Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, юртимиз тупроғи серунум, гўзал боғлари серҳосил. Дарҳақиқат, бозорлар ва дастурхонларимиздаги тўкин-сочинлик далалардаги ҳосилнинг мўллигидандир. Барча ҳосиллар Парвардигоримизнинг изни ва марҳамати ила сероб бўлмоқда. Ўсимлик олами Аллоҳ таолонинг инсонга ато қилган улуғ неъматларидан бири бўлиб, усиз ер юзида ҳаёт ҳам бўлмас эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бу оламни инсонга восита бўлсин, унга ва унинг чорвасига ризқ бўлсин деб яратганини кўп марта эслатади.
Деҳқончилик ва зироат улуғ ва фазилатли амалдир. Чунки кўплаб ояти карималарда боғлар ва далаларнинг ҳосили Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси ва осмондан туширадиган сув неъмати билан етилиши баён этилган. Бу эса деҳқон ва боғбонларнинг меҳнати Аллоҳнинг назари остида эканига ва Аллоҳ таоло уларга мададкоригига далолат қилади. Бунга мисол қуйидаги оятлардир: “Биз осмондан баракотли сув (ёмғир) ёғдириб, у билан боғларни ва ўриб олинадиган донларни ундирдик. Шунингдек, зич мевали, шохлари баланд хурмоларни ҳам. Бандаларга ризқ бўлсин учун (шундай қилдик). Яна у (сув) билан “ўлик” шаҳарни (ерни) “тирилтирдик”. (Қабрлардан тирилиб) чиқиш ҳам мана шундай бўлур” (Қоф сураси, 9-11 – оятлар).
Она диёримизнинг бепоён ҳудудларида, айниқса, қишлоқ минтақаларида яшовчи ҳар бир инсонга моддий фаровонликнинг асосларидан бири деҳқончилик ва зироат экани яхши маълум. Улар ўзларининг фидокорона меҳнатлари билан ватанимиз бойлигига бойлик қўшиш ва халқимиз ҳаёти учун зарур бўлган барча қишлоқ хўжалиги, чорвачилик маҳсулотларини етказиш ҳамда уларни қишки мавсумга захира этишда куч-ғайрат сарфламоқдалар.
Жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам деҳқончилик ва кўчат ўтқазишга жуда кўп тарғиб этиб: “Агар қиёмат қойим бўлиб қолса-ю, қайси бирингизнинг қўлингизда экаман деб турган кўчат ниҳоли бўлса, уни экиб қўйсин”, дедилар.
Бошқа бир ҳадисларида эса: “Қайси бир киши бирон бир дарахтни экса, Аллоҳ таоло экувчи томонидан экилган дарахт берган ҳосил эвазига унинг номаи аъмолига ажру савоблар ёзади”, деганлар.
Яна бундай дейдилар: “Мусулмон киши бир дарахт ўтқазса ёки бир нарса экса, бас ундан қуш ёки инсон тановул этиб, манфаатланса, шу сабабдан у киши эҳсон қилганлик савобига эришур”.
Шундай экан, ўзимиз яшаб турган хонадонимиз ҳовлиси, томорқасига кундалик эхтиёжимизга керак бўладиган турли хил маҳсулотларини экиб етиштирсак, бундан нафақат ўзимиз, балки ҳайвонлар ва қушлар ҳам манфаат топади.
Азизлар! Бу кунларда карантин сабаб кўпчилигимиз хонадонимизда, ўз оиламиз билан биргамиз. Ота-оналаримиз хизмати, фарзандлар тарбияси билан бир қаторда ҳовлимизда мавжуд экин майдонларидан унумли фойдаланган ҳолда рўзғоримиз учун зарурий экинларни эксак бир кун ўз мевасини беради. Қолеверса, халқимизда “Ерни боқсанг, ер сени боқади” деган нақл ҳам бежиз айтилмаган.
Ғанижон ИСЛОМОВ,
Қува тумани бош имом-хатиби.
Кеча, 29 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари халқаро конференция доирасида Иордания бош муфтийси Аҳмад Иброҳим Ҳасанот ҳамда Қирол Абдуллоҳ II номидаги Имомлар малакасини ошириш институти директори Абдусаттор Алқуда билан учрашув ўтказдилар.
Мулоқотда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик йилдан-йилга ривожланиб бораётгани, мамлакатлар раҳбарларининг дўстона алоқалари турли йўналишлардаги муносабатларга замин бўлаётгани, алоқаларни ривожлантириш бўйича “Йўл харита” ишлаб чиқилгани, унда диний таълим, замонавий фатво ишлаб чиқиш бўйича вазифалар белгиланганига урғу қаратилди. Шунингдек, меҳмонларга Давлатимиз Раҳбари саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
Диний идора Фатво маркази уламолари мазкур институтдаги ўқувларда мунтазам иштирок этиб келаётгани, иорданиялик уламолар мамлакатимиздаги анжуманларда доимий қатнашиб келаётгани, хусусан, Исломий илмлар дорулфунуни доктори Шайх Салоҳ Абул Ҳож фаоллиги учрашувда алоҳида таъкидланди.
Иордания муфтийси заминимиздан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби мутафаккирлар етишиб чиққани, юртимиз уламолари дин ривожига катта ҳисса қўшгани, Ислом ақидасини ҳимоя қилишдаги беқиёс хизматларига урғу қаратди.
Аҳмад Иброҳим Ҳасанот Самарқандда ўтаётган конференциянинг долзарблиги ҳақида гапириб, бугунги кунда мотуридийлик таълимотини чуқур ўрганишни тақозо этаётгани, мотуридийлик мактабининг илм-маърифат, мўътадиллик ва бағрикенглик ғояларини кенг тарғиб этишдаги ўрнини юқори баҳолади. Шунингдек, у ўзбекистонликлар файзу барака, илм-маърифатни араб оламидан эмас, балки ўзларининг ўтмишдаги буюк мутафаккирлари меросидан олишлари энг тўғри йўл эканини изоҳлади.
Имомлар малакасини ошириш институти директори Абдусаттор Алқуда ушбу ўқув даргоҳи масжид имом-хатиблари тайёрланиши ва уларнинг малакаси ошириш, диний қадриятларни тарғиб қилиш, экстремизм ва бузғунчи ғояларга қарши курашиш ишлари билан шуғулланишини билдирди.
Учрашув ниҳоясида замонавий фатволарни ишлаб чиқиш, диний соҳа ходимлари малакасини ошириш ва илмий-тадқиқот олиб боришда ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати