Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Январ, 2025   |   8 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:35
Аср
15:30
Шом
17:14
Хуфтон
18:33
Bismillah
08 Январ, 2025, 8 Ражаб, 1446

Рамазонга тайёрмисиз: Қалбингизни тозалаб олинг!

13.04.2020   2288   7 min.
Рамазонга тайёрмисиз: Қалбингизни тозалаб олинг!

Қалбларимизни қувончга тўлдирувчи Рамазонга ҳам саноқли кунлар қолди. Биз эса ўзимизни ислоҳ қилиб тайёргарлик кўришни давом эттирамиз!

Динимизда қалб инсонийликнинг асоси ва иймоннинг маскани ҳисобланади. Банда нияти ва қилаётган амаллари орқали қалбига нур кириши ёки зулматга чўмишига сабаб бўлади.

Уламолар айтадики, гуноҳни кўпайтириб, маъсиятда бардавом бўлиш, фарз амалларни Аллоҳ айтгандек бажармаслик,  ҳаром амалларни хотиржам бажариш орқали қалб қораяди ва қотиб бошлайди.

“Агар мўминнинг қалби пок ва тоза бўлмаса унинг қилган ибодату амалларидан дунё ва охирати учун наф йўқ” дейишган уламолар.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам қалбнинг қорайиш сабабларини зикр қилиб, қуйидаги ҳадисларини марҳамат қилганлар:

“Агар мўмин киши бир гуноҳ қилса, унинг қалбида бир қора доғ пайдо бўлади. Агар у тавба қилиб, гуноҳдан қайтиб, истиғфор айтса, у йўқолади. Аммо гуноҳни зиёда қилса, у қора доғ ҳам кўпаяди ва натижада бутун қалбини ўраб олади” (Имом Термизий ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, мусулмон киши гуноҳ қилиши билан қалбнинг қорайишини ва унинг касаллигини зиёда қилади. Қалбнинг касалланиши бу – бир банданинг Аллоҳ таолога бўлган итоатидаги сусткашлик ва бандадан талаб қилинадиган солиҳ амалларга бўлган бепарволикни келтириб чиқариши демакдир. Зеро, бандаларнинг амаллари яхши ёки ёмон бўлиши унинг қалбидаги сакина, қаноат, сабр ва иффатига қаралади. Аммо ёмон амаллар бажаришида эса унинг бесабрлиги, гуноҳларга енгил қараши, дунёга ҳаддан ошиқ муҳаббат қўйиши, орзу-ҳавасларининг кўплигидан келиб чиқиб баҳоланади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бутун вужудга ўз таъсирини ўтказувчи қалбга эътибор қаратганлар.

“Огоҳ бўлингларки, танада бир парча гўшт бор. Агар у тузалса, бутун тана тузалади. Агар у бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлингларки, у қалбдир”, деганларини эшитганман” (Имом Бухорий ривояти).

Шу ўринда бугун қалбларимизни ўртаб ҳаловатмизни йўқолишига сабаб бўлаётган яна бир омил борки бу – мусулмоннинг мусулмонга нисбатан кўнглида ғазаб, ҳасад, хусумат қилиши, қаҳр ва зулм ниятида юришидир. Айнан мана шу салбий туйғулар бандани Аллоҳнинг нури ва розилигидан мосуво этади.

Зеро, Аллоҳ таоло Ўз каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир. Бас, сизлар икки оға-инингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Аллоҳдан қўрқинглар, шояд У зот томонидан бўладиган раҳматга эришсангизлар” (Ҳужурот сураси 10 оят).

Мазкур оятда Аллоҳ таоло мўминларни шак-шубҳасиз бир-бирларига оға-ини эканлигини таъкидламоқда. Шундай экан нега бугун мусулмонлар орасида хусумат ва ҳасад, уруш-жанжаллар авж олиб кетди? Демак, муборак ой олдидан қалбимиздаги биродарларимизга нисбатан бўлган хусуматларнинг барчасини ювиб тозалаб, кўнглимиздан улоқтириб ташлашимиз лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида:

“Бир­–бирингиздан нафратланмангиз, бир-бирингизга ҳасад қилмангиз, бир-бирингизга орқангизни ўгирмангиз, бир-бирингиз билан алоқаларни узмангиз! Эй, Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлингиз!” (Имом Бухорий, Адабул Муфрад).

Яна бир ҳадисда: “Мўъмин мўъминга нисбатан бир-бирини тутиб турган бинога ўхшайди” – дедилар ва бармоқларини бир-бириги кириштирдилар. (Имом Бухорий, Адабул Муфрад)

Бу борада Саҳобалар барча умматга намунадир:

  • Улар қалбларининг тозалиги ва юракларининг поклигида умматнинг пешқадами бўлганлар.
  • Улар бу борада етук насиба соҳиби эдилар.
  • Улар бир-бирларига раҳмдил, меҳрибон, бир-бирларини Аллоҳ таоло айтганидек севган ва бир сафда бўлган эдилар.

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўтирган эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳозир ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган бир одам кириб келади”– дедилар. Ногаҳон, соқолларидан таҳорат сувлари томчилаб турган ва чап қўлида ковушларини кўтарган ансорлардан бири кириб келди. Эртаси куни ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биринчи гапларини қайтардилар. Яна ўша одам кириб келди. Учинчи куни ҳам ўша ҳолат такрорланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб кетганларида, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳу ўша одамга эргашди ва (унга): Мен отам билан тортишиб қолдим ва унинг олдига уч кун кирмасликка қасам ичдим. Агар рухсат берсангиз сизникида уч кеча тунаб қолсам? – деди. У одам: Майли, деди”.

Ҳадиснинг ровийси Анас разияллоҳу анҳу айтди: Бизга Абдуллоҳ (ибн Амр ибн Ос) шундай деди: “Мен унинг уйида уч кечани ўтказдим. У таҳажжудга уйғонмас, фақатгина, бир тарафдан иккинчи тарафга бурилса Аллоҳни зикр қилар ва шу билан бомдод намозига турар эди. Мен ундан ҳеч ёмон гап айтганини ҳам эшитмадим. Уч кеча ўтгач унинг ишларини камситишимга оз қолди ва унга шундай дедим: Ҳой, Аллоҳнинг бандаси! Аслида, мен билан отам ўртасида бирон можаро бўлмаган эди. Фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сиз учун уч марта: “Хозир хузурингизга жаннат аҳлидан бўлган бир одам кириб келади”– дедилар. Уччала сафарда ҳам сиз кириб келдингиз. Мен эса сизнинг қандай амалингиз борлигини билиш ва ундан ўрнак олиш учун сизникида қолдим. Кўрдимки, сиз кўп амал қилмас экансиз. (Айтингчи), сизни бу мақомга нима етказди?,– дедим. У одам: Мен сен кўрган амаллардан бошқа иш қилмайман, деб жавоб берди. Мен орқамга бурилиб кета бошлаганимда чақириб: Мен сен кўрган амаллардан бошқа ишларни қилмайман. Бироқ, юрагимда бирон кишига хиёнат қилишни тугмайман ва бировга Аллоҳ таоло унга берган яхшиликлар учун ҳасад ҳам қилмайман»,– деди. Мен: “Мана шу нарса сизни (у мақомга) етказибди! Бизнинг эса унга кучимиз етмайди!”– дедим”.   (Имом Аҳмад).

Қалб тозалигининг фазилати, унинг жаннатга киришига сабаб бўлар экан.

Қалбларимизни тозалаш учун эса уламолар қуйидагича тавсияларни айтиб ўтишган:

  1. Кўп зикр қилиш
  2. истиғфор айтишда бардавом бўлиш
  3. ибодатларни бажаришда жидду жаҳд қилиш
  4. гуноҳ-маъсиятлардан тийилиш
  5. ёлғиз қолганда тафаккурни кўпайтириш (айниқса ҳозиги карантин вақтида)
  6. яхшиликларни кўпайтириш
  7. ота-онани хизматларини қилиб, дуоларини олиш
  8. оиладаги ака-ука, опа-сингил, эру хотин ўзаро яхшилик билан яшаш
  9. жамиятдаги муҳтожларга ёрдам бериш
  10. етимларнинг бошини силаш
  11. қиёматни кўп эслаш
  12. ўлимни эсдан чиқармаслик.

“Ахир, кўксини Аллоҳ Ислом учун (кенг) очиб қўйган, ўзи эса, Парвардигори (томони)дан нур (ҳидоят) узра турган киши (бошқалар билан баробар бўлурми)?! Бас, диллари Аллоҳни эслашдан қотиб қолган кимсалар ҳолига вой! Улар аниқ залолатдадирлар” (Зумар сураси, 22-оят).

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар

Қалбнинг зангини кетказувчи амал

8.01.2025   1099   3 min.
Қалбнинг зангини кетказувчи амал

Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.

Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.

Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.

Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.

Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.

Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.

Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.

Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.

Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.