Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Январ, 2025   |   22 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:20
Қуёш
07:43
Пешин
12:40
Аср
15:46
Шом
17:30
Хуфтон
18:47
Bismillah
22 Январ, 2025, 22 Ражаб, 1446

Рамазонга тайёрмисиз: саломатликни емирувчи етти омил

21.04.2020   2319   8 min.
Рамазонга тайёрмисиз: саломатликни емирувчи етти омил

Аллоҳ таоло Ўз каломи Қуръони каримнинг Қалам сураси 4- оятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мақтаб шундай марҳамат қилади:

“Албатта, сен буюк хулқ узрасан”.

Уламоларнинг таъкидлашларича инсон ҳаёти давомида кўплаб муаммолар ва одамлар билан ўзаро низоларга боришининг энг катта сабаби бу – ахлоқида кўплаб нуқсонлар борлигидадир.

Бугунги замонавий илм-фан тадқиқотлари ҳам бу фикрни қўллаб қувватламоқда.

Яқинда АҚШнинг Шимолий Каролина Дюк университети тиббиёт маркази профессори Свитен Бойл ўзининг кўп йиллик илмий изланишлари натижасини эълон қилди: “Биз феъл-атвор (ахлоқ) соғлиққа таъсир кўрсатишини илмий жиҳатдан асосладик ва бу таъсирнинг даражасини ҳам тўлалигича англадик” – дейди профессор.

Унга кўра, узоқ яшаш учун одам салбий иллатлардан воз кечмоғи, атрофидагиларга кўпроқ яхшилик қилмоғи лозим экан. Профессор бугун узоқ йиллик тадқиқотлар натижасида аниқлаган маълумотлар динимизда бундан бир ярим минг йил аввал таъкидлаб ўтилган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким умрининг узайишини, ризқининг зиёда бўлишини истаса, ота-онасига яхшилик ва қариндошларига силаи раҳм қилсин”, дедилар”

Хўш, қандай сабаблар инсонни аста-секинлик билан таназзулга олиб келади?

1-САБАБ. Салбий муносабат. Ҳаётга ва атрофдагиларга салбий муносабатда бўлиш – яширин душманлик ҳисси билан яшаш, дегани. Бундай  одамлар бошқаларни ёқтирмайди. Доимо яқинлари уларга нотўғри муносабатда бўлаётганидан нолийди. Аслида бундай одамларнинг ўзи атрофдагиларга нисбатан янглиш муносабатда яшайди! Натижада юрак, қон-томир, қандли диабет касалликларига чалиниш мумкин. Асабийлашиш оқибатида иммун тизимида салбий ўзгаришлар юз беради.

Аввало, қандай вазият бўлишидан қатъий назар бу дунёда барча нарса ўткинчи эканлигини АНГЛАБ яшаш лозим. Имом Ғаззолий таъкидлаганларидек: “Биз билан нима рўй бермасин у албатта ўтиб кетади”.

2-САБАБ. Мақсадсизлик. Яшашдан мақсад бўлмаса, умр қисқа бўлади. Яшашдан маъни йўқ, деб ўйлаган одамлардан кўра, мақсад сари интилувчанларнинг иммун тизими ва юраги бақувват бўлади. Уларнинг саломатлигига даромадининг миқдори ҳам, одамларнинг салбий муносабати ҳам таъсир қилмайди. “Ҳаётдан мақсад сари фойдаланиш лозим” – дейди Бойл. “Акс ҳолда, қисқа умр кўриш эҳтимоли кучаяди. Аввалига интеллектуал, кейин эса жисмоний ўлим юз беради. Мақсадсиз яшаш – ақлнинг заифлашувига олиб келади. Руҳий касалликларнинг ривожланиш эҳтимоли 50 %га ошади. Демак, нима учун яшаётганингизни дарҳол аниқланг!

Фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари, инсоннинг бу дунёда яшашдан мақсади нима деган саволга қуйидагича жавоб қилган эканлар: “Яшашдан мақсад, Аллоҳ таолога бўлган иймоннинг ер юзида қарор топишига ҳисса қўшиш. Аллоҳ таолонинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиш. Ушбу ҳар бир инсон учун шараф бўлган ишларни амалга ошириб икки дунёнинг саодатига эришиш. 

3-САБАБ. Жиззакилик. Жиззаки, айниқса арзимаган сабаб туфайли кўп асабийлашадиганлар, доимо жазавага тушадиганлар ўзларини “еб битиришади”. Шунинг учун тинчланиш даркор! Унутманг асабларнинг тикланиши учун 10 йил керак бўлар экан.

Бир киши Пайғамбар алайҳиссаломдан насиҳат сўради: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга насиҳат қилиб ушбу оятни ўқидилар: “Авф-марҳаматли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг”. (Аъроф, 199). 

Жиззакилик ҳам жоҳилликнинг бир тури.

4-САБАБ. Тартибсизлик. Иш столингиз, автомобиль салонингиз, хонангиз доимо бетартибми? Кўп кеч қоласизми? 9000 киши иштирокида ўтказилган 20 дан ортиқ илмий тадқиқотлар натижаси тартибсизлик – умрни қисқартиради, деган хулосани берди.

Тартиб динимиз биздан талаб этадиган асосий омиллардан биридир. Биз барча нарсани тартиб вва интизом билан бажаришга чақирилганмиз. Ҳатто, намозни ҳам тартиб билан адо этамиз.

Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ бирортангиз бирор ишни қилганда уни пухта қилишини яхши кўради”, деганлар (Абу Яъло ривояти, “Мажмаъу-з-завоид”; Суютий, “Ал-жомеъ ас-сағир”).

Қолаверса тартиб бор жойда поклик бўлади, поклик эса ИСЛОМнинг устунларидандир.

5-САБАБ. Тушкунлик. Узоқ давом этган стресс, қаттиқ ҳаяжон умрни қисқартиради. Қон босимининг кўтарилиши, юракнинг тез-тез безовта бўлиши, сурункали шамоллаш – тушкунлик аломатлари. Бирор мусибат етганда ёки яқинингиз ўлганидан кейин тақдирга тан бермасдан, тушкун ҳолатда асабийлашиш саломатлик учун жиддий зарар. Ғам-қайғуларни унутиш керак!

Одатда ғам-қайғу ва тушкунлик Аллоҳнинг қадарига рози бўлмасликдан, ношукрликдан келиб чиқади. Агар биз Аллоҳнинг неъматларига шукр қилсак, Қуроъни каримда “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман” дея вада қилинганидек, яна ҳам зиёда бўлади. Аксинча, ношукрлик қилиб, итоатсизлик ила, қайтариқларидан қайтмасак, оятнинг давомида марҳамат қиладики: “Борди-ю, ношукрлик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим, 7).

Тиб илмининг улуғ устозларидан бўлган ватандошимиз Абу Али ибн Сино ҳазратлари ҳам ушбу оятдан шундай хулоса қилган: “Инсондаги кўплаб дардлар руҳий мувозанатнинг бузилишидан келиб чиқади. Руҳий мувозанат эса аксарият ҳолда ношукрлик туфайли бузилади”. 

6-САБАБ. Дам олмаслик. Дам олмаслик, шу жумладан, таътилга чиқмасдан ишлаш, тинимсиз равишда компьютер қаршисида ўтириш зиён! Шунинг учун, ҳафтада биир кун, йилда бир бор берилган таътилда бир ой тўлиқ дам олинг! Табиат қўйнида кўпроқ вақт ўтказинг.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида бундай деб марҳамат қилади:

“Аллоҳ ҳеч бир жонга имкониятидан ташқари нарса юкламас” (286-оят). 

Аллоҳ таоло биз бандаларига раҳм-шафқат ва меҳр билан вазифа юклаганда, биз ҳам танамизга раҳм қилайлик. Уни то тугаб, яроқсиз ҳолатга келгунга қадар қийнаб ишлатмайлик. Базан жамиятда кимларгадир ёқиш мақсадида тинимсиз “меҳнат” қилиб, қолганларни ҳам шунга тарғиб этаётган, “озгина дам олинг” десангиз “қабрда дам оламиз” дейдиганлар ҳам учраб туради. Бундайларга ҳам уламолар дам олишни маслаҳат бериб: қабрда дам олинмаслигини, у ерда Аллоҳ таоло берган неъматларнинг жавобини бериб, маҳлум ҳолатда ётишини шунингдек, тана ҳам инсонга омонат берилганлигини таъкидлашган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг олдиларига кирганларида, ҳузурларида бир аёл бор эди. У зот:

Бу аёл ким? – дедилар. 

Фалона, дея унинг намози ҳақида гапира кетдилар. 

Бас! Сизлар тоқатингиз етадиган нарсани лозим тутинглар. Аллоҳга қасамки, сиз малол олмагунингизча Аллоҳга малол келмайди. Диннинг Аллоҳга маҳбуби, соҳиби унда бардавом бўлганидир, – дедилар. 

7-САБАБЁлғон ва хиёнат. Кўп ёлғон гапирадиганларнинг ошқозон ости бези ва юрак қон томир тизимида жиддий муаммолар вужудга келар экан. Шунингдек хиёнат қиладиганларда сурункали касалликлар ва хавфли дардлар ривожланиш эҳтимоли кўпроқ бўлар экан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб: “Мўмин киши табиатида ҳар бир хислат бўлса ҳам, лекин хиёнат ва ёлғончилик бўлмайди”.

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар

Расулуллоҳ ﷺга итоат - вожиб

21.01.2025   2885   13 min.
Расулуллоҳ ﷺга итоат - вожиб

Саҳоба разияллоҳу анҳумлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган Қуръони каримнинг шариъат ҳукмларини истефода қилар эдилар. Кўпинча, Қуръони карим оятлари батафсил айтилмасдан ёки қайдланмасдан нозил бўларди. Масалан, намознинг неча ракат экани, қайси кўринишда бўлиши ва вақтлари баён қилинмасдан умумий бир фарз тарзида келган. Закотнинг ҳам қанча миқдор мол-давлатдан вожиблиги қайдланмаган. Миқдори ва шартлари баён қилинмаган.

Шунингдек, шартлари, асослари ва бирон ҳукмни бузиб юбориши каби изоҳлари аниқ-тиниқ баён этилмаган. Шунинг учун ҳам бу ҳукмларни батафсил билиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилишга эҳтиёж туғдирарди.

Саҳобалар Қуръони каримда далил бўлиб келмаган кўп ҳодисаларга дуч келишганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлини тутиб, ҳукмни ҳадисга кўра баён қилишни лозим деб билишар эди. Чунки у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббилари тарафидан етказувчи ва Аллоҳ таолонинг шариати, унинг чегараси ва мақсадларини яхши билар эдилар.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Қуръони каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каломи шарифни баён қилгувчи эканлари ҳақида:

وَأَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الذِّكْرَ لِتُبَيِّنَ لِلنَّاسِ مَا نُزِّلَ إِلَيْهِمْ وَلَعَلَّهُمْ يَتَفَكَّرُونَ

 “…Ва сенга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун Зикрни нозил қилдик. Шоядки, тафаккур қилсалар”. (Наҳл, 44-оят).

Ҳар бир хилоф ишда у зотнинг ҳукмларига бўйсунишга чақиради:

فَلَا وَرَبِّكَ لَا يُؤْمِنُونَ حَتَّى يُحَكِّمُوكَ فِيمَا شَجَرَ بَيْنَهُمْ ثُمَّ لَا يَجِدُوا فِي أَنْفُسِهِمْ حَرَجًا مِمَّا قَضَيْتَ وَيُسَلِّمُوا تَسْلِيمًا

“Йўқ Роббинга қасамки, улар токи ўз ораларидан чиққан нарсага ҳакам қилмагунларича, сўнгра сен чиқарган ҳукмлардан нафсларида танглик топадиган бўлмагунларича ва унга тўлалигича таслим бўлмагунча зинҳор мўмин бўла олмаслар” (Нисо, 65-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим ва ҳикмат инсонларга таълим беришлари учун ато қилинганини айтади:

لَقَدْ مَنَّ اللَّهُ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ إِذْ بَعَثَ فِيهِمْ رَسُولًا مِنْ أَنْفُسِهِمْ يَتْلُو عَلَيْهِمْ آَيَاتِهِ وَيُزَكِّيهِمْ وَيُعَلِّمُهُمُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَإِنْ كَانُوا مِنْ قَبْلُ لَفِي ضَلَالٍ مُبِينٍ

“Батаҳқиқ, Аллоҳ мўминларга ўзларидан Пайғамбаримиз юбориб неъмат берди. У уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб берадир, уларни поклайдир, Китоб ва ҳикматни ўргатур. Гарчи олдин очиқ-ойдин адашувда бўлсалар ҳам” (Оли Имрон, 164-оят).

Жумҳур олимлар ва муҳаққиқлар “ҳикмат” Қуръони каримдан бошқа нарса деганлар. “Ҳикмат” Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни хабардор қилган дин асрорлари ва шариат ҳукмлари. Уламолар ундан суннат деб таъбир берадилар.

Ҳофиз Ибн Касир ҳам “ҳикмат”ни суннат деганлар.

Имом Шофеъий: “Аллоҳ “Китоб”ни зикр қилди, у Қуръони карим. Уламолар “ҳикмат”ни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, деганларини эшитдим. Чунки Қуъон зикр қилинди, орқасидан “ҳикмат” келди, Демак, бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари”, деганлар.

Имом Шофиъий роҳматуллоҳу алайҳнинг гапларидан кўриниб турибдики, “ҳикмат”ни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари деб қатъиян айтса бўлади. Чунки Аллоҳ таоло уни “Китоб”га атф билан келтирди. Демак, маътуф ва маътуф алайҳ бир-биридан бошқа нарса эканини лозим тутади. Бу эса суннатдан бошқа нарса бўлиши ҳам мумкин эмас.

Ҳикмат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шариат кўрсатмаларига нисбатан  айтган гаплари ва ҳукмларидан иборат содир бўлган ишлар ҳисобланади. Шундай экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим ва эргашиш вожиб бўлган яна бир нарса, яъни, суннат берилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларида бу нарса очиқ равшанбаён этилган. Аллоҳ таоло айтади:

 يَأْمُرُهُمْ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَاهُمْ عَنِ الْمُنْكَرِ وَيُحِلُّ لَهُمُ الطَّيِّبَاتِ وَيُحَرِّمُ عَلَيْهِمُ الْخَبَائِثَ وَيَضَعُ عَنْهُمْ إِصْرَهُمْ وَالْأَغْلَالَ

“У (Пайғамбаримиз) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади, ҳамда уларнинг юкларини ва устиларидаги кишан (қийинчилик)ларни олиб ташлайди” (Аъроф, 157-оят).

Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳи Миқдом ибн Маъдийкариба розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Менга Қуръони карим билан унинг ўхшаши ҳам берилди”, деганлар.

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган ва қайтарган ишларда у зотга эргашишни вожиб қилгани ҳам бунга далолат қилади. Аллоҳ таоло айтади:

“…Расулуллоҳ нимани берса уни олингиз, ва нимадан қайтарса қайтингиз…” (Ҳашр, 7-оят).

Кўпгина оятларда Аллоҳ таоло Ўзига итоат қилишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш билан бирга келтириб айтади:

“Аллоҳга ва Расулига итоат этинг. Шоядки, раҳим қилинсангиз” (Оли Имрон, 132-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чақирган ишларга жавоб қилишга тарғиб қилиб оятда айтилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اسْتَجِيبُوا لِلَّهِ وَلِلرَّسُولِ إِذَا دَعَاكُمْ لِمَا يُحْيِيكُم

“Эй иймон келтирганлар. Сизларни тирилтирувчи нарса (илм олиш) га чорлаганда Аллоҳ ва Расулига (лаббай) деб жавоб қилингиз” (Анфол, 24- оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат Аллоҳга итоат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш Аллоҳни севиш эканини баён қилиб айтади:

مَنْ يُطِعِ الرَّسُولَ فَقَدْ أَطَاعَ اللَّهَ

“Ким Пайғамбаримизга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилган бўлур” (Нисо, 80-оят);

قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ

“Айтинг эй, Муҳаммад! Агар Аллоҳни севсангиз менга эргашинг” (Оли Имрон, 31-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқларига қарши бўлишдан қайтарган:

فَلْيَحْذَرِ الَّذِينَ يُخَالِفُونَ عَنْ أَمْرِهِ أَنْ تُصِيبَهُمْ فِتْنَةٌ أَوْ يُصِيبَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ

“У(Пайғамбар)нинг амрига хилоф иш тутадиган кимсалар ўзларига бирор кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан сақлансинлар”.

Балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқларига қарши бўлиш куфр эканига ишора қилинди:

قُلْ أَطِيعُوا اللَّهَ وَالرَّسُولَ فَإِنْ تَوَلَّوْا فَإِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ الْكَافِرِين

“Айтинг: «Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этингиз!» Агар юз ўгирсалар, Аллоҳ, шубҳасиз, кофирларни севмас” (Оли Имрон, 32-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукмларига ва буйруқларига қарши бўлиш мўминларга мубоҳ эмас экани ҳақида айтилди:

  وَمَا كَانَ لِمُؤْمِنٍ وَلَا مُؤْمِنَةٍ إِذَا قَضَى اللَّهُ وَرَسُولُهُ أَمْرًا أَنْ يَكُونَ لَهُمُ الْخِيَرَةُ مِنْ أَمْرِهِمْ وَمَنْ يَعْصِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ ضَلَّ ضَلَالًا مُبِين

“Ҳеч бир мўмин эркак ва ҳеч бир мўмина аёл учун Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишга ҳукм қилганида, ўз ишларини ўзларича ихтиёр қилмоқ йўқ. Ким Аллоҳга ва унинг Расулига осий бўлса, бас, батаҳқиқ, очиқ адашишда адашибди” (Аҳзоб, 36-оят).

Балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлганларида у зотдан изн сўраб кетиш иймоннинг комил эканига далил бўлишининг хабарини берди.

إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ آَمَنُوا بِاللَّهِ وَرَسُولِهِ وَإِذَا كَانُوا مَعَهُ عَلَى أَمْرٍ جَامِعٍ لَمْ يَذْهَبُوا حَتَّى يَسْتَأْذِنُوهُ إِنَّ الَّذِينَ يَسْتَأْذِنُونَكَ أُولَئِكَ الَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَرَسُولِهِ فَإِذَا اسْتَأْذَنُوكَ لِبَعْضِ شَأْنِهِمْ فَأْذَنْ لِمَنْ شِئْتَ مِنْهُمْ وَاسْتَغْفِرْ لَهُمُ اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَحِيمٌ

 “Албатта, мўминлар Аллоҳга ва унинг Расулига иймон келтирган кишилардур. Улар У (Пайғамбаримиз) билан бирга жамловчи (муҳим) ишда бўлсалар, ундан изн сўрамасдан туриб кетиб қолмаслар. Албатта, сендан изн сўрайдиганлар, ана ўшалар, Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирадиганлардир. Улар баъзи ишлари учун сендан изн сўрасалар улардан кимга ҳоҳласанг изн бер ва улар учун Аллоҳга истиғфор айт. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли ўта Раҳмли зот” (Нур, 62-оят).

Ибн Қайюм айтади: “Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бўлган инсон у зотнинг рухсатлари билангина ёнларидан кетишларини иймон шартларидан қилди. Демак ҳар бир гапда-ю, илмий йўлда ҳам у зотнинг изнлари билан юришимиз лозим”.

Бу каби ишларнинг ҳаммасида саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилишар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уларга Қуръони карим ҳукмларини тафсир қилар, қийин жойларини баён қилар, низоларда уларнинг ўртасида ҳукм қилар ва ўрталаридаги келишмовчиликларни ҳал қилар эдилар.

Саҳоба розияллоҳу анҳумлар у зотнинг амр ва наҳийларининг чегарасини маҳкам ушлашар, амалларида, ибодатларида ва муомалаларида доимо итоатда эдилар. Ҳадисда келган:

“Намозни мен намоз ўқиётганимда кўрганларингдек ўқинглар”, деган буйруқларига қараб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намознинг фарзлари, суннатлари ва мустаҳаблари ўрганар эдилар.

“Мендан ҳаж арконларингни ўрганинглар”, деган буйруқларига бўйсуниб ҳажга тегишли бўлган ҳукмларни ўрганар эдилар.

Айрим вақтларда баъзи саҳобалар у зотнинг кўрсатмаларига асосланмасдан ўз фикрлари билан иш тутганда ғазабланар эдилар. Имом Молик “ал-Муатто”да Ато ибн Ясордан қуйидаги воқеани ривоят қилади: “Саҳобалардан бир киши хотинини “рўзадор одам аёлини ўпса ҳукми нима бўлади?”, деб сўраш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига юборди. Умму Салама онамиз розияаллоҳу анҳо: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадорлик вақтларида ўпар эдилар”, деб хабар бердилар. Аёл эса уни эрига етказганда: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаган эмасман. Аллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хоҳлаган нарсасини ҳалол қилади”, дедилар. Бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етганда ғазабланиб: “Мен сизлардан кўра Аллоҳга тақволироқ ва чегараларни билгувчироқман”, дедилар.

Бундай воқеа Ҳудайбийя сулҳида саҳобаларни соч олдиришга ва эҳромдан чиқишга буюрганларида, улар қилмаганларида ҳам содир бўлди. Чунки Ҳудуайбийя сулҳида мусулмонлар ўша йили Каъбани тавоф қилмасдан қайтиб кетишлари ва келаси йил келишларига келишув бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан Каъбани зиёрат қилиш ниятида чиққан эдилар. Саҳобалар Ҳудайбийя сулҳида умра ҳақидаги келишув бекор қилинишини кутишган. Шу сабабли эҳромдан чиқишни кечиктиришади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари бу ишни бошлаб бериб, эҳромдан чиққанларида улар ҳам эргашишди.

Саҳоба розияллоҳу анҳум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишлари жуда ҳам юқори даражада эди. Ҳатто, сабабини билмасдан, ҳикматини сўрамасдан у зот қилган ишларни қилар, тарк қилган ишларни тарк қилар эдилар. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тилладан узук таққанларида саҳобалар ҳам узук тақдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам узукни ташлаб: “Энди ҳеч қачон тақмайман”, деганларида, саҳобалар ҳам узукларни ташлашди”.

Қози Иёз “Шифо” номли қитобларида Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан намоз ўқиётганларида кавишларни ечиб чап тарафга қўйдилар. Қавм буни кўриб оёқ кийимларини улоқтириб юборишди. Намоз тугагандан сўнг: “Нимага оёқ кийимларингизни улоқтирдинглар”, деб сўрадилар. “Сиз ковушингизни ечганингизни кўрдик”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаброил алайҳиссалом олдимга келиб ковушларимда нажосат борлигининг хабарини берди”, дедилар.

Ибн Саъд “ат-Тобақатул Кубро”да: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар билан масжидда икки ракъат намоз ўқидилар, сўнг Масжидул Ҳаромга юзланишга буюрилдилар. Масжидул Ҳаромга бурулганларида мусулмонлар ҳам бурилдилар”, деган ривоят келтирилган.

Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқларига одатий ва кундалик ҳаёт кечиришда ҳам сўзсиз бўйсунар эдилар. Ибн Абдулбарр “Жомеъ баёнил илм ва фазлиҳи”да ва Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳимо Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу жума намозига келганларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба ўқиётган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни “Ўтиринглар”, деганларини эшитиб масжид эшигига ўтирдилар. Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу сўзни айтганларида қаерда бўлган бўлсалар шу жойга ўтирдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у зотни кўриб “Эй, Абдуллоҳ ибн Масъуд кел”, дедилар.

Мана буни ўз раҳбарига эргашиш ва унинг сўзига итоат дейилади. Саҳобаларнинг ҳаётлари бу каби эргашишни кўрсатувчи мисолларга тўлиб тошган. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларида мана шундай ҳаёт кечиришар эди. Сўзлари, қилган ишлари ва бирон нарсани тасдиқ қилишларидан шаръий ҳукмлар олишар эди. У ҳукмларда ҳеч қайси бирлари ихтилоф қилмас эдилар.

Ойбек Ҳошимов,
“Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси.