Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Июл, 2025   |   21 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:24
Қуёш
05:04
Пешин
12:34
Аср
17:40
Шом
19:58
Хуфтон
21:31
Bismillah
16 Июл, 2025, 21 Муҳаррам, 1447

Саудия пандемия сабабли Рамазон ойида эҳтиёт чораларини кучайтирди

25.04.2020   1897   3 min.
Саудия пандемия сабабли Рамазон ойида  эҳтиёт чораларини кучайтирди

 

Бутун дунёга катта ташвиш бўлиб турган коронавирус касаллиги пандемияси даврида қатор хорижий мамлакатлар, хусусан, араб-мусулмон мамлакатларида Рамазон ойи ибодатларини қандай ўтказилиши билан боғлиқ масалалар, фатволар ва баёнотларни ўрганишни давом эттирмоқдамиз.

Ўтган куни Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги Уламолар Кенгаши Бош котибияти ҳам ўзининг баёнотини эълон қилди. Баёнот Saudianews.ru интернет нашрида эълон қилинди. Хабарда жумладан қуйидаги масалалар баён этилган:

Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги Уламолар Кенгаши Бош котибияти барча мусулмонлар ибодатларининг барча шаклларини бажаришда эҳтиёт чораларига қатъий риоя қилган ҳолда Рамазон ойини ўтказишни тавсия этди.

Уламолар Кенгаши Бош котибияти тавба-тазарру билан Аллоҳга қайтиш ва Аллоҳ таолонинг амрларига итоат қилишни қатъий ният қилган ҳолда барча мусулмонларнинг муборак Рамазон ойини ўтказишларини тавсия қилди.

Бош котибият бу масала бўйича баёнот тарқатди. Унда мўмин-мусулмонлар учун рўзанинг фазилати ва буюклиги ва бунинг савоби зикр қилинди. Шунингдек бу муқаддас ойда ҳам мусулмонлар хайрли ишларни адо этишга даъват этилди.

Коронавирус пандемиясининг бугунги аҳволини ҳисобга олган ҳолда, Бош котибият мусулмонларни ўзлари яшаётган мамлакатлардаги ваколатли органлар томонидан чиқарилган эҳтиёт чораларига қатъий риоя қилишга ундамоқда. Зеро, Ислом инсон қалби ва инсоний эҳтиёжларини сақлаб қолиш учун чақирилган.

Ҳар бир мусулмон билсинки, Ислом шариатида эҳтиёт ва олдини олиш чораларини кўриш тамойили жорий этилган. Бунга Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бир жойда вабо тарқалганини эшитсангиз, у ерга борманглар. Агар ўзингиз турган жойга вабо келса, у ердан чиқиб кетманглар!” деган сўзлари, шунингдек бир қатор бошқа матнлар далил бўла олади.

Ислом дини қоидалари ҳамда тиббий хулосалар асосида Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги Уламолар Кенгаши Бош котибияти барча мусулмонларга қуйидагиларни тавсия қилади:

  1. Инсон саломатлигини асраш ва коронавирус эпидемияси тарқалишини чеклашга қаратилган ўз мамлакатлари ёки ўзлари яшаётган давлатларнинг ваколатли органлари қарорларига тўлиқ риоя этиш зарур.
  2. Мўмин-мусулмонлар ўз юртларида ёки ўзлари яшаётган диёрлардаги ваколатли идоралар шундай чораларни тавсия қилса, жумладан, намозни уйларида ўқишлари шарт.
  3. Тиббий хулосаларга кўра, тўпланиш ушбу касаллик инфекцияси тарқалишининг асосий сабаби эканини эътиборга олган ҳолда мўмин-мусулмонлар жамланишдан ўзларини сақлашлари лозим. Шунингдек, жамоат бўлиб ифторликлар ва саҳарликлар қилишдан ҳам сақланиш даркор.
  4. Бой-бадавлат мусулмонлар мол-мулкларини эзгу мақсадлар учун (ифторликлар, саҳарликлар ва бошқалар) сарфлашни ният қилган эканлар буни ваколатли органларнинг одамлар тўпланишининг олдини олиш ва бошқа тавсияларига амал қилган ҳолда тегишли тартибда адо этмоқликлари керак.

Мазкур тавсияларга амал қилишда ҳар бир мўмин-мусулмон мамлакат ва халқ манфаатлари ҳақида қайғурадиган бошқалар учун яхши ўрнак бўлиши ва шу билан бирга диннинг тартиб-қоидаларига амал қилаётганлигини англаши лозимдир.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар

Намоздан кейинги зикрлар қандай айтилади?

16.07.2025   1196   2 min.
Намоздан кейинги зикрлар қандай айтилади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Савол: Намоздан кейин имом «Оятал курсий»ни бошидан ўқиганда жамоат қолганини ичида давом эттирадими ёки бошидан бошлайдими? Зикрларни айтишдачи?


Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намоздан кейин оятал курсий ва тасбеҳларни айтиш мустаҳаб амал саналиб, уларни имом ҳам, жамоат ҳам ўқишлари мандуб, яъни гўзал ва савобли иш ҳисобланади. Шунинг учун имом бошлаб берганидан кейин жамоатдагилар ҳам оятал курсийни бошидан ўқийдилар.

Шунингдек, тасбеҳларни 33 тадан айтадилар. Имом уларни овоз чиқариб бошлаб беришининг сабаби жамоатга айтиладиган зикрни эслатиш учундир.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом фарз намозлардан кейин «Оятал курсий»ни ўқишнинг фазилати ҳақида бундай дейдилар: “Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятал курсийни ўқиса, кейинги намозгача Аллоҳ таолонинг зиммасида бўлади” (Имом Табароний ривоятлари).

Бошқа бир ҳадиси шарифда бундай дейилади:

“Ким ҳар бир фарз намознинг ортидан Оятал курсийни ўқиса, уни жаннатга киришдан фақатгина ўлим тўсиб туради” (Имом Насоий ривояти).

Намоздан кейин тасбеҳларни айтиш борасида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта Аллоҳу акбар, деса ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлади. Юзинчисида Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайьин қодийрни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпикларича бўлса ҳам мағфират қилинади”, дейилган (Имом Муслим ривояти).

Шунга кўра имом домла Субҳаналлоҳ, Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳу акбар дейиши ўзи учун ҳисобга ўтади. Жамоатдаги намозхонлар 33 тадан ўзлари айтишлари керак бўлади. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.