Кунлар ўтгани сайин қалбларимизга бир ажиб ёруғлик ва таскин инмоқда, чунки муборак Рамазон ойи яқин. У - очлик, ташналик, нафсни тийиш билан Аллоҳ таолога қурбат, тақво ҳосил қилинадиган буюк ой. Аллоҳ таоло бандалари учун ҳар икки дунё саодатини кўзлаб, бу ибодатни исломнинг улуғ фарзлари қаторига қўшган.
Рамазон рўзаси Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг, ҳижратнинг иккинчи йили шаъбон ойида фарз қилинган. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 183-оятида марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсангиз». Ушбу ояти карима билан динимизнинг бешта асосий устунларидан бўлган рамазон рўзаси фарз бўлди. Бундан аввал ҳам пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ихтиёрлари билан ҳар ойда уч кун рўза тутар, муҳаррам ойининг ўнинчи кунининг рўзасини ҳам адо этар эдилар. Расулуллоҳ (с.а.в) ўзларининг муборак ҳадисларида рўза ибодатининг фарз эканлигини кўп такрорлаганлар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар (с.а.в) дедилар: «Сизларга муборак рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла унинг рўзасини тутмоқликни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилади. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилади. Унда шайтонлар кишанбанд қилинади. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг ойдан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ (жуда кўп нарсадан) маҳрум қолибди», дедилар.
Дарҳақиқат, рўза ибодатида риё бўлмайди. Ҳадиси қудсийда айтилади: “Расулуллоҳ (с.а.в) марҳамат қиладилар: «Аллоҳ таоло айтадики: «Ҳар бир яхши амал учун ўн баробардан етти юз баробаргача савоб бераман, фақат рўза бундан мустасно. У мен учун тутилади, унинг ажрини ҳам ўзим бераман».
Аммо бу йил ушбу ойни аввалгиларидан бироз фарқли равишда ўтказамиз. Сабаби барчага аён: коронавирус пандемиясига қарши курашиш чора-тадбирлари мана шундай йўл тутишимизни тақозо этаётир.
Бир неча кун аввал Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши Рамазон ойини ўтказиш ҳақидаги баёнот билан чиқди. Унда кўрсатма сифатида белгилаб берилганидек, Рамазон ойида мўмин-мусулмонларимиз таровиҳ намозларини, хатми Қуръонларни ўз оила аъзолари билан хонадонларида ўтказадилар. Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият юритаётган қориларнинг хатми Қуръонлари онлайн тарзда амалга оширилади. Ифторлик савобидан умидвор бўлган саховатпеша инсонлар ифторлик маросимлари учун мўлжаллаган маблағларини Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари орқали моддий кўмакка муҳтож оилаларга етказишлари мумкин. Закот маблағларини ҳамда фитр ва фидя садақаларини “Вақф” хайрия жамоат фонди ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳисоб рақамларига ёки Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказларига топширишлари тавсия этилади.
Шуни ҳам унутмайликки, қўни-қўшни ва яқин қариндошларни тўплаган ҳолда ифторлик уюштиришимиз карантин талабларига мутлақо зиддир.
Рамазон – энг аввало, сабр ойи. Бу ойда шайтонлар кишанланиб, ёмонликлар барҳам топиб, урушлар тўхтатилиб қўйилади ва жаннатнинг барча эшиклари очиб қўйилади. Дуолар, ибодатлар, тавба ва истиғфорлар, эҳсон ва садақалар Ўз даргоҳида қабул бўлажак лаҳзалар туҳфа этилади, бизга бу муборак ой давомида.
Бу ойда баҳолиқудрат рўзаларимизни тутишимиз, таровиҳ намозларини ўқишимиз, Қуръон хатм қилишимизга ҳеч бир монъелик йўқ, бироқ барчасини ўз уйимиздан чиқмаган ҳолда, оиламиз даврасида, карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга оширмоғимиз шарт. Барчамиз онгли, тафаккури теран инсонлармиз, кўриб турибмиз, биргина эътиборсизлик, бепарволик, жорий этилган тартиб-қоидаларга риоя этмаслик хавфли юқумли касаллик тарқалишига, у инсонлар ҳаётини жарлик ёқасига олиб бориб қўйишига сабаб бўлаяпти. Ҳеч бир инсон пушаймонлик ўтида қоврилмасин.
Бир неча ҳафтадан буён уйдан чиқмаётганимиз боис бироз қаноатсизлангандекмиз. Чин маънода сабримиз синовдан ўтяпти. Агар ҳукуматимиз томонидан белгилаб қўйилган карантин тартиб-тамойилларига қатъий амал қилсак, шоядки, касаллик даф бўлиб, Рамазон ҳайити намозларини жамоа тарзида ўқиш насиб этса! Бу ўз-ўзидан бўлмайди. Яратган раҳмат назари билан боққан кунларда эҳтиёт чорамизни кўриб, оиламизни бу балодан асраш баробарида, рўза тутиб, дуода бўлсак, иншааллоҳ, у кунларга етамиз.
Шундай қутлуғ ва азиз кунларга етиб келганимизнинг шукрини қилайлик. Яратгандан сўрайликки, Юртбоши, ҳукумат, масъул идоралар саъй-ҳаракати беиз, бесамар кетмасин – бутун дунёнинг ҳаловатини, одамлар тинч ҳаётини бузаётган, умрига нуқта қўяётган коронавирус аталмиш бало бошимиздан арисин. Рамазон ойини дуоларимиз ижобат топажак энг катта имкон деб қабул қилайлик. Аслида оила даврасида саҳарлик ва ифторлик дастурхонида ўтириш, неъматлардан тотиниш ҳам бир бахт. Бу ойда ўғил-қизларимиз қалбига иймон, эътиқод туйғуларини янада чуқурроқ сингдиришимиз мумкин. Қурбимиз етса, юқорида айтилган тартибда муҳтожларга хайру садақа қилайлик. Орамизда кунлик ёлланма ишчи сифатида оиласини боқиб келаётган оилабошилар қанча эди. Улар ҳам айни пайтда биз каби уйидан чиқолмаяпти, рўзғорига иккита нон кўтариб келолмаяпти. Бизнинг беғараз ёрдамимиз ана шундай оилаларга етиб борса, қандай яхши! Бундай мурувватнинг савоби, ажри бениҳоя улуғдир.
Бугун Президентимиз ва вилоят, шаҳар ва туманлар раҳбарларининг, мутасадди идоралар вакилларининг фикри-зикри пандемияга қарши кураш чоралари ва унинг оқибатларини бартараф этиш йўлларига қаратилган. Беҳаловат ва тиниб-тинчимаётган ҳамюртларимиз, ширин жонини таҳликага қўйиб, ўзгалар ҳаёти учун курашаётган шифокорларимиз, тиббиётнинг бошқа қатор йўналишлари ходимлари, ҳуқуқ-тартибот соҳаси ходимлари – барча-барчаси кунни тунга, тунни тонгга улаб хизмат қилмоқдалар. Биздан сўралаётгани ва кутилаётгани – фақатгина карантин қоидаларига риоя этиш ва уйда қолиш, холос. Демак, оддийгина хатти-ҳаракатларимиз билан виждон ва иймонимизга содиқ эканимизни исбот этишимиз мумкин.
Рамазон ойининг рўзасини иймон билан, Аллоҳдан савоб талаб қилиб тутмоқлик барчамизга насиб этсин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ризқимиз бут бўлиб, келаси йилги рамазонга ҳам барчамизни саломат етиб боришимизни Яратган насибу рўзи айласин!
Мусохон АББАСИДДИНОВ,
Наманган шаҳар бош имом-хатиби
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бўйлари қандай эди?
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас, ўрта бўй эдилар.
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас эдилар...”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак тана ва юзларининг ранги қандай эди?
Ранглари оқ-қизил, юзлари буғдойранг эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тана аъзолари қандай эди?
Тана аъзолари бир-бирига мутаносиб, хушбичим, баданлари туксиз эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак пешоналари, киприклари, қошлари қандай эди?
Пешоналари кенг, киприклари узун, қошлари қўшилмаган, эгик эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак бурунлари ва соқоллари қандай эди?
Бурунлари бироз баланд, қиррали, соқоллари қалин эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак тишлари қандай эди?
Тишлари майда, ялтироқ, олдинги тишлари бир-биридан алоҳида кўринар эди. Агар сўзласалар, тишларининг ораларидан гўё нур каби бир нарса чиқарди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадам ташлари қандай эди?
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам олдинга мойил бўлиб юрардилар.
Абу Туфайл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. У зот худди пастликка тушаётганга ўхшаб юрар эдилар”, деди (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак елкалари, кафтлари, қадамлари қандай эди?
Икки елкаларининг ораси кенг эди. Икки елкалари ўртасида пайғамбарлик муҳри бор. Муҳри нубувват каптар тухумидек келадиган қизғиш гўшт, усти тукли эди. Кафт ва қадамлари тўла, гўштдор эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак бошлари, юзлари, кўзлари қандай эди?
Бошлари катта, юзлари думалоқроқ, кўзлари қора, суякларининг қўшилган ери йўғон эди.
Баро розияллоҳу анҳудан: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари қиличга ўхшармиди?” деб сўрашди. Шунда Баро розияллоҳу анҳу: “Йўқ. Тўлин ойга ўхшар эди”, деб жавоб берди (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак кўкраклари ва билаклари қандай эди?
Кўкраклари кенг, билаклари узун эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочлари қандай эди?
Сочлари икки қулоқларининг ярмига тушарди. Сочларини тараб, фарқ очардилар. Сочга ёғ суртардилар.
Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Анас розияллоҳу анҳудан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари қандай эди?” деб сўрадим. У: “Сочлари тўлқин сифат: жуда жингалак ҳам, жуда юмшоқ ҳам эмас эди. Икки қулоқлари билан елкалари ўртасида турарди”, деди (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).
Аллоҳумма солли ъала саййидина Муҳаммадин ъабдика ва набиййика ва ҳабибика ва Расуликан Набиййил уммиййи ва ъала алиҳи ва соҳбиҳи ва саллим.
Даврон НУРМУҲАММАД