Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Январ, 2025   |   9 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:35
Аср
15:31
Шом
17:15
Хуфтон
18:34
Bismillah
09 Январ, 2025, 9 Ражаб, 1446

Коронавирус тез кунда даф бўлади ёҳуд Аллоҳ таолонинг раҳмати яқин

29.03.2020   3168   6 min.
Коронавирус тез кунда даф бўлади ёҳуд Аллоҳ таолонинг раҳмати яқин

Хитойда бошланган бу вабо бутун дунёга тарқалаётгани барчага маълум. Шу жумладан бизнинг юртга ҳам кириб келди. Айни пайтда юртимизда карантин эълон қилинган. 

Кунига ойнаижаҳон ёки интернет тармоқлари ёки одамларнинг оғзидан дунё бўйича нечта одамнинг касалликка чалингани ва нечтаси вафот этгани, энг ачинарлиси, ўз юртимиздаги касалланганларнинг сони ортиб бораётгани ҳақидаги хабарларни эшитиб ҳар қандай инсоннинг қалби эзилади, ўз-ўзидан ташвишга, саросимага туша бошлайди. 

Азиз юртдошлар, бу вабо барчамизнинг ташвишимиз, асосий муаммомизга айланди. Бундай оммавий мусибат пайтида, бу касалликка чалинаётганларни эшитиб тушкунлик, ваҳима ва саросимага тушмайлик!

Барча иш яратган Эгамиз Аллоҳ таолонинг қўлида. Бой қилувчи ҳам, фақирга айлантирувчи ҳам, касаллик юборувчи ҳам, касалликни даф қилувчи ҳам, даво берувчи ҳам ягона ўзидир. Ўзига талпинайлик. Ахир Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган-ку: 


وَهُوَ الَّذِي يُنَزِّلُ الْغَيْثَ مِن بَعْدِ مَا قَنَطُوا وَيَنشُرُ رَحْمَتَهُ وَهُوَ الْوَلِيُّ الْحَمِيدُ {الشورى/28} 

У (одамлар) умидсизликка тушганларидан кейин ёмғир ёғдирадиган ва Ўз раҳматини (баракотини) кенг ёядиган зотдир. У (мўминларга) Валий (дўст) ва Ҳамид (ҳамд эгаси)дир (Шууро сураси, 28-оят).

Ерлар ҳосил бермай, ҳайвонлар бирин-кетин қирилиб кетган, экинзорлар қуриб, ёниб кетган, ҳайвонларнинг елимларида сутлар қолмаган, уйларда озуқалар тугаган, гўдаклар очликдан йиғлаган, одамлар ноумид бўлишни бошлаганда Аллоҳ таоло улар устидан раҳматини нозил қилиб, ёмғир ёғдирди.

Демак, Аллоҳ таоло бандаларига раҳм қилувчи, улар устидан ўз раҳматини ёғдирувчи Зот эканми, биздан ҳам бу Коронавирус вабосини тез орада кўтаришини умид қиламиз. Фақат ноумид бўлмай, ўзига ибодат қилиб дуолар қилсак бўлгани.  

Яратган Эгамизга беадад ҳамдлар бўлсинки, бизларни мусулмон қилиб қўйди, уйларимизда бўлса ҳам ибодат қилишда давом этмоқдамиз. Намоз ўқияпмиз, Қуръон тиловат қиляпмиз, зикрлар, салавотлар айтаяпмиз, аҳлларимиз тарбияси билан шуғулланяпмиз. Мусулмон инсон ҳар ҳолатда ҳам ютади. Бу

оз кунлар барчамиз учун Аллоҳ таоло ва Расулини таниб олишга, динини ўрганишга бир фурсат бўлиб турибди. Фойдаланиб олайлик!

Кўнглимизга хурсандичилик улашадиган, бизларга ҳушхабар берадиган яна бир ҳадисни ўрганиб чиқайлик: 

قال نبينا صلى الله عليه وسلم : عجب ربنا من قنوط عباده وقرب غيره ينظر إليكم أزلين قنطين فيظل يضحك يعلم أن فرجكم قريب (رواه الامام أحمد). 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Роббимиз  бир ҳолатни бошқа ҳолатга ўзгартириши жуда яқин бўлишига қарамай, бандалар қаттиқ ноумид бўлиб қолишидан ажабланади. Аллоҳ таоло танг аҳволга тушиб ноумид бўлиб турганингизда сизларнинг фаражингиз (танг аҳволдан қутулиш, шодлик, роҳат, кенгчилик) яқин эканини билган ҳолда сизларга қараб кулиб туради”. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисни айтиб бўлиб кулиб қўйган эканлар, биз ҳам кулайлик, хурсанд бўлайлик, тушкунликка тушмайлик, ҳаммаси яхши бўлади. 

Биз бандалар шундай, ҳаётимиз бир теккис, тинчилик-тотув, соғлиқ-саломат ҳолда давом этишини хоҳлаймиз ва бу ҳолатга ўрганиб қоламиз. Кўпинча шу ҳолат ҳам бизни Роббимизни унутиб қўйишимизга сабаб бўлади. Доимий бир теккисликда кетаётган ҳаётимизда мабодо, бирор чуқурлик чиқиб қолса, ёки ишимиз юришмай қолса, ёки бирор касаллик етса, дарров тушкунликка тушиб ноумид бўлиб қоламиз. Мазкур ҳадиси шарифда ҳам бандалар танг аҳволга тушганларида қаттиқ ноумид бўлиб қолишлари айтилмоқда. Аслидачи, биз бандалар ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳ таолодан ноумид

бўлмаслигимиз лозим экан. Чунки Аллоҳ таоло ёмонликдан яхшиликка, беморликдан соғлиқ-саломатликка, бало ва оғир ҳолатлардан хурсандчилик, кенгчиликка чиқариши, ўзгартириши жуда яқин фурсатда бўлар экан. 

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: 


فَإِنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا {الشرح/5} إِنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا {الشرح/6} 

Бас, албатта, қийинчилик билан осончилик бордир. Албатта, қийинчилик билан осончилик бордир (Шарҳ сураси, 5-6-оятлар). 

Демак, ҳозирги қийинчилик ҳолимиздан кейин яқин кунларда

бизларни осончилик, яхшилик ва катта ютуқлар кутиб турибди.

Аллоҳ таолонинг раҳмати яқин экани ҳақида Қуръони Каримда шундай баён қилинади: 


وَلاَ تُفْسِدُواْ فِي الأَرْضِ بَعْدَ إِصْلاَحِهَا وَادْعُوهُ خَوْفًا وَطَمَعًا إِنَّ رَحْمَتَ اللّهِ قَرِيبٌ مِّنَ الْمُحْسِنِينَ {الأعراف/56} 

Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир (Аъроф сураси, 56-оят). 

Биз мўмин-мусулмонлармиз Аллоҳ таолонинг раҳматидан, бошимиз узра турган бу балони тез кунларда кўтаришини умид қиламиз. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:  


 قَالَ وَمَن يَقْنَطُ مِن رَّحْمَةِ رَبِّهِ إِلاَّ الضَّآلُّونَ {الحجر/56} 

У: «Фақат адашганларгина ўз Роббисининг раҳматидан ноумид бўлурлар», – деди (Ҳижр сураси, 56-оят). 

Шундай экан, биз касал бўлсак, тез орада Аллоҳ таоло шифо бериши, ёмонлик етганида, тез орада Аллоҳ таоло ўрнини яхшилик билан қоплаши, бало етганида, тез кунларда Аллоҳ таоло балони кўтариши, танг аҳволга тушганимизда, Аллоҳ таоло тез орада бизларга кенгчилик беришини умид қиламиз. 

Ҳушхабар тез орада бу бало биздан даф бўлади. 

Интернет манбаларидан фойдаланиб Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ тайёрлади

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Аллоҳим, Сен мендан юз ўгирма

7.01.2025   3231   2 min.
Аллоҳим, Сен мендан юз ўгирма

Ривоят қилинишича, Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг қўлларида Аббос деган бир йигит тавба қилган экан. У йигит авваллари жуда кўп гуноҳ қилган бўлган, сўнг тавба қилган, лекин шу ҳолда етмиш марта тавбасини бузган. Охир-оқибат умрининг сўнгги дақиқалари яқинлашганда, ўлими кўзига кўринган пайтда онасини чақириб шундай деди:
— Она, Ҳасан Басрий ҳазратларини чақиринг, мен у зотнинг ҳузурларида тавбамни янгиламоқчиман, шоядки Аллоҳ таоло тавбамни қабул қилса.
Онаси шошилиб Ҳасан Басрийнинг ҳузурига бориб, салом берди ва:
— Мен Аббоснинг онасиман, ўғлимнинг ўлим пайти етди ва у сизни сўраяпти, тавбасини янгиламоқчи, деди. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ бунга жавобан:
Бор, менга тавба қилиб, уни қайта-қайта бузадиган одамнинг кераги йўқ, деди.
Аёл йиғлаган ҳолда уйига қайтиб келди ва ўғлига:
— Эй, ўғлим! Шайх сенинг ёмон қилмишларинг туфайли келишдан бош тортди, деди.
Шунда Аббос осмонга боқиб:
Ё Роббим, Парвардигорим, шайх мендан юз ўгирди, аммо Сен мендан юз ўгирма, умидимни сўндирма, деб дуо қилди.
Шундан сўнг йигит онасига қараб:
— Эй, онажон! Агар вафот этсам, оёғингизни юзимга қўйинг, кейин бўйнимга арқан боғлаб, бозорда судраб юринг ва овозингиз борича “Бу — Аллоҳга осий бўлганнинг жазосидир” деб бақириб юринг. Шояд, менинг ҳолимни кўриб, Аллоҳ Ўз фазли ва раҳмати билан мени афв этса, деди.
Онаси уни ўзи айтганидек ўғлининг юзига оёғини қўймоқчи эди, ҳотифдан бир овоз эшитилди:
Оёғингни сажда қиладиган жойга қўйма. Шуни билгинки, Аллоҳ таоло уни афв этди ва дўзахдан озод қилди.
Шундан сўнг онаси уни дафн қилди ва уйига қайтди. Шу кеча Ҳасан Басрий тушида бир овозни эшитди:
— Эй Ҳасан! Нима учун бандамни Менинг раҳматимдан умидсиз қилиб қўйдинг? Ахир уни Мен яратганманку ва Менинг раҳматим ҳар нарсани қамраб олади. Қасамки, агар яна шундай қилсанг, сени солиҳлар дафтаридан ўчираман!

Бу қисса Аллоҳнинг раҳмати ва фазлининг улкан эканини, ҳамда тавба қилишда инсон ҳеч қачон умидсиз бўлмаслиги кераклигини ёрқин тарзда баён қилади.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ