frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Қўл ювишнинг фазилатлари

28.03.2020   6531   3 min.
Қўл ювишнинг фазилатлари

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўзининг илоҳий амрларини нозил қилиб, покланишда мўмин-мусулмонларга юз, қўл-оёқларни ювиш ва бошга масҳ тортишни буюрди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Намоз (ўқиш)га турар экансиз, албатта, юзларингизни, қўлларингизни тирсаккача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз ва оёқларингизни тўпиқларигача (ювингиз)! Агар жунуб бўлсангиз, обдон покланингиз (чўмилингиз)! Агар бемор ёки сафарда бўлсангиз ёки сизлардан бирор киши ҳожатхонадан (чиқиб) келса, ёхуд хотинларингиз билан суркалишган (қовушган) бўлсангиз-у, (лекин) сув топмангиз, пок тупроққа таяммум қилиб, ундан юзларингиз ва қўлларингизга суртинг! Аллоҳ сизларга бирор  қийинчилик(пайдо) қилишни раво кўрмайди, аксинча,  сизларни поклаш ва неъмат(лар)ини сизларга мукаммал беришни хоҳлайди, зора шукр қилсангиз” (Моида сураси, 6-оят).

Бу оятнинг тафсирида “Тафсири ирфон” китобида бундай дейилади: “Аллоҳ таоло ибодат қилишга шайланган бандаларига покланиш, яъни таҳорат, ғусл ёки таяммум қилишни буюраяпти.Таҳоратда юз, қўлларни чиғаноқлари билан ювилади, бошнинг тўртдан бир қисмига масҳ тортилади, оёқлар тўпиқлари билан ювилади[1]”.

Тиббиёт мутахассисларининг тавсияларига кўра қўлларни совунлаб тозалаб ювиш қўлларимизда бўлиши мумкин бўлган вирус ва бактерияларни йўқотади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз уйқусидан уйғонса, қўлини уч марта ювмасдан туриб, уни идишга солмасин, чунки бирортангиз ҳам қўлини қаерда тунаганини билмайди ёки қўли қаерда айланганини билмайди”, дедилар.

Ўзбекистон Мусулмонлар Идораси уламолар кенгашининг карантин талабларига қатъий риоя этиш бўйича мурожаатида: “Демак, карантин даврида шифокорлар тавсияларига амал қилиб, шахсий гигиена ва санитария қоидлари, айниқса, вирусдан сақланиш учун ниқоб тақиб, қўлларни яхшилаб совунлаб ювишга жиддий эътибор қаратиш лозим” дейилади.

Қўлларни ювганда қўл кафти ва бармоқлари орасига сув етказиб ювиш ҳам диққатга сазавордир. Қўлларни ювганда қўл бармоқларини ортидан бир-бирига киритиш билан бармоқлар орасига сув етказилади. Шошилиб қўлларни ювганда қўл бармоқлари ораси ювилмай қолиши ва у ерларда вирус ва бактериялар сақланиб қолиши мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларни ювганда бармоқлар орасига сув етказиб ювишни тарғиб қилганлар: “Ювинганингизда қўл ва оёқ бармоқларингизни ораларига яхшилаб сув юритинг. Чунки у озодалик белгисидир. Озодалик иймонга чақиради, иймон эса ўз эгасини жаннатга чорлайди” (Имом Термизий ривояти).

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таомдан олдин ҳам, кейин ҳам қўлни тозалаб ювишга тарғиб қилганлар: “Таомнинг баракаси таомланишдан олдин ва кейин қўлни ювишдир” (Имом Термизий ривояти).

Қўлларни ювишни бошлаганда “Бисмиллоҳ”ни айтиш, ўнг қўлни ювганда “Аллоҳумма аътиний китабий бийамийний ва ҳасибний ҳисабий йасийро” дейиш, чап қўлини ювганда эса “Аллоҳумма лаа туътиний китабий бишималий ва лаа варои зоҳрий” деб дуо қилиш фазилатли амаллардан ҳисобланади.

Мутахассислар тавсиялари асосида қўлларимизни тозалаб ювиб юриш соғлиғимиз гаровидир. Ҳар доим қўлларимизни тоза тутсак, ўзимизнинг ҳам, ўзгаларнинг ҳам соғлиғини ҳимоя қилган бўламиз.

Руҳиддин АКБАРОВ

 

 

 

[1] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий.  “Тафсири ирфон”. “Шарқ” НМАК, 2019. 1-жилд. 528-бет.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Имом-хатиблар: «Ислом цивилизацияси маркази Учинчи Ренессанс ғоясининг амалий ифодаси»

13.08.2026   7906   3 min.
Имом-хатиблар: «Ислом цивилизацияси маркази Учинчи Ренессанс ғоясининг амалий ифодаси»

Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс ғоясини ҳаётга татбиқ этиш, миллий ва диний меросни чуқур ўрганиш ҳамда маънавий-маърифий билимларни кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар доирасида Фарғона, Қашқадарё ва бошқа ҳудудлардан келган имом-хатиблар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлдилар. Улар Марказдаги музей экспозициялари, ноёб қўлёзмалар, Ренессанс даврларига бағишланган бўлимлар ва замонавий интерактив ечимлар билан танишиб, ушбу масканни илм, таълим ва маънавиятни уйғунлаштирган муҳим миллий платформа сифатида баҳоладилар, хабар бермоқда iccu.uz.

Фарғона вилояти Бувайда тумани «Катта маҳалла» масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Ғойибназаров Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган мазкур Марказни ёш авлод учун муҳим маърифат маскани сифатида баҳолади.

«Бу ерда Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари, буюк алломаларимиз қолдирган илмий мерос ва мамлакатимиз тараққиёти ҳақидаги экспозицияларни кўриб катта таассурот олдик. Бу ерга келган ҳар бир инсон ўз тарихини чуқурроқ англайди, ёшлар эса илмга ва ватанпарварликка янада кўпроқ интилади. Бу ерда олган билим ва таассуротларимизни халқимизга етказишни ўзимизга вазифа деб биламиз», — деди у.

Фарғона вилояти Қўштепа тумани бош имом-хатиби, «Муборак» жоме масжиди имом-хатиби Отабек Холмуродов Марказ кутубхонасида илмий изланишлар учун яратилган шароитларга эътибор қаратди.

Унинг таъкидлашича, электрон китоблар фонди, Брайл алифбосидаги адабиётлар, махсус тадқиқот хоналари ва ноёб манбаларнинг бир жойда жамлангани Марказни нафақат музей, балки кенг қамровли илмий ресурс марказига айлантирган.

«Бу кутубхона илмий изланиш билан шуғулланувчилар учун ҳақиқий билим маскани экан. Бу ерда яратилган шароитлар илм аҳлини янада кўпроқ изланишга ундайди. Биз бу имкониятлар ҳақида ёшларимизга албатта тарғибот олиб борамиз», — деди у.

Фарғона вилояти Бувайда тумани бош имом-хатиби Аҳмадхон Низомов эса Марказнинг илмий концепциясига алоҳида тўхталди.

Унинг фикрича, ҳар бир экспозиция ортида кенг кўламли тадқиқотлар ва илмий изланишлар мужассам бўлиб, бу ердаги интерактив муҳит ташриф буюрувчиларни фақат томошабин эмас, балки изланувчига айлантиради.

«Бу ерга бир марта келиб барчасини тўлиқ англаш қийин. Ҳар бир экспозиция ортида катта илмий меҳнат мужассам. Айниқса, алломаларимиз мероси, тадқиқот марказлари ва интерактив имкониятлар инсонни янада чуқур изланишга чорлайди. Бу маскан келажак авлод учун улкан маънавий бойлик ва Янги Ўзбекистоннинг илм-фан тараққиётига хизмат қиладиган муҳим пойдевордир», — деди у.

Ташриф якунида иштирокчилар Марказда жамланган бой илмий ва маданий мерос, рақамли экспозициялар ҳамда таълим имкониятларини кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар ўртасида тарғиб қилиш Учинчи Ренессанс ғояларини ҳаётга татбиқ этиш, миллий ўзликни англаш ва илмий меросга қизиқишни янада кучайтиришга хизмат қилишини қайд этдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари