ҚУРЪОНИ КАРИМНИНГ ЖАМЛАНИШИ
Улуми Қуръон ва унга боғлиқ мавзуларда «Қуръони Каримнинг жамланиши» деганда икки маъно ифода қилинади.
Биринчи маъно – Қуръони Каримнинг ёд олиниши – қалбларда жамланиши.
Шунинг учун ҳам араб тилида Қуръон ҳофизлари – ёдловчилари деган бирикма ўрнига «Жуммаъул-Қуръан» – «Қуръонни жамловчилар» деган бирикма ҳам ишлатилади. Бу маъно баъзи ривоятларда ҳам келган.
Умму Варақа бинт Абдуллоҳ ибн Ҳорисдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни зиёрат қилар ва «шаҳида» деб атар эдилар. У Қуръонни жамлаган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр ғазотига чиққанларида: «Менга изн берасизми, сиз билан чиқиб, ярадорларингизга қарасам, беморларингизни даволасам, ажаб эмас, Аллоҳ таоло менга шаҳидликни ҳадя қилса», деди. «Албатта, Аллоҳ таоло сенга шаҳидликни ҳадя қилувчидир», дедилар».
Байҳақий ривоят қилган.
Ушбу ривоятдаги «Қуръонни жамлаган эди» деган жумла «Қуръонни тўлиқ ёд олган эди», деганидир.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Қуръонни жамладим ва уни ҳар кеча ўқидим. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етди ва у зот:
«Мен замон чўзилиб, малол олишингдан қурқаман, уни бир ойда ўқигин», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Мени тек қўйинг, қувватим ва ёшлигимдан баҳра олиб қолай», дедим.
«Уни йигирма кунда ўқи», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Мени тек қўйинг, қувватим ва ёшлигимдан баҳра олиб қолай», дедим.
«Уни ўн кунда ўқи», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Мени тек қўйинг, қувватим ва ёшлигимдан баҳра олиб қолай», дедим.
«Уни етти кунда ўқи», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули! Мени тек қўйинг, қувватим ва ёшлигимдан баҳра олиб қолай», дедим. У зот кўнмадилар».
Аҳмад ривоят қилган.
Бу ривоятда Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу Қуръони Каримни тўлиқ ёд олганлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига етти кундан озда хатм қилишга рухсат бермаганлари ҳақида хабар бермоқдалар.
«Қуръони Каримни жамлаш» деганда ёдлаш маъноси назарда тутилиши Қиёмат сурасининг қуйидаги оятларида ҳам ўз ифодасини топган.
لَا تُحَرِّكۡ بِهِۦ لِسَانَكَ لِتَعۡجَلَ بِهِۦٓ١٦
«Шошилиб, у билан тилингни қимирлатма» (16-оят).
Яъни «Биз Қуръонни сенга етказаётганимизда, унутиб қўймайин деб, қўшилиб ўқиб турма».
إِنَّ عَلَيۡنَا جَمۡعَهُۥ وَقُرۡءَانَهُۥ١٧
«Албатта, у(Қуръон)ни жамлаш ва ўқиб бериш Бизнинг зиммамизда» (17-оят).
Яъни «Ёдлатиш ва ўқиб бериш».
Иккинчи маъно – Қуръони Каримнинг ёзувда жамланиши.
Қуръони Каримнинг жамланишининг иккинчи маъноси – унинг барча оят ва сураларининг тарқоқ ҳолда ёзилиши ёки фақат оятларнинг тартибли ҳолда ва ҳар бир суранинг алоҳида саҳифага ёзилиши ёхуд оятлар ва сураларнинг тартибли ҳолда барча сураларни ўз ичига олган саҳифаларга ёзилишидир.
Аввал ҳам «китоб» сўзининг луғатдаги маъноси ҳарфларнинг бир-бирига қўшилиб, жамланишидан олинганини айтиб ўтган эдик. Демак, «китобат», яъни «ёзиш»нинг ўзида жамлаш маъноси бор. Қуръони Каримнинг ёзувини жамлаш эса турли нарсаларга ёзилган оятларни тартибга солиб, саҳифаларда жамлашни ифода қилади.
Аллоҳ таоло Ўзининг охирги ва мўъжиз, яъни ожиз қолдирувчи Китоби – Қуръони Каримнинг бандалари қалбларида ёддан жам бўлишини ҳам, саҳифаларда жамланишини ҳам ирода қилган ва юзага чиқарган.
Навбатдаги бобда ушбу мавзуни тарихи ва босқичлари билан ўрганиб чиқишга ҳаракат қиламиз.
ҚУРЪОНИ КАРИМНИНГ РАСУЛУЛЛОҲ
СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ДАВРЛАРИДА
ҚАЛБЛАРДА ЖАМЛАНИШИ
«Қуръони Каримни жамлаш» иборасини уни ёдлаш ва қалбнинг лавҳига ўрнашиши маъносида тушунадиган бўлсак, дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бу шарафни ҳаммадан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳофизларнинг саййиди, қалбларида Қуръон жамланганларнинг аввали эдилар. Ушбу шарафга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги танланган саҳобалардан ҳам бир нечалари муяссар бўлганлар.
Маълумки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқиш-ёзишни ўрганмаганлар. Шунинг учун ҳам у зот Қуръон оятларини Жаброил алайҳиссаломдан эшитиб, ёдлаб олар эдилар. Сўнгра саҳобаи киромларга ўзларига қандай нозил бўлган бўлса, ўшандай қилиб ёддан ўқиб берар, улар эса ушбу ояти карималарни дарҳол ёдлаб олар эдилар. Ўша пайтда Қуръони Каримни нақл қилиш асосан ёдлаш орқали бўлар эди.
Қуръони Каримни қабул килиб олиш ва уни муҳофаза этишдаги энг асосий омил уни ёдлаш эди. Бунинг ўзига хос сабаблари ва ҳикматлари бор эди.
Ушбу ва бошқа бир қанча омиллар сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида саҳобалардан кўплари Қуръони Каримни тўлиқ ёд олдилар. Бу ҳақда ҳадисларда баъзи маълумотлар ҳам келган.
Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Анас ибн Моликдан: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Қуръонни ким жам қилган? деб сўрадим. «Тўрт киши, ҳаммалари ансорлардан: Убай ибн Каъб, Муъоз ибн Жабал, Зайд ибн Собит ва Абу Зайд», деди».
Имом Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Қуръони Каримга нисбатан айтилган «жам қилиш» ибораси, аввал ҳам таъкидланганидек, Каломуллоҳни тўлиқ ёд олиш ва ёзиш маъноларини англатади.
Қатода розияллоҳу анҳудан қилинаётган ривоятдаги Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг гапларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Қуръони Каримни фақат тўрт киши жам қилганлиги, уларнинг ҳаммалари ансорлардан, яъни Убай ибн Каъб, Муъоз ибн Жабал, Зайд ибн Собит ва Абу Зайд розияллоҳу анҳум бўлганлиги тушунилади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот қилганларида, Қуръонни тўрт кишидан бошқаси жам қилмаган эди. Абу Дардо, Муъоз ибн Жабал, Зайд ибн Собит ва Абу Зайд. Биз ундан (Абу Зайддан) мерос қилиб олганмиз».
Бухорий ривоят қилган.
Сиртдан қараганда, бу ривоят ҳам олдингисини таъкидлаб келаётганга ўхшайди. Аммо диққат билан назар солсак, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу иккала ривоятда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръони Каримни тўрт киши жам қилганини айтган бўлсаларда, уларнинг исмларига келганда, беш киши, яъни Убай ибн Каъб, Муъоз ибн Жабал, Зайд ибн Собит, Абу Дардо ва Абу Зайд розияллоҳу анҳум бўлиб чиқади. Уч киши – Зайд ибн Собит, Муъоз ибн Жабал ва Абу Зайд розияллоҳу анҳумнинг исмлари иккала ривоятда ҳам бор. Убай ибн Каъб ва Абу Дардо розияллоҳу анҳумонинг исмлари эса биттадан ривоятда келган.
Ана шу ҳақиқатдан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ўз гапларида ададни эмас, бошқа маъноларни кўзлаганлари келиб чиқади.
Ўша маънолардан бири, мазкур кишилар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг назарларида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръони Каримни энг яхши қабул қилиб олган одамлар эканидир. Ҳар бир халқда бирор нарсани қаттиқ таъкидлаш маъносида шунга ўхшаш иборалар ишлатилиши оддий ҳақиқатдир. Бизда ҳам бирор олимдан кўпрок нарсани ўрганган кишининг таърифида «Фалоний устознинг илмини Фалончи олиб қолган-да», дейилади. Бу эса ўша Фалончидан бошқа одам мазкур устозда ўқимаган, дегани эмас.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг мазкур гаплари алоҳида бир мақом учун айтилган бўлиши мумкин. Бу гапни имом Табаронийнинг ривоятлари тасдиқлайди:
«Икки қабила – Авс ва Хазраж фахр талашиб қолишди. Авс қабиласи аъзолари: «Биздан тўрт киши: сабабидан Роҳманнинг Арши ларзага келган шахс – Саъд ибн Муъоз, гувоҳлиги икки кишининг гувоҳлигига тенглаштирилган шахс – Хузайма ибн Собит, малоикалар ювган шахс – Ҳанзала ибн Абу Омир ҳамда арилар ҳимоя қилган шахс – Осим ибн Собит бор», дейишди. Шунда Хазраж қабиласи:
«Биздан Қуръонни жам қилган тўрт киши бор», дейишди ва мазкур тўрт кишининг исмларини айтишди».
Агар имом Бухорийнинг саҳиҳ тўпламларидаги ривоятларнинг зоҳирини оладиган бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги ҳофизлар адади еттитадан ошмайди. Ана ўша еттиликнинг барчаси ҳам саҳиҳ тўпламдаги битта ривоятнинг ўзида кетма-кет келмаган. Лекин учта ривоятдаги такрор келган исмларни чиқариб ташласак, ушбу еттита ҳофиз жам бўлади.
Шунинг учун бўлса керак, шарқшунос Режис Блашер[1] бу ҳақда ўзича ҳукм қилиб: «Набавий ҳадисларда Қуръонни биладиган ҳофизлар фақатгина еттита бўлган», дейди.
Жаноб Блашернинг бу «илмий» кашфиёти унга ўхшаган Қуръони Карим душманларининг кўплаб «илмий» кашфиётлари силсиласининг бир ҳалкаси, холос. Ул жаноблар узларининг бу каби «илмий» баҳслари ва хулосалари билан Қурьони Карим ҳақида кўплаб шубҳалар заҳрини тарқатадилар. Мутахассис бўлмаган кишиларни шак ва шубҳага соладилар.
Бу ҳақиқатни англаб етишимиз учун яна жаноб Блашернинг гапига мурожаат қилайлик. «Набавий ҳадисларда Қуръонни биладиган ҳофизлар фақатгина еттита бўлган», дейди у. Аммо юқорида, «Қуръонининг жамланиши» бобида келтирилган икки ҳадисда номлари зикр этилган Умму Варақа ва Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳумога ўхшаш ҳофизлар борлигини, Қуръони Каримни жамлаганлар сон-саноқсиз эканини «эсидан чиқариб» қўяди.
Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаб олган кишиларнинг сони беҳисоб экани улкан ҳақиқатдир.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик вақтларида Қуръони Каримни тўлик ёд билганлар қаторида тўрт халифани, катта саҳобаларни, баъзи оналаримизни ва бошқа жуда кўп шахсларни санаш мумкин. Яна бошқа кўплаб саҳобалар борки, уларни номма-ном санаб ўтиришнинг ҳожати йўк.
Тасаввур қилиш учун айтадиган бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даъват учун юборганларида, хиёнат туфайли «Маъуна қудуғи» деган жойда қатл қилинган қориларнинг сони етмишта эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кўп ўтмай содир бўлган Ямома жангида шаҳид бўлган саҳобаларнинг ичида ҳам етмишта мураттаб ҳори саҳобалар бор эди.
Бу борада имом Мовардий шундай дейди:
«Ушбу тўртликдан бошқа ҳеч ким Қуръони Каримни комил ёд олмаган, деб чегаралаш мумкин эмас. Зеро, саҳобалар турли шаҳарларга тарқаб кетган эдилар».
Уларнинг барчасини ўрганиб чиқишнинг имконияти қийин бўлгач, саҳиҳ тўпламда келган етти кишинигина қорилар дейиш адолатдан бўладими?! Ушбу тўрт кишидан бошқалар Қуръонни ёд олишмаган экан, деб фараз қилинган тақдирда ҳам, унинг барча жузларини юзлаб, сон-саноқсиз кишилар ёд олгани барчага маълум эди.
Имом Абу Убайд Қосим ибн Саллом ўзининг «Ал-Қироаат» номли китобининг аввалида қори саҳобалардан кўплаб кишиларнинг исмларини келтирган.
Суютий «Ал-Итқон»да ана шу Абу Убайдга мансуб бўлган «Қироатлар» китобида келтирилган қорилардан баъзиларининг исмларини келтиради. Абу Убайд муҳожирлардан тўрт халифани, Талҳа ва Саъдни, Ибн Масъуд ва Ҳузайфани, Солим ва Абу Ҳурайрани, Абдуллоҳ ибн Соибни, машҳур Абдуллоҳларни (Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс, Абдуллоҳ ибн Умар ва Абдуллоҳ ибн Зубайр), Оиша, Ҳафса ва Умму Саламани, ансорлардан Убода ибн Сомит, Абу Ҳалима куняси билан куняланган Муъозни, Мужаммиъ ибн Жорияни, Фузола ибн Убайдни, Маслама ибн Мухалладни санаб ўтган.
Қосим ибн Саллом санаб ўтган ушбу муҳожир ва ансорлар ҳамда мҳминларнинг оналари Аллоҳнинг Китобини қалбларида жамлаган бир тоифа саҳобалар, холос. Улар Қуръони Каримни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўтказиб олиш бахтига муяссар бўлганлар. Шундай қилиб, улар у зотнинг дастлабки шогирдларига айландилар, бу шогирдларнинг шайхи, яъни устози шахсан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бўлдилар. Лекин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан ўтказиб олмаган қори саҳобаларнинг, хусусан, Қуръонни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин ёд олганларнинг адади беҳисобдир.
Ҳофиз Заҳабий «Тобақотул-қурро» китобининг муқаддимасида ана шуларни баён қилади:
«Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръони Каримни ўтказиб олган саҳобаларнинг ададлари ушбу бўлиб, уларнинг санадлари бизгача етиб келган. Аммо санадлари бизгача етиб келмаган қори саҳобаларнинг саноғи ниҳоятда кўпдир».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги Қуръонни ёд олувчиларнинг ададлари қанчага етишидан қатъи назар, уларнинг Қуръонга бўлган муҳаббатларини тасвирлашга сўз ожиздир. Қуръон уларнинг қалбларини эгаллаб олган, хатто ягона ташвишлари Қуръон кироати ва уни тинглаш бўлиб қолган эди.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, мен кеч кирганда ашъарийлар тўпини Қуръон овозларидан биламан. Мен уларнинг кундузи тушган манзилларинн кўрмаган бўлсам ҳам, уларнинг тундаги Қуръон овозларидан манзилларини билиб оламан...» дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Бунинг устига, улар Қуръонни дарс қилиб ўрганишар, фарз ва нафл намозларида эртаю кеч махфий ва жаҳрий қироат қилишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дарсга имкон яратиб берар, уларни рағбатлантириб, шижоатларини қўзгатардилар. Шунингдек, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Аллоҳнинг Китобини кўпроқ биладиганларини биродарларига ўргатиши учун танлаб олар эдилар.
Агар бир киши ҳижрат қилиб келса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Қуръонни ўргатиши учун саҳобалардан бир кишини тайин қилардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида Қуръон тиловатининг шовқини эшитилиб турар, ҳатто у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам овозлар аралашиб кетмаслиги учун уларга пастрок овозда тиловат қилишларини буюрар эдилар.
Саҳобалардан машҳур Қуръон ўргатувчилар еттита эди. Усмон ибн Аффон, Алий ибн Абу Толиб, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Дардо ва Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳум.
Дарҳақиқат, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу саҳобалардан Абу Ҳурайра, Ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Соиб каби бир жамоатга Қуръон қироатини ўргатган, Ибн Аббос Қуръон қироатини яна Зайд ибн Собитдан ҳам ўрганган эди.
Ушбу саҳобалардан кўплаб тобеъинлар қироат илмини олганлар. Набавий асрда Қуръонни ёдлаш ва дарс қилиш мадрасасининг кўриниши шундай бўлар эди.
Ибн Жазарий қуйидагиларни таъкидлайди: «Қуръоннинг нақл қилиниши мусҳафлар ва китоблардаги ёзувларга эмас, балки ёдлаб, қалбларга жо этиш асосига суянган эди. Аллоҳ таоло ушбу умматга ато қилган энг шарафли хусусият ҳам шудир».
Бунга имом Муслим ривоят қилган ушбу ҳадис далилдир:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
«Албатта, Роббим менга: «Қурайшга (бориб) уларни огоҳлантир!» деди. Мен У Зотга: «Роббим! Ундай бўлса улар бошимни ёриб, майдалаб ташлашади», дедим. Шунда У Зот: «Албатта, Мен сени синайман ва сен билан синайман. Сенга Китоб нозил қиламан. Уни сув ювмайди. Сен уни ухлаган ва уйғок ҳолингда қироат қиласан», деди...»
Шундан тушуниладики, албатта, Қуръон ҳар ҳандай ҳолда ҳам ёддан қироат қилинади. Уни ёд олган кишининг сув билан ювса ўчиб кетадиган сиёҳ ила ёзилган саҳифага қарашга эҳтиёжи йўкдир.
Шунинг учун хам Аллоҳ таоло Ўзининг охирги Китоби бўлмиш Қуръони Каримнинг муҳофазаси ёдлашга асосланишини ирода қилган.
ҚУРЪОНИ КАРИМНИНГ РАСУЛУЛЛОҲ
СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ДАВРЛАРИДА САҲИФАЛАРДА ЖАМЛАНИШИ
Юқорида таъкидланганидек, Қуръони Каримнинг сақланиши асосан унинг қалбларга муҳрланиши билан бўлган. Шу билан бирга, Қуръони Карим нозил бўлган биринчи вақтлардан бошлаб, уни ёзиб бориш ҳам йўлга қўйилган эди.
Ўша вактда ўқиш-ёзишни биладиган одамлар жуда ҳам кам бўлиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ёзишни биладиган одамлар, жумладан, Абу Бакр, Умар, Усмон, Алий, Зайд ибн Собит, Убай ибн Каъб, Абон ибн Саъид, Холид ибн Валид, Собит ибн Қайс, Муовия ибн Абу Суфён каби кишилар ўзларига муяссар бўлган хурмо дарахтининг пўстлоғи, япалоқ тошлар, катта суяклар, тери, қоғоз ва шунга ўхшаш нарсаларга Қуръонни ёзиб борганлар.
Ҳоким узининг «Мустадрак» китобида икки шайхнинг шартига мувофиқ санад билан Зайд ибн Собитдан қуйидаги ривоятни келтиради:
«Зайд ибн Собит: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида Қуръонни руқъаларга ёзар эдик», деди».
Ҳадисдаги «руқъа» калимаси тери ёки кғоз парчасини англатади. Бу эса ўз навбатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги ваҳий котиблари учун ёзиш қулай бўлган асбобларнинг баъзи турларини билдиради. Улар оятларни ясси тошларга, хурмо дарахтининг пўстлоқларига, туя ёки қўйнинг курак суякларига, туянинг белига қўйиладиган эгарга ўхшаш нарсаларга ва тери парчаларига ёзишар эди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга янги нозил бўлган оят қайси сурадан эканини ва қаерда туриши лозимлигини кўрсатиб берар эдил ар.
Шундай қилиб, Қуръон йигирма уч йил давомида фаришта орқали тўлиқ нозил бўлган, Пайғамбаримиз ва саҳобалар ёдлаб ҳам бўлганлар ҳамда ёзишни биладиганлар ёзиб ҳам бўлишган.
Уламоларнинг аксари «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи васалламнинг даврларида Қуръони Каримни жамлашда, уни ёзишда унинг «етти ҳарф»ни ўз ичига олиши мулоҳаза қилинган», дейишади. Қуръони Карим ушбу «етти ҳарф»да нозил қилинган ва ёзилган. Биз бу мавзуни ўз ўрнида батафсилроқ ўрганамиз.
Ҳар бир ёзилган оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига қўйилар эди. Котиблар ўзлари учун ҳам бир нусха кўчириб олишарди. Котибларнинг ушбу нусхалари, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларидаги саҳифалар ва шу билан бирга, уммий ва уммий бўлмаган саҳобаларнинг ёдлашлари Қуръони Каримнинг муҳофазасига, сақланиб қолишига етарлича хизмат қилди. Бу эса Аллоҳ таолонинг Ҳижр сурасидаги қуйидаги оятининг исботи эди:
إِنَّا نَحۡنُ نَزَّلۡنَا ٱلذِّكۡرَ وَإِنَّا لَهُۥ لَحَٰفِظُونَ٩
«Албатта, Зикрни Биз нозил қилдик ва албатта, унга Биз муҳофазачимиз» (9-оят).
Ислом даъвати ўз бошидан энг оғир кунларни кечираётган бир пайтда, яъни мушриклар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ оз сонли мусулмонларни бутунлай йўқотишга, Қуръоннинг номини ҳам қолдирмасликка қасд қилиб қолишган бир пайтда нозил бўлган бу ояти карима ҳақиқий илоҳий мўъжизадир. Агар мазкур Китоб ҳақиқий илоҳий мўъжиза бўлмаганида, шундай қийин пайтда бу гапларни ишонч ва таъкид билан айтмас эди. Бу бир мўъжиза бўлса, оятдаги ваъданинг юзага чиқиши минг мўъжизадир. Қуръон нозил бўла бошлаганидан ҳозирги кунга қадар уни йўқ қилиб юбориш, унга зарар етказиш ва ўзгартириш киритиш учун қанчадан-қанча уринишлар бўлди. Аммо Аллоҳ таоло ваъдасининг устидан чиқди. Ўз Китобини муҳофаза қилиб қолди. Бу Китобнинг бирор ҳарфи ҳам ўзгаргани йўқ. Дунёдаги ҳамма китобларга, ҳатто самовий китоблар бўл- миш Таврот ва Инжилга ҳам ўзгартириш киритилди. Аммо Қуръони Карим софлигича қолди.
Юқорида зикр қилинган Қуръони Каримни ёзиш ишларини расмий ёзиш деб аташимиз мумкин. Яъни жамият раҳбари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига нозил бўлган оятларни ёзишни расмий равишда йўлга қўйганлар. Шу билан бирга, баъзи саҳобаи киромлар Қуръони Каримни норасмий равишда, ўзлари учун ёзиб боришар эди.
Юқорида ўтган сатрларда Қуръони Каримнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ёзма суратда жамланганини ўрганиб чиқдик. Дарҳақиқат, Қуръони Карим халқлар орасида очиқ-ойдин, барчанинг кўз ўнгида нозил бўлди. Териларга, тошларга, хурмо дарахтининг пўстлоқларига ва шу каби ёзиш мумкин бўлган нарсаларга ёзилди.
Бугунги кунда ушбу маълумотлар одамлар орасида, хусусан, Қуръон илмларини илк бор ўрганувчиларда бир оз ҳайратланишни юзага чиқариши мумкин. Чунки кўпчилик энг улуғ Китоб бўлмиш Қуръони Карим осмонлардан ҳам юқорида туриши керак, деб тасаввур қилади. Кўриб ўтганимиздек, дастлаб тери, пўстлок ва ясси тош каби нарсаларга ёзилиб, кейинчалик уларнинг барчаси тўпланиб, китоб ҳолига келтирилганини ва буларнинг барчаси табиий равишда, сиз билан биз каби одамлар томонидан бажарилганини ўзларига сингдира олишмайди. Инсонларнинг Қуръонга бўлган бу каби эъзозлари эҳтиромга сазовор бўлса-да, лекин Аллоҳнинг Китоби айнан шу инсонлар учун нозил қилинганини ҳам таъкидлаб ўтишимиз лозим. Қуръон нозил бўлган уммат ўзидан олдинги умматлар қила олмаган шарафли, шу билан бирга, ниҳоят даражада масъулиятли ишни ўта жиддият, дақиқлик ва эҳтимом билан амалга оширди.
Бошқа дин вакиллари ўзларининг илоҳий китобларини ёддан ўқиб бера олишмайди. Лекин Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматлари Қуръони Каримни бошидан охиригача ёддан ўқиб бера олиш фазилатига эришганлар. Ҳамма асрларда Қуръонни тўла ёд олган қорилар етарли даражада топилган ва бу ҳолат Аллоҳнинг хоҳиши ила қиёматга қадар давом этади.
Охирги ўрганган оятимизнинг ҳаётдаги кўриниши хаёлий эмас, балки ҳаётий тарзда, одамлар орасида ёзиш, ёдлаш, жамлаш каби ишлар орқали намоён бўлади. Ислом динининг ҳаётийлиги ҳам шундадир. Биз ўрганаётган «Қуръон илмлари» фанининг муҳим жиҳати Қуръони Каримнинг ер юзида илмий асосда жамланганлигини тушуниш ва тушунтиришдадир. Бошқа дин вакилларининг муқаддас китоблари каби, Қуръони Карим хаёлий суратда, кимдир ўзи уйига кириб олиб, менга илҳом бўляпти, деган тарзда эмас, балки ҳамманинг кўз ўнгида, дўст-душманнинг гувоҳлигида нозил бўлган, ёзилган ҳамда жамланган. Буни ҳеч ким инкор қила олмаган ва «бу иш бўлиши мумкин эмас», дея олмаган.
Шундай қилиб, Қуръони Карим йигирма уч йил давомида нозил бўлди, ёд олинди ва ёзиб бўлинди. Аммо бу даврда ёзилган нарсалар – ҳар бир суранинг оятлари ўз тартиби ила алоҳида жамланган бўлса ҳам, суралар жамланиб, китоб шаклига келтирилмади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик вақтларида, яна ваҳий тушиб қолар, деган умидда Қуръон жамланиб, китоб шаклига келтирилмаган. Имом Насаий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятга кура, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига охирги оят нозил бўлганидан тўққиз кун ўтиб, бу фоний дунёни тарк этганлар. У зотнинг вафотларидан кейин Қуръон кишиларнинг қалбида ва ёзган нарсаларида қолди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз даврларида ҳар бир суранинг оятларини алоҳида саҳифаларга жамлаб қуйиш ва Қуръони Каримнинг ҳаммасини икки жилд орсидаги бир мусҳафга жам қилиб қуйиш учун сабаб топмадилар. Чунки қорилар ва Қуръонни ёд олувчилар кўпчилик эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса яна ваҳий нозил бўлишини кутиб турар эдилар. Баъзи аҳкомларнинг насх бўлиш эҳтимоли ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнииг даврларида Қуръони Каримнинг барчаси бир мусҳафга жамланмаган бўлса-да, лекин ёзилгани аниқ эди. Саҳобаларнинг қалбларида Қуръони Каримнинг ёд бўлиши уни бир мусҳафга жамлашга эхтиёж туғдирмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга оятлар ва сураларни Аллоҳнинг тавқифи ила кўрсатар эдилар. Бу хусусда Заркаший шундай дейди:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида мусҳаф ёзилмади. Чунки унинг исталган пайтда ўзгариш эҳтимоли бор эди. Шу сабабли мусҳафни китоб ҳолига келтириш Қуръони Каримнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотлари ила тугал бўлишига қадар кечиктирилди».
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
Қуръони Каримнинг ҳазрати Абу Бакр даврларида жамланиши;
[1] Режис Блашэр (Regis Blachere, 1900-1973) – француз шаркшуноси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳасан розияллоҳу анҳу зироат экинлари экиладиган ерларга эга эди. Бундан ташқари, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврида укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳу билан бирга давлатдан йилига беш минг дирҳам маош оларди. Бу миқдордаги маошни фақат Бадр жангида қатнашганларгина олишлари мумкин эди. У киши розияллоҳу анҳу Муовия розияллоҳу анҳунинг даврида йилига юз минг дирҳам маош оладиган бўлди. Кўплаб бой саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари туфайли Ҳасан розияллоҳу анҳу ва укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳуга катта миқдорда ҳадялар беришарди. Бундан ташқари, баъзи саҳобалар ўлимидан олдин ўзи қолдирган меросдан уларга берилишини васият қилишарди. Масалан, Бадр ва Уҳуд жангларида қатнашган Ислом суворийси Миқдод ибн Амр ибн Саълаба ал-Киндий ўлимидан олдин бойлигидан ўн саккиз минг дирҳамни Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумога васият қилади. Бу васият амалга оширилади.
Ҳасан розияллоҳу анҳу кўп марта уйланган саҳобалардан эди. Бироқ у ажрашган аёлларига нисбатан жуда сахий эди. Ана шундай аёли Оиша Ҳасамийяга йигирма минг дирҳам нафақа тўлаган. Яна ажрашган икки хотинига ўн минг дирҳамдан ташқари бошқа мол-мулкларни ҳам нафақа қилиб қўшиб берган. У никоҳига оладиган аёлларига ҳам кўп миқдорда маҳр берарди. Иккита аёлига йигирма минг дирҳамдан, бошқа бир аёлига эса юзта жория ва юз минг дирҳам маҳр берган.
Ҳасан розияллоҳу анҳу бор мол-мулкини икки марта, мол-мулкининг ярмини оёқ кийими ва маҳсиларигача уч марта ҳадя қилган. Ёрдамга муҳтож бир кишига бир юз ўттиз минг дирҳам, бошқа бирига эса юз минг дирҳам садақа қилгани ривоят қилинган. Мадина кўчаларидан ўтиб кетаётган бир йўловчини зарур бўлган улов ва озиқ-овқатлар билан таъминлаган. Эҳтиёжи учун юз минг дирҳам сўраб Аллоҳ таолога дуо қилган кишига ўшанча пул жўнатган. Масжидул Ҳаромнинг четида бир кишининг «Аллоҳим, менга ўн минг дирҳам бер», деганини эшитиб, дарҳол уйига қайтиб бориб, унга шунча пул юборган.
Ҳасан розияллоҳу анҳу ҳаж сафари чоғида ўзи ва укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳуни, жияни Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни қўй гўшти билан меҳмон қилган бечора аёлни Мадина бозорида кўриб қолиб, унга мингта қўй ва минг тилла бериб юборган.
Маккадан Мадинага сафари чоғида бир одам у кишини ёмғирдан ҳимоялаш учун ўз чодирида меҳмон қилади. Ана шу чодир эгасига чўпонлари билан бирга юзта туя ҳадя қилади.
Яна Ҳасан розияллоҳу анҳу ўзига бир қўй ҳадя қилган қулни қўйлари билан бирга сотиб олиб, уни озод этади ва унга сурувни ҳадя қилади. Шунга ўхшаш яна бир воқеа: итига овқатидан берган қулни ўзи қўриқлаётган боғи билан бирга сотиб олиб, уни озод қилади. Кейин ўша боғни қулнинг ўзига ҳадя қилади.
«Миллионер саҳобалар» китобидан