frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Муборак васиятлар: ИККИНЧИ ВАСИЯТ (3-қисм)

09.04.2020   5467   19 min.
Муборак васиятлар: ИККИНЧИ ВАСИЯТ (3-қисм)

Мулоҳаза қилиб кўрилса, Ислом ибодатларини бажо келтиришнинг ўзи табобат илмининг мақсадларидан бири бўлган соғлиқни сақлашда ҳам ўта муҳимдир. Чунки намоз, рўза, ҳаж ва бу ибодатлар талаб қиладиган шартлар, рукнлар ҳамда амалларнинг ҳаммаси жисм сиҳатини, фаоллигини ва қувватини муҳофаза этади. Бунга яна Исломнинг касаллик ва унинг ёйилишига қарши курашини ҳамда унга барҳам берувчи муолажага тарғиб қилишини қўшсак, табобат майдонида ҳазора биноси қандай мустаҳкам асосларга қурилганини, унинг шифохоналар ва тиббий маъҳадлар барпо этишидан олам қанчалар фойдаланганини ва у чиқарган табибларнинг илмга, хусусан, табобатга қилган ҳимматларидан инсоният ҳанузгача фахрланаётганини кўрамиз. Табиб Али ибн Аббос табобатга шундай таъриф беради: “У соғломларга соғлиқни сақлашни ва касалларга уни қайтаришни ўрганадиган илмдир”.

Намоз ибодатида одамларнинг барчаси Аллоҳнинг олдида баробар сафда туради. Унда подшоҳ, ё улуғ, ё олим учун махсус ўрин ажратилмайди. Рўзада одамлар бир хил даражада очликни бошдан кечиради. Уларнинг ораларидан амир, ё бой, ё шариф истисно қилинмайди. Ҳажда одамлар бир хил кийим кияди. Бир хил жойда туришади. Бир хил ибодатни адо этишади. Бу борада ҳамма баробар, кучли ва заиф, аслзода ва омманинг фарқи йўқ. Бундан фуқаро­лик кодекси қонунларига ўтадиган бўлсангиз, одамлар ўртасидаги алоқаларда устувор қонуният – ҳақиқат эканини, қонунчиликдан кўзланган ғараз – адолат эканини, ҳар қандай эзилган ва мазлум учун қонун қўлидаги байроқ зулмни даф этиш эканини кўрасиз.

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ёрдам ва кўмак бериш, у кишига нисбатан ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бўлган муҳаббат ифодасидир. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг вафотларидан сўнг эса, мўминлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларига ҳурмат ва эҳтиромда бўлиш, суннатни маҳкам туриб ҳимоя қилиш, уни барча қийинчилигу машаққатларга чидам ва сабот билан инсонлар орасида тарқатиш, одамларни Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларига амал қилишга чорлаш орқали Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га муҳаббатларини изҳор этишади.

Аллоҳнинг расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бўлган мусулмон муҳаббатининг яна бир кўриниши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буюрган ёки қайтарган нарсаларни тўла ишонч билан тан олиш ва шундай деб ҳисоблаш, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қарор қилган ишлар борасида ҳеч қандай оғирлик, хараж сезмаслик ва суннатга тааллуқли барча нарсаларни малолланмасдан, қийин санамасдан бажаришдир.

Энди, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бошқа кишилар ҳақида гапирадиган бўлсак, уламолар, солиҳ инсонлар пайғамбарларга эргашувчи кишилардир. Шунинг учун Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ҳақиқий севувчи инсон уларнинг ҳар биридан фақат пайғамбар келтирган нарсанигина қабул қилади. Чунки тўлиқ равишда пайғамбарга эргашишгина мўминни жаннатга элтади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

﴿قُلۡ أَطِيعُواْ ٱللَّهَ وَأَطِيعُواْ ٱلرَّسُولَۖ فَإِن تَوَلَّوۡاْ فَإِنَّمَا عَلَيۡهِ مَا حُمِّلَ وَعَلَيۡكُم مَّا حُمِّلۡتُمۡۖ وَإِن تُطِيعُوهُ تَهۡتَدُواْۚ وَمَا عَلَى ٱلرَّسُولِ إِلَّا ٱلۡبَلَٰغُ ٱلۡمُبِينُ٥٤

«Айтинг: “Аллоҳга бўйсунингиз ва Пайғамбарга бўйсунингиз!” Шундан сўнг агар юз ўгирсангиз, бас, (Пайғамбар) зиммасида ўзига юкланган нарса (Аллоҳнинг буйруғини етказиш) ва сизларнинг зиммангизда ўзларингизга юкланган нарса (унга бўйсуниш) бордир. Агар унга итоат этсангиз, ҳидоят топурсиз. Пайғамбар зиммасида фақат (ҳақ динни сизларга) аниқ етказиш бордир» (Нур, 54).

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бошқа кишилар эса тўғри йўлда ёки нотўғри йўлда бўлиши мумкин.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намозни қандай адо этганлар, қандай таҳорат олганлар, қандай ётганлар, қандай таомланганлар – буларнинг барида у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ўрнак олишга интилиш, шу билан бирга, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)даги беозорлик, тавозе, сахийлик, сабрлилик, қаноат каби ахлоқий сифатларидан ибрат олишга ҳаракат қилиш ҳам Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бўлган чин муҳаббат аломатларидандир.

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га кўп-кўп салавотлар айтиш, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни кўп ёд қилиш, эслаш ҳам мўмин кишининг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бўлган севгиси аломатларидандир.

Аллоҳ таоло айтади:

﴿إِنَّ ٱللَّهَ وَمَلَٰٓئِكَتَهُۥ يُصَلُّونَ عَلَى ٱلنَّبِيِّۚ يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ صَلُّواْ عَلَيۡهِ وَسَلِّمُواْ تَسۡلِيمًا٥٦

«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтур. Эй мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтинг!» (Аҳзоб, 56)

Бу ояти каримада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мартабалари нақадар улуғ экани зикр этилди. Бошқа биров эмас, Аллоҳ таолонинг ўзи Пайғамбарига салавот айтишини таъкидламоқда. Араб тилида “салавот” сўзи “салот” сўзининг кўплиги бўлиб, “дуо” деган маънони англатади. Намоз ҳам “салот” дейилади, чунки намозда ҳам дуо маъноси бор.

Оятдаги фаришталар Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтиши, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақларига дуо қилиши, истиғфор айтиши маъносидир.

Демак, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га доимо Ўз раҳматини юбориб, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан рози эканини билдириб, мақтовлар айтиб туради. Фаришталар ҳам у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Аллоҳдан раҳмат, саломатлик, розилик сўраб, дуо қилиб турар экан.

Оятдан Аллоҳ Ўзи ва фаришталари билан Пайғамбарига салавот айтиши маълум бўлди. Оят давомида мўмин кишилар ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтишга буюрилмоқда. Шундай экан, мўминларга у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтиш ва салом юбориш фарз бўлади. Бу мавзу Ислом уламолари ўртасида турли хил баҳс-мунозараларга сабаб бўлган ва натижада, олимлар умрида бир марта ёки ҳар бир мажлисда бир марта ёки у зотнинг номлари зикр қилинганида бир марта салавот айтиш керак эканига иттифоқ қилган.

Ушбу оят нозил бўлганидан кейин саҳобалар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га қандай салавот айтиш кераклигини сўради.

Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “Ё Аллоҳнинг расули! Сизга салом беришни-ку биламиз, аммо сизга салавот айтиш қандай бўлади?” деб сўради. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин ва ала оли Муҳаммадин, кама соллайта ала Иброҳима ва ала оли Иброҳим, иннака ҳамидум мажид. Аллоҳумма борик ала Муҳаммадин ва ала оли Муҳаммад, кама боракта ала Иброҳима ва ала оли Иброҳим, иннака ҳамидум мажид”, деб айт, дедилар (Муттафақун алайҳ).

Баъзи кишилар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Аллоҳ таоло Ўзи ва Унинг фаришталари салавот айтиб турса, мўминларнинг салавотига не ҳожат, дейиши мумкин.

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўминларнинг салавотларига муҳтож эмаслар. Аксинча, мўминлар ушбу салавотлари туфайли Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни улуғлаганлари учун савоб олади, дуолари қабул бўлади ва муродларига етади.

Қуръон тиловати ва Аллоҳ зикридан кейин Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтиш энг савобли ишлардан ҳисобланади. Чунки бу нарса Аллоҳ таолонинг амри. Шунинг учун ҳам, ҳар бир мўмин намозларида ташаҳҳуддан кейин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтади.

Имом Шофиъий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Ташаҳҳуддан кейин салавот айтилмаган намоз намоз ўрнига ўтмайди”, деган экан (“Ал-фиқҳул исламий ва адиллатуҳу”).

Абу Талҳа (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) юзларида қувонч балқиган ҳолларида келдилар. Биз: “Юзингизда қувонч кўрмоқдамиз”, дедик. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Чунки ҳузуримга фаришта келиб: “Эй Муҳаммад! Албатта, Раббингиз айтур: “Ким сизга салавот айтса, албатта, Мен унга ўн марта салавот айтишим, ким сизга салом айтса, Мен унга ўн марта салом айтишим сизни рози қилмайдими?” деб хабар берди”, дедилар» (Имом Насоий ва Аҳмад ибн Ҳанбал).

Худди шу маънода мўмин кишини хурсанд қиладиган бошқа бир ҳадисни келтирайлик:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қиёмат куни менга энг яқин кишилар, албатта, менга кўп салавот айтадиганлар” дедилар (Имом Термизий ривояти).

Асрлар оша Ислом уммати юқоридаги оят ва ҳадисларга том маънода амал қилиб, озгина амаллари билан улкан ажр-мукофотларга сазовор бўлишмоқда. Ҳар бир мўмин бир кунда беш маҳал намозларининг суннат ва фарзларида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтади. Нафақат намозда, балки у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак исмларини эшитган заҳоти салавот келтиради. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтмаган киши бахил эканини ушбу ҳадисдан билиб оламиз:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимнинг ҳузурида зикр қилинсам-у, у менга салавот айтмаса, ўша одам бахилдир”, дедилар (Имом Термизий ва Имом Насоий ривояти).

Мўмин банда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бир марта салавот ёки салом айтиш билан ўн баробар ортиқ ажр олиши бор гап.

Бу ҳақда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ таоло бунинг эвазига у инсонга ўнта салавот (ажр) битади” (Имом Муслим ривояти).

Бу аломатлар сирасига, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан учрашишни хоҳлаш, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га интиқ бўлиш ва бунга эришиш учун керак бўлса барча нарсаларни фидо қилишга рози бўлиш ҳам киради.

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га муҳаббат аломатларидан яна бири у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яхши кўрган инсонларни яхши кўришдир.

Бунга масалан, Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу), Умар (розияллоҳу анҳу) ва Ойша (розияллоҳу анҳо)ни яхши кўриш, уларни ҳурмат қилиш киради. Ва саҳиҳ ҳадисларда келган, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га севимли бошқа кишиларни ҳам келтириш мумкин. Шундай қилиб, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёқтирган зотларга нисбатан қалбимизда илиқлик ва ҳурмат туйишимиз ҳамда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёқтирмаган тоифаларни эса, ёмон кўришимиз керак. Яна у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га муҳаббатимиз ифодаси ўлароқ, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёқтирган сўзлар, феъллар, амалларни ҳам ёқтиришимиз, яхши кўришимиз мақсадга мувофиқдир.

Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда айтилишича, бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тикувчилик билан шуғулланадиган, бир вақтлар ўзлари озод қилган қулларининг олдига келганларида собиқ қуллари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ошқовоқ билан меҳмон қилади. Уни кўрган Анас (розияллоҳу анҳу): “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ошқовоқ еяётганларини кўрганимдан бери, мен ҳам ошқовоқни яхши кўриб қолдим”, деган (Имом Бухорий ривояти).

Ҳасан ибн Али (розияллоҳу анҳу) айтади: «Агар масжидга кирсанг, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айт. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Менинг уйимни сайлгоҳ, ўз уйларингизни қабристон қилиб олманглар. Қаерда бўлсангиз ҳам, менга салавот айтаверинглар, чунки сизларнинг салавотларингиз менга етказилади”, деганлар». Бошқа бир ҳадис­да: “Жума куни менга кўп салавот айтинглар, чунки сизларнинг салавотларингиз менга кўрсатилади”, дейилади.

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нисбатан муҳаббатнинг вужудга келишига имконият туғдирадиган ва қалбда бу севгининг ортишига сабаб бўладиган нарсалар қуйидагилар бў­либ, буларни ҳосил қилишга ҳар бир мусулмон интилиши керак:

Инсон шундай яратилган, унда ўзига нисбатан яхшилик қилганни, мурувват кўрсатганни яхши кўриш хусусияти бор. Шундан келиб чиқиб, шуни англаймиз, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ота-онамиздан ҳам кўпроқ яхшилик кўрсатдилар, яъни Аллоҳнинг изни ила бизни зулматдан нурга олиб чиқдилар, бизга фойдали ва хайрли насиҳатларни қилдилар, дину диёнатни танитдилар ҳамда зулмнинг барча турларидан огоҳ этдилар. Яна шу нарсани яхши тушунишимиз керак, агар Аллоҳ марҳамат кўрсатиб, ушбу Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни юбориш билан бизга мурувват қилмаганида эди, ҳаммамиз жаҳолат ботқоғига ботганимизча, эртага, Аллоҳ сақласин, жаҳаннамга ўтин бўлишимиз турган гап эди. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бизнинг номимиздан энг яхши салавотлар ва саломлар етказсин!

Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳаёт йўллари, сийратлари, жиҳодлари, сабру бардошлари, Исломнинг олий бўлиши йўлида берган қурбонлари, чеккан жафолари, дин йўлидаги фидокорликлари ҳақида тафаккур қилишимиз керак. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг тавҳидни етказиш ва ширкни йўқотиш майдонидаги меҳнатлари ҳар қандай бошқа бир инсоннинг меҳнатидан кўра юқори, олий туриши айни ҳақиқатдир.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)даги мўминларга нисбатан тавозе ва хушмуомалалик, мунофиқ ва кофирларга нисбатан қаттиққўллик ва қатъиятлилик, алоҳида ажралиб турувчи жасорат, сахийлик, раҳмдиллик ва бошқа кўплаб юксак ахлоқий сифатлар ҳақида ҳам фикр юритиш ва булардан ўрнак олиш лозим. Меҳрибон Аллоҳ ҳам Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни юксак ахлоқ эгаси эканликларига гувоҳлик бериб, бундай дейди:

﴿وَإِنَّكَ لَعَلَىٰ خُلُقٍ عَظِيمٖ٤

«Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!» (Қалам, 4)

Бу ўринда ҳам, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ таоло наздида қандай мавқега эга эканларини билишимиз, аввалги ва охирги пайғамбарлар ичида энг яхшиси ва пайғамбарларнинг энг охиргиси эканларини ёдда тутишимиз керак. Шу билан бирга, Қиёмат кунида у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бериладиган ва у билан Аллоҳ бошқа пайғамбарлардан аф­зал қилган, умматларини шафоат қилиш ҳуқуқи, у кишининг “мақоми маҳмуд”мақталган ўринга сазовор бўлишлари, Қиёмат куни остида Одам (алайҳиссалом)дан тортиб, у кишига эргашган барча инсонлар жамланадиган “ливаул ҳамд” – ҳамд байроғини қўлларида тутишлари ва жаннат эшигини биринчи бўлиб очувчи инсон эканлари ҳамда бундан бошқа саҳиҳ хабарларда келган кўп­лаб фазилатлар соҳиби ҳам эканларини билишимиз фойдалидир.

Мусулмонлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муҳаббатларини устун тутганларида у кишининг шариатларига тўлиқ амал қилишди ва дунёда ҳаммадан устун бўлишди. Улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муҳаббатидан мол-дунё, бола-чақа, турли маъшуқалар муҳаббатини устун қўйганида, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шариатлари ўрнига бошқа ердан чиққан шариатларга амал қилишганида ҳар жабҳада ҳаммадан орқада қола бошлади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатмаларига тў­лиқ амал қилган мўмин ўзида қандайдир бир илоҳий кучни илғайди ва шу асосда ўзини тетик-бардам ҳис этади. Ғайратли ва шижоатли, кучли ва бақувват мўмин Аллоҳга маҳбуброқ эка­ни­ни ҳадислардан биламиз.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَة رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُول اللَّه صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «الْمُؤْمِن الْقَوِيّ خَيْر وَأَحَبّ إِلَى اللَّه مِنْ الْمُؤْمِن الضَّعِيف وَفِي كُلّ خَيْر، اِحْرِصْ عَلَى مَا يَنْفَعك وَاسْتَعِنْ بِاَللَّهِ وَلَا تَعْجَز. وَإِنْ أَصَابَك شَيْء فَلَا تَقُلْ: “لَوْ أَنِّي فَعَلْت لَكَانَ كَذَا وَكَذَا وَلَكِنْ قُلْ: “قَدَّرَ اللَّه وَمَا شَاءَ فَعَلَ فَإِنَّلَوْتَفْتَح عَمَل الشَّيْطَان»

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кучли мўмин кучсиз мўминдан кўра Аллоҳга суюклироқ. Ҳар иккисида ҳам яхшилик бор. Ўзингга фойдали бўлган нарсаларга тириш. Аллоҳдан ёрдам сўра. Ожизлик қилма. Сенга бирон мусибат етганида: “Ундай қилганимда бундай ва бундай бўлар эди”, дема. “Лекин Аллоҳ тақдир қилган ва хоҳлаган нарсасини қилди”, дегин. Чунки (афсусланиб) “агар” дейишинг шайтоннинг амалини очиб юборади”, деганлар» (Имом Муслим).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган бу ҳадис яхшилик фақат кучли мўминда мавжуд, деган тушунчани бартараф этади. Чунки ҳадисда таъкидланганидек, кучли ёки кучсиз имон эгасининг иккови ҳам яхши.

Шу сабабли, ўзимизга фойда берадиган нарсаларга маҳкам ёпишайлик. Чин дилдан Аллоҳ таолога меҳр қўйиб, бу эътиқодни ҳеч сусайтирмайлик. Агар бошимизга яхшилик ёки мусибат келса, севинсак ҳам, қайғурсак ҳам, зинҳор “Агар ундай қилганимда, бундай бўларди, мана бундай қилганимда бошимга бу бало келмасди...” каби сўзларни тилга олмайлик. Энг яхшиси, “Аллоҳ таолонинг тақдири шундай экан, Аллоҳ шуни хоҳлабди”, десак нур устига нурдир. Чунки яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан. Ҳар қандай ҳолда унинг тақдирига рози бўлиш – банданинг вазифаси. Шу йўл орқали ҳар хил васвасалардан қутулган бўламиз. Чунки “агар” калимаси ишлатилса, шайтони лаъиннинг барча васваса эшик­лари очилади. Лекин мўмин доимий ҳузур-ҳаловат пайтида, тақдирга рози бўлган ҳолда, афсусланиб, “шундай қилганимда”, дея савобли ишлар қилолмаганини изҳор этса, макруҳ эмас, дейилади.

Мўминларнинг имони кучли ё кучсиз бўлишидан қатъи назар, хайр-яхшилик доим улар билан биргадир. Мўмин киши доим дунё ва охиратга фойдали нарсаларни излаб топиб, уни бажариши лозим. Аммо бу ҳаракатни ёлғиз ўзи уддалай олмайди. Албатта, Аллоҳнинг ҳидояти, инояти, тавфиқи шарт. Бунинг учун ҳар жойда, ҳар вақтда Аллоҳга сиғиниш, унга илтижо қилиш банданинг асосий вазифаларидандир. Агар буни бажармаса, оқибатда муваффақиятга эришишнинг ҳеч имкони йўқ.

Ҳаётда ожизлик сезсак, у ўз камчилигимиз туфайли содир бўлади. Аллоҳга таваккул қилиш ҳар бир ишнинг унумли бўлишига олиб келади. Мўмин Аллоҳдан умидини асло узмаслиги керак. “Умидини йўқотган инсоннинг бошқа йўқотадиган нарсаси йўқ”, деган пурмаъно гап ҳар он эсда бўлиши лозим. Аллоҳ Ўзига ихлос билан таваккул қилганларни асло ёлғиз ташлаб қўймайди. У Раҳмон ва Раҳимдир. Лутфу эҳсони битмас-туганмасдир. Муваф­фақиятсизликка учраб: “Оҳ, кошки шундай қилганимда эди, бундай бўларди...” деб афсусланмаслик лозим, мақолда айтилганидай “ўтган ишга салавот”.

Кучли мўмин Аллоҳга маҳбуброқ эканми, демак, имони кучли банданинг Яратган Парвардигорига муҳаббати ҳам кучли бўлади.

 

ДАВОМИ БОР...

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Имом Бухорий юртида буюк алломалар мероси илм, маърифат ва тадқиқотлар билан янада бойимоқда

21.08.2026   42782   5 min.
Имом Бухорий юртида буюк алломалар мероси илм, маърифат ва тадқиқотлар билан янада бойимоқда

Шу кунларда жойларда Ватанимиз давлат мустақиллигининг 35 йиллигини нишонламоқда. О‘тган йилларга назар ташласак, истиқлол нафақат сиёсий ва иқтисодий мустақиллик, балки буюк аждодлар мероси ва ма’навий илдизларига қайтиш имконини берганини янада чуқур ҳис этамиз.
 
Айниқса, кейинги йилларда Янги О‘збекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илм-ма’рифат, диний та’лим ва буюк алломаларимиз меросини о‘рганиш соҳасида амалга оширилаётган кенг ко‘ламли ислоҳотлар бу борада мутлақо янги босқични бошлаб берди.

Президентимиз 2017 йилдаёқ юртимизда шаклланган буюк илмий мактабларни қайта тиклаш, хусусан, Самарқандда ҳадисшунослик мактабини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди. Орадан ко‘п о‘тмай бу эзгу г‘оя амалий ифодасини топди. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-ма’рифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари то‘г‘рисида»ги Фармони асосида Самарқандда Ҳадис илми мактаби ташкил этилди. Шу йилнинг 1 ноябрида қабул қилинган Ҳукумат қарори билан унинг фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари белгилаб берилди.

Бу воқеа, бизнингча, шунчаки янги та’лим муассасасининг очилиши эмас эди. Бу – Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий каби буюк муҳаддисларни етиштирган заминда ҳадис илмининг узоқ асрлик ан’аналарини замонавий асосда давом эттириш ё‘лидаги тарихий қадам бо‘лди.

Ҳадис илми мактаби олдига Қур’они карим ва ҳадисларнинг асл моҳиятини теран англайдиган, ҳадис илмининг илмий-назарий асосларини пухта эгаллаган, буюк муҳаддисларимиз меросини чуқур о‘рганадиган ва мустақил илмий тадқиқот олиб бора оладиган етук мутахассисларни тайёрлаш вазифаси қо‘йилди. Энг муҳими, ҳадисларда мужассам бо‘лган эзгулик, ҳалоллик, адолат, баг‘рикенглик, ватанпарварлик, ота-онага эҳтиром, инсон қадрини улуг‘лаш сингари умуминсоний г‘ояларни халқимиз, айниқса, ёш авлодга то‘г‘ри ва илмий асосда етказиш та’лим даргоҳининг муҳим вазифаларидан бирига айланди. Бугун Ҳадис илми мактабида та’лим жараёни назарий билим бериш билан чекланиб қолмай, амалий машг‘улотлар билан ҳам узвий бог‘ланган. Талабалар ҳадисларни тахриж қилиш, я’ни уларнинг асл манбаларини аниқлаш, ривоят ё‘ллари ва санадларини о‘рганиш, ҳадис матнларини шарҳлаш ва илмий таҳлил қилиш, уларни мавзу ва мазмунига ко‘ра таснифлаш, шунингдек, ҳадис манбалари ва илмий асарларни тадқиқ қилиш бо‘йича амалий ко‘никмаларни эгалламоқдалар.

Айни пайтда, Ҳадис илми мактабининг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ёнма-ён фаолият юритаётгани ҳам о‘зига хос илмий-ма’рифий муҳитни юзага келтирмоқда. Буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳазратларининг бой илмий меросини о‘рганиш, уни жаҳон илм аҳлига етказиш, замонавий тадқиқотлар билан бойитиш ё‘лида амалга оширилаётган ишлар ёшларимиз учун улкан илмий мактаб вазифасини о‘тамоқда.
Бугун Самарқанд заминида Имом Бухорий номи билан бог‘лиқ улкан бунёдкорлик ишларининг амалга оширилиши ҳам халқимизнинг о‘з буюк аждодига бо‘лган юксак эҳтиромининг ифодасидир. Имом Бухорий мажмуасининг замон талаблари асосида қайта бунёд этилиши, уни илм-ма’рифат, тарбия ва зиёрат масканига айлантиришга қаратилган ишлар нафақат юртимиз, балки бутун ислом олами учун катта аҳамиятга эга.
Янги О‘збекистонда диний-ма’рифий соҳага бо‘лган муносабатнинг энг муҳим жиҳати шундаки, аждодлар мероси фақат тарихий фахр сифатида эмас, балки бугунги ва келажак авлод тарбиясига хизмат қиладиган улкан ма’навий хазина сифатида о‘рганилмоқда. Имом Бухорийнинг илмга садоқати, ҳақиқатни излашдаги матонати, ҳадисларни қабул қилишдаги юксак илмий мезонлари бугунги ёшларимиз учун ҳам ибрат мактабидир.
Со‘нгги йилларда юртимизда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Баҳовуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби каби қатор илм ва ма’рифат масканларининг ташкил этилгани ҳам ушбу сиёсатнинг узвий натижасидир.

Буларнинг барчаси замирида битта буюк мақсадни ко‘риш мумкин: ма’рифатли, о‘з тарихини биладиган, аждодлари мероси билан фахрланадиган, айни пайтда замонавий билим ва тафаккурга эга авлодни вояга етказиш. Биз, Ҳадис илми мактаби жамоаси, яратиб берилаётган бундай имкониятларни катта ишонч ва юксак мас’улият сифатида қабул қиламиз. Чунки буюк муҳаддислар юртида ҳадис илмини о‘рганиш ва о‘ргатиш фақат касбий вазифа эмас, балки аждодлар олдидаги ма’навий бурч ҳамдир.

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида ортга назар солиб, бугунги натижаларни сарҳисоб қилар эканмиз, истиқлолнинг қадрини яна бир бор теран ҳис этамиз. Агар мустақиллик халқимизга о‘з тақдирини о‘зи белгилаш ҳуқуқини берган бо‘лса, Янги О‘збекистондаги ислоҳотлар миллий ва диний-ма’рифий меросимизни чуқур о‘рганиш, уни дунёга муносиб тарзда намоён этиш учун янги имкониятлар эшигини очди. Эндиликда бизнинг вазифамиз – ана шу имкониятлардан самарали фойдаланиб, Имом Бухорий ва бошқа буюк алломаларимиз қолдирган илмий меросни янада чуқур тадқиқ этиш, унинг инсонпарварлик ва ма’рифатпарварлик г‘ояларини ёш авлод қалбига етказишдир. Зеро, о‘з о‘тмишини англаган, илмни қадрлаган ва ма’рифатга таянган халқнинг келажаги ҳамиша порлоқ бо‘лади.

Барот Амонов, Ҳадис илми мактаби ректори.

О‘збекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари