Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Феврал, 2025   |   13 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:02
Қуёш
07:22
Пешин
12:42
Аср
16:11
Шом
17:56
Хуфтон
19:10
Bismillah
12 Феврал, 2025, 13 Шаъбон, 1446

Ерни боқсанг, ер сени боқади

15.04.2020   2977   3 min.
Ерни боқсанг, ер сени боқади

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, юртимиз тупроғи серунум, гўзал боғлари серҳосил. Дарҳақиқат, бозорлар ва дастурхонларимиздаги тўкин-сочинлик далалардаги ҳосилнинг мўллигидандир. Барча ҳосиллар Парвардигоримизнинг изни ва марҳамати ила сероб бўлмоқда. Ўсимлик олами Аллоҳ таолонинг инсонга ато қилган улуғ неъматларидан бири бўлиб, усиз ер юзида ҳаёт ҳам бўлмас эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бу оламни инсонга восита бўлсин, унга ва унинг чорвасига ризқ бўлсин деб яратганини кўп марта эслатади.

Деҳқончилик ва зироат улуғ ва фазилатли амалдир. Чунки кўплаб ояти карималарда боғлар ва далаларнинг ҳосили Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси ва осмондан туширадиган сув неъмати билан етилиши баён этилган. Бу эса деҳқон ва боғбонларнинг меҳнати Аллоҳнинг назари остида эканига ва Аллоҳ таоло уларга мададкоригига далолат қилади. Бунга мисол қуйидаги оятлардир: Биз осмондан баракотли сув (ёмғир) ёғдириб, у билан боғларни ва ўриб олинадиган донларни ундирдик. Шунингдек, зич мевали, шохлари баланд хурмоларни ҳам. Бандаларга ризқ бўлсин учун (шундай қилдик). Яна у (сув) билан “ўлик” шаҳарни (ерни)тирилтирдик”. (Қабрлардан тирилиб) чиқиш ҳам мана шундай бўлур” (Қоф сураси, 9-11 – оятлар).

Она диёримизнинг бепоён ҳудудларида, айниқса, қишлоқ минтақаларида яшовчи ҳар бир инсонга моддий фаровонликнинг асосларидан бири деҳқончилик ва зироат экани яхши маълум. Улар ўзларининг фидокорона меҳнатлари билан ватанимиз бойлигига бойлик қўшиш ва халқимиз ҳаёти учун зарур бўлган барча қишлоқ хўжалиги, чорвачилик маҳсулотларини етказиш ҳамда уларни қишки мавсумга захира этишда куч-ғайрат сарфламоқдалар.

Жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам деҳқончилик ва кўчат ўтқазишга жуда кўп тарғиб этиб: “Агар қиёмат қойим бўлиб қолса-ю, қайси бирингизнинг қўлингизда экаман деб турган кўчат ниҳоли бўлса, уни экиб қўйсин”, дедилар.

Бошқа бир ҳадисларида эса: “Қайси бир киши бирон бир дарахтни экса, Аллоҳ таоло экувчи томонидан экилган дарахт берган ҳосил эвазига унинг номаи аъмолига ажру савоблар ёзади”, деганлар.

Яна бундай дейдилар: “Мусулмон киши бир дарахт ўтқазса ёки бир нарса экса, бас ундан қуш ёки инсон тановул этиб, манфаатланса, шу сабабдан у киши эҳсон қилганлик савобига эришур”.

Шундай экан, ўзимиз яшаб турган хонадонимиз ҳовлиси, томорқасига кундалик эхтиёжимизга керак бўладиган турли хил маҳсулотларини экиб етиштирсак, бундан нафақат ўзимиз, балки ҳайвонлар ва қушлар ҳам манфаат топади.

Азизлар! Бу кунларда карантин сабаб кўпчилигимиз хонадонимизда, ўз оиламиз билан биргамиз. Ота-оналаримиз хизмати, фарзандлар тарбияси билан бир қаторда ҳовлимизда мавжуд экин майдонларидан унумли фойдаланган ҳолда рўзғоримиз учун зарурий экинларни эксак бир кун ўз мевасини беради. Қолеверса, халқимизда “Ерни боқсанг, ер сени боқади” деган нақл ҳам бежиз айтилмаган.

Ғанижон ИСЛОМОВ,

Қува тумани бош имом-хатиби.

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Бу гапингиз жавоб бўлмайди!

10.02.2025   4687   3 min.
Бу гапингиз жавоб бўлмайди!

Умри илм йўлида ўтган олимнинг олдига бир ёш йигит келиб: Сизлар тўғри йўлда эмассизлар, деди.

Олим эса нимтабассум билан: Нега ундай деяпсан, болам? деди.

Шунда болакай: “Сизлар Аллоҳ таолонинг сифатларини инкор қиласизлар. Масалан, Аллоҳ Аршнинг устидалигини, туннинг учинчи қисмида дунё осмонига тушишини ва ҳоказоларни... Ҳолбуки булар оят ва ҳадислар билан собит бўлган” деб ақллилик қилди.

Кекса ёшли олим унинг юзига термулдида хаёлидан: “Жоҳил бўлишига қарамасдан нодонлигидан бехабар бу авлодни ким тарбиялаяпти? Эссиз ёшлик ва ёшлар” деган гаплар ўтди.

Кейин эса: “Болам, ҳаммамиз ҳам Аллоҳни яхши кўрамиз. Ақида борасида чуқур илм олмасдан гапириб бўлмайди. Сен яхшиси илм ўрган, одоб ўрган деди.

Бу гапни эшитган болакай: Жавобдан қочиб ҳар хил гаплар гапирманг. Дангал жавоб берингдеб истеҳзо қилди.

Аслида юқоридаги гап унга яхшигина жавоб бўлганди. Аммо у буни тушунмади. Шунда олим киши болага қараб: Майли, сен айтганча бўлақолсин. Аллоҳ таоло Аршнинг устида деяпсан а? Шундайми? деди.

Бола Ҳа, бу оятда келган деб жавоб берди. Хўп, яхши. Ҳар кеча дунё осмонига тушади, шундайми? деб сўради олим.

Болакай яна “Шундай, бу саҳиҳ ҳадисда келган” деди.

Олим киши: “Ҳар кечанинг учинчи қисмида дунё осмонига тушса, Аршнинг устига қачон ўтиради?” деди.

Нима деганингиз бу? деб сўради ҳатто саволнинг ҳам мазмунига тушунмаган нодон бола.

Шунда олим: Қара, бизда кеч кирганда қаердадир тонг отади, қаердадир пешин бўлади, яна қаерлардадир аср вақти бўлади ва ҳоказо. Туннинг учинчи қисми ҳам доимо айланиб туради. Дунёнинг қаеридадир доимо туннинг учинчи қисми бўлиб турса, Аллоҳ қачон Аршни устига бориб жойлашади? деди.

Саволни зўрға тушунган болакай “Сизлар тўғри жавобдан қочиб фақат фалсафа қиласизлар. Бу гапингиз жавоб бўлмайди. Ояту ҳадис... деётганда, олим: “Сенинг бемаъни саволингга жавоб бериш учун шу савияга тушяпман. Агар илмни тўғри тартибда, тўғри илм аҳлидан ўқиганингда миянгга бунақа савол келмасди аслида” деди.

Ҳа азизлар, ояту ҳадисни ҳамма ҳам ўзича тушуниб кетавермайди. Айниқса эътиқодга тегишли бўлса, ўта эҳтиёт бўлиш керак.

Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақида келган оят ва ҳадисларни фақат ва фақат олимлар тўғри тушуна олади. Бу борада интернетдан ёки жоҳиллардан ўрганганларнинг ҳаммаси адашгандир. Аҳли сунна вал жамоа яъни Мотуридий ва Ашъарийларнинг йўлидан айрилмангки, ҳалок бўласиз!


Улуғбек домла ЖИЯНОВ,
Мир Араб Олий мадрасаси ўқитувчиси.