Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Ноябр, 2024   |   27 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:02
Қуёш
07:26
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:58
Хуфтон
18:17
Bismillah
28 Ноябр, 2024, 27 Жумадул аввал, 1446

ОҒИР КУНЛАРДА: Закотни муддатидан аввал бериш, карантинга амал қилиш зарурлиги ва нархни сунъий ошириш, миш-миш тарқатиш жоиз эмаслиги ҳақида

6.04.2020   4165   12 min.
ОҒИР КУНЛАРДА:  Закотни муддатидан аввал бериш,  карантинга амал қилиш зарурлиги  ва нархни сунъий ошириш,  миш-миш тарқатиш жоиз эмаслиги ҳақида

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Уламолар иттифоқ қилган қоида шуки, Ислом шариати ҳукмларининг мақсади бешта асосни ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, улар – жон, дин, насл, мол ва ақлдир. Шаръий истилоҳда улар “Беш зарурат”, деб номланади..

Барча самовий динлар ва соғлом ақл эгалари уларни асраб-авайлаш шартлиги борасида якдил фикрдалар. Жонни асраш борасида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

وَلاَ تُلْقُوا بِأيْدِيكُمْ إلَى التَّهْلُكَةِ [البقرة : 195] .

яъни: “...ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!” (Бақара сураси 195-оят).

Пайғамбар алайҳиссалом: “Зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ”, - деганлар (Имом Ибн Можа ва Имом Дорақутний ривоятлари). Жонни асраб-авайлаш тўғрисида булардан бошқа ҳам кўплаб диний кўрсатмалар мавжуд.

 

Турли миш-миш ва асоссиз маълумотларни тарқатиш ҳаром

Ислом шариатида турли миш-мишлар тарқатиш ва уни ривожлантириш қораланган. Чунки у, одамлар вабога қарши курашиш учун раҳбарларнинг атрофида жамланиб, жипслашиш зарур бўлган бир пайтда уларда, хавотир, иккиланиш ва саросима кабиларни келтириб чиқаради. Ҳолбуки ўзаро жипслик ҳар қандай жамиятнинг қувват таянчидир. Қуръони карим миш-миш тарқатувчи тоифанинг хатаридан огоҳлантирган ва уларни мунофиқлар, қалбида касали борлар қаторига қўшган. Уларнинг ҳаммасини ҳалокат билан қўрқитган:

"لَئِنْ لَمْ يَنْتَهِ الْمُنَافِقُونَ وَالَّذِينَ فِي قُلُوبِهِمْ مَرَضٌ وَالْمُرْجِفُونَ فِي الْمَدِينَةِ لَنُغْرِيَنَّكَ بِهِمْ ثُمَّ لا يُجَاوِرُونَكَ فِيهَا إِلا قَلِيلا" (الأحزاب: آية 60)

яъни: “Қасамки, агар мунофиқлар, дилларида бузуқлик бўлган кимсалар ва Мадинада миш-миш тарқатиб юрувчилар (ўз қилмишларидан) тийилмасалар, албатта, Биз Сизни уларга қарши қўзғатурмиз, сўнгра улар (Мадинада) озчиликдан бошқаси Сиз билан ёнма-ён тура олмай қолурлар” (Аҳзоб сураси 60-оят) 

Мазкур ояти каримадаги “Муржифлар” бугунги кун луғати билан айтганда миш-миш тарқатувчилардир. Шунинг учун ҳам шариатимиз тилни сақлаш, жамиятда бир хабар тарқатишдан аввал унинг оқибатлари ҳақида ўйлаб, аниқлик киритиб олишга буюрган. Аллоҳ таоло айтади: “Эй, имон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар” (Ҳужурот сураси, 6-оят).

Мана шу ояти каримада ҳар бир инсон эшитган гапини текшириб, унинг манбаси рост ёки ёлғон эканини билмасдан туриб гапирмасликка акс ҳолда ўзи билмаган равишда бошқаларга озор бериб, надомат ва пушаймонликка тушиб қолмасликка буюрилмоқда.

Қуръони Карим ўзига келаётган хабарларни текширмай, уни ким гапирганига эътибор бермай тарқатишни мунофиқликнинг белгиси деб санаган. Аллоҳ таоло: "Қачонки уларга эминлик ёки ҳақ тўғрисида бир иш-хабар етса, уни таратурлар. Агар уни Пайғамбарга ва ўзларидан бўлган ишбошиларга ҳавола қилганларида эди, улардан иш негизини биладиганлари уни англаб етар эдилар. Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганда, озгинангиздан бошқангиз шайтонга эргашиб кетар эдингиз" (Нисо сураси, 83-оят).

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло хабарларни тўғри ёки нотўғри эканига қатъий ишонч ҳосил қилмасдан туриб, шошма-шошарлик билан ўзгаларга тарқатишдан қайтармоқда.

Бундан шуни хулоса қиламизки ҳар бир инсон эшитган хабарлари тўғри ва  жамият ёки шахсларга зарар бермасагина уни тарқатишда аниқ ва ишончли манбаларга таяниш вожиб экан. Аммо хабар ёлғон бўлса ёки тўғри бўлсада уни тарқатиш оммага зарар келтирса, уни тарқатиш жоиз бўлмайди.

Ер юзининг аксар қисмига вабо тарқалган ҳозиргидек ҳолатларда одамларнинг қалбига хавф, қўрқинч ва умидсизлик соладиган хабарларни тарқатмаслик барчага баробар вожибдир.

 

Вабо тарқалганда нархларни сунъий равишда ошириш ҳаром

Вабо тарқалган даврда одамларни янада қийинчиликка дучор қилиш, айниқса, одамларни кундалик озуқаларини ва тиббиёт воситаларини қимматлаштириш оддий ҳолдаги иҳтикордан кўра гуноҳи қаттиқроқ ва оғирроқдир. 

“Иҳтикор” сўзи шаръан озиқ-овқат ва шунга ўҳшаш нарсаларни сотиб олиб, уни то нархлар қимматлагунгача бозорга чиқармай ушлаб туришдир. Иҳтикор шаръан ҳаромдир.  Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фақат хатокор (осий) кимсагина иҳтикор қилур”, – дедилар (Имом Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадисларида эса: “Кимки, бирор озуқа турини қирқ кеча иҳтикор қилса, у кимса Аллоҳдан безор эканини эълон қилибди, Аллоҳ ҳам ундан безор бўлибди. Ва қайси бир маҳалла аҳлидан бир киши қорни оч ҳолда тонг оттирса, демак, улардан Аллоҳнинг зиммаси (ҳимояси) кўтарилибди” дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Қолаверса, иҳтикорда одамларнинг молларини ботил йўл билан ейиш ва маҳсулотларни етишмаслиги сабаб кўпчиликни ваҳима ва саросимага тушириш бор.

Шунинг учун Ислом дини жамиятга зарар бўладиган ҳар қандай манополистик ҳатти-ҳаракатни ҳукумат томонидан тўхтатилишини ёқлайди. Шунингдек, бундай пайтда ҳукуматни нарх қўйишда ҳаддан ошганларни тартибга солиши динимиз талабига мувофиқдир. Чунки бунда кўпчилик одамларнинг манфаатлари ётади.

Шуни таъкидлаш керакки, баъзида одамларнинг ваҳима ва даҳшатга тушишлари ўзларига айни пайтда керак бўлмаган маҳсулотларни ҳам ҳарид қилишларига олиб келади. Бу эса, монополистлар томонидан нархларни кўтарилишига сабаб бўлади. Шунинг учун киши доимо исрофга йўл қўймаслиги ва ўртамиёна бўлиши талаб қилинади. Қийинчилик пайтида бу қоидаларга амал қилиш янада зарурроқ бўлади.

Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳуга одамлар гўштнинг нархи ошиб кетганини шикоят қилганларида, У зот: “Уни арзонлаштиринглар” дедилар. Шунда, одамлар: “Қандай арзонлатамиз, у бизни қўлимизда эмаску? ” деганларида. У зот: “Улардан гўшт сотиб олманглар, шунда арзонлашади” деб жавоб бердилар.

 

Пандемияда чиқарилган тартиб-қоида ва қарорларга амал қилиш вожиб.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُولِي الْأَمْرِ مِنْكُمْ

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!”, деб марҳамат қилган (Нисо сураси 59-оят).

Касаллик қайси юртда кенг тарқалса карантин вожиб бўлади. Бундай пайтда ишлар соҳа мутахассислари ва шифокорларга боғлиқ бўлиб, барчага расмий идоралар томонидан чиқарилган қонун-қоида ва чора-тадбирларга амал қилиш лозим бўлади. Биринчи навбатда касалликни кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳукумат томонидан жорий қилинган карантинга амал қилиш зарур.  

Бу масалага далил сифатида қуйидаги ҳадисни келтириш мумкин: Абдураҳмон инб Авф разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам вабо касаллиги борасида шундай деганлар: “Агар бир жойда касаллик (вабо) борлигини эшитсангиз у жойга борманг. Агар сиз турган жойда касаллик тарқалса, ундан қочиб бошқа жойга чиқиб кетманг” (Имом Бухорий ривоятлари).

Бу ҳадисдан очиқ-ойдин маълум бўлдики, вабо қаерда тарқалса, бирор-бир киши учун вабодан қочиб бошқа жойга бориши дуруст эмас. Агар киши вабо тарқалган жойдан ташқарида бўлса, ичкарига кириши дуруст эмас. Бу нарса вабо касаллиги тугагунгача давом этади.

Юқоридаги ҳадисни қуйидаги Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадиси шариф қўллаб-қуватлайди. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим: “Моховдан шердан қочгандек қочгин” деганлар.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг соғлом билан касални бир-бирига аралашмаслиги борасидаги кўрсатмаларини ҳатто ҳайвонот оламига ҳам тегишли экани кишини ҳайратга солади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай деганлар: “Киши касал туялар ёнига соғлом туяларини ҳайдаб бормасин ”

Фиқҳий қоидалардан бири шуки, “Айни пайтда саломатликка ва келажакда тинч-тотувликка сабаб бўладиган нарсага амал қилиш шариат ва ақл нуқтаи назаридан вожиб ҳисобланади”.

Ҳар қандай юқумли касалликка чалинган киши касаллигини бошқаларга ҳам юқтириб, соғлом инсонларга зарар етишига сабабчи бўлиб, натижада ўзи гуноҳкор бўлмаслиги учун ўзини нохуш сезган вақтида зудлик билан шифокорга мурожаат қилиши лозим бўлади.

 

 Шаръий ҳукмлар инсон манфаатларига зид эмас

Жума намози ва жамоат намозларига қатнашиш Исломнинг шиорларидан ҳисобланса-да, инсонлар манфаатини юзага келтириш ҳамда улардан зарарни даф қилиш – Пайғамбарларнинг юборилишидан кўзланган олий ҳикматдир.  Пайғамбарлар олиб келган аҳкомлар “Ўрни келганда инсон манфаатлари Ислом шиорларидан устун туриши”ни таъкидлайди. Жума намози фарз, жамоат бўлим намозларни адо этиш суннат бўлса, лекин уларни адо этиш билан зарар келиб чиқса, ана шу зарарнинг хавфи устун кўрилади ва инсонларни масжидларда тўпланишларидан қайтарилади.

Соҳа мутахассисларининг масжидда ёки бошқа жойларда одамларни бир жойда тўпланиши хатарли экани, вируснинг кенг тарқалиб кетишига сабаб бўлиши ҳақида тавсияларига биноан давлат мутасаддилари одамларни тўпланишларига чек қўйиш ҳақида қарор қабул қилса барча ушбу қарорга амал қилиши, гарчи жума ва жамоат намозларига бўлса ҳам хавф бартараф бўлгунига қадар тўпаланишдан сақланишлари лозим бўлади.

Ҳеч бир кимса ушбу қарорга қарши иш қилиши ҳалол эмас. Бу хоҳ масжид ичидан эшикларини қулфлаб, озчилик бўлиб жума ёки жамоат намозини адо этиш бўладими ёки масжид олдида ёки ҳовлисида ёхуд унинг ҳудудида тўпланибми фарқи йўқ. Буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг буйруқлари ва аҳкомларига очиқ қарши чиқишдир. Шунингдек, шариатга ва унинг қуйидаги қоидаларига қарши чиқишдир:

لا ضرر و لا ضرار

яъни: “Зарар кўриш ҳам, ўзгага зарар бериш ҳам йўқ”;

درء المفاسد مقدم على جلب المصالح

яъни: “Зарарни даф қилиш фойдани жалб қилишдан устундир”.

Шунга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши томонидан карантин даврида то вазият барқарорлашгунга қадар жамоат намозларини вақтинча масжидларда ўқимаслик ҳақида чиқарилган Фатво талабларига қарши хатти-ҳаракатларни амалга ошириш жоиз эмас.

 

Закотни вожиб бўлиш муддатидан аввал бериш жоиз

Ислом барча кўриниш ва шаклларда ижтимоий бирдамлик тамойилини қўллаб-қувватлайди. Агар уни одатдаги пайтларда қўллаб-қувватласа, у хавфсизликка эришгунга қадар ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликка муҳтож бўлган инқироз, пандемия, фавқулодда ва оғир вазиятларда уни фарз қилади.

Қолаверса, меҳр-мурувватнинг энг кўзга кўринган шакллари бу – эпидемиянинг тарқалишидан азият чекканларга, бева аёлларга, муҳтожларга ғамхўрлик кўрсатиш каби хайрли ишлардир.

Шунингдек, сурункали хасталар ҳамда муҳтож бўлган нарсаларига эриша олмайдиган кексаларга хайрия маблағлари, хайр-эҳсон ёки закот маблағларидан ёрдам бериш лозим.

Жумҳур уламоларнинг фикри шундан иборатки, бир ёки икки йил учун аввалдан закотни адо этиш жоиз. Бугунги кунда шундай фатво беришга эҳтиёж ҳам мавжуд. Бунинг жоизлигига Имом Aбу Довуд ва бошқалар ривоят қилган: “Aббос ибн Aбдулмутталибнинг Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан закотини аввалдан беришга рухсат сўраганларида У зот унга изн берганларлари” ҳақидаги ҳадис далолат қилади.

Демак, закот пулларини белгиланган муддатдан олдин камбағаллар ва эҳтиёжмандлар манфаати учун аввалдан адо этиш шаръан мустаҳаб ишдир. Бу – “COVID-19” пандемияси дунёни қамраб олган ва ёрдамга муҳтож ва камбағалларнинг кўплари зарар кўрган бир пайтда уларнинг эҳтиёжларини қондириш шариатнинг олий мақсадларидан. Фитр садақасига келсак, у Рамазон ойининг биринчи кунидан бошлаб охирги кунигача адо этилиши мумкин.

                Аллоҳ таоло тез кунларда дунё халқлари устидан хусусан, юртимиздан коронавирус балосини даф этсин. Ушбу дардга мубтало бўлган беморларга шифои комил ато айласин. Ҳалқимизни ушбу балони олдини олишда ҳамжиҳат бўлиб, ундан сақланиш борасидаги тавсияларга астойдил амал қилишларига тавфиқ ато этсин.

                Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Закотини бермаган жаннатга кирмай қоладими?

26.11.2024   1313   6 min.
Закотини бермаган жаннатга кирмай қоладими?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَا مِنْ صَاحِبِ ذَهَبٍ وَلَا فِضَّةٍ لَا يُؤَدِّي مِنْهَا حَقَّهَا إِلَّا إِذَا كَانَ يَوْمُ الْقِيَامَةِ صُفِّحَتْ لَهُ صَفَائِحَ مِنْ نَارٍ، فَأُحْمِيَ عَلَيْهَا فِي نَارِ جَهَنَّمَ، فَيُكْوَى بِهَا جَنْبُهُ وَجَبِينُهُ وَظَهْرُهُ، كُلَّمَا بَرَدَتْ أُعِيدَتْ لَهُ، فِي يَوْمٍ كَانَ مِقْدَارُهُ خَمْسِينَ أَلْفَ سَنَةٍ حَتَّى يُقْضَى بَيْنَ الْعِبَادِ، فَيَرَى سَبِيلَهُ إِمَّا إِلَى الْجَنَّةِ وَإِمَّا إِلَى النَّارِ. قِيلَ: يَا رَسُولَ، اللهِ فَالْإِبِلُ؟ قَالَ: وَلَا صَاحِبِ إِبِلٍ لَا يُؤَدِّي مِنْهَا حَقَّهَا، وَمِنْ حَقِّهَا حَلَبُهَا يَوْمَ وِرْدِهَا، إِلَّا إِذَا كَانَ يَوْمُ الْقِيَامَةِ بُطِحَ لَهَا بِقَاعٍ قَرْقَرٍ أَوْفَرَ مَا كَانَتْ لَا يَفْقِدُ مِنْهَا فَصِيلًا وَاحِدًا، تَطَؤُهُ بِأَخْفَافِهَا وَتَعَضُّهُ بِأَفْوَاهِهَا، كُلَّمَا مَرَّ عَلَيْهِ أُولَاهَا رُدَّ عَلَيْهِ أُخْرَاهَا فِي يَوْمٍ كَانَ مِقْدَارُهُ خَمْسِينَ أَلْفَ سَنَةٍ حَتَّى يُقْضَى بَيْنَ الْعِبَادِ، فَيَرَى سَبِيلَهُ إِمَّا إِلَى الْجَنَّةِ وَإِمَّا إِلَى النَّارِ. قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ، فَالْبَقَرُ وَالْغَنَمُ؟ قَالَ: وَلَا صَاحِبِ بَقَرٍ وَلَا غَنَمٍ لَا يُؤَدِّي مِنْهَا حَقَّهَا، إِلَّا إِذَا كَانَ يَوْمُ الْقِيَامَةِ بُطِحَ لَهَا بِقَاعٍ قَرْقَرٍ لَا يَفْقِدُ مِنْهَا شَيْئًا، لَيْسَ فِيهَا عَقْصَاءُ وَلَا جَلْحَاءُ وَلَا عَضْبَاءُ، تَنْطَحُهُ بِقُرُونِهَا، وَتَطَؤُهُ بِأَظْلَافِهَا، كُلَّمَا مَرَّ عَلَيْهِ أُولَاهَا رُدَّ عَلَيْهِ أُخْرَاهَا، فِي يَوْمٍ كَانَ مِقْدَارُهُ خَمْسِينَ أَلْفَ سَنَةٍ حَتَّى يُقْضَى بَيْنَ الْعِبَادِ، فَيَرَى سَبِيلَهُ إِمَّا إِلَى الْجَنَّةِ وَإِمَّا إِلَى النَّارِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир тилла ёки кумуш соҳиби унинг ҳаққини адо этмас экан, албатта, қиёмат кунида унинг учун оловдан бўлган тахтачалар тайёрланади. Улар жаҳаннам оловида қиздирилади. Сўнгра улар пешонасига, икки ёнбошига ва орқасига босилади. Совиб қолиши билан (яна қайтадан қиздирилиб,) унга қайтарилади. Миқдори эллик минг йил бўлган кунда одамлар орасида ҳукм чиқарилгунча шундай қилинади. Кейин йўлини билади: ёки  жаннатга ёки дўзахга бўлади», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, туя-чи?» дейилди. У зот: «Қайси бир туя соҳиби ҳам унинг ҳаққини бермаса, сувга борган куни уни соғиш ҳам ҳаққидандир. Албатта, қачон қиёмат куни бўлса, уни у(туя)ларнинг олдига теп-текис, сип-силлиқ ерга ташлаб берилади. Уларнинг ҳаммаси, битта бўталоғи ҳам қолмай, тўлиқ бўлади. Уни туёқлари билан босадилар, оғизлари билан тишлайдилар. Унинг устидан бири ўтса, бошқаси қайтиб келаверади. Миқдори эллик минг йил бўлган кунда, одамлар орасида ҳукм чиқарилгунча шундай қилинади. Кейин йўлини билади: ёки жаннатга ёки  дўзахга бўлади», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, қорамол ва қўй-чи?» дейилди.

«Қайси бир қорамол ва қўй соҳиби ҳам ундан ҳаққини бермаса, албатта, қиёмат куни бўлганда у уларнинг олдига теп-текис, сип-силлиқ ерга ташлаб берилади. Улардан бирортаси ҳам қолмайди. Уларнинг ичида шохи буралгани, шохсизи, шохи сингани бўлмайди. Уларнинг ҳаммаси шохи билан уни сузади ва туёғи билан тепкилайди. Унинг устидан бири ўтса, бошқаси қайтиб келаверади. Эллик минг йил бўлган кунда, одамлар орасида ҳукм чиқарилгунча шундай қилинади. Кейин йўлини кўради: ёки жаннатга, ёки  дўзахга», дедилар» (Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган).

Бу ҳадиси шарифда закотни бермаган кишиларнинг ҳоли қиёмат куни қандай бўлиши жуда жонли тарзда васф қилинмоқда.

Қиёмат кунининг сифатларидан бири – миқдори эллик минг йил бўлган кундир. Ўша куни одамларнинг ҳаммаси тўпланиб, уларнинг ҳисоб-китоби битиб, жаннатий ёки дўзахий эканлиги ҳақида ҳукми илоҳий чиққунича ҳозирги дунё кунлари билан ҳисобланганда ана шунча муддат ўтади.

Бу дунёда закоти берилмаган олтин ва кумушлар қиёмат куни оловдан бўлган тахтачалар ҳолига келтирилиб, жаҳаннам оташида яна роса қиздирилиб, ўз эгасининг пешонасига, ёнбошларига ва орқасига босилар, унинг ўша аъзолари жизғинак қилиб куйдирилар экан. Агар у тахтачалар сал совиб қолса, яна қайтадан қиздирилар ва яна шиддат билан босилар экан. Шу ҳолат бу дунёнинг ҳисоби билан ҳисоблаганда, эллик минг йил давом этар экан.

Сўнгра ҳукм чиқиб, мазкур закотни бермаган одам дўзахий бўлса, дўзахнинг азобини тортгани равона бўлар экан. Агар Аллоҳ раҳм қилиб, бошқа амаллари кўплиги учун жаннатга ҳукм қилса, миқдори эллик минг йил бўлган кундаги тортган азоби билан қутулиб қолар экан.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу баённи эшитганлар туясининг закотини бермаганларнинг ҳоли нечук бўлишини сўрадилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳолини ҳам батафсил баён қилиб бердилар.

Сўнгра саҳобаи киромлар қорамол ва қўйларнинг закотини адо этмаганларнинг ҳоли қандай бўлишини сўрадилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бунга ҳам батафсил жавоб бердилар.

Ушбу ҳадисда Маҳшар куни закоти чиқарилиши фарз бўлган молу мулкнинг уч тоифаси бўйича закотни адо этмаганларнинг ҳоли қандай бўлиши васф қилинмоқда. Улар бутун халойиқнинг олдида шармандаи шармисор бўлиб, шунчалар азоб тортишар экан.

Албатта, бошқа тоифадаги мол-мулкнинг закотини бермаганлар ҳам муносиб жазо тортишлари турган гап. Тўғри, улар жаннатга киришлари мумкин. Лекин жаннатга киргунча шунча вақт азоб тортиш осонми?! Қолаверса, закотни бермаган банданинг жаннатга кирмай қолиш хавфи устун. Шунинг учун бу дунёда закотни ўз вақтида адо этишга ҳаракат қилмоқ зарур.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Мақолалар