Ўтган улуғларимиз Рамазон ойида намозда ҳам, намоздан бошқа пайтларда ҳам Қуръонни тиловат қилар эдилар.
*****
Рўза уч хилдир:
Биринчиси руҳнинг рўзаси, бу орзуни қисқа қилишдир.
Иккинчиси ақлнинг рўзаси, бу ҳавони нафсга хилоф қилишдир.
Учинчиси аъзоларнинг рўзаси, бу таомдан, ичимликдан ва жимоъдан тийилишдир.
*****
Рўза нима? Рўза – Аллоҳ таоло сенинг тилингга, қулоғингга, кўзингга, фаржингга ва қорнингга парда уриб қўйишидир. Сен шуни тушуниб етишинг керак. Аллоҳ таоло рўза сабабли сени дўзахдан тўсади.
*****
Бир кекса кишига: “Сиз қари одамсиз. Бу рўза сизни заиф қилиб қўяди-ку” дейишди. Шунда у киши: “Мен бу рўзани узоқ сафар учун тайёрлаяпман. Аллоҳ таолонинг тоатига сабр қилиш Унинг азобига сабр қилишдан осонроқдир” деб жавоб бердилар.
*****
Бишр раҳимаҳуллоҳга: “Шундай одамлар борки, фақат Рамазон ойида ибодатга қаттиқ бериладилар” дейилди Шунда Бишр ҳазратлари: “Улар Аллоҳ таолонинг ҳаққини фақат Рамазонда танийдиган нақадар ёмон кишилар экан. Албатта, солиҳ киши йилнинг ҳаммасида қаттиқ ибодат қилади” дедилар.
*****
Солиҳлардан биридан “Ражаб ойи афзалми ёки шаъбон ойими?” деб сўради. Шунда у зот: “Сен шаъбоний эмас, раббоний бўл” дея жавоб бердилар. Яъни фақат шаъбон ойида ибодат қилиб, нафл рўза тутувчи эмас, балки бутун умр давомида Аллоҳнинг тоатида бўлгин” дедилар.
*****
Бир киши солиҳларнинг биридан чўри сотиб олди. Янги хўжайин рамазон ойи яқинлашганда таомлар, ичимликларни захира қила бошлади. Жория ундан бунинг сабабини сўради. Хўжайини “Рамазон яқинлашяпти. Шунга тайёргарлик кўряпмиз” деб жавоб берди. Бу гапни эшитган жория: “Сизлар фақат Рамазон ойида рўза тутасизларми? Менинг аввалги хўжайинимнинг барча кунлари Рамазондек эди. Мени ўша кишига қайтариб беринг” деди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Зайнаб бинти Хузайма онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга жуда ҳам оз вақт яшаганлари ва эрта вафот этиб кетганлари туфайли у киши ҳақидаги маълумотлар оз ва бори ҳам ҳар хиллигини барча тарихчиларимиз таъкидлайдилар. Биз ҳам мазкур маълумотлардан хулоса чиқариб олишга ҳаракат қиламиз.
Зайнаб бинти Хузайма онамиз Маккаи Мукаррамада Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар бўлишларидан тахминан ўн уч йил аввал таваллуд топганлар.
У кишининг оталари Хузайма ибн Ҳорим ибн Абдуллоҳ ал-Ҳилолий деган одам бўлган, оналари Ҳинд бинти Авф ибн Ҳорис ибн Ҳамота ал-Ҳумайрия бўлган.
Зайнаб бинти Хузайма онамиз вояга етгач, Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳуга турмушга чиққанлар.
Ҳижратга амр бўлганда Зайнаб бинти Хузайма онамиз ҳам ҳижрат этиб келиб, ўз оиласи билан Мадинаи Мунавварада истиқомат қила бошлаганлар.
Бадр урушида Зайнаб бинти Хузайма онамиз ҳам ярадорларга қарашиб, фидокорлик кўрсатганлар.
Ҳижрий учинчи санадаги Уҳуд урушида у кишининг эрлари вафот этди. Шундан кейин Зайнаб бинти Хузайма ёлғиз қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу аёлга раҳмлари келиб, у кишининг иддаси чиққач, ўзларига хотин қилиб олдилар. У зот Зайнаб онамизнинг маҳрларига тўрт юз дирҳам бериб, Оиша онамизнинг ҳужралари ёнига у киши учун ҳужра қурдилар. Шундай қилиб, Зайнаб онамиз мўминларнинг онаси деган шарафга ноил бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб онамизнинг сабрлари, жасоратлари, Аллоҳнинг дини йўлидаги фидокорликларини ана шундай тақдирладилар.
Зайнаб онамизнинг лақаблари Уммул Масокин (Мискинларнинг онаси) эди. У киши мискинларга кўп яхшилик қилганлари сабабли мана шу лақабни олган эдилар.
Зайнаб бинти Хузайма онамиз нубувват хонадонида бир неча ой яшаганларидан кейин дорулбақога риҳлат қилдилар. Бу аламли ҳодиса ҳижрий тўртинчи сананинг охирги чорагида бўлди. Ўшанда у кишининг ёшлари ўттизда эди.
Зайнаб бинти Хузайма онамиз розияллоҳу анҳонинг жанозаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ўқидилар ва Бақийъ қабристонига дафн қилдилар.
Аллоҳ таоло Зайнаб бинти Хузайма онамиз розияллоҳу анҳодан рози бўлсин!
«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан