Орамизда дунёда содир бўлаётган балои офатдан ҳабари йўқ одам қолмади. Бутун дунёни ёвдек бостириб олди у! Биз одамлар ўша микроскоп остида минг баробар катталаштирсакгина кўриш мумкин бўлган дарддан ҳам майда эканимизни, ўша заррадан ҳам ожизроқ эканимизни наҳотки англаб етмадик ?! Кеча, бугун эмас, неча ойлардан бери кузатиб келаяпмизку шу Аллоҳ юборган дарднинг қилмишларини! Киприк қоқмай, битта-битталаб одамларни ютиб тўймаяпди у, тўймас бало. Ақлли одамлар жон талвасасида бор зеҳн-идрокларини сафарбар қилиб, бир тану-бир жон бўлиб, унга қарши курашмоқдалар. Аммо уни енгиш осон бўлмаяпди! Минг-минглаб бой беришлар, улкан талофотлар! Тобут ясаб, қабр қазиб улгурмаётганларини кўриб турибмиз!
Бизчи? Биз нима қилаяпмиз?! Хўп, аввалига бизга кирмайди, кирса ҳам тарқамайди, бизни ҳавомиз бошқа, бизни иқлимимиз бошқа, биз ҳалол еймиз, биз таҳоратда юрамиз, биз ибодатдамиз деб ҳотиржам юрдик, парвои фалак! Аммо, не ажабки, айнан ёвга қалъа эшикларини очиб бериб! Ҳой, барака топгурлар! Биламиз, давлатмандсиз! Зеро, оддий одамлар умра, ҳаж сафарларини адо этишни фақат орзу қилишлари мумкин, ( алҳамдулиллаҳ, Аллоҳнинг карами кенг!). Лекин, вабо хавф солиб турган пайтдв тумонат одамни бошингизга йиғиб, имкониятларингизни кўз-кўз қилишдан тийилиб турсангиз бўлмайдими? Ошиб-тошиб кетса, ана, бечора етим-есирлар қанча, улашинг! Тинчлик даври бўлса лом-мим демаган бўлардим!
Сайру-саёҳатни суювчилар! Ҳасад қилаяпти, деманг! Омадингизни қўш-қўллаб берсин, бир кун ҳисоб - китоб қилинажак давлатингиз бундан-да ортиб, дунёда сизнинг қадамингиз етмаган беш юлдузли меҳмонхона қолмасин! Аммо, аҳволни кўриб турибсизку! Бир оз сабр қилса бўладими?!
Пайғамбар алайҳиссаломдан ибрат олган саҳобаи киромлар камтарона, оддийгина, борига қаноат қилиб яшадилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам бу соҳада қолишмадилар, имконлари бўлатуриб жуда оддий, фақирона турмушни афзал кўрдилар. Ҳазрати Умарнинг қизлари, ҳазрати Пайғамбаримизнинг завжалари Хафса онамиз бир куни жуда хафа бўлиб кетдилар. Сабаби, оталари мўминлар амири бўлса, дунёнинг ҳамма жойидан мол-дунё оқиб келаётган бўлса, бойиганлар бойиб юрса-ю шундоқ халифанинг дастурхони жуда ғариб эди, оталари қуруқ, бемаза овқатлар билан кифояланиб юради.
Агар бу дунё ҳаёти фақат яхшиликлардан, айшу ишратлардан, ҳузур-ҳаловатдан иборат бўлса-ю, бошқа нарсалар бўлмаса, бу ҳаёт синов, имтиҳон эканлиги қаерда қолади? Аллоҳ таолонинг амрига итоат қилиш, қайтарганидан қайтиш, бир сўз билан айтганда, У Зотга сидқидилдан бандачилик қилиш қаердан бўлади?
Агар бу дунё ҳаётида инсон бемор бўлмаса, қаримаса, бировдан сўкиш эшитмаса, озор топмаса, зулм кўрмаса, камбағалликка йўлиқмаса ва бошқа хорликларни кўрмаса, келган мусибатга сабир қилмасдан, муҳтожман деб берилаётган имкониятлардан ўз нафси йўлида фойдаланса, бу дунёнинг синовлари қаерда қолади?
Ўзбекистон халқи учун озгина бардошли бўлинг, яна озгина. Сиз ёш, бақувватдирсиз, сизга бу касалликнинг тиши ўтмас, аммо сиз жон ҳолатда талпинаётган хонадонингизда кекса онангиз, мўйсафид отангиз борлар, норасида гўдакларингиз, узоқ муддат соғинчингизда юрган, истиқболингизга қучоқ очадиган таниш-билиш, ошна-оғайни, қўни-қўшниларингиз бор! Уларга раҳимнгиз келсин. Зеро, Аллоҳ раҳм қилувчиларга раҳм қилади.
Демак, Ҳақ таолодан ёлвориб сўрайдиганимиз, қийинчилик вақтлари аста-секин чекинаётган бўлсин, яқин кунларда бизларни осончилик, саломатлик кунларга етказсин. Таъкидлаш жоизки, халқимиз, яқинларимизнинг саломатлигини сақлаш барчамизнинг бурчимиз эканини бир зум ҳам унутмайлик! Қатъий тартиб-интизом ва карантин тадбирларига жиддий риоя қилиш орқали вазиятни барқарор ушлаб қолишимиз мумкин. Имкон қадар уйда қолинг, ортиқча эҳтиёж бўлмаса кўчага чиқманг, муносабатларни, мулоқотларни кескин камайтиринг.
Биз ҳам шу синовдамиз. Хукуматимиз, шифокорларимиз имкони борича ҳар биримизнинг жонимиз омонлиги учун курашмоқдалар! Саломатлигимиз ўзимизга керак эмасми? Шунчалар бепарво бўлмайлик, аҳвол ўта ёмонлашиб боришига ҳиссамизни қўшмайлик. Касалланганлар сони ошса - ошаяпти, камаймаяпди! Биздан сўралаётгани мушкул иш эмаску! Уйда ўтиринг! Ахир ишхонамиздан бериладиган меҳнат таътилини интизорлик билан кутмасмидик! Дам олинг, оила аъзоларингиз бағрида яйранг. Югур-югур, чоп-чоплардан бир оз тининг! Ҳали бундай ишсиз кунларни соғиниб ҳам қоларсиз. Вабо пайтида уйдан чиқмаганларга ёзилажак савобларга сазовор бўлайлик! Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Шарҳ сураси 5-6 оятларида марҳамат қилганидек: “Бас, албатта, қийинчилик билан осончилик бордир. Албатта, қийинчилик билан осончилик бордир”.
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом таълим муассасаси
ахборот-ресурс маркази раҳбари
М. Саиджалолова
Халқаро ҳалол саммит ва Туркия кўргазмаси (ОИC Ҳалал Ехpо-2024) 2024 йил 27 ноябрдан 30 ноябргача Истанбулдаги “IFM” кўргазма марказида бўлиб ўтади.
“IQNA” сайтининг “Yeni Shafak” нашрига таяниб маълум қилишича, Туркияда бўлиб ўтадиган X Жаҳон ҳалол саммити жорий йилнинг ноябрь ойи охирида Истанбулда 110 дан ортиқ давлат вакилларини бирлаштиради.
“Ҳалол 10 йилда муваффақият” шиори остидаги ушбу саммит ва кўргазма 2024 йил 27 ноябрдан 30 ноябргача Туркия президенти назорати остида Истанбул шаҳрида бўлиб ўтади.
Туркиядаги “Halal – 2024” кўргазмаси Евроосиё минтақасида ўзига хослиги билан ажралиб туради. Ушбу кўргазмада ислом маданияти ва анъаналарига мос озиқ-овқат, косметика ва гигиена маҳсулотлари намойиш этилади. Кўргазма, шунингдек, турли компания ва ўз соҳаларидаги мутахассислар билан алмашиш ва интерактив ҳамкорлик қилиш имкониятини беради.
Мазкур тадбир ҳар йили турли мамлакатларда ўтказилади ва ислом мамлакатларида машҳурдир. Кўргазмада “Ҳалол” озиқ-овқатдан ташқари, “Ҳалол туризми”, “Ислом тўқимачилик саноати”, “Ҳалол тиббиёти”, “Ҳалол кимёси”, “Фармацевтика” каби масалалар муҳокама қилинади.
Ҳалол кўргазмаси Туркия озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, инвестиция, косметика, туризм, кимё, қадоқлаш, машинасозлик, исломий турмуш тарзи, ислом модаси каби соҳаларда ҳалол саноат маҳсулотлари ва хизматларида етакчи саналади. Ушбу саммит ва кўргазма 110 дан ортиқ давлатдан меҳмон ва 20 дан ортиқ давлатдан 55 дан ортиқ маърузачини бирлаштиради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати