Бугун бутун дунё аҳлини ташвишга солаётган коронавирус эпидемияси юртимизда қандай кечаётганига бир назар солсак. Ҳукуматимиз томонидан уни бартараф этиш бўйича бир қанча қарорлар қабул қилиниб, зарурий чора тадбирлар амалга оширилмоқда. Тиббиёт ва бошқа соҳа вакиллари азиз жонларини хатарга қўйиб, беморларни даволаш учун бор имкониятларини ишга солмоқдалар. Хўш, бугунги кунда аҳолини кўпроқ нима ташвишга солмоқда.
Аввало, кишиларимиз касалликни юқтириб олиш, озиқ-овкат маҳсулотлари етишмаслигидан хавф сирамоқдалар. Аслида бу нарсалар беҳуда ваҳимага арзирмикан. Биз мўмин-мусулмонлар эътиқод бўйича касаллик фақат Аллоҳ таолонинг иродаси билан етиши, ризқни ҳам Аллоҳ таоло беришига имон келтирамиз.
Жоҳилият аҳлида “Хасталикларда ўзига яраша қувват бор, улар бир кишидан иккинчисига ўша қувват ёрдамида ўтади”, деган эътиқод бўлган. Ислом таълимоти бўйича эса хасталик Аллоҳ ирода қилсагина юқади. Худди шу маъно Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида “Касаллик юқиши йўқ” деган муборак сўзларида мужассам бўлган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Касаллик юқиши йўқ, бойқуш йўқ, навъу йўқ ва софар йўқ”, дедилар (Учовлари ривоят қилган).
Демак, касаллик ўзича юқмаслиги эътиқод масаласи, касаллик юқишидан эҳтиёт бўлиш эса динимиз биздан амал қилишни талаб қилган амал экан.
Бугунги оғир вазиятда халқимиз биргаликда курашиб, қаҳрамонликлар кўрсатмоқда десак, муболаға бўлмайди. Бу қаҳрамонлик нима? Бу сабр, қаноат, интизом, тартиб қоидага риоя этиш, шахсий гигиеналарга амал қилишдир.
Сабр – Аллоҳ таоло томонидан бандага инъом этилган энг катта ва буюк неъмат. Сабрли киши ризқнинг озига ҳам, йўқчиликка ҳам чидаб ўзини хор қилмай, бошини тик тутиб кун кўради. Зеро, ҳақиқий бойлик мол-дунёнинг кўплигида эмас, нафснинг тўқлигидир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бойлик матоҳнинг кўплигида эмас, балки назарнинг тўқлигидадир”, (Икки шайх, Имом Термизий ривоят қилган) дея ҳақиқий бойлик нима эканлиги ҳақида хабар бердилар.
Иккинчи жаҳон уруши йиллари халқимиз бир майизни қирқ киши бўлиб еганлари ҳақида ота-боболаримиздан эшитганмиз. Шукрки, мамлакатимиз раҳбарияти томонидан аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида ҳам тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Қолаверса, саховатпеша инсонлар томонидан ҳам турли хайрия тадбирлари ўтказилиб, озиқ-овқат, тиббиёт ва санитария маҳсулотлари муҳтож инсонларга етказиб берилмоқда. Афсуски, мана шундай ҳолатда ҳақиқий муҳтож бўлмаган шахслар ҳам эҳтиёжманд кишилар учун сарфланаётган эҳсон, садақалардан кўпроқ ундириб олиш ҳаракатида бўлаётганлар ёки бўлмаса боқимандалик кайфияти билан бировнинг садақа беришидан умидвор бўлиб ўтирганлар ҳам учраб турибди. Абу Саъид розияллоҳу анҳудан шундай ривоят келтирлиган: «Ансорийлардан бир қанча одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (мол) сўрадилар. Бас, у зот уларга бердилар. Сўнгра яна сўрадилар. Яна бердилар, ҳатто ҳузурларида ҳеч нарса қолмади. Шунда у зот: “Ҳузуримда не яхшилик бўлса, сизларга бермай олиб қолмасман. Ким иффатталаб бўлса, Аллоҳ уни ифатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким сабр талаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилур. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгироқ неъмат берилмган”, дедилар (Бешовлари ривоят қилган).
Барча ўтган пайғамбарлар касб-ҳунар соҳиблари бўлишган, саҳобалар қуруқлик ва денгизларда тижорат билан машғул бўлганлар, айримлари деҳқончилик ва бошқа касблар билан шуғулланганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида: “Ҳеч бир киши ўзи қўли билан ишлаб топиб еган таомидан ҳам яхшироқ таомни асло емайди” дейишлари билан касб-кор, ҳунар, меҳнат қилиб топилган ризқ энг яхши ризқ эканига ишора қилганлар.
Ҳалол касб, меҳнат қилиб, Аллоҳ таолодан ризқ ато этишини сўрасак, Парвардигорнинг марҳамати чексиздир. Мусулмон киши бу дунёсининг ғамида эмас, охират ғамида бўлса, Аллоҳ таоло иккисини ҳам ато этади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Кимки охират ғамида бўлса, Аллоҳ унинг қалбини беҳожат ва хотирини жам жам қилиб қўяди. У хоҳламаса ҳам, дунё унга ўз ўзидан келади. Ким дунё ғамида бўлса, Аллоҳ унинг кўз ўнгига камбағалликни келтириб қўяди ва хотиржамлигини пароканда қилади. Унга дунёда ўзига тақдир қилинганидан бошқаси келмайди” (Анас розияллоҳу анҳудан Имом Термизий ривоятлари).
Шундай экан азизлар, тан-жонимиз соғ, ҳузуримизда егуликларимиз бор экан, қаноат ва сабрли бўлсак, иншааллоҳ Аллоҳ таолонинг Ўзи мададкор бўлади, ғам-ташвишимизни аритиб, икки дунё саодатини ато этади.
Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ
ЎМИ Самарқанд вилоят вакили
“Ҳозир ким ҳам китоб ўқирди?”. Бугунги кунда китоб мутолаасини унутган одамлар жамият номидан ана шу гапни гапиришга ўрганиб қолган.
Ростдан ҳам китоб ўқишдан юз ўгирдикми ёки ўқишга тўсиқлар борми? Балки муаммо ўқимасликда эмас, мутолаа маданияти ва тарғиботнинг пасайганидадир?
Одамлар китоб мутолааси ҳақида қандай фикрда?
Бу ҳақда мақола ёзишдан аввал ижтимоий тармоқда ва аҳоли ўртасида “Нега китоб ўқишга одатланмай қўйдик?” саволи билан сўровнома ўтказдик.
Сўровнома натижасига кўра, иштирокчиларнинг энг катта улуши — 29 фоизи “Мунтазам китоб ўқиб бораман” жавобини танлаган. Бу яхши, аммо 26 фоиз иштирокчи китоб ўқишга вақти йўқлиги, 25 фоиз қатнашчи китобдан кўра телефон қулайлиги, 2 фоизи китоб ўқиш зерикарли эканини билдирди. 13 фоиз респондентлар эса китоб ўқишга сабри етмаслигини таъкидлади. Шунингдек, айрим фуқаролар эринчоқ бўлиб кетгани, китоб ўқимасликка турли баҳоналар топилиши, қизиқарли китоблар камлиги, аудио ва электрон китоблар қулайлигини қайд этди.
Бундан ташқари, кузатувчиларнинг асосий қисми илгари метро ва автобусларда ҳам китоб ўқилиши, ҳозир эса нафақат уйда, балки овқатланганда, йўлда юрганда, чорраҳада, ишхонада, хуллас, аксарият ҳолларда энг кўп вақтимиз телефонга тикилиш билан ўтаётгани, айниқса, ёшлар телефондан бўшамаслигини кам китоб ўқилишининг асосий сабаби сифатида айтишди.
Сўровнома натижасидан кўриш мумкинки, жамиятда китоб ўқишга бўлган қизиқиш сақланиб қолган. Бироқ кўпчилик вақтини телефон, интернет ёки бошқа технология ва юмушларга сарфлаётгани ёмон. Бу китоб ўқиш маданиятини шакллантириш зарурлиги, қулай муҳит яратиш ва оммавий тарғибот ишларини кучайтириш, шунингдек, мутолаа фақат шахсий истак эмас, балки муҳит ва ҳаёт тарзига боғлиқ эканини англатади.
Китобхонликни ривожлантиришга берилаётган эътибор натижа беряпти(ми)?
Маълумотларга кўра, энг тараққий этган мамлакатлар эмас, сўнгги йилларда тез ривожланаётган давлатлар аҳолиси кўпроқ китоб ўқир экан. Хусусан, ҳиндистонликлар фақат қўшиқ куйлайди ёки кино кўради, десак адашамиз. Улар дунёда энг кўп китоб ўқийдиган халқ. Ҳиндлар ҳафтасига 10,7 соат вақтини китоб ўқишга сарфлайди. Умуман, энг кўп китоб ўқийдиган давлатлар ўнталигига эътибор берадиган бўлсак, кейинги ўринларда Таиланд - ҳафтасига 9,4 соат, Хитой - ҳафтасига 8 соат, Филиппин - ҳафтасига 7,6 соат, Миср - 7,5 соат, Чехия - 7,4 соат, Россия - 7,1 соат, Швеция – ҳафтасига 6,9 соат, Франция - 6,9 соат, Венгрия аҳолиси эса ҳафтасига 6,8 соат китоб ўқир экан.
Хўш, юртмизда китобхонлик маданиятни шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар қандай самара беряпти?
Ахборот оқимининг тезлашиши ва рақамлашувнинг кенгайиши натижасида китобхонлик маданиятини юксалтириш нафақат ижтимоий, балки маънавий тараққиёт учун ҳам муҳим вазифага айланмоқда. Юртимизда ҳам ушбу йўналишда бир қанча қарорлар, фармонлар ва дастурлар қабул қилиниб, самарали ишлар амалга ошириляпти. Хусусан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ёшлар орасида китобхонликни ривожлантириш ва тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган “Ёш китобхон” танлови орқали китоб ўқиётган ёшлар сезиларли ошди. Ёшлар ишлари агентлиги маълумотларига кўра, 2017 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказилаётган “Ёш китобхон” танлови орқали қарийб 5 миллионга яқин ёшлар қамраб олинган. Китоб дўконлари ва кутубхоналарда энг кўп изланаётган китоблар ҳам “Ёш китобхон” танловида эълон қилинган 140 номдаги адабиётлар экан. Бу ўз ўрнида китоб бозорида талаб ва таклифнинг ортишига ҳам хизмат қилмоқда.
2017-2024 йилларда 280 нафар ёшлар “Ёш китобхон” танловининг республика босқичида иштирок этган бўлса, шундан 20 нафари ғолибликни қўлга киритиб, Президент совғаси совриндори бўлган. Эътиборлиси, танловда ғолиб бўлган 17 нафар қизнинг 7 нафари кейинчалик Ўзбекистон Президенти томонидан давлат мукофотлари билан тақдирланган. Демак, китоб ёшларнинг кейинги тақдирига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, китоб ўқиб, ота-онасига автомобиль совға қилаётган ёшлар сафи кенгаймоқда. Мисол учун, ўтган йил ушбу танловнинг республика босқичида 10-14 ёш тоифасида қирқдан ортиқ бадиий-оммабоп китобларни ўқиган Жомбой туманидаги 12-умумтаълим мактаби ўқувчиси Наргиза Муҳаммадиева биринчи ўринни эгаллади. Унга Президент совғаси – “Cobalt” автомашинаси совға қилинди.
Албатта, китобхонликни тарғиб қилиш ишлари шу билан тўхтаб қолгани йўқ. Давлат дастурлари, маҳаллий ва халқаро лойиҳалар орқали китобга бўлган қизиқишни ошириш, ёш авлодни маънавий жиҳатдан бойитиш учун кенг кўламли ишлар давом этмоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг “2020 — 2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий мақсадларидан бири ёшлар орасида китобхонликни ривожлантириш ва тарғиб қилиш вазифаси сифатида белгилангани ҳам ушбу масалага жиддий эътибор қаратилаётганини кўрсатади.
Ёшлар китоб ўқияпти, сиз ҳам ўқинг
Бугун ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқиши камайгандек туюлса-да, аслида улар турли хил форматларда ва платформаларда китоб ўқияпти. Ёшларнинг китоб ўқишга қизиқиши камайганини таъкидлашдан олдин, уларнинг китоб ўқиш учун имкониятларини ва китоб ўқишга одатланмасликка нима сабаб бўлаётганини эътиборга олиш лозим. Бу ҳақда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, филология фанлари доктори, профессор Суюн Каримовнинг мулоҳазаларини келтирамиз.
- “Ёшлар китоб ўқимай қўйди”. Кейинги пайтда бу гапни мунтазам китоб мутолаа қиладиганлар ҳам, ўқимайдиганлар ҳам айтадиган бўлди, - дейди С.Каримов. - Тўғри, халқимиз маънавияти учун куйиниб гапирадиганлар бор. Аммо мен бу гапга қўшилмайман. Албатта, ёшлар доим китоб ўқияпти, дейишдан йироқман, лекин улар китоб ўқимай қўйгани йўқ, ўқияпти. Электрон китоблар, аудиокитоблар ва онлайн платформалар ёшлар учун китоб ўқишни осонлаштиряпти. Ёшларни кўряпмиз, халқаро фан олимпиадаларида ғолиб ва совриндор бўляпти, хориждаги нуфузли университетларда таҳсил оляпти, ихтиролар қиляпти, жаҳон ареналарида юртимиз байроғини баланд кўтаряпти, давлат мукофотларига сазовор бўляпти. Агар ёшлар китоб ўқимаётган бўлса, бундай натижаларга қандай эришяпти? Балки кимнингдир фарзанди китоб ўқимаётгандир ёки тарбияси “бузилиб” тўғри йўлдан адашгандир, лекин ҳамманинг ҳам эмас. Бунинг сабаби битта - оиладаги муҳит ва ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги эътиборсизлиги.
Дейлик, бир оилада 4 фарзанд туғилиб, вояга етди. Уларнинг ҳаммасини ҳам китобга, илмга қизиқтириш мушкул. Биттаси спортчи бўлишни хоҳласа, бошқаси уста, шифокорликни танлайди. Албатта, бу жараёнда бола, аввало, ота-онасидан кейин ён-атрофидагилардан ўрнак олиб, ўрганганларини амалиётда қўллайди. Ўшанда биз, ота-оналар ҳар бир ишнинг самарали ва натижадор бўлиши учун фарзандларимизга ўрнак бўлишимиз, уларда ижобий таассурот қолдириб, маърифатга ундашимиз керак бўлади.
Масаланинг иккинчи томонини ҳам бор. Баъзилар «Ёшлар китоб ўқимай қўйди”, деб кўпинча бадиий адабиётни назарда тутади. Бадиий адабиёт ҳам ахборот манбаи. Айни пайтда, инсонга бадиий-эстетик завқ бағишловчи, руҳиятига ижобий таъсир ўтказувчи ноёб манба. Интернет тармоқларида медиа оламнинг ахборот таъминоти ғоятда кучайиб кетган, бутун инсоният ундан фойдаланишни афзал деб билаётган бир пайтда ёшларни китоб ўқишга қизиқтириш осон иш эмас. Фақат тарғибот-ташвиқот билан бу муддаога эришиб ҳам бўлмайди. Бадиий китоб ўқиш кўнгил иши, ёш қалбни тарбиялаш эса аввало ота-онанинг, кейин эса устозлар ва жамиятнинг зиммасида бўлади. Шундай экан, ўзгаришни ҳар биримиз ўзимиздан бошлайлик.
“Тирик китоб” нега танқидга учради? Ёхуд маънавиятли инсонларга эргашиш керак
Ахборот технологиялари ривожланиб, электрон қурилмалар ҳаётимизнинг асосий ажралмас қисмига айланиб қолди ва китоб мутолаасига жуда кам вақт ажратадиган бўлдик. Аммо шундай инсонлар борки, улар китобнинг қадрини эслатиб, жамиятни маърифатга чорламоқда. Улардан бири ижтимоий тармоқларда “Тирик китоб” номи билан машҳур бўлган китоб сотувчиси Хайрулла Асадов. У китобга даъват этувчи чиқишлари, ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги ва маънавият ҳақидаги нутқлари орқали минглаб инсонларни, айниқса, ёшларни кўпроқ китоб ўқишга ундамоқда.
Бироқ у ҳам ҳар бир оммавий шахс сингари танқидларга дуч келди. Албатта, танқидлар табиий ҳол, айниқса, жамоатчилик диққат марказида бўлган инсон учун. Хайрулла Асадов китобга бўлган муҳаббатни кенг оммага етказишда замонавий, халқона ва таъсирли усулларни қўлламоқда. У олим эмас, маърифат йўлида фидойилик қилувчи шахс. Кўпчилик унинг қарашларида илмий ёндашув ва исботлар йўқлигини таъкидламоқда. Бу бир томондан тўғри. Лекин у ўз ҳаёт тажрибаси ва ўқиган китоблари орқали хулоса чиқаряпти, мисоллар келтиряпти. Бу амалиётга асосланган, халққа яқин услуб.
Ижтимоий тармоқларда китоб сотувчиси машҳур бўлиш билан бирга, китобни эмас, ўзини ва фаолиятини тарғиб қилаётгани ҳақида ҳам танқидий фикрлар билдирилди. Бугунги ахборот технологиялари асрида рақамли тўлқинда ажралиб туриш учун ҳар қандай шахснинг аудиторияга мос визуал ва муҳокамабоп форматда чиқиши талаб этилади. Чунки бу замон талаби. Шунингдек, Хайрулла Асадовнинг шахси китобга бўлган садоқат билан танилган. Агар шахс орқали китобга муҳаббат уйғонса, бу маърифат улашишда энг самарали усул.”Тирик китоб” ўзини эмас, шахсий намунаси орқали китобни ҳаёт тарзи сифатида ҳамда китобларни шунчаки ўқиш эмас, балки ўқилган ғояларни ҳаётда татбиқ қилишни тарғиб қилмоқда.
Албатта, танқидлар ривожланиш ва холислик учун керак. Бироқ китоб ўқиш, уни тарғиб қилиш, жамиятни маърифатга етакловчи, илмли инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларга эргашиш ва тўғри хулоса чиқариш керак. Зеро, китоб инсон онгини уйғотади, маънавий дунёсига нур олиб киради.
Фазлиддин Рўзибоев.