ألحمد لله على كل حال
Бу калиманинг маъно-мазмунини энди тушуниб етяпман. Бу калима ҳақида тафаккур қиладиган бўлсак, биз билмаган, тасаввур ҳам қила олмайдиган даражада кўплаб маънолари бор экан. Ҳар қандай ҳолатда Аллоҳ таолога ҳамд айтиш кераклиги, Аллоҳ таоло биз ақлимизга сиғдира олмайдиган даражада бизларга буюк неъматларни ато этгани, биз эса уларнинг бирортасини англаб етмаганимизни тушуняпман.
Ҳар куни уйимиздан хотиржам чиқишимиз, ташқарига чиққан вақтимизда тоза ҳаводан эркин нафас олишимиз, жамоат жойларида бемалол хавфсирамасдан юра олишимиз бизларга берилган катта неъматлардан экан. Масжидларда беш вақт намоз ўқилиши, жума хутбалари қилиниши, илм толибларининг илм олишлари учун ҳар куни илм даргоҳларига боришлари –барча-барчаси бизларга берилган катта неъматлардан экан. Лекин шунча неъматлар ичра яшаган бўлсакда, шукронасини адо эта олмабмиз. Ҳаётимизда учрайдиган кичкина камчиликлар ва ноқисликлар учун ҳаётимиздан нолибмиз. Уларни ўзимизга етган мусибат деб билдик. Энди англаяпмиз мусибат аслида қанақа бўлишини, биз шунча неъматлар ичида кўмилиб яшаганимизни, бизга берилган неъматлар учун Аллоҳга шукрона айтмаганимизни, ўз вақтида бўлмасада англаб етдик.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
“Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмассизлар. Албатта, инсон ўта золим ва ношукрдир”
(“Иброҳим” сураси, 34-оят).
Беш вақт намознинг масжидларда ўқилиши энг буюк неъматлардан эканини, масжидлар жамоатсиз бўшаб қолгандагина англаб етдик.
Ташқарига чиққанимизда, эркин нафас ололмаётганимизда, хотиржам нафас олиш неъмат эканлигини англаб етдик.
Неъматларни санасак адоғига етолмаймиз.
Коронавирусни ҳам биз учун берилган бир синов деб билишимиз керак. Бу синовга чиройли сабр қилишимиз керак.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
“Бас, сабр қил. Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Гуноҳинг учун ирстиғфор айт. Эртаю кеч Роббингга ҳамд ила тасбеҳ айт”
(“Ғофир” сураси, 55-оят).
Бу вабо бизларга кўп нарсаларни эслатди. Авваламбор, неьматларга шукр қилиш кераклигини, ҳар қандай ҳолатда Аллоҳ азза ва жаллага ҳамд айтиш кераклигини эслатди.
Биз - барча мусулмонларни бир нуқтада жамлади. Мусулмонларнинг сафи кўпайишига сабабчи бўлди. Орамизда намозни ҳалигача бошламаганларнинг намозхон бўлишига, Қуръоний дуоларни ўрганишимизга ва уларни доимий айтиб юришимизга сабабчи бўлди. Набавий суннат билан ҳаёт кечиришимиз керак эканини бизларга билдирди. Жуда кўплаб Қуръон хатмлари қилишимизга, истиғфорлар ва салавотлар айтишимизга сабабчи бўлди. Барча мусулмонларни гуноҳлардан тўсиб, Аллоҳга юзлантирди, иншаАллоҳ. Аллоҳ таоло бизларга инъом қилган неъматларни эслатди. Аллоҳ таолога қандай банда бўлиш кераклиги, У Зотга қандай ибодат қилиниши кераклигини билдирди. Биз барча ҳолатларда Аллоҳ таолога муҳтож эканимизни, бир лаҳза ҳам унинг зикридан тўсилмаслигимиз кераклигини билдирди. Илм-фан қанча ривожланмасин, Аллоҳ таолонинг Қудрати олдида барча нарса ожиз эканини бутун оламга кўрсатди. Мана шу кичкина вирус орқали Аллоҳ таоло бизларга кўп нарсаларни билдирди.
Эслаб кўрингаа!!! Шу вақтгача мусулмонларнинг барчаси жамланиб, Қуръон хатмлари қилиб, истиғфорлару салавотлар айтишганмиди? Гуноҳлари устида бош қотириб, гуноҳларидан тўсилишганмиди? Қанчадан-қанча суннатларини тарк этганларини ва тўғри йўлдан адашганларини билишармиди?
Йўқ! Ишонч билан айта оламанки, бу нарсалар ҳақида бош қотирган тақдирларида ҳам ҳаётларига тўлалигича татбиқ қилишмасди.
Олдинда таъкидлаб ўтганимиз каби коронавирус ҳам биз учун бир синов. Аллоҳга қайтишимиз учун бир эслатма. Ҳозирги ҳолатимизда ҳам Аллоҳга ҳамд айтишимиз керак. Аллоҳ таоло бизларни бу бало билан балолантирмагани ва бизларни бу балодан сақлаганлиги учун У Зотга чексиз ҳамду санолар айтишимиз керак. Шунинг учун ҳам дуоларда бардавом бўлиб, Аллоҳ таолодан офият сўраймиз. Аллоҳ таоло бутун оламга бу балодан офият берсин. Аллоҳ азза ва жалла барчаларимизни Ўзининг муқарраб бандаларидан қилсин. Амин...
Барча ҳолатларда Аллоҳга ҳамд бўлсин!!!
М.Саъдуллаева
Мир Араб олий мадрасаси талабаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
"Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир".
Инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Шунинг учун ҳам инсонга фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларигина тўғри келиши мумкин. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсоннинг заиф ҳолда яратилганини таъкидламоқда. Яратувчининг Ўзи «заиф яратилган», деб турганидан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда У Зот оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, У Зот енгилликни хоҳлайди.
Ислом шариати, умуман, енгиллик устига бино қилингандир. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Ҳаммаси ўз ўрнида баён қилинади. «Нисо» сурасининг бошидан муолажа қилиб келинаётган масалалар, хусусан, эркак ва аёл, оила, никоҳ масаласига келсак, ушбу оятда бу масалаларда ҳам Аллоҳ Ўз бандаларига енгилликни исташи таъкидланмоқда. Зоҳирий қаралганда, диний кўрсатмаларни бажариш қийин, шаҳватга эргашганларнинг йўлларида юриш осонга ўхшайди. Исломда ҳамма нарса ман қилинган-у, фақат биргина йўлга рухсат берилганга ўхшайди. «Номаҳрамга қарама», «У билан ёлғиз қолма», «Уйланмоқчи бўлсанг, олдин аҳлининг розилигини ол», «Маҳр бер», «Гувоҳ келтир» ва ҳоказо. Ҳаммаси қайдлаш ва қийинчиликдан иборат бўлиб туюлади. Шаҳватга эргашганлар эса «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади», дейишади. Бу эса содда ва осон кўринади. Ҳақиқатда эса ундай эмас. Натижага қараганимизда бу нарса яққол кўзга ташланади. Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар инқирозга учраган. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.
Бизнинг асримизга келиб, Ғарбда, ўзларининг таъбири билан айтганда, жинсий инқилоб бўлди. Жинс борасида олимлар етишиб чиқдилар. Улар «Жинсий ҳуррият бўлмагунча, инсон тўлиқ ҳур бўла олмайди. Агар жинсий майллар жиловланса, инсонда руҳий тугун пайдо бўлиб, унда қўрқоқлик ва бошқа салбий сифатлар келиб чиқишига сабаб бўлади», каби ғояларни тарқатишди. Оқибатда жинсий инқилоб авжига чиқди.
Натижасини – ҳар хил бало-офатлар буҳронини ҳозир ўзлари кўриб-татиб туришибди. Ахлоқий бузуқлик, оиланинг ва жамиятнинг парчаланиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолишидан ташқари, сон-саноғига етиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлди. Жинсий инқилоб оқибатида тараққий этган ғарб давлатларининг туб аҳолиси даҳшатли суръатда камайиб бормоқда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таносил касалликлари келиб чиқди, ҳар йили сон-саноқсиз одамлар шу касалликлардан ўлмоқда. Насл бузилиб, одамлари заифҳол ва касалманд бўлиб бормоқда. Турли ақлий ва руҳий касалликлар урчиди. Охири келиб, касалликларга қарши инсондаги табиий монеликнинг йўқолиши (ОИТС) касаллиги пайдо бўлди. Бу касаллик ҳақли равишда, XX аср вабоси деб номланди. Унинг давоси йўқ. Бу дардга чалинишнинг сабаби зинодир. У билан касалланган одам тез муддатда ўлади. Ҳамма даҳшатда. Бу дардга чалинмасликнинг йўллари ахтарилмоқда, бу йўлда беҳисоб маблағлар сарфланмоқда, мазкур вабога чалинмасликнинг турли чоралари таклиф этилмоқда. Қонунлар чиқарилмоқда, идоралар очилмоқда.
Лекин шаҳватга эргашганлари сабабли улар энг осон, энг ишончли битта йўл – Аллоҳнинг йўлига қайтишни хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Ақалли ушбу дарднинг бевосита сабабчиси бўлмиш зинони ман этувчи қонун чиқаришни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Чунки шаҳватга эргашганлар шаҳватга қарши чиқа олмайдилар. Уларнинг ўзлари шаҳватга банда бўлганлари учун унга эргашганлар. Ўзларини зоҳирий енгил кўринган ишга уриб, энди оғирликдан бошлари чиқмай юрибди. Зоҳирий оғир кўринган бўлса ҳам, Аллоҳ кўрсатган йўлга юрган бандалар бошида мазкур оғирлик ва машаққатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Улар мутлақ енгилликда, фаровон турмуш кечирмоқдалар.
"Тафсири Ҳилол" китобидан