни Саидаброр Умаров ёзиб олди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан йўлга қўйилган очиқ ва самимий мулоқот тизими фуқаролар мурожаатларини атрофлича ўрганиш ҳамда уларга тезкор ечим топишда муҳим омил бўлмоқда.
Бугун, 26 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказиб, юртдошларимизнинг таклиф ва мурожаатларини тинглади.
Юзма-юз мулоқот жараёнида масжидлар ҳолати ва фаолияти, имом-хатиблар иши, ҳаж ва умра зиёратларини ташкил этиш, оилавий муносабатларни тартибга солиш ҳамда моддий ёрдам кўрсатишга оид қатор масалалар кўриб чиқилди.
Мурожаатларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилган бўлса, қўшимча ўрганиш талаб қиладиган масалалар юзасидан тегишли мутасаддиларга аниқ кўрсатмалар берилди.
Эслатиб ўтамиз, бу каби очиқ мулоқот тадбирлари Диний идоранинг ҳудудий вакилликлари ҳамда юртимиздаги барча жоме масжидларда ҳар ҳафтанинг чоршанба куни мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати