Кичик сарлавҳа сифатида келтирилган бу мақолни бугун ҳеч иккиланмай тиббиёт ходимлари ва тегишли мутасадди соҳалар вакиллари ҳамда имом-хатибларимизга қарата айтишимиз мумкин. Чунки улар кунни тунга, тунни тонгга улаб, шу юртнинг ҳар бир фуқароси соғлиғи учун қайғуришмоқда. Улар – бугунги кун ҚАҲРАМОНЛАРИдир!
Бугун бутун дунё бир бўлиб мудҳиш иллат – коронавирусга қарши курашмоқда. Афсуски, COVID-19инфекцияси юртимизда ҳам тарқалиб, одамларнинг тинчини бузди. Ўттиз тўрт миллиондан зиёд аҳоли муҳтарам Юртбошимиз атрофида жипслашиб, бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳатликда бу ўлатни енгишга киришди.
Коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида карантин ҳолати эълон қилинганидан кейинимом-хатибларимиз ҳам халқ орасида бўлиб, имконият даражасида эҳтиёжманд фуқароларга кўмаклашиб, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаётганини кўриб беихтиёр тўлқинланиб кетасан киши. Айниқса, ўз маблағлари ҳисобидан тиббиёт ниқоблари, зарур дори-дармонларни аҳолининг муҳтож қатламларига етказиб бериш асносида уларга хавотирга тушмасликни, бу бир синов эканини, албатта, бундай кунлар тез орада ортда қолишини тушунтиришмоқда. Бу жараённинг бевосита ичида юриб хаёлимга ҳазрат Алишер Навоий бобомизнинг “Футувват – барча қилмакдир, демак йўқ”деган сўзлари келди. Дарҳақиқат, муқаддас динимизнинг ҳам асл моҳияти шу – Ҳақ ризолиги учун халққа хизмат қилиш.
Бундай хайрли ишлардан, табиийки, одамларимиз хурсанд бўлишмоқда.Имомларимизга: “Шунча хайрли ишлар қилибсиз, инсонлар ташаккур айтишяпти”, десангиз, улар: “Савоб иш қилиб, мақтаниш тўғри келмайди”; “Халқ ичидамиз”; “Зиммамиздаги вазифани бажаряпмиз, холос” каби жавобларни беришяпти. Аксарият имомларимиз амалга оширган эзгу ишларини ҳисобот тарзида беришга ҳам хижолат бўлишмоқда. Шундай фидойи инсонлар бор экан, биз ҳеч қачон енгилмаймиз! Шундай фарзандларни тарбиялаган ота-оналарига МИНГ РАҲМАТ! Ҳеч шубҳасиз, бундай инсонларни, яъни ўнг қўли билан берган садақасини чап қўли сезмайдиган кишиларни Қиёмат куни асло соя бўлмаган пайтда Аллоҳ таоло Аршининг соясига олади. Бу ҳақда Имом Бухорий бобомиз ривоят қилганлар.
Вирус тарқалганидан кейин ҳар куни ойнаи жаҳон орқали карантин пайтида нималарга риоя қилиш зарурлиги ҳақида ижтимоий роликлар эфирга узатиляпти. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқлар, интернет сайтлари орқали ҳам турли хабарлар тарқатиляпти. Хўш, бундай вазиятда мўмин-мусулмон киши қандай йўл тутиши керак? Инфекция тарқалибди, карантин пайти фалон сайт ундай дебди, писмадони бундай тавсияларни тарқатяпти, деб ҳар қандай маълумотга ишониб, ҳар қандай тавсияга риоя қилавериши керакми? Бу ҳақда динимиз кўрсатмалари қандай?
“Итоат ҳам – ибодатдир”
Исломда мусулмонлар ўз раҳбарларига, айни ҳозирги ҳолатда ҳар бир киши табиб-шифокорлар кўрсатмаларига ҳам қатъий риоя этишлари зарур ва шарт! Ушбу касалликнинг олдини олиш бўйича шифокорлар қандай йўл-йўриқ ва тавсиялар беришса, уларга амал қилишимиз лозим. Зеро, ояти каримада: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!” –деб марҳамат қилинади (Нисо сураси 59 оят).
Динимизда итоат бежиз ибодат даражасига кўтарилмаган. Чунончи, шоир айтганидек: “Ибодат не? Яратганга итоат ҳам – ибодатдир, Ҳақиқий бандалик бирлан садоқат ҳам – ибодатдир”.
Исломда покликка шунчалик эътибор қаратиладики, у ибодат даражасига, ҳатто имон (!) даражасига олиб чиқилган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Поклик – имоннинг ярмидир”, – дедилар. Бошқа бир ҳадиси шарифларида: “Аллоҳ таоло– покдир ва покликни яхши кўради”, – дейилган.
Бугун ҳар қадамда ана шу ҳадисларнинг амалдаги инъикосини кўраётгандекмиз. Аслида, халқимиз қадимдан покликни жуда қадрлаб келган. Бобо-бувиларимиз, ота-оналаримизнинг тозалик ҳақидаги панду насиҳатлари шууримизга шу қадар сингиб кетганки, бу амаллар ҳаётимизнинг мазмунига айланиб улгурган.
Олтинга тенг бу панду ўгитларни бугун фарзандларимизнинг, набираю абираларимизнинг қулоғига қуйишимиз керак. Вирусдан сақланиш учун ниқоб тақиб, қўлларни яхшилаб совунлаб ювишга эътибор қаратишимиз даркор!
Юртимиздаги ҳар бир мўмин-мусулмон ортиқча ваҳимага берилиб, саросимага тушмасдан, динимизга ҳам, қонун-қоидаларимизга ҳам, миллий қадриятларимизга ҳам, шарқона одоб-ахлоқимизга ҳам тўғри келмайдиган ҳаракатлар қилмасдан, балки уни ўрнига ўзимизга ҳам, оила аъзоларимизга ҳам тозалик-озодаликни лозим тутиб, гигиена қоидаларига қатъий риоя этсак, иншоаллоҳ, бу бало тезда юртимиздан даф бўлади.
“Кўпнинг дуоси – кўл”
Халқимизда яхши бир одат шаклланган: иши юришмай қолган киши ҳам, янги иш бошламоқчи бўлган ҳам, бошига оғир кунлар тушган одам ҳам дарҳол ёши улуғ кишилардан,оз бўлсада қийналганлардан, табаррук одамлардан дуо олишга шошилади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки дуода гап кўп... “Дуо билан эл кўкарар, ёмғир билан – ер”, “Кўпнинг дуоси – кўл”, “Олтин олма, дуо ол” каби доно халқимизнинг мақоллари дуонинг аҳамияти нечоғли юксак эканини ифодалайди.
Ҳозир қамарий тақвим ҳисоби бўйича шаъбон ойида турибмиз. Халқимиз бу ойни қадимдан жуда улуғлаб келади. Бу ойда “бароат кечаси” бор. Бароат кечасида Аллоҳ азза ва жалла бандаларига раҳмат назари билан қарайди; бир йил ичида бўладиган ишлар ҳақида қазою қадар ҳукм қилинади; амаллар саҳифалари Аллоҳ таолонинг ҳузурига кўтарилади; Аллоҳ таоло мушрик, гиначи ва силаи раҳмни узувчилардан бошқа барчани мағфират қилади; Аллоҳ таолонинг раҳмати Ер юзига ёғилади, деб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар.
Жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шаъбон ойининг кечасида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилишини айтганлар: “Қани: истиғфор айтувчилар борми, уларни мағфират қиламан?! Қани: ризқ сўровчилар борми, уларга ризқ бераман?! Қани: бошига мушкул иш тушганлар борми, уларга офият бераман?! Қани: бирор нарса сўровчилар борми, уларга сўраганларини бераман?!”(Имом Ибн Можа ривояти).
Улуғ ва фазилатли ойнинг шарофатидан, муқаддас динимиз ҳурматидан аждодларимиз Шаъбон (Бароат) ойида туғилган фарзанд-невараларига “Барот”, “Бароатуллоҳ”, “Бўрот”, “Баратбек”, “Бароат”, “Баротхон”, “Муҳаммаджон”, “Расулжон”, “Набижон”, “Омина”, “Ойша”, “Фотима” деб исм қўйишган. Демак, Шаъбон ойи – фазилатли ой экан.
Бароат баракали ва улуғ ой бўлиб, ундаги озгина яхши амал эвазига кўплаб ажру савоблар берилади. Ибодатлар ва дуолар ижобат бўлади. Бароат ойида нафл рўза тутиш ҳам савобли иш ҳисобланади. Ҳадис китобларида келтирилган баъзи ривоятларда Шаъбон ойида рўза тутганларга улкан савоблар ваъда қилинган. Кўп ҳадиси шарифларда келган тавсиялар ушбу муборак ва улуғ ойнинг кечаларини тоат-ибодатда, зикр ва дуоларда ўтказишга қаратилган. Шунингдек, бу муборак ойда асосий қилинадиган нарса тавба-тазарру эканлиги алоҳида таъкидланган. Аллоҳ таоло бароат ойида, айниқса, гуноҳ ишлардан сақланишга, мазкур ойни имкон қадар кўпроқ ибодат, зикруллоҳ билан ўтказишга буюради.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак сўзларини шундай фазилатли ойларда эсласак, фойдадан холи бўлмас:
– “Ким мусулмонларнинг дардини ўз дарди дея билмаса, улар биздан эмас” (ИмомТабароний ривояти);
– “Энг фазилатли ибодат – бошига тушган бир қийинчиликнинг кеткизилишини дуо қилиб кутишдир” (Имом Термизий ривояти);
– “Аллоҳ таоло Ундан ҳеч нарса дуо қилиб сўрамайдигандан ғазабланади” (Имом Термизий ривояти);.
– “Садақа балони қайтаради”;
– “Кимки доимо Аллоҳга истиғфор айтиб юрар экан, Аллоҳ таоло ҳар қандай қийин вазиятдан чиқиш йўлини унга кўрсатади. Мусибатларини енгиллаштиради (кўтаради) ва кутмаган тарафидан мерос (неъмат, ризқ) жўнатади” (Имом Абу Довуд ривояти);
– “Икки дуо борки, у дуолар билан Аллоҳ орасида қабули учун ҳеч бир парда йўқ. Бири – мазлум (зулмга учраган)нинг дуоси; иккинчиси – мўминнинг бошқа мўмин биродари ҳақига қилган махфий дуоси”;
– “Дуо бошга келган ва келмаган ҳар нарсага қарши фойдалидир. Қазо(тақдир)ни фақат дуо олдини олади. Инчунин, дуога маҳкам ёпишинг!” (Имом Термизий ривояти).
Ҳикмат излаганга...
Бир тафаккур қилайлик. “Бирни қараб шукр қил, бирни қараб фикр қил” деганларидай, миллатига, динига, ирқига, жинсига, ижтимоий ҳолатига, турар жойига, ёшига қарамасдан, инсон зотини аямасдан, коронавирус безовта қилаётган ҳолатлардан ҳар қандай ақлли одам ўзига ўзи тўғри, етарли ва ақлли хулосасини чиқариб олади.
Энди ушбу коронавирус COVID-19 балосидан ҳам, бошқа иллатлардан ҳам ўзимизни, оиламизни, юртимизни асрашимиз учун “Асранганни асрайман” деган Буюк Парвадигори оламнинг амрларига, Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тавсияларига амал этиб, аввало раҳбарларимизга бўйсунишимиз лозим. Ишлаб турган соҳамиздан, эгаллаб турган лавозимимиздан, эришган мавқеимиздан қатъий назар.
Шу билан бирга COVID-19 коронавирусини оддий кўз билан кўриш иложиси йўқ бўлиб, фақатгина микроскоп кўзи билан кўриш мумкинлигидай, иллатларни ҳам оддий кўз билан қараб эмас, балки ҳар бир ишимизга қалб кўзимиз билан қарасакгина, муҳтарам Юртбошимизнинг иборалари билан айтганда, ҳалоллик вакцинаси билангина даволансак бўлади.
Ҳар бир ишдан, ҳар бир яхшилигу ёмонликдан ҳикмат ахтаришга одатланган халқмиз, алҳамдулиллаҳ. Бу борада ўзимизга Жалолиддин Румий ҳазратларининг “Ҳикмат излаганга – ҳикматдир дунё” деган сўзларини шиор қилиб олганмиз. Шунга кўра, албатта, бу синовли кунлардан ҳам иложи борича ҳикмат излаб яшайлик. Зеро, бизга ёмон кўринган нарса замирида яхшилик бордир. Аллоҳ таоло Ўзининг каломи –Қуръони каримда марҳамат қилади: “Балким, сизлар ёқтирмаган нарса (аслида) ўзларингиз учун яхши, ёқтирган нарсангиз эса (аслида) сизлар учун ёмон бўлиб чиқар. Аллоҳ билур, сизлар эса билмайсизлар”(Бақара сураси 216-оят).
Хулоса
Азизлар, бундай улуғ ойлар – Бароат ойларини, фазилатли кунларни ғанимат билиб, юртимизнинг, эл-халқимизнинг, маҳалламизнинг, оиламизнинг, қариндошларимизнинг, қўшниларимизнинг, дўстларимизнинг, яқинларимизнинг, Ер юзидаги барча инсонларнинг ҳақларига Яратгандан яхши тилаклар сўрайлик…
Илоҳо, жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз фаровонлиги йўлида олиб борилаётган барча хайрли ишларда Аллоҳ таоло мададкор бўлсин! Парвардигори олам барча беморларимизга Ўзи шифо берсин! Коронавирус инфекциясини тез ва қисқа фурсатда даф этиб, турли бало-қазо, офату кулфат, туҳматлардан, ёмон кўз, ёмон сўзлардан, фитналардан, дардлардан, иллатлардан, турли вируслардан Ўзи асрасин!
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Манба: http://uza.uz
Эргашилаётган мазҳаб соҳибларининг бу хусусда айтган сўзлари
«Фатавои ҳиндийя» китобида ҳанафий олимларинииг келтиришларича: «Маййит дафн этилгач, қабр олдида бир ҳайвонни сўйиб, гўштини тақсимлаб бўлгунча муддатда тиловат қилиб, маййитга дуо қилиш мустаҳабдир».
Муҳаммад ибн Ҳасан: «Ҳанафий мазҳаби машойихлари мана шу сўзни олишган», дедилар.
Аммо моликий мазҳаби машойихлари наздидаги эътимодли нарса бу амалнинг мустаҳаб эканлигидир.
Дасуқийнинг «Шарҳул кабийр»га ёзган хошиясида Ибн Ҳабиб мазкур амални «маҳбуб» деб атаган ва: «Агар имом Молик ушбу амални суннат қилиб олган кишини билсалар, кариҳ кўрардилар», деган.
Ушбу сўзни Ибн Рушд ҳам нақл қилган. Худди мана шу сўзни Ибн Юнус ҳам нақл қилган. Имом Лаҳмий эса «Қироат маҳбуб», деб эшитишни аъло кўрмаган. Ибн Ҳабиб Ёсин сурасини ўқишни «маҳбуб» деганлар. Бу икковларидан бошқаларнинг сўзларидан ҳам қироат мутлақ ҳолатда маҳбуб экани билинади.
Ваззоний Моликий «Навозилус-суғро» китобида келтиришича, қабрдаги қироат хусусида Ибн Рушд «Ажвиба» китобида, Ибн Арабий «Аҳкамул Қуръон» китобида, Фуртубий «Тазкира» китобида мисоллар келтириб, маййитнинг – хоҳ қабрда бўлсин, хоҳ уйида бўлсин, – қироатдан манфаат олиши айтилган.
Ушбу фикрни моликий мазҳабининг кўплаб уламолари ҳам нақл қилишган. Улар орасида Абу Саъид ибн Лубб, Ибн Ҳубайб, Ибн Ҳожиб, Лахмий, Ибн Арафа, Ибн Мавок ва бошқалар ҳам бор.
Шофеъий мазҳаби уламоларидан имом Нававий «Мажмуъ» китобида қуйидагиларни айтади:
«Қабрларни зиёрат қилувчилар учун аввало салом бериш ва зиёрат қилаётганда барча қабр аҳлига дуо қилиш мустаҳабдир. Ана шу саломи ва дуоси ҳадисдаги нарсаларга мувофиқ бўлиши лозим. Ва Қуръондан муяссар бўлганича ўқиб, ортидан дуо қилиши керак». Имом Шофеъий ва у кишининг соҳиблари мана шунга иттифоқ қилиб, далил келтиришган.
Имом Нававий «Ал-Азкор» китобида келтиришларича, маййит дафн қилиб бўлингач, бир ҳайвонни сўйиб, тақсимлангунича муддатда унинг ҳузурида ўтириш мустаҳаб амалдир. Ўтирганлар эса Қуръон тиловати, маййитга дуо, ваъз, хайр аҳлининг ҳикоялари ва солиҳларнинг ҳолатлари ҳақидаги суҳбатга машғул бўлишади. Имом Шофеъий ва у зотнинг асҳоблари: «Қуръондан баъзи қисмлар ўқилади. Агар Қуръоннинг барчаси хатм қилинса, яхшироқ бўлади», деб таъкидлашган.
Шунингдек, ҳанбалий олимлар ҳам қабр олдида Қуръон тиловатининг жоизлигини айтишган.
Аллома Мирдовий «Инсоф» китобида: «Қабр олдида қироат қилиш, икки ривоятнинг саҳиҳроғига қараганда, кароҳиятли эмас», деб айтган.
«Фуруъ» китобида имом Аҳмад ҳам далил келтирганлар. Ушбу китобнинг шарҳида: «Бу имом Аҳмаддан машҳурдир», дейилган.
Халлол ва у кишининг соҳиблари: «Қироат кароҳиятли эмас», дейишган. Кўпгина соҳиблар ҳам шунга иттифоқ қилишган. Улардан бири имом Қозий бўлиб, у киши бу фикрни «Важиз», «Фуруъ», «Муғний», «Шарҳ» китобларида келтирган. Ибн Тамим эса «Фоиқ»да келтирган.
Сийрат, таржимаи ҳоллар ва тарих китобларини ўқиганлар ҳам салафларнинг бу хусусдаги амалларини ва умматнинг ҳеч қандай инкорсиз унга эргашганларини, хусусан, Ҳанбалий ва аҳли ҳадис бўлмиш биродарларнинг ҳам бунга мувофиқ эканини кўради. Биз сўзимизнинг тасдиғи учун Ҳофиз Заҳабийнинг «Сияру аъломун-нубало» китобида Абу Жаъфар Ҳошимий Ҳанбалий (ҳижрий 470 йилда вафот этган) ҳақида ёзилган баъзи маълумотларни келтириш билан кифояланамиз. Бу зот ўз асрларида ҳанбалийларнинг шайхи бўлган. Вафот этганларида имом Аҳмаднинг қабрлари ёнига дафн этилганлар. Одамлар бир муддат у зотнинг қабрларини лозим тутиб ўтиришган. Айтилишича, қабрлари устида ўн мингта хатми Қуръон қилинган.
Ҳатто «Қабр олдида Қуръон тиловати бидъат ва бундай қилиш салаф ҳамда халафларнинг ишига хилоф», деган шайх Ибн Таймия вафот этганида ҳам қабри ва уйида хатми Қуръон қилинган. Буни Абдул Ҳодий Ҳанбалий ва бошқалар зикр қилишган.
Шунингдек, маййитга талқин қилиб туриш ҳам мустаҳаб амалдир. Рошид ибн Саъд, Замра ибн Ҳабиб ва Ҳаким ибн Умайрдан ривоят қилинади. Улар Химс аҳлидан бўлган тобеъинлардан эди. Улар: «Маййитни ерга қўйиб, устидан тупроқ тортилганидан кейин, одамлар тарқалишгач, ўша маййитнинг қабри устида туриб: «Эй фалончи! «Лаа илааҳа иллаллоҳу, ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу», деб уч марта айт. Эй фалончи! «Роббим Аллоҳ, диним Ислом, Набийим Муҳаммад алайҳиссалом», деб айтгин», дейди-да, кейин тарқалади», деб айтишган.
Абу Умома Бохилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши шундай дедилар: «Агар вафот этсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўликларга бажарилишини буюрган нарсаларни менга ҳам бажаринглар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга қуйидагиларни буюрдилар: «Агар биродарларингиздан бири вафот этса, қабрига тупроқ тортилгач, ичингиздан бири қабр бошида турсин-да, сўнгра: «Эй фалончи ўғли фалончи», десин. У эшитади-ю, аммо жавоб бера олмайди. «Эй фалончи ўғли фалончи», десин. Шунда ҳалиги киши ўтириб олади. «Эй фалончи ўғли фалончи», десин. Маййит: «Аллоҳ раҳмат қилгур, бизни тўғри йўлга бошла», дейди, лекин сизлар буни ҳис қилмайсизлар. Шунда атрофдагилар: «Дунёдан чиқаётганингдаги нарсани зикр қил. Яъни «Лаа илааҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ». Сен Аллоҳни Робб деб, Исломни дин деб, Муҳаммад алайҳиссаломни Набий деб, Қуръонни имом деб рози бўлгансан», десин. Чунки Мункар ва Накирнинг ҳар бири ўз соҳибининг қўлидан ушлаб: «Биз билан юр. Ҳужжати талқин қилинган кишининг ҳузурига бизни ўтирғизилмайди», дейди. Аллоҳ таоло унинг ҳужжатини иккови орасида тўсиқ қилади». Шунда бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули!
Агар онасини билмаса-чи?» деган эди, у зот: «(Бутун инсониятнинг онаси бўлмиш) Ҳаввога нисбат бериб: «Эй Ҳавво ўғли фалончи», дейилади», дедилар».
Ҳофиз ибн Ҳажар ушбу ҳадиснинг санадини «солиҳ» деганлар. Имом Зиё ҳам «Аҳком»ларида уни «кучли» деганлар.
Имом Нававий «Равза» китобида ушбу ҳадисни «заиф» деганлар. Лекин фазилат ҳақидаги ҳадисларда илм аҳли бўлмиш муҳаддис томонидан ишлатишга рухсат берилган. Ушбу ҳадисни бошқа саҳиҳ ҳадислар мустаҳкамлайди. Масалан, «Ўликларга субутни сўранглар» деган ҳадис ёки Амр ибн Оснинг васиятлари каби. Шом аҳли бу талқинга аввалги аср, яъни эргашиладиганлар замонидан буён амал қилиб келишади. Аллоҳ таоло: «Эслатгин, чунки эслатма мўминларга манфаат беради», деган (Зориёт сураси, 55-оят). Демак, банда эслатмага бу ҳолатда ундан-да ҳожатлироқдир.
Ибн Қайюм «Руҳ» номли китобида қуйидагиларни айтадилар: "Одамлар қадим пайтлардан то ҳозирги вақтимизгача, ҳадис собит бўлмаса ҳам, барча шаҳар ва асрларда ҳеч қандай инкорсиз бунга амал қилиб келишмоқда. Бу уммат мағрибдан машриққача ушбу одатни татбиқ қилган. У умматларнинг ақл ва маърифат жиҳатидан энг мукаммали бўлиб, ҳеч қачон эшитмайдиган ва ақл юритмайдиган кишига хитоб қилмайди. Бу нарсани бирор инкор қилувчи инкор ҳам қила олмайди. Балки бу аввалгиларнинг кейингиларга суннати бўлиб, кейингилар аввалгиларга эргашишади".
Кейинги мавзу:
Ўлганларга атаб Қуръон тиловат қилишнинг ҳукми;
Мавлид ва бидъат ҳақидаги ихтилоф.