Мулоҳаза қилиб кўрилса, Ислом ибодатларини бажо келтиришнинг ўзи табобат илмининг мақсадларидан бири бўлган соғлиқни сақлашда ҳам ўта муҳимдир. Чунки намоз, рўза, ҳаж ва бу ибодатлар талаб қиладиган шартлар, рукнлар ҳамда амалларнинг ҳаммаси жисм сиҳатини, фаоллигини ва қувватини муҳофаза этади. Бунга яна Исломнинг касаллик ва унинг ёйилишига қарши курашини ҳамда унга барҳам берувчи муолажага тарғиб қилишини қўшсак, табобат майдонида ҳазора биноси қандай мустаҳкам асосларга қурилганини, унинг шифохоналар ва тиббий маъҳадлар барпо этишидан олам қанчалар фойдаланганини ва у чиқарган табибларнинг илмга, хусусан, табобатга қилган ҳимматларидан инсоният ҳанузгача фахрланаётганини кўрамиз. Табиб Али ибн Аббос табобатга шундай таъриф беради: “У соғломларга соғлиқни сақлашни ва касалларга уни қайтаришни ўрганадиган илмдир”.
Намоз ибодатида одамларнинг барчаси Аллоҳнинг олдида баробар сафда туради. Унда подшоҳ, ё улуғ, ё олим учун махсус ўрин ажратилмайди. Рўзада одамлар бир хил даражада очликни бошдан кечиради. Уларнинг ораларидан амир, ё бой, ё шариф истисно қилинмайди. Ҳажда одамлар бир хил кийим кияди. Бир хил жойда туришади. Бир хил ибодатни адо этишади. Бу борада ҳамма баробар, кучли ва заиф, аслзода ва омманинг фарқи йўқ. Бундан фуқаролик кодекси қонунларига ўтадиган бўлсангиз, одамлар ўртасидаги алоқаларда устувор қонуният – ҳақиқат эканини, қонунчиликдан кўзланган ғараз – адолат эканини, ҳар қандай эзилган ва мазлум учун қонун қўлидаги байроқ зулмни даф этиш эканини кўрасиз.
Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ёрдам ва кўмак бериш, у кишига нисбатан ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бўлган муҳаббат ифодасидир. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг вафотларидан сўнг эса, мўминлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларига ҳурмат ва эҳтиромда бўлиш, суннатни маҳкам туриб ҳимоя қилиш, уни барча қийинчилигу машаққатларга чидам ва сабот билан инсонлар орасида тарқатиш, одамларни Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларига амал қилишга чорлаш орқали Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га муҳаббатларини изҳор этишади.
Аллоҳнинг расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бўлган мусулмон муҳаббатининг яна бир кўриниши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буюрган ёки қайтарган нарсаларни тўла ишонч билан тан олиш ва шундай деб ҳисоблаш, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қарор қилган ишлар борасида ҳеч қандай оғирлик, хараж сезмаслик ва суннатга тааллуқли барча нарсаларни малолланмасдан, қийин санамасдан бажаришдир.
Энди, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бошқа кишилар ҳақида гапирадиган бўлсак, уламолар, солиҳ инсонлар пайғамбарларга эргашувчи кишилардир. Шунинг учун Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ҳақиқий севувчи инсон уларнинг ҳар биридан фақат пайғамбар келтирган нарсанигина қабул қилади. Чунки тўлиқ равишда пайғамбарга эргашишгина мўминни жаннатга элтади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
﴿قُلۡ أَطِيعُواْ ٱللَّهَ وَأَطِيعُواْ ٱلرَّسُولَۖ فَإِن تَوَلَّوۡاْ فَإِنَّمَا عَلَيۡهِ مَا حُمِّلَ وَعَلَيۡكُم مَّا حُمِّلۡتُمۡۖ وَإِن تُطِيعُوهُ تَهۡتَدُواْۚ وَمَا عَلَى ٱلرَّسُولِ إِلَّا ٱلۡبَلَٰغُ ٱلۡمُبِينُ٥٤﴾
«Айтинг: “Аллоҳга бўйсунингиз ва Пайғамбарга бўйсунингиз!” Шундан сўнг агар юз ўгирсангиз, бас, (Пайғамбар) зиммасида ўзига юкланган нарса (Аллоҳнинг буйруғини етказиш) ва сизларнинг зиммангизда ўзларингизга юкланган нарса (унга бўйсуниш) бордир. Агар унга итоат этсангиз, ҳидоят топурсиз. Пайғамбар зиммасида фақат (ҳақ динни сизларга) аниқ етказиш бордир» (Нур, 54).
Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бошқа кишилар эса тўғри йўлда ёки нотўғри йўлда бўлиши мумкин.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намозни қандай адо этганлар, қандай таҳорат олганлар, қандай ётганлар, қандай таомланганлар – буларнинг барида у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ўрнак олишга интилиш, шу билан бирга, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)даги беозорлик, тавозе, сахийлик, сабрлилик, қаноат каби ахлоқий сифатларидан ибрат олишга ҳаракат қилиш ҳам Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бўлган чин муҳаббат аломатларидандир.
Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га кўп-кўп салавотлар айтиш, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни кўп ёд қилиш, эслаш ҳам мўмин кишининг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бўлган севгиси аломатларидандир.
Аллоҳ таоло айтади:
﴿إِنَّ ٱللَّهَ وَمَلَٰٓئِكَتَهُۥ يُصَلُّونَ عَلَى ٱلنَّبِيِّۚ يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ صَلُّواْ عَلَيۡهِ وَسَلِّمُواْ تَسۡلِيمًا٥٦﴾
«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтур. Эй мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтинг!» (Аҳзоб, 56)
Бу ояти каримада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мартабалари нақадар улуғ экани зикр этилди. Бошқа биров эмас, Аллоҳ таолонинг ўзи Пайғамбарига салавот айтишини таъкидламоқда. Араб тилида “салавот” сўзи “салот” сўзининг кўплиги бўлиб, “дуо” деган маънони англатади. Намоз ҳам “салот” дейилади, чунки намозда ҳам дуо маъноси бор.
Оятдаги фаришталар Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтиши, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақларига дуо қилиши, истиғфор айтиши маъносидир.
Демак, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га доимо Ўз раҳматини юбориб, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан рози эканини билдириб, мақтовлар айтиб туради. Фаришталар ҳам у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Аллоҳдан раҳмат, саломатлик, розилик сўраб, дуо қилиб турар экан.
Оятдан Аллоҳ Ўзи ва фаришталари билан Пайғамбарига салавот айтиши маълум бўлди. Оят давомида мўмин кишилар ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтишга буюрилмоқда. Шундай экан, мўминларга у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтиш ва салом юбориш фарз бўлади. Бу мавзу Ислом уламолари ўртасида турли хил баҳс-мунозараларга сабаб бўлган ва натижада, олимлар умрида бир марта ёки ҳар бир мажлисда бир марта ёки у зотнинг номлари зикр қилинганида бир марта салавот айтиш керак эканига иттифоқ қилган.
Ушбу оят нозил бўлганидан кейин саҳобалар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га қандай салавот айтиш кераклигини сўради.
Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “Ё Аллоҳнинг расули! Сизга салом беришни-ку биламиз, аммо сизга салавот айтиш қандай бўлади?” деб сўради. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин ва ала оли Муҳаммадин, кама соллайта ала Иброҳима ва ала оли Иброҳим, иннака ҳамидум мажид. Аллоҳумма борик ала Муҳаммадин ва ала оли Муҳаммад, кама боракта ала Иброҳима ва ала оли Иброҳим, иннака ҳамидум мажид”, деб айт, дедилар (Муттафақун алайҳ).
Баъзи кишилар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Аллоҳ таоло Ўзи ва Унинг фаришталари салавот айтиб турса, мўминларнинг салавотига не ҳожат, дейиши мумкин.
Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўминларнинг салавотларига муҳтож эмаслар. Аксинча, мўминлар ушбу салавотлари туфайли Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни улуғлаганлари учун савоб олади, дуолари қабул бўлади ва муродларига етади.
Қуръон тиловати ва Аллоҳ зикридан кейин Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтиш энг савобли ишлардан ҳисобланади. Чунки бу нарса Аллоҳ таолонинг амри. Шунинг учун ҳам, ҳар бир мўмин намозларида ташаҳҳуддан кейин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтади.
Имом Шофиъий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Ташаҳҳуддан кейин салавот айтилмаган намоз намоз ўрнига ўтмайди”, деган экан (“Ал-фиқҳул исламий ва адиллатуҳу”).
Абу Талҳа (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) юзларида қувонч балқиган ҳолларида келдилар. Биз: “Юзингизда қувонч кўрмоқдамиз”, дедик. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Чунки ҳузуримга фаришта келиб: “Эй Муҳаммад! Албатта, Раббингиз айтур: “Ким сизга салавот айтса, албатта, Мен унга ўн марта салавот айтишим, ким сизга салом айтса, Мен унга ўн марта салом айтишим сизни рози қилмайдими?” деб хабар берди”, дедилар» (Имом Насоий ва Аҳмад ибн Ҳанбал).
Худди шу маънода мўмин кишини хурсанд қиладиган бошқа бир ҳадисни келтирайлик:
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қиёмат куни менга энг яқин кишилар, албатта, менга кўп салавот айтадиганлар” дедилар (Имом Термизий ривояти).
Асрлар оша Ислом уммати юқоридаги оят ва ҳадисларга том маънода амал қилиб, озгина амаллари билан улкан ажр-мукофотларга сазовор бўлишмоқда. Ҳар бир мўмин бир кунда беш маҳал намозларининг суннат ва фарзларида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтади. Нафақат намозда, балки у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак исмларини эшитган заҳоти салавот келтиради. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтмаган киши бахил эканини ушбу ҳадисдан билиб оламиз:
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимнинг ҳузурида зикр қилинсам-у, у менга салавот айтмаса, ўша одам бахилдир”, дедилар (Имом Термизий ва Имом Насоий ривояти).
Мўмин банда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бир марта салавот ёки салом айтиш билан ўн баробар ортиқ ажр олиши бор гап.
Бу ҳақда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ таоло бунинг эвазига у инсонга ўнта салавот (ажр) битади” (Имом Муслим ривояти).
Бу аломатлар сирасига, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан учрашишни хоҳлаш, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га интиқ бўлиш ва бунга эришиш учун керак бўлса барча нарсаларни фидо қилишга рози бўлиш ҳам киради.
Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га муҳаббат аломатларидан яна бири у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яхши кўрган инсонларни яхши кўришдир.
Бунга масалан, Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу), Умар (розияллоҳу анҳу) ва Ойша (розияллоҳу анҳо)ни яхши кўриш, уларни ҳурмат қилиш киради. Ва саҳиҳ ҳадисларда келган, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га севимли бошқа кишиларни ҳам келтириш мумкин. Шундай қилиб, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёқтирган зотларга нисбатан қалбимизда илиқлик ва ҳурмат туйишимиз ҳамда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёқтирмаган тоифаларни эса, ёмон кўришимиз керак. Яна у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га муҳаббатимиз ифодаси ўлароқ, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёқтирган сўзлар, феъллар, амалларни ҳам ёқтиришимиз, яхши кўришимиз мақсадга мувофиқдир.
Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда айтилишича, бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тикувчилик билан шуғулланадиган, бир вақтлар ўзлари озод қилган қулларининг олдига келганларида собиқ қуллари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ошқовоқ билан меҳмон қилади. Уни кўрган Анас (розияллоҳу анҳу): “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ошқовоқ еяётганларини кўрганимдан бери, мен ҳам ошқовоқни яхши кўриб қолдим”, деган (Имом Бухорий ривояти).
Ҳасан ибн Али (розияллоҳу анҳу) айтади: «Агар масжидга кирсанг, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айт. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Менинг уйимни сайлгоҳ, ўз уйларингизни қабристон қилиб олманглар. Қаерда бўлсангиз ҳам, менга салавот айтаверинглар, чунки сизларнинг салавотларингиз менга етказилади”, деганлар». Бошқа бир ҳадисда: “Жума куни менга кўп салавот айтинглар, чунки сизларнинг салавотларингиз менга кўрсатилади”, дейилади.
Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нисбатан муҳаббатнинг вужудга келишига имконият туғдирадиган ва қалбда бу севгининг ортишига сабаб бўладиган нарсалар қуйидагилар бўлиб, буларни ҳосил қилишга ҳар бир мусулмон интилиши керак:
Инсон шундай яратилган, унда ўзига нисбатан яхшилик қилганни, мурувват кўрсатганни яхши кўриш хусусияти бор. Шундан келиб чиқиб, шуни англаймиз, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ота-онамиздан ҳам кўпроқ яхшилик кўрсатдилар, яъни Аллоҳнинг изни ила бизни зулматдан нурга олиб чиқдилар, бизга фойдали ва хайрли насиҳатларни қилдилар, дину диёнатни танитдилар ҳамда зулмнинг барча турларидан огоҳ этдилар. Яна шу нарсани яхши тушунишимиз керак, агар Аллоҳ марҳамат кўрсатиб, ушбу Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни юбориш билан бизга мурувват қилмаганида эди, ҳаммамиз жаҳолат ботқоғига ботганимизча, эртага, Аллоҳ сақласин, жаҳаннамга ўтин бўлишимиз турган гап эди. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бизнинг номимиздан энг яхши салавотлар ва саломлар етказсин!
Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳаёт йўллари, сийратлари, жиҳодлари, сабру бардошлари, Исломнинг олий бўлиши йўлида берган қурбонлари, чеккан жафолари, дин йўлидаги фидокорликлари ҳақида тафаккур қилишимиз керак. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг тавҳидни етказиш ва ширкни йўқотиш майдонидаги меҳнатлари ҳар қандай бошқа бир инсоннинг меҳнатидан кўра юқори, олий туриши айни ҳақиқатдир.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)даги мўминларга нисбатан тавозе ва хушмуомалалик, мунофиқ ва кофирларга нисбатан қаттиққўллик ва қатъиятлилик, алоҳида ажралиб турувчи жасорат, сахийлик, раҳмдиллик ва бошқа кўплаб юксак ахлоқий сифатлар ҳақида ҳам фикр юритиш ва булардан ўрнак олиш лозим. Меҳрибон Аллоҳ ҳам Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни юксак ахлоқ эгаси эканликларига гувоҳлик бериб, бундай дейди:
﴿وَإِنَّكَ لَعَلَىٰ خُلُقٍ عَظِيمٖ٤﴾
«Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!» (Қалам, 4)
Бу ўринда ҳам, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ таоло наздида қандай мавқега эга эканларини билишимиз, аввалги ва охирги пайғамбарлар ичида энг яхшиси ва пайғамбарларнинг энг охиргиси эканларини ёдда тутишимиз керак. Шу билан бирга, Қиёмат кунида у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бериладиган ва у билан Аллоҳ бошқа пайғамбарлардан афзал қилган, умматларини шафоат қилиш ҳуқуқи, у кишининг “мақоми маҳмуд” – мақталган ўринга сазовор бўлишлари, Қиёмат куни остида Одам (алайҳиссалом)дан тортиб, у кишига эргашган барча инсонлар жамланадиган “ливаул ҳамд” – ҳамд байроғини қўлларида тутишлари ва жаннат эшигини биринчи бўлиб очувчи инсон эканлари ҳамда бундан бошқа саҳиҳ хабарларда келган кўплаб фазилатлар соҳиби ҳам эканларини билишимиз фойдалидир.
Мусулмонлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муҳаббатларини устун тутганларида у кишининг шариатларига тўлиқ амал қилишди ва дунёда ҳаммадан устун бўлишди. Улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муҳаббатидан мол-дунё, бола-чақа, турли маъшуқалар муҳаббатини устун қўйганида, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шариатлари ўрнига бошқа ердан чиққан шариатларга амал қилишганида ҳар жабҳада ҳаммадан орқада қола бошлади.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатмаларига тўлиқ амал қилган мўмин ўзида қандайдир бир илоҳий кучни илғайди ва шу асосда ўзини тетик-бардам ҳис этади. Ғайратли ва шижоатли, кучли ва бақувват мўмин Аллоҳга маҳбуброқ эканини ҳадислардан биламиз.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَة رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُول اللَّه صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «الْمُؤْمِن الْقَوِيّ خَيْر وَأَحَبّ إِلَى اللَّه مِنْ الْمُؤْمِن الضَّعِيف وَفِي كُلّ خَيْر، اِحْرِصْ عَلَى مَا يَنْفَعك وَاسْتَعِنْ بِاَللَّهِ وَلَا تَعْجَز. وَإِنْ أَصَابَك شَيْء فَلَا تَقُلْ: “لَوْ أَنِّي فَعَلْت لَكَانَ كَذَا وَكَذَا وَلَكِنْ قُلْ: “قَدَّرَ اللَّه وَمَا شَاءَ فَعَلَ فَإِنَّ “لَوْ” تَفْتَح عَمَل الشَّيْطَان»
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кучли мўмин кучсиз мўминдан кўра Аллоҳга суюклироқ. Ҳар иккисида ҳам яхшилик бор. Ўзингга фойдали бўлган нарсаларга тириш. Аллоҳдан ёрдам сўра. Ожизлик қилма. Сенга бирон мусибат етганида: “Ундай қилганимда бундай ва бундай бўлар эди”, дема. “Лекин Аллоҳ тақдир қилган ва хоҳлаган нарсасини қилди”, дегин. Чунки (афсусланиб) “агар” дейишинг шайтоннинг амалини очиб юборади”, деганлар» (Имом Муслим).
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган бу ҳадис яхшилик фақат кучли мўминда мавжуд, деган тушунчани бартараф этади. Чунки ҳадисда таъкидланганидек, кучли ёки кучсиз имон эгасининг иккови ҳам яхши.
Шу сабабли, ўзимизга фойда берадиган нарсаларга маҳкам ёпишайлик. Чин дилдан Аллоҳ таолога меҳр қўйиб, бу эътиқодни ҳеч сусайтирмайлик. Агар бошимизга яхшилик ёки мусибат келса, севинсак ҳам, қайғурсак ҳам, зинҳор “Агар ундай қилганимда, бундай бўларди, мана бундай қилганимда бошимга бу бало келмасди...” каби сўзларни тилга олмайлик. Энг яхшиси, “Аллоҳ таолонинг тақдири шундай экан, Аллоҳ шуни хоҳлабди”, десак нур устига нурдир. Чунки яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан. Ҳар қандай ҳолда унинг тақдирига рози бўлиш – банданинг вазифаси. Шу йўл орқали ҳар хил васвасалардан қутулган бўламиз. Чунки “агар” калимаси ишлатилса, шайтони лаъиннинг барча васваса эшиклари очилади. Лекин мўмин доимий ҳузур-ҳаловат пайтида, тақдирга рози бўлган ҳолда, афсусланиб, “шундай қилганимда”, дея савобли ишлар қилолмаганини изҳор этса, макруҳ эмас, дейилади.
Мўминларнинг имони кучли ё кучсиз бўлишидан қатъи назар, хайр-яхшилик доим улар билан биргадир. Мўмин киши доим дунё ва охиратга фойдали нарсаларни излаб топиб, уни бажариши лозим. Аммо бу ҳаракатни ёлғиз ўзи уддалай олмайди. Албатта, Аллоҳнинг ҳидояти, инояти, тавфиқи шарт. Бунинг учун ҳар жойда, ҳар вақтда Аллоҳга сиғиниш, унга илтижо қилиш банданинг асосий вазифаларидандир. Агар буни бажармаса, оқибатда муваффақиятга эришишнинг ҳеч имкони йўқ.
Ҳаётда ожизлик сезсак, у ўз камчилигимиз туфайли содир бўлади. Аллоҳга таваккул қилиш ҳар бир ишнинг унумли бўлишига олиб келади. Мўмин Аллоҳдан умидини асло узмаслиги керак. “Умидини йўқотган инсоннинг бошқа йўқотадиган нарсаси йўқ”, деган пурмаъно гап ҳар он эсда бўлиши лозим. Аллоҳ Ўзига ихлос билан таваккул қилганларни асло ёлғиз ташлаб қўймайди. У Раҳмон ва Раҳимдир. Лутфу эҳсони битмас-туганмасдир. Муваффақиятсизликка учраб: “Оҳ, кошки шундай қилганимда эди, бундай бўларди...” деб афсусланмаслик лозим, мақолда айтилганидай “ўтган ишга салавот”.
Кучли мўмин Аллоҳга маҳбуброқ эканми, демак, имони кучли банданинг Яратган Парвардигорига муҳаббати ҳам кучли бўлади.
ДАВОМИ БОР...
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ فَاطِمَةَ بِنْتِ قَيْسٍ قَالَتْ: صَلَّيْتُ مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَكُنْتُ فِي صَفِّ النِّسَاءِ الَّتِي تَلِي ظُهُورَ القَوْمِ فَلَمَّا قَضَى رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَلَاتَهُ جَلَسَ عَلَى الْمِنْبَرِ وَهُوَ يَضْحَكُ فَقَالَ: «لِيَلْزَمْ كُلُّ إِنْسَانٍ مُصَلَّاهُ»، ثُمَّ قَالَ: «هَلْ تَدْرُونَ لِمَ جَمَعْتُكُمْ»؟ قَالُوا: اللهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ، قَالَ: «إِنِّي مَا جَمَعْتُكُمْ لِرَغْبَةٍ وَلَا لِرَهْبَةٍ وَلَكِنْ جَمَعْتُكُمْ لِأَنَّ تَمِيمًا الدَّارِيَّ كَانَ رَجُلًا نَصْرَانِيًّا فَجَاءَ فَبَايَعَ وَأَسْلَمَ وَحَدَّثَنِي حَدِيثًا وَافَقَ الَّذِي كُنْتُ أُحَدِّثُكُمْ عَنْ مَسِيْحِ الدَّجَّالِ حَدَّثَنِي أَنَّهُ رَكِبَ فِي سَفِينَةٍ بَحْرِيَّةٍ مَعَ ثَلَاثِينَ رَجُلًا مِنْ لَخْمٍ وَجُذَامَ فَلَعِبَ بِهِمُ الْمَوْجُ شَهْرًا فِي الْبَحْرِ وَأَرْفَئُوا إِلَى جَزِيرَةٍ فِي الْبَحْرِ حِينَ مَغْرِبِ الشَّمْسِ فَجَلَسُوا فِي أَقْرُبِ السَّفِينَةِ فَدَخَلُوا الْجَزِيرَةَ فَلَقِيَتْهُمْ دَابَّةٌ أَهْلَبُ كَثِيرُ الشَّعْرِ لَا يَدْرُونَ مَا قُبُلُهُ مِنْ دُبُرِهِ مِنْ كَثْرَةِ الشَّعَرِ فَقَالُوا: وَيْلَكِ مَا أَنْتِ فَقَالَتْ: أَنَا الْجَسَّاسَةُ قَالُوا: وَمَا الْجَسَّاسَةُ قَالَتْ: أَيُّهَا الْقَوْمُ انْطَلِقُوا إِلَى هَذَا الرَّجُلِ فِي الدَّيْرِ فَإِنَّهُ إِلَى خَبَرِكُمْ بِالْأَشْوَاقِ، قَالَ: لَمَّا سَمَّتْ لَنَا رَجُلًا فَرِقْنَا مِنْهَا أَنْ تَكُونَ شَيْطَانَةً قَالَ: فَانْطَلَقْنَا سِرَاعًا حَتَّى دَخَلْنَا الدَّيْرَ فَإِذَا فِيهِ أَعْظَمُ إِنْسَانٍ رَأَيْنَاهُ قَطُّ خَلْقًا وَأَشَدُّهُ وِثَاقًا مَجْمُوعَةٌ يَدَاهُ إِلَى عُنُقِهِ مَا بَيْنَ رُكْبَتَيْهِ إِلَى كَعْبَيْهِ بِالْحَدِيدِ، قُلْنَا: وَيْلَكَ مَا أَنْتَ؟ قَالَ: قَدْ قَدَرْتُمْ عَلَى خَبَرِي فَأَخْبِرُونِي مَا أَنْتُمْ، قَالُوا: نَحْنُ أُنَاسٌ مِنَ الْعَرَبِ رَكِبْنَا فِي سَفِينَةٍ بَحْرِيَّةٍ فَصَادَفْنَا الْبَحْرَ حِينَ اغْتَلَمَ فَلَعِبَ بِنَا الْمَوْجُ شَهْرًا ثُمَّ أَرْفَأْنَا إِلَى جَزِيرَتِكَ هَذِهِ فَجَلَسْنَا فِي أَقْرُبِهَا فَدَخَلْنَا الْجَزِيرَةَ فَلَقِيَتْنَا دَابَّةٌ أَهْلَبُ كَثِيرُ الشَّعَرِ لَا يُدْرَى مَا قُبُلُهُ مِنْ دُبُرِهِ مِنْ كَثْرَةِ الشَّعَرِ فَقُلْنَا: وَيْلَكِ مَا أَنْتِ؟ فَقَالَتْ أَنَا الْجَسَّاسَةُ قُلْنَا: وَمَا الْجَسَّاسَةُ؟ قَالَتِ اعْمِدُوا إِلَى هَذَا الرَّجُلِ فِي الدَّيْرِ فَإِنَّهُ إِلَى خَبَرِكُمْ بِالْأَشْوَاقِ فَأَقْبَلْنَا إِلَيْكَ سِرَاعًا وَفَزِعْنَا مِنْهَا وَلَمْ نَأْمَنْ أَنْ تَكُونَ شَيْطَانَةً، فَقَالَ: أَخْبِرُونِي عَنْ نَخْلِ بَيْسَانَ، قُلْنَا: عَنْ أَيِّ شَأْنِهَا تَسْتَخْبِرُ؟ قَالَ: أَسْأَلُكُمْ عَنْ نَخْلِهَا هَلْ يُثْمِرُ؟ قُلْنَا لَهُ: نَعَمْ، قَالَ: أَمَا إِنَّهُ يُوشِكُ أَلَّا يُثْمِرَ، قَالَ: أَخْبِرُونِي عَنْ بُحَيْرَةِ الطَّبَرِيَّةِ، قُلْنَا: عَنْ أَيِّ شَأْنِهَا تَسْتَخْبِرُ؟ قَالَ: هَلْ فِيهَا مَاءٌ؟ قَالُوا: هِيَ كَثِيرَةُ الْمَاءِ، قَالَ: أَمَا إِنَّ مَاءَهَا يُوشِكُ أَنْ يَذْهَبَ، قَالَ: أَخْبِرُونِي عَنْ عَيْنِ زُغَرَ، قَالُوا: عَنْ أَيِّ شَأْنِهَا تَسْتَخْبِرُ؟ قَالَ: هَلْ فِي الْعَيْنِ مَاءٌ وَهَلْ يَزْرَعُ أَهْلُهَا بِمَاءِ الْعَيْنِ؟ قُلْنَا لَهُ: نَعَمْ هِيَ كَثِيرَةُ الْمَاءِ وَأَهْلُهَا يَزْرَعُونَ مِنْ مَائِهَا، قَالَ: أَخْبِرُونِي عَنْ نَبِيِّ الْأُمِّيِّينَ مَا فَعَلَ؟ قَالُوا: قَدْ خَرَجَ مِنْ مَكَّةَ وَنَزَلَ يَثْرِبَ، قَالَ: أَقَاتَلَهُ الْعَرَبُ؟ قُلْنَا: نَعَمْ، قَالَ: كَيْفَ صَنَعَ بِهِمْ؟ فَأَخْبَرْنَاهُ أَنَّهُ قَدْ ظَهَرَ عَلَى مَنْ يَلِيهِ مِنَ الْعَرَبِ وَأَطَاعُوهُ، قَالَ: قَدْ كَانَ ذَلِكَ؟ قُلْنَا: نَعَمْ، قَالَ: أَمَا إِنَّ ذَاكَ خَيْرٌ لَهُمْ أَنْ يُطِيعُوهُ. وَإِنِّي مُخْبِرُكُمْ عَنِّي إِنِّي أَنَا الْمَسِيحُ وَإِنِّي أُوشِكُ أَنْ يُؤْذَنَ لِي فِي الْخُرُوجِ فَأَخْرُجَ فَأَسِيرَ فِي الْأَرْضِ فَلَا أَدَعَ قَرْيَةً إِلَّا هَبَطْتُهَا فِي أَرْبَعِينَ لَيْلَةً غَيْرَ مَكَّةَ وَطَيْبَةَ فَهُمَا مُحَرَّمَتَانِ عَلَيَّ كِلْتَاهُمَا كُلَّمَا أَرَدْتُ أَنْ أَدْخُلَ وَاحِدَةً أَوْ وَاحِدًا مِنْهُمَا اسْتَقْبَلَنِي مَلَكٌ بِيَدِهِ السَّيْفُ صَلْتًا يَصُدُّنِي عَنْهَا وَإِنَّ عَلَى كُلِّ نَقْبٍ مِنْهَا مَلَائِكَةً يَحْرُسُونَهَا»، قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَطَعَنَ بِمِخْصَرَتِهِ فِي الْمِنْبَر:ِ «هَذِهِ طَيْبَةُ، هَذِهِ طَيْبَةُ، هَذِهِ طَيْبَةُ»، يَعْنِي الْمَدِينَةَ «أَلَا هَلْ كُنْتُ حَدَّثْتُكُمْ ذَلِكَ»؟ فَقَالَ النَّاسُ: نَعَمْ، قَالَ: «فَإِنَّهُ أَعْجَبَنِي حَدِيثُ تَمِيمٍ أَنَّهُ وَافَقَ الَّذِي كُنْتُ أُحَدِّثُكُمْ عَنْهُ وَعَنِ الْمَدِينَةِ وَمَكَّةَ» ثُمَّ قَالَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَلَا إِنَّهُ فِي بَحْرِ الشَّأْمِ أَوْ بَحْرِ الْيَمَنِ لَا بَلْ مِنْ قِبَلِ الْمَشْرِقِ مَا هُوَ، مِنْ قِبَلِ الْمَشْرِقِ مَا هُوَ، مِنْ قِبَلِ الْمَشْرِقِ مَا هُوَ»، وَأَوْمَأَ بِيَدِهِ إِلَى الْمَشْرِقِ، قَالَتْ: فَحَفِظْتُ هَذَا مِنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَلَفْظُهُ: «حَدَّثَنِي تَمِيمُ الدَّارِيُّ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ نَاسًا مِنْ أَهْلِ فِلَسْطِينَ رَكِبُوا سَفِينَةً فِي الْبَحْرِ فَجَالَتْ بِهِمْ حَتَّى قَذَفَتْهُمْ فِي جَزِيرَةٍ مِنْ جَزَائِرِ الْبَحْرِ فَإِذَا هُمْ بِدَابَّةٍ لَبَّاسَةٍ نَاشِرَةٍ شَعْرَهَا، فَقَالُوا: مَا أَنْتِ؟ قَالَتْ: أَنَا الْجَسَّاسَةُ، قَالُوا: فَأَخْبِرِينَا، قَالَتْ: لَا أُخْبِرُكُمْ وَلَا أَسْتَخْبِرُكُمْ وَلَكِنِ ائْتُوا أَقْصَى الْقَرْيَةِ فَإِنَّ ثَمَّ مَنْ يُخْبِرُكُمْ وَيَسْتَخْبِرُكُمْ فَأَتَيْنَا أَقْصَى الْقَرْيَةِ فَإِذَا رَجُلٌ مُوثَقٌ بِسِلْسِلَةٍ فَقَالَ: أَخْبِرُونِي عَنْ عَيْنِ زُغَرَ، قُلْنَا: مَلَأَى تَدْفُقُ، قَالَ: أَخْبِرُونِي عَنِ الْبُحَيْرَةِ، قُلْنَا: مَلَأَى تَدْفُقُ، قَالَ: أَخْبِرُونِي عَنْ نَخْلِ بَيْسَانَ الَّذِي بَيْنَ الْأُرْدُنِّ وَفِلَسْطِينَ هَلْ أَطْعَمَ؟ قُلْنَا: نَعَمْ، قَالَ: أَخْبِرُونِي عَنِ النَّبِيِّ هَلْ بُعِثَ؟ قُلْنَا: نَعَمْ، قَالَ: أَخْبِرُونِي كَيْفَ النَّاسُ إِلَيْهِ، قُلْنَا: سِرَاعٌ، قَالَ: فَنَزَّى نَزْوَةً حَتَّى كَادَ، قُلْنَا: فَمَا أَنْتَ؟ قَالَ: أَنَا الدَّجَّالُ وَإِنَّهُ يَدْخُلُ الْأَمْصَارَ كُلَّهَا إِلَّا طَيْبَةَ»، وَطَيْبَةُ الْمَدِينَةُ. صَلَّى اللهُ عَلَى سَاكِنِهَا وَسَلَّمَ.
Фотима бинти Қайс розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Эркаклардан кейин турган аёллар сафида Расулуллоҳ алайҳиссаломга иқтидо қилиб намоз ўқидим. Расулуллоҳ алайҳиссалом намозларини ўқиб бўлиб, минбарга ўтирдилар. Сўнг кулимсираб, «Ҳар ким намоз ўқиган жойида қолсин», дедилар. Сўнг у зот сўзларида давом этиб, «Сизларни нима учун тўплаганимни биласизларми?» дедилар. «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», дейишди. У зот шундай дедилар: «Аллоҳга қасамки, мен сизларни бир хоҳиш учун ҳам, қўрқиш учун ҳам жамлаганим йўқ. Сизни жамлаганимнинг сабаби шуки, Тамийм Дорий деган насроний бор эди. У келиб, байъат қилиб, мусулмон бўлди. Сўнг мен сизларга Дажжол Масийҳ ҳақида айтиб юрган гапимга ўхшаш гапларни айтди. У Лахм ва Жузомдан ўттиз киши билан кемада денгизда сафарга чиққан экан. Тўлқин уларни денгизда бир ой олиб юриб, сўнгра кун ботиш пайтида денгиздаги бир оролга тўхтабди. Улар кеманинг қайиқларига ўтириб, оролга киришибди. У ерда уларга бир ғалати жонивор учрабди. Унинг жуни ниҳоятда кўплигидан олдини ортидан ажратиб бўлмас экан. Улар унга «Шўринг қурғур, сен нимасан?» дейишибди. «Мен Жассосаман», дебди у. «Жассоса нима?» дейишибди. «Эй одамлар! Анави хилватхонадаги одамнинг олдига боринглар. У сизнинг хабарингизни шавқ билан кутяпти», дебди жонивор. Насроний айтади: «У бизга ўша одамнинг исмини айтган эди, «Бу урғочи шайтонмикан», деб қўрқдик. Тез бориб, хилватхонага кирдик. Қарасак, бир одам ниҳоятда маҳкам боғлаб ташланган экан. Бунақанги баҳайбат одамни кўрмаган эдик. Унинг икки қўли бўйнига, икки тиззаси икки товонига темир билан маҳкамланган экан. Унга «Шўринг қурғур, сен нимасан?» дедик. «Менинг хабаримни топдингизми? Сизлар кимсизлар?» деди. «Биз араблармиз. Кемада йўлга чиққан эдик, денгизда бўрон турган пайтга тўғри келибмиз. Тўлқин бизни бир ой ўйнатиб, охири мана шу оролга олиб келиб ташлади. Кейин кемадаги қайиқларга ўтириб, оролга кирган эдик, ғалати бир жонивор учради. У ниҳоятда сержун экан, жуни кўплигидан олдини ортидан ажратиб бўлмас экан. Биз унга «Шўринг қурғур, сен нимасан?» десак, «Жассосаман», деди. «Жассоса нима?» десак, «Анави хилватхонадаги одамнинг олдига боринглар. У сизнинг хабарингизни шавқ билан кутяпти», деди. Шунинг учун тезда сенинг олдингга келдик. Биз ундан қўрқиб, урғочи шайтонмикан, деб ўйладик», дедик. У: «Менга Байсон хурмосининг хабарини беринглар», деди. «Унинг нимасини айтайлик?» дедик. «Мен унинг хурмосини сўраяпман, у мева қиляптими?» деди. «Ҳа», дедик. «Лекин у келажакда мева қилмай қўяди. Менга Тобария кўлининг хабарини беринглар», деди. «Унинг нимасини айтайлик?» дедик. «Унинг ичида сув борми?» деди. «Унинг суви жуда кўп», дедик. «Лекин келажакда унинг суви қурийди. Менга Зуғар булоғи ҳақида хабар беринглар», деди. «Унинг нимасини айтайлик?» дедик. «Ўша булоқда сув борми? Ўша булоқнинг сувини унинг аҳли зироатга ишлатадими?» деди. «Ҳа, булоқда сув кўп. Унинг аҳли унинг сувини зироатга ишлатади», дедик. «Менга уммийларнинг Набийси ҳақида хабар беринглар. У нима қилди?» деди. «У Маккадан кетиб, Ясрибга жойлашди», дедик. «Араблар унга қарши уруш қилишдими?» деди. «Ҳа», дедик. «У уларга қандоқ муомала қилди?» деди. Биз унга у зот ўзига яқин араблардан устун келганларини, улар у зотга итоат қилганини айтдик. «Шундоқ ҳам бўлдими?» деди у. «Ҳа», дедик. «Унга итоат қилганлари ўзлари учун яхши. Энди мен сизларга ўзим ҳақимда айтиб берай. Мен масийҳман. Менга келажакда хуруж қилишим учун изн берилади. Мен хуруж қилиб, ер юзида сайр қиламан. Қирқ кечада бирорта қишлоқни қўймай, барига кираман. Фақат Макка билан Тийбага кирмайман, холос. Бу иккиси менга ҳаром қилинган. Улардан бирига кирмоқчи бўлсам, бир фаришта мени қилич яланғочлаб қарши олиб, йўлимни тўсади. Унинг ҳар бир кўчасини фаришталар қўриқлаб туради», деди».
(Фотима) айтади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом қўлларидаги таёқни минбарга тақаб, «Бу Тийбадир! Бу Тийбадир! Бу Тийбадир, яъни Мадинадир! Мен сизларга айтганмидим?» дедилар. Одамлар: «Ҳа», дейишди. У зот: «Тамиймнинг гапига ҳайрон қолдим. Унинг сўзлари мен сизларга у ҳақда, Мадина ва Макка ҳақида айтган сўзларимга мувофиқ келди», дедилар. Сўнгра Расулуллоҳ алайҳиссалом: «У Шом денгизидами ёки Яман денгизидами? Йўқ, машриқ томонда. У машриқ томонда. У машриқ томонда», дедилар, «У» деганларида машриқ томонга ишора қилдилар. Мен буларни Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ўзларидан эшитиб, ёдлаб олганман».
Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Термизийнинг лафзида бундай дейилган: «Тамийм Дорий розияллоҳу анҳу менга шундай деди: «Фаластин аҳлидан баъзи одамлар кемага миниб, денгизга чиқишган экан. Денгиз уларни айлантириб, олиб бориб, денгиздаги ороллардан бирига отибди. Бирдан уларнинг олдидан нималигини билиб бўлмайдиган, жунлари ёйилган жонивор чиқиб қолибди. Улар унга «Сен нимасан?» дейишса, «Жассосаман», дебди. Улар: «Бизга хабар бер», дейишибди. «Мен сизларга хабар ҳам бермайман, сизлардан хабар ҳам сўрамайман. Лекин сизлар қишлоқнинг чеккасига боринглар. Ўша ерда сизга хабар берадиган, сиздан хабар сўрайдиган кимса бор», дебди. «Кейин биз қишлоқнинг четига бордик. Қарасак, занжир билан боғланган бир киши турибди. У: «Менга Зуғар булоғининг хабарини беринглар», деди. «У сувга тўла», дедик. «Менга кўлнинг хабарини беринглар», деди. «У ҳам сувга тўла», дедик. «Менга Урдун билан Фаластин орасидаги Байсон хурмозори хабарини беринглар. У мева бердими?» деди. «Ҳа», дедик. «Менга Набийнинг хабарини беринглар, у юборилдими?» деди. «Ҳа», дедик. «Менга одамлар унга нисбатан қандоқ эканликларининг хабарини беринглар», деди. «Улар у зотга ошиқмоқдалар», дедик. Шунда у шунақанги қаттиқ силкиндики, сал бўлмаса бўшалиб кетай деди. Шунда биз унга «Сен нимасан?» дедик. У ўзининг Дажжол эканлигини, Тийбадан бошқа барча шаҳарларга киришини айтди. Тийба – Мадинадир».
«Фитналар ва Қиёмат аломатлари» китобидан