Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Сентябр, 2024   |   15 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:47
Қуёш
06:07
Пешин
12:22
Аср
16:38
Шом
18:30
Хуфтон
19:43
Bismillah
18 Сентябр, 2024, 15 Рабиъул аввал, 1446

Рамазонга тайёрмисиз: Қалбингизни тозалаб олинг!

13.04.2020   1939   7 min.
Рамазонга тайёрмисиз: Қалбингизни тозалаб олинг!

Қалбларимизни қувончга тўлдирувчи Рамазонга ҳам саноқли кунлар қолди. Биз эса ўзимизни ислоҳ қилиб тайёргарлик кўришни давом эттирамиз!

Динимизда қалб инсонийликнинг асоси ва иймоннинг маскани ҳисобланади. Банда нияти ва қилаётган амаллари орқали қалбига нур кириши ёки зулматга чўмишига сабаб бўлади.

Уламолар айтадики, гуноҳни кўпайтириб, маъсиятда бардавом бўлиш, фарз амалларни Аллоҳ айтгандек бажармаслик,  ҳаром амалларни хотиржам бажариш орқали қалб қораяди ва қотиб бошлайди.

“Агар мўминнинг қалби пок ва тоза бўлмаса унинг қилган ибодату амалларидан дунё ва охирати учун наф йўқ” дейишган уламолар.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам қалбнинг қорайиш сабабларини зикр қилиб, қуйидаги ҳадисларини марҳамат қилганлар:

“Агар мўмин киши бир гуноҳ қилса, унинг қалбида бир қора доғ пайдо бўлади. Агар у тавба қилиб, гуноҳдан қайтиб, истиғфор айтса, у йўқолади. Аммо гуноҳни зиёда қилса, у қора доғ ҳам кўпаяди ва натижада бутун қалбини ўраб олади” (Имом Термизий ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, мусулмон киши гуноҳ қилиши билан қалбнинг қорайишини ва унинг касаллигини зиёда қилади. Қалбнинг касалланиши бу – бир банданинг Аллоҳ таолога бўлган итоатидаги сусткашлик ва бандадан талаб қилинадиган солиҳ амалларга бўлган бепарволикни келтириб чиқариши демакдир. Зеро, бандаларнинг амаллари яхши ёки ёмон бўлиши унинг қалбидаги сакина, қаноат, сабр ва иффатига қаралади. Аммо ёмон амаллар бажаришида эса унинг бесабрлиги, гуноҳларга енгил қараши, дунёга ҳаддан ошиқ муҳаббат қўйиши, орзу-ҳавасларининг кўплигидан келиб чиқиб баҳоланади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бутун вужудга ўз таъсирини ўтказувчи қалбга эътибор қаратганлар.

“Огоҳ бўлингларки, танада бир парча гўшт бор. Агар у тузалса, бутун тана тузалади. Агар у бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлингларки, у қалбдир”, деганларини эшитганман” (Имом Бухорий ривояти).

Шу ўринда бугун қалбларимизни ўртаб ҳаловатмизни йўқолишига сабаб бўлаётган яна бир омил борки бу – мусулмоннинг мусулмонга нисбатан кўнглида ғазаб, ҳасад, хусумат қилиши, қаҳр ва зулм ниятида юришидир. Айнан мана шу салбий туйғулар бандани Аллоҳнинг нури ва розилигидан мосуво этади.

Зеро, Аллоҳ таоло Ўз каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир. Бас, сизлар икки оға-инингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Аллоҳдан қўрқинглар, шояд У зот томонидан бўладиган раҳматга эришсангизлар” (Ҳужурот сураси 10 оят).

Мазкур оятда Аллоҳ таоло мўминларни шак-шубҳасиз бир-бирларига оға-ини эканлигини таъкидламоқда. Шундай экан нега бугун мусулмонлар орасида хусумат ва ҳасад, уруш-жанжаллар авж олиб кетди? Демак, муборак ой олдидан қалбимиздаги биродарларимизга нисбатан бўлган хусуматларнинг барчасини ювиб тозалаб, кўнглимиздан улоқтириб ташлашимиз лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида:

“Бир­–бирингиздан нафратланмангиз, бир-бирингизга ҳасад қилмангиз, бир-бирингизга орқангизни ўгирмангиз, бир-бирингиз билан алоқаларни узмангиз! Эй, Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлингиз!” (Имом Бухорий, Адабул Муфрад).

Яна бир ҳадисда: “Мўъмин мўъминга нисбатан бир-бирини тутиб турган бинога ўхшайди” – дедилар ва бармоқларини бир-бириги кириштирдилар. (Имом Бухорий, Адабул Муфрад)

Бу борада Саҳобалар барча умматга намунадир:

  • Улар қалбларининг тозалиги ва юракларининг поклигида умматнинг пешқадами бўлганлар.
  • Улар бу борада етук насиба соҳиби эдилар.
  • Улар бир-бирларига раҳмдил, меҳрибон, бир-бирларини Аллоҳ таоло айтганидек севган ва бир сафда бўлган эдилар.

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўтирган эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳозир ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган бир одам кириб келади”– дедилар. Ногаҳон, соқолларидан таҳорат сувлари томчилаб турган ва чап қўлида ковушларини кўтарган ансорлардан бири кириб келди. Эртаси куни ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биринчи гапларини қайтардилар. Яна ўша одам кириб келди. Учинчи куни ҳам ўша ҳолат такрорланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб кетганларида, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳу ўша одамга эргашди ва (унга): Мен отам билан тортишиб қолдим ва унинг олдига уч кун кирмасликка қасам ичдим. Агар рухсат берсангиз сизникида уч кеча тунаб қолсам? – деди. У одам: Майли, деди”.

Ҳадиснинг ровийси Анас разияллоҳу анҳу айтди: Бизга Абдуллоҳ (ибн Амр ибн Ос) шундай деди: “Мен унинг уйида уч кечани ўтказдим. У таҳажжудга уйғонмас, фақатгина, бир тарафдан иккинчи тарафга бурилса Аллоҳни зикр қилар ва шу билан бомдод намозига турар эди. Мен ундан ҳеч ёмон гап айтганини ҳам эшитмадим. Уч кеча ўтгач унинг ишларини камситишимга оз қолди ва унга шундай дедим: Ҳой, Аллоҳнинг бандаси! Аслида, мен билан отам ўртасида бирон можаро бўлмаган эди. Фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сиз учун уч марта: “Хозир хузурингизга жаннат аҳлидан бўлган бир одам кириб келади”– дедилар. Уччала сафарда ҳам сиз кириб келдингиз. Мен эса сизнинг қандай амалингиз борлигини билиш ва ундан ўрнак олиш учун сизникида қолдим. Кўрдимки, сиз кўп амал қилмас экансиз. (Айтингчи), сизни бу мақомга нима етказди?,– дедим. У одам: Мен сен кўрган амаллардан бошқа иш қилмайман, деб жавоб берди. Мен орқамга бурилиб кета бошлаганимда чақириб: Мен сен кўрган амаллардан бошқа ишларни қилмайман. Бироқ, юрагимда бирон кишига хиёнат қилишни тугмайман ва бировга Аллоҳ таоло унга берган яхшиликлар учун ҳасад ҳам қилмайман»,– деди. Мен: “Мана шу нарса сизни (у мақомга) етказибди! Бизнинг эса унга кучимиз етмайди!”– дедим”.   (Имом Аҳмад).

Қалб тозалигининг фазилати, унинг жаннатга киришига сабаб бўлар экан.

Қалбларимизни тозалаш учун эса уламолар қуйидагича тавсияларни айтиб ўтишган:

  1. Кўп зикр қилиш
  2. истиғфор айтишда бардавом бўлиш
  3. ибодатларни бажаришда жидду жаҳд қилиш
  4. гуноҳ-маъсиятлардан тийилиш
  5. ёлғиз қолганда тафаккурни кўпайтириш (айниқса ҳозиги карантин вақтида)
  6. яхшиликларни кўпайтириш
  7. ота-онани хизматларини қилиб, дуоларини олиш
  8. оиладаги ака-ука, опа-сингил, эру хотин ўзаро яхшилик билан яшаш
  9. жамиятдаги муҳтожларга ёрдам бериш
  10. етимларнинг бошини силаш
  11. қиёматни кўп эслаш
  12. ўлимни эсдан чиқармаслик.

“Ахир, кўксини Аллоҳ Ислом учун (кенг) очиб қўйган, ўзи эса, Парвардигори (томони)дан нур (ҳидоят) узра турган киши (бошқалар билан баробар бўлурми)?! Бас, диллари Аллоҳни эслашдан қотиб қолган кимсалар ҳолига вой! Улар аниқ залолатдадирлар” (Зумар сураси, 22-оят).

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари ва республика нуронийларининг Ўзбекистон халқига мурожаати

18.09.2024   317   13 min.
Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари ва республика нуронийларининг Ўзбекистон халқига мурожаати

Қадрли ватандошлар!

Жонажон Ўзбекистонимиз ўз давлат мустақиллигининг 33 йиллигини кенг нишонлаб, ана шу даврда босиб ўтган ғоят мураккаб ва шарафли йўлда эришган ютуқ ва марраларини чуқур таҳлил ва сарҳисоб этиб, янада улкан вазифаларни белгилаб олаётган мана шу шукуҳли кунларда қалбларимизда Ватанга меҳр ва ифтихор, ўз куч ва имкониятларимизга ишонч туйғуси янада кучаймоқда.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ишлаб чиқилган ва изчил амалга оширилаётган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси амалда қандай улкан натижалар бераётганини ҳар биримиз ўз ҳаётимиз ва фаолиятимизда яққол кўриб, ҳис этиб келмоқдамиз.

Қисқа муддатда мамлакатимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар йўналишлардаги тараққиёт суръатлари кескин ўзгариб, янгича сифат ва мазмун касб этиб, беқиёс қудрат ва шиддатга эга бўлиб бормоқда.

Энг муҳими, юртимизда давлат ва жамият таянчи бўлган халқимизга, унинг бунёдкорлик салоҳиятига муносабат тубдан ўзгарди.

Инсон, унинг эркин ва фаровон ҳаёти барча ислоҳотлар марказида турадиган бош мақсадга айланди. Инсон қадрини, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш Конституция ва қонунларимиз даражасида қатъий қоида сифатида мустаҳкамланиб, барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари, раҳбар ходимлар фаолиятининг асосий мезони бўлиб бормоқда.

Иқтисодиётимизга жаҳон миқёсида устувор тенденцияга айланаётган рақамли ва “яшил” технологиялар жадал кириб келмоқда. Мамлакатимизда тадбиркорлик ва ишбилармонлик мисли кўрилмаган даражада ривожланмоқда.

Дунёда ва минтақамизда дўстларимиз ва ҳамкорларимиз кўпайиб, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътибори муттасил юксалиб бормоқда.

Ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси ҳаётимизнинг турли хил соҳаларида илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган амалий натижалар бермоқда.

Ватанимиз ҳар томонлама тараққий этган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир инсон эркин яшаб, меҳнат қиладиган, замонавий билим ва касб-ҳунарга эга фарзандларимиз ўз бахтини айнан шу заминда топадиган, дунёдаги энг гўзал, тинч ва фаровон мамлакат бўлишини барчамиз орзу қиламиз ва шу мақсад йўлида бутун борлиғимиз билан ҳаракат қилишга тайёрмиз.

Давлатимиз раҳбарининг олиб бораётган кенг кўламли, оқилона сиёсати, амалга ошираётган ислоҳотлари ана шу эзгу мақсадга қаратилгандир.

Шу йўлда Юртбошимизга камарбаста бўлиш – бу барчамиз интилаётган келажакни, оиламиз, фарзандларимизнинг бахту саодатини таъминлашнинг энг муҳим шарти ва гаровидир.

Ҳурматли юртдошлар!

Биз сиз, азизларга ана шундай эзгу даъватлар билан мурожаат қилар эканмиз, муҳтарам Президентимиз томонидан Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг ажралмас бир қисми сифатида илгари сурилаётган ва кейинги йилларда махсус давлат дастури асосида амалга оширилаётган камбағалликни қисқартириш масаласига алоҳида эътиборингизни қаратмоқчимиз.

Давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбаридан юртимиз аҳолисининг муайян қисми ўртасида камбағаллик борлигини эътироф этиб, мамлакатимизда бу муаммони ҳал этишга қарор қилинганини жаҳон ҳамжамиятига эълон қилган эди.

Бу, ҳеч шубҳасиз, халқимизга бўлган юксак меҳр ва ғамхўрлик, Ўзбекистонни ривожланган давлатлар қаторига кўтариш йўлидаги қатъий ҳаракатларнинг яна бир ифодаси эди.

Учинчи Ренессанс пойдеворини бунёд этишдек тарихий миссияни зиммасига олган халқимиз етакчиси, аввало бу мақсадлар йўлида аҳолининг кам таъминланган қатлами турмуш шароитини яхшилаш, унинг ҳаётдан рози бўлиб, бахтли яшашини, ўзининг энг олий мақсади қилиб белгилагани миллатимиз бахти эмасми? 

Барчамизга маълумки, муҳтарам Президентимиз камбағалликни қисқартириш бўйича муросасиз курашни бошлаган вақтда 7,5 миллион ёки жами аҳолининг 23 фоизи камбағаллик даражасида деб қайд этилган эди.

Камбағал фуқароларни кучли ва манзилли ижтимоий ҳимоя қилишни назарда тутувчи қонунчилик асослари яратилди, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилди, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Меҳр дафтари” каби мутлақо янги ташкилий-ҳуқуқий механизмлар ишга туширилди.

Бу йўналишга сарфланаётган маблағлар миқдори йилдан-йилга изчил кўпайтирилди.

Хусусан, 2020 йилда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга 3,7 триллион сўм йўналтирилган бўлса, 2023 йилда 12,3 триллион сўм сарфланди. Сўнгги 3 йилда пенсия ва нафақалар миқдори ҳам 1,5 баравар оширилди.

Маҳаллада камбағалликни қисқартириш, тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш учун 35 триллион сўмлик арзон кредит ва 7 триллион сўм субсидия ажратилди, 260 минг гектар ер 800 минг аҳолига даромад топиши учун тарқатилди.

Ўтган даврда аҳолимиз сони 3,7 миллион нафарга кўпайиши билан бирга, камбағалликни белгилаш чегараси ҳам 1,5 каррага кўтарилди.

Самарали ва адолатли ижтимоий сиёсат ҳамда манзилли ва аниқ чора-тадбирлар кўрилиши натижасида шу қисқа фурсатда 3,5 миллион аҳоли етарли даражада даромадли бўлди ва 2023 йил якуни билан камбағаллик даражасининг 11 фоизга тушишига эришилди.

Бу кўрсаткичлар Янги Ўзбекистоннинг бош шиори қилиб “Инсон қадри учун!” деган халқчил тамойил белгилангани, аҳолининг ҳаётини эркин ва фаровон қилиш, одамларни шу азиз юрт равнақи йўлида сафарбар этишдек улуғ ниятни халқимиз нечоғли хайрихоҳлик ва ҳамжиҳатлик билан қарши олаётганининг яққол далолатидир.

Азиз ҳамюртлар!

Куни кеча Ўзбекистон Президенти камбағалликни қисқартириш масаласини яна бир бор ўта жиддий тарзда кун тартибига олиб чиқди. Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатининг энг муҳим масаласи бўлиб қолиши белгиланди.

Бу тарихий қарордир!

Бундан буён аҳоли даромадларини оширишдек эзгу мақсад давлат ҳокимияти органлари масъулларининг энг муҳим вазифаларидан бири сифатида белгиланди.

Биз бугун Янги Ўзбекистон халқига мурожаат қилар эканмиз, шундай саволларни ўртага қўймоқчимиз:

Камбағаллик нима? У қандай пайдо бўлади ва унинг сабаблари нимада? Камбағалликни қандай қилиб енга оламиз? 

Камбағаллик фақат қонунлар ва фармонлар чиқариш билан эмас, балки жамиятнинг умуммиллий сафарбарлиги, бирлиги, шундай истак ва интилиш билан яшаши ҳисобига камаяди.

Бундай фалсафий саволдан мақсад шуки, биз токи одамларнинг дунёқараши, ҳаётга муносабатини тўғри шакллантира олмас эканмиз, демак, аждодларимизга хос бўлмаган боқимандалик, ўзибўларчилик каби иллатлар бизни узоқ йиллар камбағалликда ушлаб тураверади.

Ўтган йиллар давомида камбағалликни қисқартиришга тўсиқ бўлаётган муаммолар ҳам чуқур таҳлил қилинди. Булар орасида барчамизнинг кўз ўнгимизда кенг оммалашаётган, халқимизнинг азалий урф-одатларига ёт бўлган дабдабабозлик, исрофгарчиликлар, кимўзарга тўй-маъракалар ўтказиш, ҳашаматли иморатлар солиш кабиларни келтириб ўтиш мумкин.

Мамлакатимиз аҳолисининг жадал суръатларда кўпаяётгани қанчалар қувонарли бўлса, навқирон авлодни ўқитиш, фарзандларни билимли, ҳаётга тайёр қилиб вояга етказишдек улкан вазифалар ҳам олдимизда кўндаланг турибдики, миллатнинг эртасини ўйлайдиган халқ бу масалаларни чуқур мулоҳаза, ўзаро елкадошлик ва ҳамжиҳатлик билангина ҳал қила олишини барчамиз теран англайдиган вақт келди. 

Шундай экан, муҳтарам Президентимиз раислигида камбағалликни қисқартириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида илгари сурилган ҳар бир масала ортида инсон тақдири, унинг эртанги куни, оила фаровонлиги ва пировард оқибатда юрт тинчлиги, ҳалоллик, адолат устуворлиги ва жиноятчиликнинг камайиши тургани айни ҳақиқатдир. 

Шундай экан, жамиятда ҳеч бир киши бу ишда бефарқ қараб туришга ҳақли эмас, деб ўйлаймиз! Ҳар бир маҳалла фаоли, мактаблар ва олий таълим соҳаси мутасаддилари ўз фаолиятини адолат нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқишлари зарур, деб ҳисоблаймиз.

Биз барча юртдошларимиз – тадбиркорлар, зиёлилар, касаба уюшмалари фаоллари ва нуронийлар, олимлар, ўқитувчи ва устозларни, ижодкор зиёлиларни ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ҳар томонлама – нафақат моддий, балки маънавий, руҳий елкадош бўлишга чақирамиз.

Биз бу йўлда тадбиркорлар, ишбилармонларнинг ҳар бир қўшган ҳиссасига давлатнинг алоҳида эътибори, имтиёзлари тизими шакллантирилганини, камбағалликда яшаётганларга берилган ҳар қайси кўмакнинг ҳисобда эканини алоҳида таъкидлаган ҳолда, аслида ҳар бир инсон ўз ҳамюртининг биродари ва дўсти, опаси ва акасидек яқин бўлишини англашнинг айни фурсати келганини таъкидлашни истар эдик.

Камбағаллик кулфатдир, у бир одамнинг эмас, жамиятнинг, халқнинг камчилиги, хатоси, эътиборсизлиги, лоқайдлиги ҳосиласидир ва унга қарши кураш барчамизнинг бурчимиз, деган қарашни ҳар бир инсон қалбига сингдиришни мақсад қилиб олишимиз зарур.

Чунки камбағалликда яшаш инсонни ҳаётдан совитади, унинг эртанги кунга умидини сўндиради, уни бефарқ ва мақсадсиз одамга айлантиради.

Бинобарин, бу муаммони бартараф этиш жамиятнинг барча аъзосига дахлдор масаладир.

Азиз юртдошлар!

Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишлар кўлами ва натижалар қанчалик залворли бўлмасин, Давлатимиз раҳбари бу борада бутун халқимизга чақириқ билан чиқмоқда.

Президентимиз камбағалликни қисқартиришни умуммиллий ҳаракатга айлантириш ташаббусини илгари сурмоқда. 

Бу масала бўйича махсус “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ишлаб чиқилмоқда.

Халқимиз сайлаган ҳар бир депутат, ҳукумат аъзоси, жойлардаги ҳокимдан тортиб, то маҳалла еттилигига қадар бўлган масъуллар билиб олсинки, Давлатимиз раҳбари томонидан уларнинг фаолияти фақат ва фақат аҳолига яратаётган шароитлар, жойлардаги оддий халқнинг фаровонлиги билан баҳоланади.

Қадрли ватандошлар!

Биз шу азиз юртни чин қалбдан севадиган ҳар бир инсонни шу муқаддас ғоя, олижаноб ташаббус атрофида бирлашишга чақирамиз.

Жамиятимизда йиллар давомида чуқур илдиз олган камбағаллик “касаллиги”ни даволашда, келгуси бир йилда камбағаллик даражасини сезиларли равишда туширишда барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, Давлатимиз раҳбари атрофида бирлашайлик!

Энг аввало, камбағалликка тушиб қолган ҳар бир инсонга муносабатимизни ўзгартирайлик! Бундай инсонларни бегона эмас, ўз биродаримиз, фарзандимиз қатори ардоқлайлик, уларга шу муқаддас Ватанга бўлган муҳаббат ҳиссини тарғиб қилайлик, имконимиз борича уларни муносиб яшаш учун рағбатлантирайлик, уларга ҳар жиҳатдан ёрдамлашайлик!

Жамиятимизда камбағалликни кескин камайтириш бўйича муҳтарам Президентимизнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, биз – касаба уюшмалари фаоллари ва республика нуронийлари қуйидаги вазифаларни амалга оширишни белгилаб олмоқдамиз:

биринчидан, маҳалла еттилиги билан ҳамкорликда хонадонбай юриб, оила аъзоларининг биронтаси даромадли иш билан банд бўлмаган ёки оила боқувчиси ягона бўлгани сабабли оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган оилаларнинг рўйхатини тузиш;

иккинчидан, ҳар бир туман ва шаҳарда 10 тадан эҳтиёжманд оилани камбағалликдан чиқариш бўйича комплекс чораларни амалга ошириш, хусусан, уларнинг соғлиғини тиклаш ва ўқитишдан тортиб, доимий даромадга эга бўлишига қадар кўмаклашиб бориш;

учинчидан, кам таъминланган аҳолини кооперацияларга жалб қилиш, тадбиркорликка ва касбга ўргатиш, иш ўрни яратувчи тадбиркорлар билан ҳамкорлик ўрнатиш орқали ҳар йили 5 мингта янги иш ўрни яратиш;

тўртинчидан, меҳнат қилиб даромадли бўлиш истагини билдирган ёшларни касбга ўргатиш, камида 5 миллион сўм даромад қиладиган иш билан банд қилиш чораларини кўриш;

бешинчидан, ишлашга иштиёқи бўлган, имконияти чекланган аҳоли вакилларининг 5 минг нафарига ногиронлик аравачаси ва бошқа реабилитация воситалари бериб, касалликларини даволашга кўмаклашиш, уларни даромадли касбларга ўргатиш ва камбағалликдан чиқариш;

олтинчидан, бир йилда 5 минг нафар ногиронлиги бўлган болани реабилитация марказларида даволашда кўмаклашиш;

еттинчидан, эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли йигит ва қизлари мамлакатимиз ва хорижий университетларга грант қўлга киритиши учун ёрдам бериш, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясида ҳар йили 100 нафар эҳтиёжманд фуқаронинг фарзандини ўқитиб, уларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш;

саккизинчидан, кам таъминланган оилаларнинг 4 минг нафар фарзандини болалар оромгоҳларида бепул соғломлаштириш;

тўққизинчидан, кам таъминланган оилаларнинг 100 нафар фарзандини сув спорти мажмуаларида бепул соғломлаштириш;

ўнинчидан, 1 минг нафар эҳтиёжманд фуқаро ва 1,5 минг нафар ёлғиз нуронийни тизимдаги санаторийларда бепул соғломлаштириш;

ўн биринчидан, 10,5 минг нафар нуронийнинг саломатлигини тиклаш учун спорт комплексларига абонемент харажатларини қоплаб бериш;

ўн иккинчидан, ҳар йили Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фронти фахрийлари, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалардан
37 минг нафарининг ҳолидан хабар олиш, уй-жой шароитларини яхшилаш;

ўн учинчидан, нуроний ва эҳтиёжманд 200 минг нафар фуқарони юртимизнинг сўлим гўшаларида дам олишларини ташкиллаштириб, шу ерда уларга тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш бўйича мотивацион семинарлар ташкиллаштириш.

Ҳурматли ватандошлар!

Бу эзгу йўлда қайси касбу кор эгаси, қайси миллат ва элат фарзанди бўлмасин, ҳеч ким четда қолмаслиги керак!

Шу мақсадда барчамиз бирлашиб, юртимизни обод ва фаровон мамлакатга айлантирайлик!

Зеро, “Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!”

 

UzA

МАҚОЛА