Истиғфор айтиш ҳам Аллоҳ таолони зикр қилиш бўлиб, у билан банда Аллоҳ таолодан гуноҳини кечиришини сўрайди. Унинг энг қисқа кўриниш шакли ,“Астағфируллоҳ” бўлиб, маъноси: “Аллоҳдан (гуноҳларимни) кечиришини сўрайман!” деганидир. Лекин истиғфорни фақат инсон гуноҳ қилганида ёки гуноҳкоргина айтмайди, балки истиғфорни ҳамма доимо айтиб юришни ўзига одат қилиши керак. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам доимо истиғфорни айтиб юрган эканлар. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга қасамки, мен бир кунда Аллоҳга етмиш мартадан кўп истиғфор айтиб, Унга тавба қиламан”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Истиғфор, инсон гуноҳини кечиришини Аллоҳ таолодан сўрашидан ташқари, унинг бошига келиши мумкин бўлган балодан ҳам сақланиши, ғам ва ташвиш ва турли синовлардан қутилиши, ризқи мўл бўлиши, дуолари ижобат бўлиши каби кўплаб манфаатларга ҳам сабаб бўлади.
Бир куни Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳининг ёнларига бир киши қурғоқчиликдан шикоят қилиб келди. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Истиғфор айтинглар”, деб маслаҳат бердилар. Бироздан сўнг бошқа бир киши камбағалликдан, яна бири фарзандсизликдан, бошқалар ғам - ташвишларидан шикоят қилишди. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи уларнинг ҳаммасига “истиғфор айтинглар” дея бир хил маслаҳат бердилар. Шунда суҳбатдошларидан Рабиъ ибн Субайҳ Ҳасан Басрийга: “Эй имом, ҳар хил тоифадаги кишилар сизга турли нарсалардан шикоят қилишди. Сиз бўлсангиз ҳаммаларига бир хил жавоб бердингиз, бунинг боиси нима?” деди. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи бу саволга жавобан, “Мен ўзимча бирор нарса демадим. Аллоҳ таоло ўзининг каломида: «Бас, Роббингизга истиғфор айтинг, – албатта, У кўп мағфират қилувчидир – осмондан устингизга кетма-кет барака ёмғирини юборадир. Ва сизга молу мулк ҳамда бола - чақа ила мадад берадир ва сизларга боғ-роғлар ҳамда анҳорлар беради» (Нуҳ сураси, 11,12 -оятлар) деб марҳамат қилган”, дедилар.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом истиғфорни кўп айтишнинг фойдалари ҳақида бундай деганлар: “Кимда-ким кўп истиғфор айтса, Аллоҳ ўша (банда) учун ҳар қандай ғам-ташвишдан қутулиш, тангликдан чиқиш йўлини (пайдо) қилади, уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантиради” (Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан Имом Абу Довуд, Имом Аҳмад, Имом Табароний, Имом Ҳоким ривоят қилган).
Инсон ҳаёти давомида турли синов ва имтиҳонларга дуч келиши мумкин. Бугун дунё халқини ожиз қолдираётган коронавирус синови ҳам инсон бошидаги жиддий имтиҳондир. Ҳар биримиз бу синовлар қаршисида ўзимиздан ўтган камчилик ва хатоларимиз, айб- нуқсонларимизга тавба қилиб, истиғфорлар айтишимиз керак. Инсон бошига синовлар бежизга келмайди. Айни кунларда бу синовлар сабабли уйда қолаётган юртдошларимиз томонидан чин ихлос ва муҳаббат билан дуолар қилиниб, минглаб истиғфорлар айтилмоқда. Чин ихлос билан халқимиз томонидан қилинаётган бу ишлар ўз самарасини бермай қолмайди. Демак, истиғфор Аллоҳ таолонинг инсонларга берган катта марҳаматдир.
Ким гуноҳи кечирилишини истаса истиғфор айтсин . Ким балолар даф бўлиши , ишларига ривож топиши , Аллоҳнинг раҳмати ва баракотлари нозил бўлишини истаса истиғфор айтсин. Ким ҳаёти гўзал бўлиши , мақсадлари ҳосил бўлишини истаса истиғфор айтсин.
Астағфируллоҳ ва атубу илайҳ...
Сизчи? Сиз бугун истиғфор айтдингизми?
Зиёуддин МИРСОДИҚОВ,
Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги
“Бўта бува” жоме масжиди имом хатиби.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
"Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир".
Инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Шунинг учун ҳам инсонга фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларигина тўғри келиши мумкин. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсоннинг заиф ҳолда яратилганини таъкидламоқда. Яратувчининг Ўзи «заиф яратилган», деб турганидан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда У Зот оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, У Зот енгилликни хоҳлайди.
Ислом шариати, умуман, енгиллик устига бино қилингандир. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Ҳаммаси ўз ўрнида баён қилинади. «Нисо» сурасининг бошидан муолажа қилиб келинаётган масалалар, хусусан, эркак ва аёл, оила, никоҳ масаласига келсак, ушбу оятда бу масалаларда ҳам Аллоҳ Ўз бандаларига енгилликни исташи таъкидланмоқда. Зоҳирий қаралганда, диний кўрсатмаларни бажариш қийин, шаҳватга эргашганларнинг йўлларида юриш осонга ўхшайди. Исломда ҳамма нарса ман қилинган-у, фақат биргина йўлга рухсат берилганга ўхшайди. «Номаҳрамга қарама», «У билан ёлғиз қолма», «Уйланмоқчи бўлсанг, олдин аҳлининг розилигини ол», «Маҳр бер», «Гувоҳ келтир» ва ҳоказо. Ҳаммаси қайдлаш ва қийинчиликдан иборат бўлиб туюлади. Шаҳватга эргашганлар эса «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади», дейишади. Бу эса содда ва осон кўринади. Ҳақиқатда эса ундай эмас. Натижага қараганимизда бу нарса яққол кўзга ташланади. Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар инқирозга учраган. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.
Бизнинг асримизга келиб, Ғарбда, ўзларининг таъбири билан айтганда, жинсий инқилоб бўлди. Жинс борасида олимлар етишиб чиқдилар. Улар «Жинсий ҳуррият бўлмагунча, инсон тўлиқ ҳур бўла олмайди. Агар жинсий майллар жиловланса, инсонда руҳий тугун пайдо бўлиб, унда қўрқоқлик ва бошқа салбий сифатлар келиб чиқишига сабаб бўлади», каби ғояларни тарқатишди. Оқибатда жинсий инқилоб авжига чиқди.
Натижасини – ҳар хил бало-офатлар буҳронини ҳозир ўзлари кўриб-татиб туришибди. Ахлоқий бузуқлик, оиланинг ва жамиятнинг парчаланиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолишидан ташқари, сон-саноғига етиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлди. Жинсий инқилоб оқибатида тараққий этган ғарб давлатларининг туб аҳолиси даҳшатли суръатда камайиб бормоқда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таносил касалликлари келиб чиқди, ҳар йили сон-саноқсиз одамлар шу касалликлардан ўлмоқда. Насл бузилиб, одамлари заифҳол ва касалманд бўлиб бормоқда. Турли ақлий ва руҳий касалликлар урчиди. Охири келиб, касалликларга қарши инсондаги табиий монеликнинг йўқолиши (ОИТС) касаллиги пайдо бўлди. Бу касаллик ҳақли равишда, XX аср вабоси деб номланди. Унинг давоси йўқ. Бу дардга чалинишнинг сабаби зинодир. У билан касалланган одам тез муддатда ўлади. Ҳамма даҳшатда. Бу дардга чалинмасликнинг йўллари ахтарилмоқда, бу йўлда беҳисоб маблағлар сарфланмоқда, мазкур вабога чалинмасликнинг турли чоралари таклиф этилмоқда. Қонунлар чиқарилмоқда, идоралар очилмоқда.
Лекин шаҳватга эргашганлари сабабли улар энг осон, энг ишончли битта йўл – Аллоҳнинг йўлига қайтишни хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Ақалли ушбу дарднинг бевосита сабабчиси бўлмиш зинони ман этувчи қонун чиқаришни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Чунки шаҳватга эргашганлар шаҳватга қарши чиқа олмайдилар. Уларнинг ўзлари шаҳватга банда бўлганлари учун унга эргашганлар. Ўзларини зоҳирий енгил кўринган ишга уриб, энди оғирликдан бошлари чиқмай юрибди. Зоҳирий оғир кўринган бўлса ҳам, Аллоҳ кўрсатган йўлга юрган бандалар бошида мазкур оғирлик ва машаққатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Улар мутлақ енгилликда, фаровон турмуш кечирмоқдалар.
"Тафсири Ҳилол" китобидан