Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446

Қуръон илмлари: ҚУРЪОНИ КАРИМНИНГ РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ДАВРЛАРИДА ҚАЛБЛАРДА ВА САҲИФАЛАРДА ЖАМЛАНИШИ

10.04.2020   3763   25 min.
Қуръон илмлари: ҚУРЪОНИ КАРИМНИНГ РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ДАВРЛАРИДА  ҚАЛБЛАРДА ВА САҲИФАЛАРДА ЖАМЛАНИШИ

 

ҚУРЪОНИ КАРИМНИНГ ЖАМЛАНИШИ

Улуми Қуръон ва унга боғлиқ мавзуларда «Қуръони Каримнинг жамланиши» деганда икки маъно ифода қилинади.

Биринчи маъно – Қуръони Каримнинг ёд олиниши – қалбларда жамланиши.

Шунинг учун ҳам араб тилида Қуръон ҳофизлари – ёдловчилари деган бирикма ўрнига «Жуммаъул-Қуръан» – «Қуръонни жамловчилар» деган бирикма ҳам ишлатилади. Бу маъно баъзи ривоятларда ҳам келган.

Умму Варақа бинт Абдуллоҳ ибн Ҳорисдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни зиёрат қилар ва «шаҳида» деб атар эдилар. У Қуръонни жамлаган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр ғазотига чиққанларида: «Менга изн берасизми, сиз билан чиқиб, ярадорларингизга қарасам, беморларингизни даволасам, ажаб эмас, Аллоҳ таоло менга шаҳидликни ҳадя қилса», деди. «Албатта, Аллоҳ таоло сенга шаҳидликни ҳадя қилувчидир», дедилар».

Байҳақий ривоят қилган.

Ушбу ривоятдаги «Қуръонни жамлаган эди» деган жумла «Қуръонни тўлиқ ёд олган эди», деганидир.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Қуръонни жамладим ва уни ҳар кеча ўқидим. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етди ва у зот:

«Мен замон чўзилиб, малол олишингдан қурқаман, уни бир ойда ўқигин», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули! Мени тек қўйинг, қувватим ва ёшлигимдан баҳра олиб қолай», дедим.

«Уни йигирма кунда ўқи», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули! Мени тек қўйинг, қувватим ва ёшлигимдан баҳра олиб қолай», дедим.

«Уни ўн кунда ўқи», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули! Мени тек қўйинг, қувватим ва ёшлигимдан баҳра олиб қолай», дедим.

«Уни етти кунда ўқи», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули! Мени тек қўйинг, қувватим ва ёшлигимдан баҳра олиб қолай», дедим. У зот кўнмадилар».

Аҳмад ривоят қилган.

Бу ривоятда Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу Қуръони Каримни тўлиқ ёд олганлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига етти кундан озда хатм қилишга рухсат бермаганлари ҳақида хабар бермоқдалар.

«Қуръони Каримни жамлаш» деганда ёдлаш маъноси назарда тутилиши Қиёмат сурасининг қуйидаги оятларида ҳам ўз ифодасини топган.

لَا تُحَرِّكۡ بِهِۦ لِسَانَكَ لِتَعۡجَلَ بِهِۦٓ١٦

«Шошилиб, у билан тилингни қимирлатма» (16-оят).

Яъни «Биз Қуръонни сенга етказаётганимизда, унутиб қўймайин деб, қўшилиб ўқиб турма».

إِنَّ عَلَيۡنَا جَمۡعَهُۥ وَقُرۡءَانَهُۥ١٧

«Албатта, у(Қуръон)ни жамлаш ва ўқиб бериш Бизнинг зиммамизда» (17-оят).

Яъни «Ёдлатиш ва ўқиб бериш».

Иккинчи маъно – Қуръони Каримнинг ёзувда жамланиши.

Қуръони Каримнинг жамланишининг иккинчи маъноси – унинг барча оят ва сураларининг тарқоқ ҳолда ёзилиши ёки фақат оятларнинг тартибли ҳолда ва ҳар бир суранинг алоҳида саҳифага ёзилиши ёхуд оятлар ва сураларнинг тартибли ҳол­да барча сураларни ўз ичига олган саҳифаларга ёзилишидир.

Аввал ҳам «китоб» сўзининг луғатдаги маъноси ҳарфларнинг бир-бирига қўшилиб, жамланишидан олинганини айтиб ўтган эдик. Демак, «китобат», яъни «ёзиш»нинг ўзида жамлаш маъноси бор. Қуръони Каримнинг ёзувини жамлаш эса турли нарсаларга ёзилган оятларни тартибга солиб, саҳифаларда жамлашни ифода қилади.

Аллоҳ таоло Ўзининг охирги ва мўъжиз, яъни ожиз қолдирувчи Китоби – Қуръони Каримнинг бандалари қалбларида ёддан жам бўлишини ҳам, саҳифаларда жамланишини ҳам ирода қилган ва юзага чиқарган.

Навбатдаги бобда ушбу мавзуни тарихи ва босқичлари билан ўрганиб чиқишга ҳаракат қиламиз.

 

ҚУРЪОНИ КАРИМНИНГ РАСУЛУЛЛОҲ

СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ДАВРЛАРИДА

ҚАЛБЛАРДА ЖАМЛАНИШИ

«Қуръони Каримни жамлаш» иборасини уни ёдлаш ва қалбнинг лавҳига ўрнашиши маъносида тушунадиган бўлсак, дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бу шарафни ҳаммадан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳофизларнинг саййиди, қалбларида Қуръон жамланганларнинг аввали эдилар. Ушбу шарафга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги танланган саҳобалардан ҳам бир нечалари муяссар бўлганлар.

Маълумки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқиш-ёзишни ўрганмаганлар. Шунинг учун ҳам у зот Қуръон оятларини Жаброил алайҳиссаломдан эшитиб, ёдлаб олар эдилар. Сўнгра саҳобаи киромларга ўзларига қандай нозил бўлган бўлса, ўшандай қилиб ёддан ўқиб берар, улар эса ушбу ояти карималарни дарҳол ёдлаб олар эдилар. Ўша пайтда Қуръони Каримни нақл қилиш асосан ёдлаш орқали бўлар эди.

Қуръони Каримни қабул килиб олиш ва уни муҳофаза этишдаги энг асосий омил уни ёдлаш эди. Бунинг ўзига хос сабаблари ва ҳикматлари бор эди.

  • Аллоҳ таоло Ўзигагина маълум бўлган ҳикматга биноан Қуръони Каримнинг ёзма эмас, ёдлаш орқали нозил бўлишини ва тарқалишини ирода қилди. Жаброил алайҳиссалом Қуръони Каримни Расулуллоҳ соллаллоҳу алай­ҳи васалламга оғзаки тарзда олиб тушдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нозил бўлган оятларни ўзлари ёдлаб олиб, умматларига ҳам етказиб, ёдлатдилар.
  1. Қуръони Карим нозил бўлган макон одамларининг ўқиш-ёзишни билмасликлари. Уларнинг Қуръони Каримни ёдлашдан бошқа имконлари йўк эди.
  • Қуръони Карим тушган табиий муҳитнинг кишилардаги ёдлаш қобилиятининг кучли бўлишига таъсири борлиги.
  • Қуръони Карим тушган муҳит одамларининг – саҳобаларнинг маишатпарастликдан узоқ бўлганлиги, оз нарсага қаноат қилишлари ва хаёлни машғул қилувчи турли нарсалардан узоқда бўлганликлари.

Ушбу ва бошқа бир қанча омиллар сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида саҳобалардан кўплари Қуръони Каримни тўлиқ ёд олдилар. Бу ҳақда ҳадисларда баъзи маълумотлар ҳам келган.

Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Анас ибн Моликдан: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Қуръонни ким жам қилган? деб сўрадим. «Тўрт киши, ҳаммалари ансорлардан: Убай ибн Каъб, Муъоз ибн Жабал, Зайд ибн Собит ва Абу Зайд», деди».

Имом Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Қуръони Каримга нисбатан айтилган «жам қилиш» ибораси, аввал ҳам таъкидланганидек, Каломуллоҳни тўлиқ ёд олиш ва ёзиш маъноларини англатади.

Қатода розияллоҳу анҳудан қилинаётган ривоятдаги Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг гапларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Қуръони Каримни фақат тўрт киши жам қилганлиги, уларнинг ҳаммалари ансорлардан, яъни Убай ибн Каъб, Муъоз ибн Жабал, Зайд ибн Собит ва Абу Зайд розияллоҳу анҳум бўлганлиги тушунилади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот қилганларида, Қуръонни тўрт кишидан бошқаси жам қилмаган эди. Абу Дардо, Муъоз ибн Жабал, Зайд ибн Собит ва Абу Зайд. Биз ундан (Абу Зайддан) мерос қилиб олганмиз».

Бухорий ривоят қилган.

Сиртдан қараганда, бу ривоят ҳам олдингисини таъкидлаб келаётганга ўхшайди. Аммо диққат билан назар солсак, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу иккала ривоятда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръони Каримни тўрт киши жам қилганини айтган бўлсаларда, уларнинг исмларига келганда, беш киши, яъни Убай ибн Каъб, Муъоз ибн Жабал, Зайд ибн Собит, Абу Дардо ва Абу Зайд розияллоҳу анҳум бўлиб чиқади. Уч киши – Зайд ибн Собит, Муъоз ибн Жабал ва Абу Зайд розияллоҳу анҳумнинг исмлари иккала ривоятда ҳам бор. Убай ибн Каъб ва Абу Дардо розияллоҳу анҳумонинг исмлари эса биттадан ривоятда келган.

Ана шу ҳақиқатдан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ўз гапларида ададни эмас, бошқа маъноларни кўзлаганлари келиб чиқади.

Ўша маънолардан бири, мазкур кишилар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг назарларида Набий соллаллоҳу алай­ҳи васалламдан Қуръони Каримни энг яхши қабул қилиб олган одамлар эканидир. Ҳар бир халқда бирор нарсани қаттиқ таъкидлаш маъносида шунга ўхшаш иборалар ишлатилиши оддий ҳақиқатдир. Бизда ҳам бирор олимдан кўпрок нарсани ўрганган кишининг таърифида «Фалоний устознинг илмини Фалончи олиб қолган-да», дейилади. Бу эса ўша Фалончидан бошқа одам мазкур устозда ўқимаган, дегани эмас.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг мазкур гаплари алоҳида бир мақом учун айтилган бўлиши мумкин. Бу гапни имом Табаронийнинг ривоятлари тасдиқлайди:

«Икки қабила – Авс ва Хазраж фахр талашиб қолишди. Авс қабиласи аъзолари: «Биздан тўрт киши: сабабидан Роҳманнинг Арши ларзага келган шахс – Саъд ибн Муъоз, гувоҳлиги икки кишининг гувоҳлигига тенглаштирилган шахс – Хузайма ибн Собит, малоикалар ювган шахс – Ҳанзала ибн Абу Омир ҳамда арилар ҳимоя қилган шахс – Осим ибн Собит бор», дейишди. Шунда Хазраж қабиласи:

«Биздан Қуръонни жам қилган тўрт киши бор», дейиш­ди ва мазкур тўрт кишининг исмларини айтишди».

Агар имом Бухорийнинг саҳиҳ тўпламларидаги ривоятларнинг зоҳирини оладиган бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги ҳофизлар адади еттитадан ошмайди. Ана ўша еттиликнинг барчаси ҳам саҳиҳ тўпламдаги битта ривоятнинг ўзида кетма-кет келмаган. Лекин учта ривоятдаги такрор келган исмларни чиқариб ташласак, ушбу еттита ҳофиз жам бўлади.

Шунинг учун бўлса керак, шарқшунос Режис Блашер[1] бу ҳақда ўзича ҳукм қилиб: «Набавий ҳадисларда Қуръонни биладиган ҳофизлар фақатгина еттита бўлган», дейди.

Жаноб Блашернинг бу «илмий» кашфиёти унга ўхшаган Қуръони Карим душманларининг кўплаб «илмий» кашфиётлари силсиласининг бир ҳалкаси, холос. Ул жаноблар узларининг бу каби «илмий» баҳслари ва хулосалари билан Қурьони Карим ҳақида кўплаб шубҳалар заҳрини тарқатадилар. Мутахассис бўлмаган кишиларни шак ва шубҳага соладилар.

Бу ҳақиқатни англаб етишимиз учун яна жаноб Блашернинг гапига мурожаат қилайлик. «Набавий ҳадисларда Қуръонни биладиган ҳофизлар фақатгина еттита бўлган», дейди у. Аммо юқорида, «Қуръонининг жамланиши» бобида келтирилган икки ҳадисда номлари зикр этилган Умму Варақа ва Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳумога ўхшаш ҳофизлар борлигини, Қуръони Каримни жамлаганлар сон-саноқсиз эканини «эсидан чиқариб» қўяди.

Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаб олган кишиларнинг сони беҳисоб экани улкан ҳақиқатдир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик вақтларида Қуръони Каримни тўлик ёд билганлар қаторида тўрт халифани, катта саҳобаларни, баъзи оналаримизни ва бошқа жуда кўп шахсларни санаш мумкин. Яна бошқа кўплаб саҳобалар борки, уларни номма-ном санаб ўтиришнинг ҳожати йўк.

Тасаввур қилиш учун айтадиган бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даъват учун юборганларида, хиёнат туфайли «Маъуна қудуғи» деган жойда қатл қилинган қориларнинг сони етмишта эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кўп ўтмай содир бўл­ган Ямома жангида шаҳид бўлган саҳобаларнинг ичида ҳам етмишта мураттаб ҳори саҳобалар бор эди.

Бу борада имом Мовардий шундай дейди:

«Ушбу тўртликдан бошқа ҳеч ким Қуръони Каримни комил ёд олмаган, деб чегаралаш мумкин эмас. Зеро, саҳо­балар турли шаҳарларга тарқаб кетган эдилар».

Уларнинг барчасини ўрганиб чиқишнинг имконияти қийин бўлгач, саҳиҳ тўпламда келган етти кишинигина қорилар дейиш адолатдан бўладими?! Ушбу тўрт кишидан бошқалар Қуръонни ёд олишмаган экан, деб фараз қилинган тақдирда ҳам, унинг барча жузларини юзлаб, сон-саноқсиз кишилар ёд олгани барчага маълум эди.

Имом Абу Убайд Қосим ибн Саллом ўзининг «Ал-Қироаат» номли китобининг аввалида қори саҳобалардан кўплаб кишиларнинг исмларини келтирган.

Суютий «Ал-Итқон»да ана шу Абу Убайдга мансуб бўл­ган «Қироатлар» китобида келтирилган қорилардан баъзиларининг исмларини келтиради. Абу Убайд муҳожирлардан тўрт халифани, Талҳа ва Саъдни, Ибн Масъуд ва Ҳузайфани, Солим ва Абу Ҳурайрани, Абдуллоҳ ибн Соибни, машҳур Абдуллоҳларни (Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс, Абдуллоҳ ибн Умар ва Абдуллоҳ ибн Зубайр), Оиша, Ҳафса ва Умму Саламани, ансорлардан Убода ибн Сомит, Абу Ҳалима куняси билан куняланган Муъозни, Мужаммиъ ибн Жорияни, Фузола ибн Убайдни, Маслама ибн Мухалладни санаб ўтган.

Қосим ибн Саллом санаб ўтган ушбу муҳожир ва ансорлар ҳамда мҳминларнинг оналари Аллоҳнинг Китобини қалбларида жамлаган бир тоифа саҳобалар, холос. Улар Қуръони Каримни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўтказиб олиш бахтига муяссар бўлганлар. Шундай қилиб, улар у зотнинг дастлабки шогирдларига айландилар, бу шогирдларнинг шайхи, яъни устози шахсан Набий соллал­лоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бўлдилар. Лекин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан ўтказиб олмаган қори саҳобаларнинг, хусусан, Қуръонни Набий соллал­лоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин ёд олганларнинг адади беҳисобдир.

Ҳофиз Заҳабий «Тобақотул-қурро» китобининг муқаддимасида ана шуларни баён қилади:

«Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръ­они Каримни ўтказиб олган саҳобаларнинг ададлари ушбу бўлиб, уларнинг санадлари бизгача етиб келган. Аммо санадлари бизгача етиб келмаган қори саҳобаларнинг саноғи ниҳоятда кўпдир».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги Қуръонни ёд олувчиларнинг ададлари қанчага етишидан қатъи назар, уларнинг Қуръонга бўлган муҳаббатларини тасвирлашга сўз ожиздир. Қуръон уларнинг қалбларини эгаллаб олган, хатто ягона ташвишлари Қуръон кироати ва уни тинглаш бўлиб қолган эди.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, мен кеч кирганда ашъарийлар тўпини Қуръон овозларидан биламан. Мен уларнинг кундузи тушган манзилларинн кўрмаган бўлсам ҳам, уларнинг тундаги Қуръон овозларидан манзилларини билиб оламан...» дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Бунинг устига, улар Қуръонни дарс қилиб ўрганишар, фарз ва нафл намозларида эртаю кеч махфий ва жаҳрий қироат қилишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дарсга имкон яратиб берар, уларни рағбатлантириб, шижоатларини қўзгатардилар. Шунингдек, у зот соллал­лоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Аллоҳнинг Китобини кўпроқ биладиганларини биродарларига ўргатиши учун танлаб олар эдилар.

Агар бир киши ҳижрат қилиб келса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Қуръонни ўргатиши учун саҳобалар­дан бир кишини тайин қилардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида Қуръон тиловатининг шовқини эшитилиб турар, ҳатто у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам овозлар аралашиб кетмаслиги учун уларга пастрок овозда тиловат қилишларини буюрар эдилар.

Саҳобалардан машҳур Қуръон ўргатувчилар еттита эди. Усмон ибн Аффон, Алий ибн Абу Толиб, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Дардо ва Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳум.

Дарҳақиқат, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу саҳобалардан Абу Ҳурайра, Ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Соиб каби бир жамоатга Қуръон қироатини ўргатган, Ибн Аббос Қуръон қироатини яна Зайд ибн Собитдан ҳам ўрганган эди.

Ушбу саҳобалардан кўплаб тобеъинлар қироат илмини олганлар. Набавий асрда Қуръонни ёдлаш ва дарс қилиш мадрасасининг кўриниши шундай бўлар эди.

Ибн Жазарий қуйидагиларни таъкидлайди: «Қуръон­нинг нақл қилиниши мусҳафлар ва китоблардаги ёзувларга эмас, балки ёдлаб, қалбларга жо этиш асосига суянган эди. Аллоҳ таоло ушбу умматга ато қилган энг шарафли хусусият ҳам шудир».

Бунга имом Муслим ривоят қилган ушбу ҳадис далилдир:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Албатта, Роббим менга: «Қурайшга (бориб) уларни огоҳлантир!» деди. Мен У Зотга: «Роббим! Ундай бўлса улар бошимни ёриб, майдалаб ташлашади», дедим. Шунда У Зот: «Албатта, Мен сени синайман ва сен билан синайман. Сенга Китоб нозил қиламан. Уни сув ювмайди. Сен уни ухлаган ва уйғок ҳолингда қироат қиласан», деди...»

Шундан тушуниладики, албатта, Қуръон ҳар ҳандай ҳолда ҳам ёддан қироат қилинади. Уни ёд олган кишининг сув билан ювса ўчиб кетадиган сиёҳ ила ёзилган саҳифага қарашга эҳтиёжи йўкдир.

Шунинг учун хам Аллоҳ таоло Ўзининг охирги Китоби бўлмиш Қуръони Каримнинг муҳофазаси ёдлашга асосланишини ирода қилган.

 

ҚУРЪОНИ КАРИМНИНГ РАСУЛУЛЛОҲ

СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ДАВРЛАРИДА САҲИФАЛАРДА ЖАМЛАНИШИ

Юқорида таъкидланганидек, Қуръони Каримнинг сақланиши асосан унинг қалбларга муҳрланиши билан бўлган. Шу билан бирга, Қуръони Карим нозил бўлган биринчи вақтлардан бошлаб, уни ёзиб бориш ҳам йўлга қўйилган эди.

Ўша вактда ўқиш-ёзишни биладиган одамлар жуда ҳам кам бўлиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ёзишни биладиган одамлар, жумладан, Абу Бакр, Умар, Усмон, Алий, Зайд ибн Собит, Убай ибн Каъб, Абон ибн Саъид, Холид ибн Валид, Собит ибн Қайс, Муовия ибн Абу Суфён каби кишилар ўзларига муяссар бўлган хурмо дарахтининг пўстлоғи, япалоқ тошлар, катта суяклар, тери, қоғоз ва шунга ўхшаш нарсаларга Қуръонни ёзиб борганлар.

Ҳоким узининг «Мустадрак» китобида икки шайхнинг шартига мувофиқ санад билан Зайд ибн Собитдан қуйидаги ривоятни келтиради:

«Зайд ибн Собит: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васал­ламнинг ҳузурларида Қуръонни руқъаларга ёзар эдик», деди».

Ҳадисдаги «руқъа» калимаси тери ёки кғоз парчасини англатади. Бу эса ўз навбатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги ваҳий котиблари учун ёзиш қулай бўлган асбобларнинг баъзи турларини билдиради. Улар оятларни ясси тошларга, хурмо дарахтининг пўстлоқларига, туя ёки қўйнинг курак суякларига, туянинг белига қўйиладиган эгарга ўхшаш нарсаларга ва тери парчаларига ёзишар эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга янги но­зил бўлган оят қайси сурадан эканини ва қаерда туриши лозимлигини кўрсатиб берар эдил ар.

Шундай қилиб, Қуръон йигирма уч йил давомида фаришта орқали тўлиқ нозил бўлган, Пайғамбаримиз ва саҳобалар ёдлаб ҳам бўлганлар ҳамда ёзишни биладиганлар ёзиб ҳам бўлишган.

Уламоларнинг аксари «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи васалламнинг даврларида Қуръони Каримни жамлашда, уни ёзишда унинг «етти ҳарф»ни ўз ичига олиши мулоҳаза қилинган», дейишади. Қуръони Карим ушбу «етти ҳарф»да нозил қилинган ва ёзилган. Биз бу мавзуни ўз ўрнида батафсилроқ ўрганамиз.

Ҳар бир ёзилган оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва­салламнинг уйларига қўйилар эди. Котиблар ўзлари учун ҳам бир нусха кўчириб олишарди. Котибларнинг ушбу нусхалари, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларидаги саҳифалар ва шу билан бирга, уммий ва уммий бўлмаган саҳобаларнинг ёдлашлари Қуръони Каримнинг муҳофазасига, сақланиб қолишига етарлича хизмат қилди. Бу эса Аллоҳ таолонинг Ҳижр сурасидаги қуйидаги оятининг исботи эди:

إِنَّا نَحۡنُ نَزَّلۡنَا ٱلذِّكۡرَ وَإِنَّا لَهُۥ لَحَٰفِظُونَ٩

«Албатта, Зикрни Биз нозил қилдик ва албатта, унга Биз муҳофазачимиз» (9-оят).

Ислом даъвати ўз бошидан энг оғир кунларни кечираётган бир пайтда, яъни мушриклар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ оз сонли мусулмонларни бутунлай йўқотишга, Қуръоннинг номини ҳам қолдирмасликка қасд қилиб қолишган бир пайтда нозил бўлган бу ояти карима ҳақиқий илоҳий мўъжизадир. Агар мазкур Китоб ҳақиқий илоҳий мўъжиза бўлмаганида, шундай қийин пайтда бу гапларни ишонч ва таъкид билан айтмас эди. Бу бир мўъжиза бўлса, оятдаги ваъданинг юзага чиқиши минг мўъжизадир. Қуръон нозил бўла бошлаганидан ҳозирги кунга қадар уни йўқ қилиб юбориш, унга зарар етказиш ва ўзгартириш киритиш учун қанчадан-қанча уринишлар бўлди. Аммо Аллоҳ таоло ваъдасининг устидан чиқди. Ўз Китобини муҳофаза қилиб қолди. Бу Китобнинг бирор ҳарфи ҳам ўзгаргани йўқ. Дунёдаги ҳамма китобларга, ҳатто самовий китоблар бўл- миш Таврот ва Инжилга ҳам ўзгартириш киритилди. Аммо Қуръони Карим софлигича қолди.

Юқорида зикр қилинган Қуръони Каримни ёзиш ишларини расмий ёзиш деб аташимиз мумкин. Яъни жамият раҳбари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига нозил бўлган оятларни ёзишни расмий равишда йўлга қўйганлар. Шу билан бирга, баъзи саҳобаи киромлар Қуръони Каримни норасмий равишда, ўзлари учун ёзиб боришар эди.

Юқорида ўтган сатрларда Қуръони Каримнинг Расулул­лоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ёзма суратда жамланганини ўрганиб чиқдик. Дарҳақиқат, Қуръони Карим халқлар орасида очиқ-ойдин, барчанинг кўз ўнгида нозил бўлди. Териларга, тошларга, хурмо дарахтининг пўстлоқларига ва шу каби ёзиш мумкин бўлган нарсаларга ёзилди.

Бугунги кунда ушбу маълумотлар одамлар орасида, хусусан, Қуръон илмларини илк бор ўрганувчиларда бир оз ҳайратланишни юзага чиқариши мумкин. Чунки кўпчилик энг улуғ Китоб бўлмиш Қуръони Карим осмонлардан ҳам юқорида туриши керак, деб тасаввур қилади. Кўриб ўтганимиздек, дастлаб тери, пўстлок ва ясси тош каби нарсаларга ёзилиб, кейинчалик уларнинг барчаси тўпланиб, китоб ҳолига келтирилганини ва буларнинг барчаси табиий равиш­да, сиз билан биз каби одамлар томонидан бажарилганини ўзларига сингдира олишмайди. Инсонларнинг Қуръонга бўлган бу каби эъзозлари эҳтиромга сазовор бўлса-да, лекин Аллоҳнинг Китоби айнан шу инсонлар учун нозил қилинганини ҳам таъкидлаб ўтишимиз лозим. Қуръон нозил бўлган уммат ўзидан олдинги умматлар қила олмаган шарафли, шу билан бирга, ниҳоят даражада масъулиятли ишни ўта жиддият, дақиқлик ва эҳтимом билан амалга оширди.

Бошқа дин вакиллари ўзларининг илоҳий китобларини ёддан ўқиб бера олишмайди. Лекин Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматлари Қуръони Каримни бошидан охиригача ёддан ўқиб бера олиш фазилатига эришганлар. Ҳамма асрларда Қуръонни тўла ёд олган қорилар етарли даражада топилган ва бу ҳолат Аллоҳнинг хоҳиши ила қиёматга қадар давом этади.

Охирги ўрганган оятимизнинг ҳаётдаги кўриниши хаёлий эмас, балки ҳаётий тарзда, одамлар орасида ёзиш, ёдлаш, жамлаш каби ишлар орқали намоён бўлади. Ислом динининг ҳаётийлиги ҳам шундадир. Биз ўрганаётган «Қуръон илмлари» фанининг муҳим жиҳати Қуръони Каримнинг ер юзида илмий асосда жамланганлигини тушуниш ва тушунтиришдадир. Бошқа дин вакилларининг муқаддас китоблари каби, Қуръони Карим хаёлий суратда, кимдир ўзи уйига кириб олиб, менга илҳом бўляпти, деган тарзда эмас, балки ҳамманинг кўз ўнгида, дўст-душманнинг гувоҳлигида нозил бўлган, ёзилган ҳамда жамланган. Буни ҳеч ким инкор қила олмаган ва «бу иш бўлиши мумкин эмас», дея олмаган.

Шундай қилиб, Қуръони Карим йигирма уч йил давомида нозил бўлди, ёд олинди ва ёзиб бўлинди. Аммо бу даврда ёзилган нарсалар – ҳар бир суранинг оятлари ўз тартиби ила алоҳида жамланган бўлса ҳам, суралар жамланиб, китоб шаклига келтирилмади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик вақтларида, яна ваҳий тушиб қолар, деган умидда Қуръон жамланиб, китоб шаклига келтирилмаган. Имом Насаий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятга кура, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига охирги оят нозил бўлганидан тўққиз кун ўтиб, бу фоний дунёни тарк этганлар. У зотнинг вафотларидан кейин Қуръон кишиларнинг қалбида ва ёзган нарсаларида қолди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз даврларида ҳар бир суранинг оятларини алоҳида саҳифаларга жамлаб қуйиш ва Қуръони Каримнинг ҳаммасини икки жилд орсидаги бир мусҳафга жам қилиб қуйиш учун сабаб топмадилар. Чунки қорилар ва Қуръонни ёд олувчилар кўпчилик эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса яна ваҳий нозил бўлишини кутиб турар эдилар. Баъзи аҳкомларнинг насх бўлиш эҳтимоли ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнииг даврларида Қуръони Каримнинг барчаси бир мусҳафга жамланмаган бўлса-да, лекин ёзилгани аниқ эди. Саҳобаларнинг қалбларида Қуръони Каримнинг ёд бўлиши уни бир мусҳафга жамлашга эхтиёж туғдирмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга оятлар ва сураларни Аллоҳнинг тавқифи ила кўрсатар эдилар. Бу хусусда Заркаший шундай дейди:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида мусҳаф ёзилмади. Чунки унинг исталган пайтда ўзгариш эҳтимоли бор эди. Шу сабабли мусҳафни китоб ҳолига келтириш Қуръони Каримнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотлари ила тугал бўлишига қадар кечиктирилди».

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Қуръони Каримнинг ҳазрати Абу Бакр даврларида жамланиши;

 

[1] Режис Блашэр (Regis Blachere, 1900-1973) – француз шаркшуноси.

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Дажжол ҳозир жазийрада, темир билан боғланган

25.11.2024   2082   12 min.
Дажжол ҳозир жазийрада, темир билан боғланган

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ فَاطِمَةَ بِنْتِ قَيْسٍ قَالَتْ: صَلَّيْتُ مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَكُنْتُ فِي صَفِّ النِّسَاءِ الَّتِي تَلِي ظُهُورَ القَوْمِ فَلَمَّا قَضَى رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَلَاتَهُ جَلَسَ عَلَى الْمِنْبَرِ وَهُوَ يَضْحَكُ فَقَالَ: «لِيَلْزَمْ كُلُّ إِنْسَانٍ مُصَلَّاهُ»، ثُمَّ قَالَ: «هَلْ تَدْرُونَ لِمَ جَمَعْتُكُمْ»؟ قَالُوا: اللهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ، قَالَ: «إِنِّي مَا جَمَعْتُكُمْ لِرَغْبَةٍ وَلَا لِرَهْبَةٍ وَلَكِنْ جَمَعْتُكُمْ لِأَنَّ تَمِيمًا الدَّارِيَّ كَانَ رَجُلًا نَصْرَانِيًّا فَجَاءَ فَبَايَعَ وَأَسْلَمَ وَحَدَّثَنِي حَدِيثًا وَافَقَ الَّذِي كُنْتُ أُحَدِّثُكُمْ عَنْ مَسِيْحِ الدَّجَّالِ حَدَّثَنِي أَنَّهُ رَكِبَ فِي سَفِينَةٍ بَحْرِيَّةٍ مَعَ ثَلَاثِينَ رَجُلًا مِنْ لَخْمٍ وَجُذَامَ فَلَعِبَ بِهِمُ الْمَوْجُ شَهْرًا فِي الْبَحْرِ وَأَرْفَئُوا إِلَى جَزِيرَةٍ فِي الْبَحْرِ حِينَ مَغْرِبِ الشَّمْسِ فَجَلَسُوا فِي أَقْرُبِ السَّفِينَةِ فَدَخَلُوا الْجَزِيرَةَ فَلَقِيَتْهُمْ دَابَّةٌ أَهْلَبُ كَثِيرُ الشَّعْرِ لَا يَدْرُونَ مَا قُبُلُهُ مِنْ دُبُرِهِ مِنْ كَثْرَةِ الشَّعَرِ فَقَالُوا: وَيْلَكِ مَا أَنْتِ فَقَالَتْ: أَنَا الْجَسَّاسَةُ قَالُوا: وَمَا الْجَسَّاسَةُ قَالَتْ: أَيُّهَا الْقَوْمُ انْطَلِقُوا إِلَى هَذَا الرَّجُلِ فِي الدَّيْرِ فَإِنَّهُ إِلَى خَبَرِكُمْ بِالْأَشْوَاقِ، قَالَ: لَمَّا سَمَّتْ لَنَا رَجُلًا فَرِقْنَا مِنْهَا أَنْ تَكُونَ شَيْطَانَةً قَالَ: فَانْطَلَقْنَا سِرَاعًا حَتَّى دَخَلْنَا الدَّيْرَ فَإِذَا فِيهِ أَعْظَمُ إِنْسَانٍ رَأَيْنَاهُ قَطُّ خَلْقًا وَأَشَدُّهُ وِثَاقًا مَجْمُوعَةٌ يَدَاهُ إِلَى عُنُقِهِ مَا بَيْنَ رُكْبَتَيْهِ إِلَى كَعْبَيْهِ بِالْحَدِيدِ، قُلْنَا: وَيْلَكَ مَا أَنْتَ؟ قَالَ: قَدْ قَدَرْتُمْ عَلَى خَبَرِي فَأَخْبِرُونِي مَا أَنْتُمْ، قَالُوا: نَحْنُ أُنَاسٌ مِنَ الْعَرَبِ رَكِبْنَا فِي سَفِينَةٍ بَحْرِيَّةٍ فَصَادَفْنَا الْبَحْرَ حِينَ اغْتَلَمَ فَلَعِبَ بِنَا الْمَوْجُ شَهْرًا ثُمَّ أَرْفَأْنَا إِلَى جَزِيرَتِكَ هَذِهِ فَجَلَسْنَا فِي أَقْرُبِهَا فَدَخَلْنَا الْجَزِيرَةَ فَلَقِيَتْنَا دَابَّةٌ أَهْلَبُ كَثِيرُ الشَّعَرِ لَا يُدْرَى مَا قُبُلُهُ مِنْ دُبُرِهِ مِنْ كَثْرَةِ الشَّعَرِ فَقُلْنَا: وَيْلَكِ مَا أَنْتِ؟ فَقَالَتْ أَنَا الْجَسَّاسَةُ قُلْنَا: وَمَا الْجَسَّاسَةُ؟ قَالَتِ اعْمِدُوا إِلَى هَذَا الرَّجُلِ فِي الدَّيْرِ فَإِنَّهُ إِلَى خَبَرِكُمْ بِالْأَشْوَاقِ فَأَقْبَلْنَا إِلَيْكَ سِرَاعًا وَفَزِعْنَا مِنْهَا وَلَمْ نَأْمَنْ أَنْ تَكُونَ شَيْطَانَةً، فَقَالَ: أَخْبِرُونِي عَنْ نَخْلِ بَيْسَانَ، قُلْنَا: عَنْ أَيِّ شَأْنِهَا تَسْتَخْبِرُ؟ قَالَ: أَسْأَلُكُمْ عَنْ نَخْلِهَا هَلْ يُثْمِرُ؟ قُلْنَا لَهُ: نَعَمْ، قَالَ: أَمَا إِنَّهُ يُوشِكُ أَلَّا يُثْمِرَ، قَالَ: أَخْبِرُونِي عَنْ بُحَيْرَةِ الطَّبَرِيَّةِ، قُلْنَا: عَنْ أَيِّ شَأْنِهَا تَسْتَخْبِرُ؟ قَالَ: هَلْ فِيهَا مَاءٌ؟ قَالُوا: هِيَ كَثِيرَةُ الْمَاءِ، قَالَ: أَمَا إِنَّ مَاءَهَا يُوشِكُ أَنْ يَذْهَبَ، قَالَ: أَخْبِرُونِي عَنْ عَيْنِ زُغَرَ، قَالُوا: عَنْ أَيِّ شَأْنِهَا تَسْتَخْبِرُ؟ قَالَ: هَلْ فِي الْعَيْنِ مَاءٌ وَهَلْ يَزْرَعُ أَهْلُهَا بِمَاءِ الْعَيْنِ؟ قُلْنَا لَهُ: نَعَمْ هِيَ كَثِيرَةُ الْمَاءِ وَأَهْلُهَا يَزْرَعُونَ مِنْ مَائِهَا، قَالَ: أَخْبِرُونِي عَنْ نَبِيِّ الْأُمِّيِّينَ مَا فَعَلَ؟ قَالُوا: قَدْ خَرَجَ مِنْ مَكَّةَ وَنَزَلَ يَثْرِبَ، قَالَ: أَقَاتَلَهُ الْعَرَبُ؟ قُلْنَا: نَعَمْ، قَالَ: كَيْفَ صَنَعَ بِهِمْ؟ فَأَخْبَرْنَاهُ أَنَّهُ قَدْ ظَهَرَ عَلَى مَنْ يَلِيهِ مِنَ الْعَرَبِ وَأَطَاعُوهُ، قَالَ: قَدْ كَانَ ذَلِكَ؟ قُلْنَا: نَعَمْ، قَالَ: أَمَا إِنَّ ذَاكَ خَيْرٌ لَهُمْ أَنْ يُطِيعُوهُ. وَإِنِّي مُخْبِرُكُمْ عَنِّي إِنِّي أَنَا الْمَسِيحُ وَإِنِّي أُوشِكُ أَنْ يُؤْذَنَ لِي فِي الْخُرُوجِ فَأَخْرُجَ فَأَسِيرَ فِي الْأَرْضِ فَلَا أَدَعَ قَرْيَةً إِلَّا هَبَطْتُهَا فِي أَرْبَعِينَ لَيْلَةً غَيْرَ مَكَّةَ وَطَيْبَةَ فَهُمَا مُحَرَّمَتَانِ عَلَيَّ كِلْتَاهُمَا كُلَّمَا أَرَدْتُ أَنْ أَدْخُلَ وَاحِدَةً أَوْ وَاحِدًا مِنْهُمَا اسْتَقْبَلَنِي مَلَكٌ بِيَدِهِ السَّيْفُ صَلْتًا يَصُدُّنِي عَنْهَا وَإِنَّ عَلَى كُلِّ نَقْبٍ مِنْهَا مَلَائِكَةً يَحْرُسُونَهَا»، قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَطَعَنَ بِمِخْصَرَتِهِ فِي الْمِنْبَر:ِ «هَذِهِ طَيْبَةُ، هَذِهِ طَيْبَةُ، هَذِهِ طَيْبَةُ»، يَعْنِي الْمَدِينَةَ «أَلَا هَلْ كُنْتُ حَدَّثْتُكُمْ ذَلِكَ»؟ فَقَالَ النَّاسُ: نَعَمْ، قَالَ: «فَإِنَّهُ أَعْجَبَنِي حَدِيثُ تَمِيمٍ أَنَّهُ وَافَقَ الَّذِي كُنْتُ أُحَدِّثُكُمْ عَنْهُ وَعَنِ الْمَدِينَةِ وَمَكَّةَ» ثُمَّ قَالَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَلَا إِنَّهُ فِي بَحْرِ الشَّأْمِ أَوْ بَحْرِ الْيَمَنِ لَا بَلْ مِنْ قِبَلِ الْمَشْرِقِ مَا هُوَ، مِنْ قِبَلِ الْمَشْرِقِ مَا هُوَ، مِنْ قِبَلِ الْمَشْرِقِ مَا هُوَ»، وَأَوْمَأَ بِيَدِهِ إِلَى الْمَشْرِقِ، قَالَتْ: فَحَفِظْتُ هَذَا مِنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَلَفْظُهُ: «حَدَّثَنِي تَمِيمُ الدَّارِيُّ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ نَاسًا مِنْ أَهْلِ فِلَسْطِينَ رَكِبُوا سَفِينَةً فِي الْبَحْرِ فَجَالَتْ بِهِمْ حَتَّى قَذَفَتْهُمْ فِي جَزِيرَةٍ مِنْ جَزَائِرِ الْبَحْرِ فَإِذَا هُمْ بِدَابَّةٍ لَبَّاسَةٍ نَاشِرَةٍ شَعْرَهَا، فَقَالُوا: مَا أَنْتِ؟ قَالَتْ: أَنَا الْجَسَّاسَةُ، قَالُوا: فَأَخْبِرِينَا، قَالَتْ: لَا أُخْبِرُكُمْ وَلَا أَسْتَخْبِرُكُمْ وَلَكِنِ ائْتُوا أَقْصَى الْقَرْيَةِ فَإِنَّ ثَمَّ مَنْ يُخْبِرُكُمْ وَيَسْتَخْبِرُكُمْ فَأَتَيْنَا أَقْصَى الْقَرْيَةِ فَإِذَا رَجُلٌ مُوثَقٌ بِسِلْسِلَةٍ فَقَالَ: أَخْبِرُونِي عَنْ عَيْنِ زُغَرَ، قُلْنَا: مَلَأَى تَدْفُقُ، قَالَ: أَخْبِرُونِي عَنِ الْبُحَيْرَةِ، قُلْنَا: مَلَأَى تَدْفُقُ، قَالَ: أَخْبِرُونِي عَنْ نَخْلِ بَيْسَانَ الَّذِي بَيْنَ الْأُرْدُنِّ وَفِلَسْطِينَ هَلْ أَطْعَمَ؟ قُلْنَا: نَعَمْ، قَالَ: أَخْبِرُونِي عَنِ النَّبِيِّ هَلْ بُعِثَ؟ قُلْنَا: نَعَمْ، قَالَ: أَخْبِرُونِي كَيْفَ النَّاسُ إِلَيْهِ، قُلْنَا: سِرَاعٌ، قَالَ: فَنَزَّى نَزْوَةً حَتَّى كَادَ، قُلْنَا: فَمَا أَنْتَ؟ قَالَ: أَنَا الدَّجَّالُ وَإِنَّهُ يَدْخُلُ الْأَمْصَارَ كُلَّهَا إِلَّا طَيْبَةَ»، وَطَيْبَةُ الْمَدِينَةُ. صَلَّى اللهُ عَلَى سَاكِنِهَا وَسَلَّمَ.

Фотима бинти Қайс розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Эркаклардан кейин турган аёллар сафида Расулуллоҳ алайҳиссаломга иқтидо қилиб намоз ўқидим. Расулуллоҳ алайҳиссалом намозларини ўқиб бўлиб, минбарга ўтирдилар. Сўнг кулимсираб, «Ҳар ким намоз ўқиган жойида қолсин», дедилар. Сўнг у зот сўзларида давом этиб, «Сизларни нима учун тўплаганимни биласизларми?» дедилар. «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», дейишди. У зот шундай дедилар: «Аллоҳга қасамки, мен сизларни бир хоҳиш учун ҳам, қўрқиш учун ҳам жамлаганим йўқ. Сизни жамлаганимнинг сабаби шуки, Тамийм Дорий деган насроний бор эди. У келиб, байъат қилиб, мусулмон бўлди. Сўнг мен сизларга Дажжол Масийҳ ҳақида айтиб юрган гапимга ўхшаш гапларни айтди. У Лахм ва Жузомдан ўттиз киши билан кемада денгизда сафарга чиққан экан. Тўлқин уларни денгизда бир ой олиб юриб, сўнгра кун ботиш пайтида денгиздаги бир оролга тўхтабди. Улар кеманинг қайиқларига ўтириб, оролга киришибди. У ерда уларга бир ғалати жонивор учрабди. Унинг жуни ниҳоятда кўплигидан олдини ортидан ажратиб бўлмас экан. Улар унга «Шўринг қурғур, сен нимасан?» дейишибди. «Мен Жассосаман», дебди у. «Жассоса нима?» дейишибди. «Эй одамлар! Анави хилватхонадаги одамнинг олдига боринглар. У сизнинг хабарингизни шавқ билан кутяпти», дебди жонивор. Насроний айтади: «У бизга ўша одамнинг исмини айтган эди, «Бу урғочи шайтонмикан», деб қўрқдик. Тез бориб, хилватхонага кирдик. Қарасак, бир одам ниҳоятда маҳкам боғлаб ташланган экан. Бунақанги баҳайбат одамни кўрмаган эдик. Унинг икки қўли бўйнига, икки тиззаси икки товонига темир билан маҳкамланган экан. Унга «Шўринг қурғур, сен нимасан?» дедик. «Менинг хабаримни топдингизми? Сизлар кимсизлар?» деди. «Биз араблармиз. Кемада йўлга чиққан эдик, денгизда бўрон турган пайтга тўғри келибмиз. Тўлқин бизни бир ой ўйнатиб, охири мана шу оролга олиб келиб ташлади. Кейин кемадаги қайиқларга ўтириб, оролга кирган эдик, ғалати бир жонивор учради. У ниҳоятда сержун экан, жуни кўплигидан олдини ортидан ажратиб бўлмас экан. Биз унга «Шўринг қурғур, сен нимасан?» десак, «Жассосаман», деди. «Жассоса нима?» десак, «Анави хилватхонадаги одамнинг олдига боринглар. У сизнинг хабарингизни шавқ билан кутяпти», деди. Шунинг учун тезда сенинг олдингга келдик. Биз ундан қўрқиб, урғочи шайтонмикан, деб ўйладик», дедик. У: «Менга Байсон хурмосининг хабарини беринглар», деди. «Унинг нимасини айтайлик?» дедик. «Мен унинг хурмосини сўраяпман, у мева қиляптими?» деди. «Ҳа», дедик. «Лекин у келажакда мева қилмай қўяди. Менга Тобария кўлининг хабарини беринглар», деди. «Унинг нимасини айтайлик?» дедик. «Унинг ичида сув борми?» деди. «Унинг суви жуда кўп», дедик. «Лекин келажакда унинг суви қурийди. Менга Зуғар булоғи ҳақида хабар беринглар», деди. «Унинг нимасини айтайлик?» дедик. «Ўша булоқда сув борми? Ўша булоқнинг сувини унинг аҳли зироатга ишлатадими?» деди. «Ҳа, булоқда сув кўп. Унинг аҳли унинг сувини зироатга ишлатади», дедик. «Менга уммийларнинг Набийси ҳақида хабар беринглар. У нима қилди?» деди. «У Маккадан кетиб, Ясрибга жойлашди», дедик. «Араблар унга қарши уруш қилишдими?» деди. «Ҳа», дедик. «У уларга қандоқ муомала қилди?» деди. Биз унга у зот ўзига яқин араблардан устун келганларини, улар у зотга итоат қилганини айтдик. «Шундоқ ҳам бўлдими?» деди у. «Ҳа», дедик. «Унга итоат қилганлари ўзлари учун яхши. Энди мен сизларга ўзим ҳақимда айтиб берай. Мен масийҳман. Менга келажакда хуруж қилишим учун изн берилади. Мен хуруж қилиб, ер юзида сайр қиламан. Қирқ кечада бирорта қишлоқни қўймай, барига кираман. Фақат Макка билан Тийбага кирмайман, холос. Бу иккиси менга ҳаром қилинган. Улардан бирига кирмоқчи бўлсам, бир фаришта мени қилич яланғочлаб қарши олиб, йўлимни тўсади. Унинг ҳар бир кўчасини фаришталар қўриқлаб туради», деди».

(Фотима) айтади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом қўлларидаги таёқни минбарга тақаб, «Бу Тийбадир! Бу Тийбадир! Бу Тийбадир, яъни Мадинадир! Мен сизларга айтганмидим?» дедилар. Одамлар: «Ҳа», дейишди. У зот: «Тамиймнинг гапига ҳайрон қолдим. Унинг сўзлари мен сизларга у ҳақда, Мадина ва Макка ҳақида айтган сўзларимга мувофиқ келди», дедилар. Сўнгра Расулуллоҳ алайҳиссалом: «У Шом денгизидами ёки Яман денгизидами? Йўқ, машриқ томонда. У машриқ томонда. У машриқ томонда», дедилар, «У» деганларида машриқ томонга ишора қилдилар. Мен буларни Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ўзларидан эшитиб, ёдлаб олганман».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Термизийнинг лафзида бундай дейилган: «Тамийм Дорий розияллоҳу анҳу менга шундай деди: «Фаластин аҳлидан баъзи одамлар кемага миниб, денгизга чиқишган экан. Денгиз уларни айлантириб, олиб бориб, денгиздаги ороллардан бирига отибди. Бирдан уларнинг олдидан нималигини билиб бўлмайдиган, жунлари ёйилган жонивор чиқиб қолибди. Улар унга «Сен нимасан?» дейишса, «Жассосаман», дебди. Улар: «Бизга хабар бер», дейишибди. «Мен сизларга хабар ҳам бермайман, сизлардан хабар ҳам сўрамайман. Лекин сизлар қишлоқнинг чеккасига боринглар. Ўша ерда сизга хабар берадиган, сиздан хабар сўрайдиган кимса бор», дебди. «Кейин биз қишлоқнинг четига бордик. Қарасак, занжир билан боғланган бир киши турибди. У: «Менга Зуғар булоғининг хабарини беринглар», деди. «У сувга тўла», дедик. «Менга кўлнинг хабарини беринглар», деди. «У ҳам сувга тўла», дедик. «Менга Урдун билан Фаластин орасидаги Байсон хурмозори хабарини беринглар. У мева бердими?» деди. «Ҳа», дедик. «Менга Набийнинг хабарини беринглар, у юборилдими?» деди. «Ҳа», дедик. «Менга одамлар унга нисбатан қандоқ эканликларининг хабарини беринглар», деди. «Улар у зотга ошиқмоқдалар», дедик. Шунда у шунақанги қаттиқ силкиндики, сал бўлмаса бўшалиб кетай деди. Шунда биз унга «Сен нимасан?» дедик. У ўзининг Дажжол эканлигини, Тийбадан бошқа барча шаҳарларга киришини айтди. Тийба – Мадинадир».

«Фитналар ва Қиёмат аломатлари» китобидан