Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Ноябр, 2024   |   24 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:00
Қуёш
07:23
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
25 Ноябр, 2024, 24 Жумадул аввал, 1446

Нурул изоҳ: ҲАЙИТ НАМОЗЛАРИ ҲУКМИ ВА ШАРТЛАРИ ТАШРИҚ ТАКБИРИ ҚУЁШ ВА ОЙ ТУТИЛГАНДА ЎҚИЛАДИГАН НАМОЗ ЁМҒИР СЎРАШ ВА ХАВФ (ҚЎРҚУВ) НАМОЗИ

14.04.2020   4130   17 min.
Нурул изоҳ: ҲАЙИТ НАМОЗЛАРИ ҲУКМИ ВА ШАРТЛАРИ ТАШРИҚ ТАКБИРИ ҚУЁШ ВА ОЙ ТУТИЛГАНДА ЎҚИЛАДИГАН НАМОЗ ЁМҒИР СЎРАШ ВА ХАВФ (ҚЎРҚУВ) НАМОЗИ

 

*** Ҳайит намозлари ҳукми ва шартлари ***

Ҳайит намозлари жума намози фарз бўлган кишиларга вожибдир. Фақат хутба ҳайит намозларида суннатдир.

Хутбани ҳайит намозидан аввал ўқиш ёки хутба ўқимасдан ҳайит намозини ўқиш карохат билан жоиздир.

 

*** Рамазон ҳайитининг мустаҳаблари ***

Рамазон ҳайитида қуйидаги ўн уч нарса мустаҳабдир:

  1. Масжидга кетмасдан аввал тоқ бўлиш шарти билан, хурмо ёки бирор ширинлик ейиш.
  2. Ғусл қилиш.
  3. Тишларни мисвок (ёки тиш чўткаси) билан тозалаш.
  4. Хушбўйланиш.
  5. Энг чиройли кийимларни кийиш.
  6. Ўзига вожиб бўлса, ҳайит намозидан аввал фитр садақасини бериш.
  7. Учраган ҳар бир инсонга табассум билан хушмуомалада бўлиш.
  8. Иложи борича кўпроқ садақа бериш.
  9. Эрталаб барвақ туриш.
  10. Ҳайит намози ўқиладиган масжидга эртароқ ва илдам қадамлар билан бориш.
  11. Бомдод намозини уйига яқин бир масжидда ўқиш.
  12. Бундан сўнг пиёда, ҳайит намози ўқиладиган масжидга бориш.
  13. Иложи бўлса, бошқа бир йўлдан уйига қайтиш.

Ҳайит намозидан аввал масжидда, уйда ва намоздан сўнг эса масжидда нафл намоз ўқиш макруҳдир.

 

*** Ҳайит намозининг вақти ***

Ҳайит намозининг вақти, қуёшнинг бир ёки икки найза бўйи (уч ё тўрт метр) кўтарилишидан бошлаб то заволигача бўлган вақтдир.

 

*** Ҳайит намозларини ўқиш тартиби ***

Ҳайит намозига ният қилиб, такбири таҳрима айтилади. Сўнгра қўллар боғланиб сано ўқилгач, уч марта такбир айтилади ва ҳар бирида қўллар кўтарилади, биринчи ва иккинчи такбирларда қўлни пастга қўйиб юбориб, учинчисидан сўнг боғланади.

Сўнгра хуфя «Аъузу» ва «Бисмиллаҳ»ни айтгач, жаҳран Фотиҳа ва зам сура ўқийди ва руку қилади. Ҳайит намозларининг дастлабки ракатида Аъло сурасини ўқиш мандубдир, иккинчи ракатни «Бисмиллаҳ» билан бошлаб Фотиҳа ва зам сура ўқигач, биринчи ракатда бўлганидек, қўлларни кўтар­ган ҳолда, уч марта зиёда такбир айтилади. Учала такбирда ҳам қўллар кўтарилгач, ёнига қўйиб юборилади ва тўртинчисида рукуга борилади. Намоз ўқиб бўлингач, хатиб хутба ўқийди ва унда фитр садақасининг ҳукмини тушунтиради. Ҳайит намозини имом билан бирга ўқий олмаган киши (сўнгра) қазосини ўқимайди. Ҳайит намозини ўқиш бирор узр туфайли, фақатгина иккинчи кунга кечиктирилиши мумкин.

 

*** Қурбон ҳайтининг ҳукми ***

Қурбон ҳайитининг ҳукмлари айнан Рамазон ҳайитининг ҳукмлари кабидир. Фақат (киши ширинлик) ейишни намоздан кейинга қолдиради ва (масжидга кетаётганида) йўлда такбирни баланд овоз билан айтади. Имом хутбада Қурбонлик ҳукмларини ва ташриқ такбирини тушунтиради. Намоз бирор-бир узр туфайли уч кунгача кечиктирилиши мумкин.

 

***Ташриқ такбирининг ҳукми, муддати ва кимларга вожиб бўлиши***

Ташриқ сўзининг луғавий маъноси «қуёш нурида гўштни қуритиш» деганидир. Арабларда ҳайитнинг биринчи, иккинчи, учинчи кунлари қурбонлик гўштларини қуритиш одат бўлгани учун бу кунларга ташриқ кунлари деб ном берилган. Баъзи олимларга кўра, бу сўзнинг «жарангдор овоз билан такбир айтиш» деган маъноси ҳам бор.

Арафа куни бомдод намозидан бошлаб, ҳайитнинг тўртинчи куни аср намозигача (аср намози билан биргаликда 23 вақт) ҳар фарз намоз ўқилганидан сўнг, мунфарид (якка намоз ўқувчи), жамоат, имом, муқим, мусофир, шаҳарлик, қишлоқлик, аёл ва эркак ҳар бир намозхонга ташриқ такбирини айтиш вожибдир. Бутун Ислом ўлкаларида фатво шунга кўрадир.

 

*** Ташриқ такбири ***

Ташриқ такбири қуйидагича:

Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд.

Изоҳ: Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ара­фа куни бомдод намозида жамоатга юзланиб: «Шу кунларда сиз айтадиган ва Пайғамбар ҳам айтган энг хайрли сўзлар «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд» сўзларидир» деганлар.

Ривоятга кўра, ташриқ такбирининг тарихи шундай: Ҳазрат Иброҳим, алайҳиссалом, ўғли Исмоилни, алайҳиссалом, Аллоҳ учун қурбон қилмоқчи бўлган пайтда бирдан Жаброилнинг, алайҳиссалом, бир қўчқор билан тушишлари Иброҳимни, алайҳиссалом, қўрқитади. Жаброил, алайҳиссалом, ерга тушар экан, «Аллоҳу акбар» дейдилар. Ўзини қўлга олган Иброҳим, алайҳиссалом, эса «Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд», деб жавоб берадилар.

 

*** Қуёш тутилганида ўқиладиган намоз ***

Қуёш тутилганида нафл намозга ўхшаш икки ракат намоз ўқиш суннатдир. Бу намоз азон ва иқоматсиз, хутбасиз, махфий қироат билан, жума имоми, давлат бошлиғининг вакили имомлигида ўқилади. Ҳар икки ракатнинг руку ва саждаларини узунроқ қилиш суннатдир. Намоздан сўнг имом қиблага қараб ўтириб ёки жамоатга қараб тик туриб, қуёш очилгунча дуо қилади, жамоат омин деб туради. Имом бўлмаса қуёш тутилганидаги намоз жамоатсиз ўқилади.

Изоҳ: Ривоятга кўра, Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, даврларида бир куни қуёш тутилди, у киши халқни тўплаб, икки ракат намоз ўқишди. Бу намозда узоқ қиёмда турганидан сўнг руку қилдилар, рукуда узоқ вақт қолдилар, сўнг сажда қилдилар, узоқ муддатли бир саждадан сўнг иккинчи ракатга турдилар, иккинчи ракат ҳамм жута чўзилди ва намоз тугади, Қуёш очилди.

Бу ҳақда Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу Аллофнинг қулларини ўз қудрати билан қўрқитиши – ибрат олинадиган ҳодисадир. Қуёш тутилишини кўрсангиз, энг яқин фарз намозга ўхшаш намоз ўқингизлар», деганлар.

 

*** Ой тутилганида ўқиладиган намоз***

Кундуз пайтидаги қоронғу зулмат, шиддатли шамол ёки қаттиқ қўрқув (зилзила, оғир юқумли касаллик ва ой тутилиши) ҳолатида ҳар ким якка ҳолда икки ракат нафл намоз ўқийди.

Қуёш ва ой тутилганида икки ракат нафл намоз ўқиш суннатдир. Бу эса мусулмонларнинг бу ҳодисалардан дахшатга тушиб, қўрқишларидан далолат бермайди. Қуёш ва ой Аллоҳнинг буюк неъматларидандир. Бири кундуз, бири кечани ойдинлатади. Бу неъматларнинг фойдаларини олимлар ҳали тўлиқ ўрганмаганлар. Гўё улар йўқ бўлгандек туюладиган тутилиш асносида бу неъматларнинг Яратувчисига шукр қилиш, намоз ўқиш лозимдир.

 

*** Ёмғир сўраш дуоси ***

Истисқо Аллоҳ таолодан истиғфор тилаб, махсус ҳолда ёмғир ёғдиришини сўрашдир. Истисқода намоз жамоат билан ўқилмайди. Кетма-кет уч кун эски, тоза, ҳатто солинган кийимларни кийиб, бўйни эгик, тавозеъ ва хушуъ билан, яёв холда чўлга (сахрога) шаҳар ва қишлоқ ташқарисига чиқиш, чиқишдан олдин ҳар кун садақа бериш мустаҳабдир. Болалар ва кекса кишиларни, болали ҳайвонларни ҳам олиб чиқиш мустаҳабдир.

Изоҳ: Чунки улар раҳматнинг тушишига (ёмғир ёғишига) сабабчи бўладилар. Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизнинг орангиздаги заифлар, муҳтожлар кундалик ризқингизни таъминлаяптилар ва (улар туфайли) мушкул шиларингизда керакли ёрдамни олмоқдасиз», дедилар. Бошқа бир ҳадиcдa эса: «Аллоҳдан қўрқувчи ёшлар, ўтловчи ҳайвонлар, бели букик қариялар, она сутидан ажрамаган бегунаҳ, гўдаклар бўлмаса эди, устингизга самодан балолар ёғарди», деганлар.

Маккаи Мукаррама ва Қуддус халқи истисқо учун шаҳар ташқарисида эмас Масжидул Ҳаром ва Масжидул Ақсода тўпланадилар, Пайғамбаримизнинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, шаҳарлари Мадинада халқ Қубо масжидига йиғилади.

Қиблага қараб, имом тик турган ҳолатда қўлини кўтариб дуо қилади. Жамоат қиблага қараб ўтирган жойида «Омин» дейди ва ушбу дуо ўқилади:

Аллоҳумма асқина ройсан муғисан ханиан мариан, ғодақон ажилан ғойро роисин мужиллилан соҳҳан табакан даиман.

Маъноси: Аллоҳим! Бизга бизни шиддатдан қутқарувчи, зоҳирий ва ботиний фойдали, мўл, баракали ҳар ённи ўз ичига олган, ҳаp ёнга оқадиган, ҳаp ённи ҳўл қиладиган давомий ёмғирни бергин.

Бу ва бунга ўхшаш дуолар махфий ёки жаҳрий ўқилади. Истисқода кийим тескари қилинмайди. Дуода зиммий (мусулмон блмаган) киши иштирок этмайди.

Ҳазрати Ойишадан ривоят қилинишига кўра, бир куни халқ Пайғамбаримизга, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ёмғир ёғмаётганидан шикоят қилди. Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, майдонда минбар қуришни буюрдилар ва бутун халқнинг тўпланиши учун бир кунни тайинладилар. Тайинланган кун қуёш чиқиб-чиқмай ўрнатилган минбарга Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, чиқиб ўрнашиб, такбир ва Аллоҳга ҳамду сано айтгач, халққа юзланиб:

«Эй халқ, сиз менга келиб, ерларингизда қурғоқчилик бўлгани, вақтида ёмғир ёғмаётганидан шикоят қилдингиз. Аллоҳим сизга дуо қилишингизни буюрди, истагингизни бажаражагини ваъда қилди» дедилар. Сўнг: «Ҳамд оламларнинг Парвардигорига хосдир. У сақловчи ва кечирувчидир, ҳисоб-китоб кунининг Эгасидир. Ундан бўлак илоҳ йўқдир ва у хоҳлаганини қилгувчидир. Аллоҳим сен бойсан, биз эса сенга муҳтож фақирлармиз, бизга ёмғир бер ва уни бизга хайрли айла» деб дуо қилдилар. Кейин қўлларини осмонга кўтардилар (кўлтиқлари кўринди) устларидаги кийимни тескари кийиб, халққа юзландилар, минбарда узоқ муддат бу вазиятда туриб, кейин пастга тушиб, икки ракат нафл намоз ўқидилар. Намоздан кейин шаррос ёмғир ёғмагунча масжидга қайтмадилар. Кучли ёмғир бошлангач, халқ пана жой ахтариб, тарқалишганида, олд тишлари кўринадиган ҳолда кулдилар ва «Гувоҳлик бераманки, Аллоҳ ҳар ишга қодирдир ва яна гувоҳлик бераманки, мен унинг қули (бандаси) ва элчисидирман», дедилар.

Зиммийларни (мусулмон бўлмасалар-да, исломий ўлкада жизя ва хирож тўплаб яшовчилар) дуога чиқармаслик сабаби, агар дуодан сўнг ёмир ёғса, авом халқ уларнинг дуолари ҳам қабул бўлиб, ёмғир ёғди, уларнинг дини ҳам ҳақ экан, деб ўйлаб, имонлари сусайишидан сақланишидир.

 

*** Хавф (қўрқув) намози ***

Ҳукми ва сабаби

Хавф намозини фақат душман ва йиртқич ҳайвон олдида ёки сув тошқини ва ёнишдан қўрқиш ҳолатида ўқиш жоиздир.

Бутун жамоат бир имомга эргашишни хоҳласалар, имом жамоатни иккига бўлади.

Бир гуруҳни душман қаршисида қолдиради, бошқа гуруҳ билан намоз ўқишни бошлайди. Ўқиладиган фарз на­моз икки ракатли бўлса бир, тўрт (ёки уч) ракатли бўлса, икки ракат ўқиганидан сўнг, биринчи жамоат душман олдига боради. Уларнинг ўрнига иккинчи гуруҳ келиб, имомга эргашади. Имом намознинг қолган қисмини ўқиб, ўзи салом беради. Иккинчи гуруҳ, душман олдига қайтгач, биринчи гуруҳ ўринларига қайтиб, Қуръон ўқимасдан намозларини тугатадилар, салом бериб душман олдига қайтадилар. Иккинчи жамоат ҳам намознинг қолган қисмин жойларига қайтиб ёки душман қаршисида, холироқ жойда ўқиб тугатади.

Изоҳ: Намозларининг иккинчи қисмини ёлғиз ўқийдиган пайтда биринчи гуруҳ лоҳиқ, иккинчиси масбуқ эди, шунинг учун биринчи гуруҳ намознинг иккинчи қисмида Қуръон (қироam қилмайди) ўқимайди, иккинчиси ўқийди. Маълумки, масбуқ намознинг бошида имомга етишолмаган кишидир. Бу киши имомнинг саломидан сўнг намознинг етишолмаган қисмини ўзи қироат билан ўқиб тугатади. У ҳолда, ҳукмга кўра, масбуқ ҳолатида бўлган иккинчи жамоат намознинг имом билан қилмаган қисмини қироат қилиб тамомлайди. Лоҳиқ эса намозни имомга эргашиб бошлаган бўлса ҳам, қандайдир сабаб билан намознинг бошқа қисмини имом билан ўқимаган кишидир. Бу киши имомнинг саломидан кейин, намознинг ўқилмаган қисмини қироатсиз тугатади. Биринчи гуруҳ намоз­нинг биринчи қисмини ўқиб, душман олдига қайтганига кўра, намознинг иккинчи қисмини ўқиш чоғида лоҳиқ ҳукмида бўла ди. Шунинг учун қироат қилмайди.

  1. Кучли қўрқув чоғида ҳамма от-улов ёки шунга ўхшаш восита устида кучи етган томонга қараб, намозни имо-ишора билан якка-якка ўқийди.
  2. Хавф намози душман билан юзлашиб турилганида жоиздир.
  3. Намоз асносида қуролларнинг ёнда бўлиши мустаҳабдир.
  4. Жамоат бир имомнинг орқасида намоз ўқишни талаб қилмасалар, ҳар бир гуруҳ, хавф-хатарсиз ҳолатдагидек, ўз имомлари билан ўқишлари афзалдир.

 

Такрорлаш учун саволлар

Қуйидаги саволларга ўйлаб, жавоб беринг:

  1. Витр намозининг ҳукми нима? Неча ракатдан иборат ва қандай ўқилади? Қунут дуосининг маъноси қандай? Қунут дуоси қачон ўқилади? Калималари қандай? Бомдод намозида қунут дуосини ўқийдиган (Шофеъий мазҳабидаги) имомга иқтидо қилгач Ҳанафий мазҳабидаги киши қандай ҳаракат қилади? Витр намози қачон жамоат билан ўқилади?
  2. Суннати муаккадаларни санаб беринг. Икки ракатдан ортиқ нафл намоз ўқиб, намоз сўнгига қадар ташаҳҳудда ўтирмаган кишининг ҳукми нима?
  3. Таҳиятул масжид, хожат ва тунги намозларнинг ҳукмини айтиб, ибодат билан ўтказиш мандуб бўлган кечаларни санаб беринг.
  4. Ўтирган ҳолда, от ёки шаҳар ташқарисида бирор воситага минган, бирор нарсага суянган ҳолда ўқилган нафл намозларнинг ҳукмипи айтиб беринг.
  5. Миниладиган ҳайвон устида ўқилган фарз ва нафл намозларнинг ҳукми қандай? Миниладиган ҳайвон (туя) ўркачи устида ўқилган намозларни тафсилотлари билан тушунтиринг.
  6. Кемада намоз ўқишнинг ҳукмини тафсилотлари би­лан тушунтиринг.
  7. Таровеҳ намозининг ҳукмини, вақтини ва неча ракатлигини айтиб беринг.
  8. Каъбанинг ичида, устида ва атрофида ўқилган намознинг ҳукмини айтиб беринг.
  9. Ибодат ҳукмларининг ўзгаришига сабаб бўладиган энг қисқа сафар муддати қанча? Қайси намозлар қисқартилади? Сафар ниятининг саҳиҳ. бўлиши учун лозим бўлган шартларни изоҳлаб, намозни қисқартиришнинг ҳукмий (сафар) муддатини ва намозни қисқартирмай, тўлиқ ўқиган мусофирнинг ҳукми қандай бўлишини баён қилинг.
  10. Мусофирнинг муқимга ва муқимнинг мусофирга (намозда) иқтидо қилишининг ҳукмини, сафар мобайнида қазо бўлган намозлар сафар тамом бўлгач; муқимликда қазо қилинган намозлар сафар асносида қандай ўқилишини айтиб беринг.
  • Ватан ҳақидаги ҳукмларни баён қилинг. Ватани иқомат нима билан бекор бўлади?
  1. Беморнинг намозларини тафсилотлари билан тушун­тиринг. Бемор қачон намозни кечиктиради? Қачон ундан намоз соқит бўлади? Қазо қолдирган намозларини васият қилиши қачон жоиз, қачон жоиз эмас?
  2. Қазо қолган намозлар қандай тартибда ўқилади? Бундай тартиб билан ўқиш мажбурияти нима билан соқит бўлади? Киши фарз намозини ўқиётганида қазо қолган намози эсига тушса, нима қилади?
  3. Киши ёлғиз ўзи намозни бошлагач, қандай ҳолатда намозини бузиб, жамоатга қўшилади? Қандай ҳолатда ўзи ўқиб тугатади?
  4. Қайси суннат намозларнинг қазосини қачон ўқиш жоиз? Қачон фарзлардан аввал нафл намоз ўқиш мумкин? Қандай ҳолатларда азон айтилган масжиддан чиқиб кетиш жоизлигини баён қилинг.
  5. Саҳв саждасининг ҳукми қандай ва сабаблари нима? Қасддан қилинган хатоларнинг қайсиларида саҳв саждаси қилинади? Саҳв саждасининг вақтини, қачон соқит бўлишини ва имом саҳв саждаси қилмайдиган намозларни айтиб беринг.
  6. Биринчи ёки иккинчи ташаҳҳудда «Аттаҳийёту» ўқиёттанида адашиб кетган ёки намозда шубҳага тушган кишининг ҳукмини баён қилинг.
  7. Тиловат саждасининг ҳукмини, сабабини, вақтини ва сажда оятларининг сонини тафсилотлари билан тушунтиринг. Сажда қилиши лозим бўлган ва лозим бўлмаган кишини, сажда ояти такрор-такрор ўқилганида тиловат саж­даси қачон адо бўлишини изоҳлаб беринг. Тиловат саж­дасининг саҳиҳ бўлиш шартларини, шаклини ҳамда шукр саждасининг ҳукми ва шаклини тушунтириб беринг.
  8. Жума намозининг ҳукмини, фарз ва саҳиҳ бўлиш шартларини айтиб беринг. Сўнгра шаҳарда, Минода қачон жума намози ўқиш жоиз бўлишини, ҳамда хутбада (Аллоҳ таолога) ҳамд айтиш (каби нарсалар) билан кифояланиш ҳукмларини баён қилиб беринг. Хутбанинг суннатларидан ўнтасини санаб беринг.
  9. Ҳайит намозларининг ҳукмини, шартларини, вақти ва адо этиш тартибини тушунтиринг. Қурбон ва Рамазон ҳайити намозлари ҳукмлари орасидаги фарқни изоҳланг. Ташриқ такбирининг ҳукмини, вақтини ва кимларга ло­зим эканини баён қилинг.
  10. Кусуф (қуёш тутилиши) намозининг ҳукмини, шаклини, истисқо (ёмғир дуоси) намозининг ҳукмини ҳамда бунинг учун нималар мустаҳаб эканини тушунтириб беринг.
  11. Хавф намозининг ҳукмини, сабабини айтиб, бу намозни бир имомга иқтидо қилиб ўқимоқчи бўлганларида ёки алоҳида-алоҳида имомлар орқасида ўқишга келишиб олганларида намоз қандай адо қилинишини, хавф жуда кучли бўлганида қандай ўқилишини тушунтириб беринг.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

РЎЗА КИТОБИ:

Рамазон рўзаси фарз бўлиш сабаби;

Ҳукми ва фарз бўлишининг шартлари;

Рўза тутишнинг вожиб бўлиш шартлари;

Рўза тутишнинг дуруст бўлиш шартлари учта;

Рукни;

Рўза тутиш натижаси;

Рўзанинг сифати ва қисмлари;

Рамазон ойининг кўриниши ва шубҳали кун Рамазон қандай собит бўлади?

Ойни кўриш;

Ой (ҳилол);

Рўзани бузмайдиган нарсалар;

Рўзани бузиб, қазо ва каффоратга сабаб бўладиган ҳолатлар;

Каффоратни бекор қилувчи ҳолатлар;

Рўза каффорати;

Каффоратларнинг бирлашуви;

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Нима учун жума куни қайғуларингиз камаяди?

22.11.2024   2983   3 min.
Нима учун жума куни қайғуларингиз камаяди?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бир қиз айтади:

«Худонинг берган куни ҳали у тарафдан, ҳали бу тарафдан мени ғам-ташвишлар сиқувга олади. Лекин жума куни кайфиятим бошқача бўлади, қайғуларим камайиб, хурсандчилигим ортади. Сизларга бунинг сирини айтиб бераман.

 

Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Энг афзал кунлардан бири – жума кунидир. Одам алайҳиссалом шу куни яратилган, руҳи ҳам шу куни қабз қилинган. Сурга шу куни пуфланади. Даҳшатли қичқириқ ҳам шу куни бўлади. Бу кунда менга кўп салавот айтинглар, чунки салавотларингиз менга кўрсатиб турилади». Саҳобалар «Ё Аллоҳнинг Расули, сиз тупроққа қоришиб кетган бўлсангиз, қандай қилиб салавотларимиз сизга кўрсатилади?» дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла анбиёларнинг жасадини тупроққа ҳаром қилган», дедилар (Абу Довуд, Насоий ривояти).


Мана шу муборак ҳадисни эшитганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени қандай қилиб таниб олишларини ўйладим. Ҳар жума куни айтган салавотларим у зотга етказиб турилар экан. Расулуллоҳ мени умуман салавот айтмаган ёки жуда кам салавот айтган ҳолимда таниб қолсалар-чи? Буни ўйлаб, ўзимдан ҳам, Расулуллоҳдан ҳам жуда уялиб кетдим. Қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени таниб олсинлар, у зотга кўп салавот айтганим учун шафоат қилсинлар деб умид қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп-кўп салавот айтадиган бўлдим. Ҳар жума куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпроқ салавот айтишни одат қилдим.

Шундан кейин салавот айтиб бўлишим билан улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилаётганини ўйлаб, жума кунини чинакамига севиб қолдим. Жума куни айтган салавотларим Расулуллоҳга кўрсатилгани учун бу кунни интиқлик билан кутадиган бўлдим. Жума куни тонгда бомдод намозини ўқиб бўлгач, қалбим шодликдан энтикиб кетадиган бўлди, чунки шу кунги салавотларим суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилади! Иншааллоҳ, мен бу борада биринчилардан бўламан!

Салавотнинг бундан бошқа фойдалари ҳам билина бошлади. Жума куни уйимиз янада сокин, файзли бўлиб қолади, муаммо ва ташвишлардан холи бўлиб кетади. Шу куни онам билан бир-биримизга янада меҳрибон, илтифотли бўлиб қоламиз. Буларнинг барчаси, албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган салавотларимизнинг шарофатидир. Ҳатто узрли пайтимда бошқа кунларни руҳан сиқилиб ўтказсам ҳам, жума куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтганим учун қийинчиликлар йўқ бўлиб кетади. Мен бу ҳолатни тахминан етти йилдан бери кузатиб келаман. Ҳозирда эса жума кунлари ўзгача бахт, ўзгача тетиклик ҳис қиламан. Аллоҳ таоло барча муслима қизларни жума кунлари ҳам, бошқа кунларда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ҳаловати билан сийласин!»

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.

Мақолалар