frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Баёнотга муносабат: Яқинлашиб келаётган Рамазон муборак бўлсин!

19.04.2020   3520   6 min.
Баёнотга муносабат: Яқинлашиб келаётган Рамазон муборак бўлсин!

Шаъбон ойи ҳам ўтиб, Рамазон ойи кириб келишига саноқли кунлар қолмоқда. Саҳобалар розияллоҳу анҳум Рамазон ойи рўзасини тутиб бўлганларидан сўнг ярим йил мобайнида тутилган рўзалари қабул бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб дуо қилсалар, кейинги қолган ярим йил давомида эса яна муборак Рамазон ойига етказишини Аллоҳ таолодан илтижо қилиб сўрашарди.

Рамазон ойи бошқа ойлар ичида энг улуғидир. Салмон Форсий розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойининг охирги кунларида хутба ўқиб: “Эй инсонлар сизларга улуғ, муборак ой яқинлашиб келяпти. У бир ойдирки унда минг ойдан ҳам кўра яхшироқ бўлган бир кеча бор . Аллоҳ таоло у ойнинг кундузларини рўза ҳолда ўтказишни фарз қилди ва кечаларида қоим туриб ибодат билан ўтказишни нафл қилди. Кимки бу ойда бир нафл ибодатни қилса, бошқа ойларда фарз амални қилган савобга эга бўлади. Кимки бу ойда бир фарз амални адо этса, бошқа ойларда етмишта фарз амалини адо қилган кабидир. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг мукофоти эса жаннатдир . Бу ой инсонпарварлик ойи. Бу ойда мўминнинг ризқи зиёда бўлади. Кимки бу ойда рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳи кечирилиб, дўзахдан гарданини озод қилган бўлади ва рўзадорнинг савобидан бирор нарсани камайтирмасдан унга ҳам рўзадорга бериладиган савоб мислича ажр берилади”, дедилар. Шунда саҳобалар розияллоҳу анҳум: Ё Аллоҳнинг Расули ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб берадиган нарса топа олмаймиз”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир ҳўплам сут билан ёки бир дона хурмо билан ёки бир қултум сув билан бўлса ҳам рўзадорга ифторлик қилиб унинг оғзини очса ҳам, Аллоҳ таоло ўша кишига ифторлик қилиб берганнинг савобни бераверади. Ким рўзадорнинг қорнини тўйдирса Аллоҳ таоло унга ҳавзи кавсаримдан бир ҳўплам сув ичиради ҳатто жаннатга кирганича чанқамайдиган бўлади. Бу ой шундай ойки унинг аввалги ўн куни раҳмат, ўртасидаги ўн куни мағфират, охирги ўн куни эса дўзахдан озод қилиш кунларидир. Кимки бу ойда қўл остидагиларга енгиллик ва шароит яратиб берса, Аллоҳ таоло гуноҳини кечиб, уни дўзахдан озод қилади”, дедилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом Рамазон ойи кирмасдан аввал Шаъбон ойида Рамазон ойини нечоғли улуғ ой эканини хабарини беришларидан, биз бу ойлардан ғафлатда қолмаслигимиз, ҳар бир мусулмон киши бу ойга тайёргарлик қилиши ва уни сабрсизлик билан кутиши лозимлиги келиб чиқади ҳамда Рамазон ойи бошланишидан аввал Аллоҳ таолога кўплаб истиғфор айтиб, гуноҳларга тавбалар қилиш, кимнидир кўнглини оғритганлар бўлса узр сўраши, хақдорлари бўлса хақларини бериш, кўплаб яхшиликларни қилиб, қариндош уруғлар ҳолларидан хабар олиш каби ишларни тушинишимиз, айтилган ажр ва савоблардан умидвор бўлиб, кундузлари рўза тутишга, кечаларини хатми Қуръон ва таровиҳ намозлари ҳамда дуо ва бошқа ибодатлар билан ўтказишга, хайр ва саховат кўрсатиб, кам таъминланганлар ҳолларидан хабар олиш, ифторликлар қилиб, савобларидан баҳраманд бўлиш каби хайрли ишларга тайёрланиб бориш кераклиги маълум бўлади. Яна шуни алоҳида айтишимиз лозимки, Рамазон ойларига тайёргарлик ўлароқ Рамазон рўзаси ҳақидаги илмларимиз, рўзани бузувчи амаллар, таровиҳ намозини ўқиш тартиби, фитр садақа, фидя, махсус дуо ва тасбиҳлар каби бу ойга тааллуқли масалаларни ўрганишимиз ҳам юқорида келтирилган Рамазон ойларига тайёргарликлар сарасига киради. Зеро, улуғ ойни яхши ният ва пухта тайёргарлик ила қарши олиш мақсадга мувофиқдир. Азалдан ота боболаримиз ҳам бу тавсияларга амал қилиб келганлар.

Лекин минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда деярли бутун дунёни забт этаётган коронавируси бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмаганлиги сабабли бу касаллик кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида юртимизда карантин эълон қилинди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши томонидан ҳам барча мусулмонларни мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашгунга қадар намозхонлар беш вақт намозларни ва жума намозлари ўрнига уйда пешин намозини ўқишларини ҳамда жаноза намозларини ҳам вафот этганнинг яқин қариндошлари иштирокида хонадонларида ўқиш ҳақидаги фатво эълон қилинди.

Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг Рамазон ойини ўтказиш ҳақидаги баёноти ҳам чиқарилди. Унда Рамазон ойида мўмин-мусулмонлар таровиҳ намозлари ва хатми Қуръонларни ўз оила аъзолари билан хонадонларида ўтказишлари, хатми Қуръонлар онлайн тарзда амалга оширилиши, саховатпеша мусулмонларимиз ифторлик маросимлари учун мўлжаллаган маблағларини “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари” орқали моддий кўмакка муҳтож оилаларга етказилиши, барча мўмин- мусулмонлар карантин талабларига риоя қилишлари, закот маблағларини ҳамда фитр ва фидя садақаларини Вақф хайрия жамоат фонди ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳисоб рақамларига ёки “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари”га топширишлари кабилар эълон қилинган.

Бу баёнотдаги кўрсатмаларга амал қилишимиз бугунги кун ва динимиз талабидир. Зеро, динимизда зарар бериш ҳам йўқ, зарарланиш ҳам йўқдир. Агар биз ҳамжиҳат бўлиб, барча талаб ва кўрсатмаларга амал қилиб, муборак Рамазон ойларида Аллоҳ таолодан балоларни даф этишини сўраб дуолар қилсак бу балолар биздан кетиши аниқ.

Барчамизга яқинлашиб келаётган Рамазон ой муборак бўлсин!

 

Зиёуддин МИРСОДИҚОВ,
Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги
“Бўта бува” жоме масжиди имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Network News Pakistan”: 2025 йилда Ўзбекистон Марказий Осиё аҳолиси учун энг оммабоп саёҳат йўналиши бўлди

13.08.2026   4724   2 min.
“Network News Pakistan”: 2025 йилда Ўзбекистон Марказий Осиё аҳолиси учун энг оммабоп саёҳат йўналиши бўлди

Покистоннинг “Network News Pakistan” электрон нашри “Ўзбекистон туризми ўсиш бўйича Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллади” сарлавҳали ахборот мақолани эълон қилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА.

 Унда Бутунжаҳон саёҳат ва туризм кенгашининг (World Travel & Tourism Council – WTTC) “Саёҳат ва туризмнинг 2026 йилга қадар иқтисодий таъсирини ўрганиш” ҳисоботига кўра, 2025 йилда Марказий Осиё дунёнинг энг тез ривожланаётган сайёҳлик минтақасига айлангани таъкидланган.

“WTTC ўз тадқиқотларини дунёни 13 та йирик минтақага бўлган ҳолда олиб боради. 2025 йил якунларига кўра, Марказий Осиё туризм соҳасини ривожлантиришнинг бир нечта асосий кўрсаткичлари бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллади. Шу билан бирга, Ўзбекистон бу кўрсаткичларнинг барчаси бўйича Марказий Осиё мамлакатлари орасида етакчига айланди”, – дейилган манбада.

 Нашрда қайд этилишича, 2025 йилда туризмнинг Марказий Осиё ялпи ички маҳсулотига қўшган умумий ҳиссаси 17,7 фоизга, соҳанинг бевосита ҳиссаси эса 19,6 фоизга ошган. Минтақада туристик хизматлар экспорти (visitor exports) йил давомида 26,4 фоизга ўсиб, 9,9 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.

Минтақадаги туристик хизматлар экспорти умумий ҳажмининг деярли ярми Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Жумладан, 2025 йилда Ўзбекистонга 4,8 миллиард АҚШ доллари миқдорида туристик хизматларни экспорт қилган. WTTC маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистон Марказий Осиё аҳолиси учун энг оммабоп саёҳат йўналиши бўлди.

 “Умуман олганда, бу кўрсаткичлар туризмнинг минтақавий характерга эга эканини англатади. Марказий Осиё аҳолиси кўпинча ўз минтақаси ичида саёҳат қилади”, – дейилади мақолада.

“Network News Pakistan” WТТC прогнозига таяниб ёзишича, 2036 йилга бориб туризм соҳасининг Марказий Осиё иқтисодиётига қўшадиган умумий ҳиссаси 29,7 миллиард АҚШ долларига етади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари