Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Ноябр, 2024   |   24 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:00
Қуёш
07:23
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
25 Ноябр, 2024, 24 Жумадул аввал, 1446

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг Рамазон ойини ўтказиш ҳақидаги БАЁНОТИ

13.04.2020   3478   4 min.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг Рамазон ойини ўтказиш ҳақидаги БАЁНОТИ

Маълумки, яқин кунларда мусулмонлар интиқиб кутадиган, муборак Рамазони шариф ойи кириб келмоқда. Ҳар йили юртдошларимиз Рамазон ойини алоҳида тайёргарлик ва хурсандчилик билан кутиб оладилар ва кўтаринки руҳда, ўзгача шукуҳ билан ўтказадилар. Чунки, Рамазон ойида мўмин-мусулмонларнинг ризқига барака, амалларига улкан ажру савоблар ато этилади. Зеро, Аллоҳ таоло Рамазон ойида мўминларга кундуз кунлари рўза тутмоқликни фарз, тунлари таровиҳ намозини ўқимоқликни нафл қилиб берган. Рамазон ойида Қуръони каримни хеч бўлмаса бир марта бошидан охиригача ўқиб хатм қилиш Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларидандир. Рўзадорларга ифторлик қилиб бериш, муҳтожларга хайру садақалар улашиш ушбу ойга хос бўлган амаллардан саналади.

Лекин, минг афсуски, бугунги кунда бутун дунё бўйлаб, жумладан, юртимизда ҳам Коронавирус пандимеяси тарқалди. Бу касаллик кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида юртимизда карантин эълон қилинди.

Маълумки, ушбу ҳолат вужудга келгани муносабати билан  Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг “Коронавирус (COVID-19) инфекциясининг тарқалишини олдини олиш бўйича ФАТВОСИ” эълон қилинди. Фатвода юртимизда эпидемиологик вазият барқарорлашгунгача жамоавий намозлар вақтинча тўхтатилиб, мусулмонларимизга намозларни уйларида адо этишлари лозим эканлиги етказилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Рамазон ойини ўтказиш бўйича қўшни ва хорижий мамлакатлардаги ҳолат ўрганилди. Жумладан, Миср Араб Республикаси, Саудия Арабистони, Туркия, Россия Федерациясининг Татаристон Республикаси мусулмонлари диний идоралари томонидан Рамазон ойида масжидларда таровиҳ намозлари адо этилмаслиги ва оммавий ифторликлар уюштирилмаслиги ҳақида баёнотлар эъло қилинди.

Шунингдек, қўшни Қозоғистон ва Қирғизистон мусулмонлари диний идоралари билан мазкур масала муҳокама қилинди ва ягона тўхтамга келиш ҳақида қарор қилинди.

Юқоридагилардан келиб чиқан ҳолда, шунингдек, фуқароларимиз орасида Рамазон ойида кўзда тутилган диний маросимлар сабабли карантин талаблари бузилишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши барча мусулмонларни қуйидаги кўрсатмаларга қатъий риоя қилишга чақиради:

  1. Рамазон ойида мўмин-мусулмонларимиз таровиҳ намозларини, хатми Қуръонларни ўз оила аъзолари билан хонадонларида ўтказсинлар.
  2. Муборак Рамазон ойида мўмин мусулмонларимизнинг руҳини кўтариш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият юритаётган қориларнинг хатми Қуръонлари онлайн тарзда амалга оширилиши йўлга қўйилсин.
  3. Ифторлик савобидан умидвор бўлган саҳоватпеша мусулмонларимиз ифторлик маросимлари учун мўлжаллаган маблағларини “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари” орқали моддий кўмакка муҳтож оилаларга етказсинлар.
  4. Барча мусулмонларимиз қўни-қўшни ва яқин қариндошларни тўплаган ҳолда ифторлик уюштиришлари карантин талабларига зид келиши баробарида Аллоҳ таолонинг ишбошиларга итоат қилиш ҳақидаги Нисо сураси : “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!...” 59-оятига ҳилоф эканини англашлари лозим.
  5. Закот маблағларини ҳамда фитр ва фидя садақаларини “Вақф” ҳайрия жамоат Фонди ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳисоб рақамларига ёки “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари”га топширишлари тавсия этилади.
  6. Рамазон ойи давомида барча телеканаллар орқали эфирга узатилиши режалаштирилган кўрсатувлар Медиа-режаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти қозиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар бош имом-хатиблари ҳамда халқимиз орасида обрўли диний уламоларимизнинг ушбу Баёнотда белгиланган вазифаларни халқимизга етказиш мақсадида оммавий ахборот воситаларида чиқишлар ташкил қилинсин ва кенг ёритилсин.
  7. Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти қозиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар бош имом-хатиблари томонидан ижтимоий тармоқлар орқали, “Рамазон – раҳмат ва сабр ойи” мавзусидаги маърузаларни мунтазам он-лайн тарзда бериб боришни йўлга қўйсинлар.
  8. Мусулмонларимиз хонадонларида Аллоҳ таолодан коронавирус балосини тез кунларда бартараф этишини сўраб, ихлос билан дуо қилсинлар.

Аллоҳ таоло тез кунларда беморларимизга шифои комил бериб, дунё халқлари, жумладан юртимиздан бу касалликни кўтарсин! Ҳамда фазилатли жамоатлар билан ибодатларни комил суратда адо қилишни барчамизга насиб қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Уламолар кенгаши

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Яхшисини беринг

25.11.2024   251   3 min.
Яхшисини беринг

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мактабимизда буфет бўлар эди. Ўша тарафдан ажойиб ҳидлар келардида ўзиям... Чўнтагимизда беш-ўн тийин пулимиз бўлса, катта танаффус бўлди дегунча ўша ёққа югурардик. Кулча, «қуш тили», икрали нон 5 тийин эди. Майизли булочка 10 тийин. «Трубочка» – 15 тийин. Иссиқ овқат учун 20 тийин керак эди. Бунча пул менда камдан-кам бўларди. Шунинг учун кўпинча, кулча ёки усти шакарли, тил шаклидаги «қуш тили» олар эдим.

Буфетимизда иккита аёл галма-гал ишларди. Бири, қўполлиги учун ҳамма ёмон кўрадиган – Шарофат опа (исм ўзгартирилди), иккинчиси жуда мулойим, болаларга меҳрибон, кичкинагина фариштасифат, татар аёли – Ҳадия опа эди. Бу аёл бизнинг қўшнимиз Карим аканинг аёли эди. Икковларини ҳам Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.

Патнисда тахланган «қуш тили» ҳар хил бўлар эди. Орасида қийшиқ ёки чети куйганлари ҳам бўлар эди. Шарофат опадан оладиган бўлсам, негадир, «қуш тили»ларнинг орасидан энг ёмонини танлаб олиб берар эди. Индолмасдим...

Ҳадия опа эса, навбатда болалар кўп бўлишига қарамасдан, эринмай, «қуш тили»ларнинг орасидан энг яхшисини танлаб, жилмайиб берар эдилар. Ҳаммага ҳам шундай қилардилар. Бир куни онамга шуни айтдим.

– Ҳадия опа жуда яхши хотин-а, ойи?

– Ҳа, яхши аёл. Нега унақа деяпсан?

– Нарса олсам доим энг яхшисини олиб берадилар. Шарофат опа эса, энг ёмонини танлаб берадилар.

 Онам бирпас ўйлаб туриб:

– Бир кунда патнисдаги ўша «қуш тили»ларнинг ҳаммаси сотиб бўлинадими? – деб сўрадилар.

– Ҳа, тўртинчи соатдан кейин борсам битта ҳам қолмаган бўлади.

– Қара, Шарофат опа ҳар бир болага патнисдаги «қуш тили»ларнинг энг ёмонидан бошлаб сотиб тугатади. Ҳадия опа эса ҳар бир болага энг яхшисидан бериб тугатади. Ўша қийшиқ «қуш тили» ҳам қолиб кетмайди. Тўғрими? Иккови ҳам бор «язик»ларнинг ҳаммасини сотиб тугатишади. Лекин, биттаси «ёмон хотин» деб танилади. Ҳамма уни ёмон кўради. Иккинчиси эса, «яхши хотин» бўлиб танилади. Ҳамма уни яхши кўради. Энди ўзинг хулоса қил, болам....

Онам раҳматлининг мана шу гаплари менга зўр дарс бўлган. Биров билан олди-берди қилаётганимда доим шу қоидани эслайман. Дўконимда иккита бир хил маҳсулотнинг энг яхшисини кўрсатишга ҳаракат қиламан. Иккинчиси ҳам қолиб кетмайди. Бир одамга иккита нарсадан яхшироғини берган бўламан. Иккинчисига эса, қўлимдаги борини берган бўламан.

Айниқса, пул олди-бердисида шундай қилсангиз, ҳаммага ёқади. Дейлик, бировга икки миллион сўм беришингиз керак. Сизда ҳар хил миқдордаги қоғоз пуллар бор. Минг сўмликдан то 200 минг сўмликкача. Мижоз кўриб турибди. Сиз унга пулларингиз орасидан энг йиригини, уларнинг ҳам орасидан ҳолати энг янги бўлганини беришга одат қилинг. Шунда рўпарангиздаги инсонда бу ишингиз билан жуда яхши таассурот қолдирасиз. Эски пулларнинг ҳам жойи чиқади, албатта. Ишлатилмай қолиб кетмайди.

Шу қоидага бир амал қилиб кўринг-а!

Шоолим Шомансуров
«Ҳилол» журнали 4(61) сон

Мақолалар