ҚУРЪОНИ КАРИМ ЭЪЖОЗИ
САБАБ БИР НЕЧТА, НОЗИЛ БЎЛГАН НАРСА БИТТА БЎЛИШИ
Қуръони Каримда нозил бўлган бир оят ҳақида икки хил ривоят келган бўлиб, иккиси ҳам икки хил сабабни очиқ баён қилган бўлса, улар алоҳида ўрганилади. Шунда қуйидаги холатларнинг эҳтимоли бўлади:
Ушбу тўрт ҳолатдан ҳар бирининг ўзига хос ҳукми мавжуд.
Биринчи ҳолат:
Ривоятлардан бири саҳиҳ, иккинчиси саҳиҳ эмас бўлган ҳолатда – саҳиҳи олинади, саҳиҳ эмаси рад қилинади.
Жундуб ибн Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бемор бўлиб, икки-уч кеча турмадилар. Шунда у зотнинг ҳузурларига бир аёл келиб: «Эй Муҳаммад, мен шайтоннинг сени тарк қилган бўлса керак, деб умид қиламан. Икки-уч кечадан буён у сенга яқин келмаётганини кўрмоқдаман», деди. Шунда Аллоҳ таоло «Чошгоҳ билан касам. Сукунатга чўмган тун билан қасам. Роббинг сени тарк қилгани йўқ, ғазаб ҳам қилгани йўқ» оятларини нозил қилди».
Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилганлар.
Табароний ва Ибн Абу Шайба Ҳафс ибн Майсарадан, у онасидан, онаси ҳам ўз онасидан қилган ривоятда мазкур оятнинг нозил бўлишига Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ётоқлари тагида ўлиб қолган кучукнинг чиқариб олиниши сабаб бўлди, деган маънодаги ривоятни келтирганлар.
Ушбу икки ривоятдан аввалгиси – Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг ривояти саҳиҳ ривоят бўлгани учун қабул қилинади. Иккинчи ривоятнинг иснодида заифлик борлиги учун у қабул қилинмайди. Аслида ётоқ остидаги кучук сабабли ваҳийнинг кечиккани машҳур. Аммо ўша ҳодиса биз ўрганаётган оятнинг сабаби нузули бўлиши ғариб, яъни кучсиз фикрдир.
Иккинчи ҳолат:
Иккиси ҳам саҳиҳ, аммо улардан бирини иккинчисидан кучли этувчи омили бор ҳолатда кучли қиладиган омили бор ривоят олинади, бошқаси тарк қилинади.
Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадина хурмозорларидан бирида борар эдим. У киши бир шохга таяниб олган эдилар. Шу пайт бир гуруҳ яҳудийларга дуч келдилар. Улар бир-бирларига: «Ундан савол сўрасангиз-чи?» дейишди. «Ундан сўраманглар. У сизга ёқтирмаган нарсангизни эшиттиради», дейишди бошқалари. Охири: «Эй Абулқосим, бизга руҳ ҳақида сўзлаб бер», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир муддат жим туриб қолдилар. Бошларини кўтардилар. Мен у зот соллаллоу алайҳи васалламга ваҳий келаётганини дархол сездим. Ваҳий нузули тўхтаганидан сўнг, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ва сендан рух хакида сурарлар. Сен: «Рух Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир», деб айт», дедилар».
Имом Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Қурайшликлар яҳудийларга: «Бизга бир нарса ўргатинг, манави одамдан сўрайлик», дейишди. Улар: «Ру ҳақида сўранглар», дедилар. Улар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан руҳ ҳақида сўрашди. Шунда «Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: «Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир», деб айт» ояти нозил бўлди».
Термизий ривоят қилган.
Ушбу икки ривоятдан биринчисида сўраш ва оятнинг нозил бўлиши Мадинада бўлган. Иккинчисида эса Маккада бўлган. Биринчи ривоят иккинчисидан кўра икки жиҳатдан салмоқлидир.
Биринчи жиҳат – биринчи ривоятни имом Бухорий ривоят қилган. Бошқасини эса имом Термизий ривоят қилган. Имом Бухорийнинг ривояти кучли эканига ҳамма иттифоқ қилган.
Иккинчи жиҳат – биринчи ривоятнинг соҳиби Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳодисанинг аввалидан охиригача ўзлари, шахсан иштирок этганлар. Иккинчи ривоятнинг соҳиби Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу эса ҳодисада иштирок этмаганлар.
Шу нуқтаи назардан, баъзи уламолар оят Мадинада нозил бўлган, деган гап кучлидир, дейишади. Баъзилар эса ҳар икки ривоятни олиб, юқорида айтилганидек, оят икки марта – ҳам Маккада, ҳам Мадинада нозил бўлган, дейишади.
Учинчи ҳолат:
Икки ривоят ҳам саҳиҳ, улардан бирининг иккинчисидан кучли қиладиган омили ҳам йўқ. Аммо иккисини ҳам қабул қилиш имкони бор ҳолатда иккиси ҳам қабул қилинади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида Ҳилол ибн Умайя аёлини Шарик ибн Саҳмо билан зинода айблади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоу алайҳи васаллам:
«Ҳужжат келтир, бўлмаса орқангга ҳадд урилади», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, қачон бирортамиз хотини устида бир кишини кўрса, ҳужжат излаб кетадими?» деди. Расулуллоҳ соллаллоу алайҳи васаллам:
«Ҳужжат келтир, бўлмаса орқангга ҳадд урилади», деб қайтаравердилар. Ҳилол:
«Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, мен албатта, ростгўйман. Албатта, Аллоҳ менинг орқамни ҳаддан озод қиладиган нарсани нозил қилади», деди.
Шунда Жаброил «Ўз жуфтларига (бўхтон) тоши отиб...»дан «...агар у (эр) ростгўйлардан бўлса, ўзи(аёл)га Аллоҳнинг ғазаби бўлишини (айтишдир)»гача оятини олиб тушди».
Имом Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар.
Абдуллоҳ (ибн Умар) розияллоҳу агҳумодан ривоят қилинади:
«Жума кечаси биз масжидда эдик. Тўсатдан ансорийлардан бир киши келиб: «Киши ўз аёли билан эркакни ушлаб олса, бу ҳақда гапирса, дарра урасизлар ёки ўлдирса, ўлдирасизлар, жим қолса, аламзадаликда жим қолади. Аллоҳга қасамки, бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан албатта сўраймаи», деди. Эртаси бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, киши ўз аёли билан бир одамни ушлаб олса, бу ҳақда гапирса, дарра урасизлар ёки ўлдирса, ўлдирасизлар, жим қолса, аламзадаликда жим қолади», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳим! Ўзинг кушойиш бер», деб дуо қила бошладилар. Шунда «лиъон» ояти нозил бўлди: «Ўз жуфтларига (бўҳтон) тоши отиб, фақат ўзларидан бошқа гувоҳлари бўлмаганлар эса...».
Имом Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.
Ушбу ривоятдаги «лиъон» – «лаънатлашиш» оятидан мурод аввалги ривоятдаги «Ўз жуфтларига (бўҳтон) тоши отиб...» деб бошланган оятдир. Мазкур ривоятда зикри келган ансорий саҳобийнинг исми Уваймир Ажлоний бўлган. Бу икки ривоятдаги ҳодисалар бир вақтда содир бўлган, шунинг учун уларнинг иккиси бир оятнинг нозил бўлишига сабаб бўлган.
Тўртинчи ҳолат:
Иккиси ҳам саҳиҳ, аммо улардан бирининг иккинчисидан кучли этувчи омили ҳам, иккисини қабул қилиш имкони ҳам йўқ ҳолатда оятнинг нозил бўлиши такрорланган, дейилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ҳамза шаҳид бўлиб, қиймалаб ташланганида Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг (жасади) устида туриб: «Албатта, сенинг ўрнингга улардан етмиштасини қиймалайман!» дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўша тик турган ҳолларида Жаброил Наҳл сурасининг охирини – «Агар иқоб қиладиган бўлсангиз, ўзингизга қилинган иқобга ўхшаш иқоб қилинг. Агар сабр қилсангиз, албатта, у сабр қилувчилар учун хайрлидир»дан сура охиригача олиб тушди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўхтадилар ва ирода қилганларидан қайтдилар».
Ҳоким, Баззор ривоят қилишган. Байҳақий «Далоил»да ривоят қилган.
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ухуд куни ансорлардан олтмиш тўрт киши, муҳожирлардан олти киши мусибатга учради. Ораларида Ҳамза ҳам бор эди. Уларни қиймалаб ташлашди. Шунда ансорлар: «Агар биз ҳам бирор куни уларни мусибатга учратсак, улардан зиёда қиламиз», дедилар.
Макка фатҳи куни Аллоҳ «Иқоб қиладиган бўлсангиз, ўзингизга қилинган иқобга ўхшаш иқоб қилинг. Агар сабр қилсангиз, албатта, бу сабр қилувчилар учун хайрлидир» оятини нозил қилди».
Термизий ривоят қилган.
Биринчи ривоятга қараганда, оят Уҳуд ғазотида нозил бўлган. Иккинчи ривоятга қараганда эса оят Макка фатҳида нозил бўлган.
Бу икки ҳодиса орасида бир неча йил ўтган. Шунга биноан, оятнинг нозил бўлиши такрорланган, дейилади.
САБАБ БИТТА, НОЗИЛ БЎЛГАН
ОЯТЛАР БИР НЕЧТА БЎЛИШИ
Кўпчилик уламоларнинг айтишларича, аввал ўтган ҳолатга тамоман зид ўлароқ, сабаб битта ва нозил бўлган нарса бир нечта бўлиши ҳам мумкин. Бунга ҳеч қандай монелик йўқ. Одамларда қаноат ҳосил қилиш учун, уларни ҳидоятга бошлаш учун керак бўлган нарса ортиқчалик қилмайди. Улар бу гапларига мисоллар ҳам келтирадилар. Аммо баъзи уламолар, жумладан, устоз Фазл Ҳасан Аббос: «Бу ҳолат бўлиши мумкин эмас», дейдилар. Бу гуруҳдаги уламоларнинг гапларига қараганда, аввалгиларнинг мисоллари заиф ва бундай ҳолатнинг бўлиши Қуръони Каримга тўғри келмайди.
ҚУРЪОНИ КАРИМ ЭЪЖОЗИ
Аллоҳ таолонинг инсонга берган улкан неъматларидан бири уни яратиб, ўз ҳолига қўйиб қўймаганидир. Балки яратиш билан бирга, уни икки дунёда саодатманд қилишни ҳам Ўз зиммасига олди. Чунки ақли қанчалик ўткир бўлса ҳам, илми қанчалик ривожланса ҳам, инсон доимий равишда раббоний ҳидоятга муҳтож бўлиб туради. Шунинг учун Аллоҳ таоло раҳмат ва лутфу карам кўрсатиб, инсонларга башорат ва огоҳлантириш берувчи пайғамбарларни юбориб туришни ирода қилган.
Одамлар ёлғончига чиқаришлари эҳтимоли катталигидан Аллоҳ таоло Ўз расулларини мўъжизалар билан қўллаб туришни ирода қилган. Қуръони Карим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бош мўъжизалари бўлган. Ушбу илоҳий Китобнинг мўъжизакорлигини ўрганиш «Улуми Қуръон» илмининг мавзуларидан бирига айланган.
«Мўъжиза» сўзи араб тилида «ожиз қолдирувчи» деган маънони билдиради. Уламолар истилоҳида эса қуйидагича: «Пайғамбарлик даъвосини қилаётган шахснинг Аллоҳ таоло томонидан тасдиқланишига далолат қилувчи ғайриоддий иш мўъжизадир».
Ушбу таърифдан мўъжизанинг шартлари келиб чиқади.
Мўъжиза Аллоҳ таолонинг иши бўлиши, инсоннинг иши бўлмаслиги шарт.
Мўъжиза одатдан ташқари иш бўлиши, одамлар одатланиб қолмаган иш бўлиши шарт.
Мўъжиза унга қарши чиқиш имкони йўқ иш бўлиши, одамлар унга ўхшаш нарсани қила олмасликлари шарт.
Мўъжиза пайғамбарликни даъво қилувчидан содир бўлиши, ундан бошқадан содир бўлмаслиги шарт.
Мўъжиза пайғамбарликни даъво қилувчининг даъвосига мувофик бўлиши ва пайғамбарликни даъво қилганидан кейин содир бўлиши шарт.
Аллоҳ таоло ўтган пайғамбарларга ҳам уларнинг ҳақ эканликларини тасдиқловчи мўъжизалар берди. Баъзиларига қавмларининг талабларига биноан ҳам мўъжиза кўрсатди. Ҳар бир пайғамбар ўзига берилган бош мўъжиза билан бошқаларидан ажралиб турадиган бўлди. Уларнинг ҳаммаси моддий ва ҳиссий мўъжизалар бўлиб, замонларига, шароитларига мос эди. Шу билан бирга, у мўъжизалар пайғамбарлар алайҳимуссаломнинг шахслари ва ҳаётлари билан ҳам боғлиқ эди. Ўша пайғамбарларнинг ҳаёти тугаса, шахси бу дунёдан кетса, мўъжиза ҳам тамом бўлар эди.
Ҳар бир пайғамбарнинг ўз уммати яхши биладиган бирор ҳунар ёки шунга ўхшаш нарсадан мўъжизаси бўлган.
Фиръавн қавми математика, табиат ва айниқса сеҳрга жуда уста эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларга юборган пайғамбари Мусо алайҳиссаломга берган мўъжизасини шуларга мос қилиб бердики, аввало уламо ва сеҳргарлар Мусо алайҳиссалом кўрсатаётган нарса Аллоҳ тарафидан берилган эканига иймон келтирдилар. У кишининг ҳассалари илонга айланиб, сеҳргарларнинг сеҳр қилган нарсаларини ютиб юборди.
Ийсо алайҳиссалом келганда эса кишилар орасида табиат илми ва тиб ривожланган бўлиб, улар руҳий нарсаларни инкор қилар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломга кўр бўлиб туғилганларнинг кўзини очиш, тузалмайдиган касалларни тузатиш ва ўликларни тирилтириш мўъжизасини берди.
Ҳақиқатни айтганда, аввалги пайғамбарларнинг мўъжизалари вақтинчалик мўъжизалар эди. Чунки бу мўъжизалар пайғамбарлар тириклик вақтида ўз таъсирини ўтказиб туриб, улар вафот этганларидан сўнг йўққа чиқар эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзининг охирги шариати учун боқий мўъжизани ихтиёр этди. Бутун оламлар учун сўнгги ва умумий Пайғамбар қилиб танлаган ҳабиби Муҳаммад алайҳиссаломга Ўзининг Каломини бош мўъжиза сифатида нозил қилди.
Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари охирги шариат бўлгани, у зотнинг рисолалари қиёматгача туриши лозимлиги учун Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бош мўъжизаларини моддий эмас, маънавий қилди, муваққат эмас, абадий қилди. Қуръони Карим Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бош мўъжизаларидир. Бу мўъжиза у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларига ва шахсларига боғлик эмас. У кишидан кейин ҳам қиёматгача абадий мўъжиза бўлиб тураверади.
Лекин бу дегани, Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳхи васалламга Қуръондан бошқа мўъжиза бермаган, дегани эмас. Аллоҳ таоло Ўзининг анбиёларининг хотами Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўтган набийлар алайҳимуссаломга берган мўъжизаларининг кўпини берган. Лекин бу мўъжизаларга у кишининг пайғамбарликларини тасдиқловчи аломатлар сифатида қаралган эмас. Пайғамбаримизга берилган мўъжизалар ҳақида алоҳида китоблар ҳам битилган. Мисол учун, исро ва меърож ҳодисалари аввалги пайғамбарларга берилган мўъжизалардан кам эмас. Аммо бунга пайғамбарликни тасдиқловчи алоҳида мўуъжиза деб эмас, балки ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолога яқинликларининг оддий мисоли сифатида қаралган.
Қуръон мўъжизаси – ожиз қолдириши деганда, одамларнинг унга ўхшаш нарса келтиришдан ожиз қолишлари кўзда тутилади.
Қуръони Карим ўзининг ҳидояти, қонун-қоидалари, услуби ва маънолари билан башариятни ожиз қолдирган, қолдириб келмоқда ва шундай бўлиб қолади. Чунки Қуръон башариятнинг ақли тараққий этган бир пайтда шу тараққиётга мос равишда нозил бўлди. Ҳар қандай соғлом фикрли киши Қуръонни турли бузғунчи фикрлардан холи бўлган ҳолда ўрганса, албатта, унинг илоҳий мўъжизакор китоб эканини тан олиши турган гап. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётдан ўтганларидан кейин ҳам Қуръон мўъжизакор холида турибди ва қиёматгача тураверади.
Қуръон нозил бўлишидан олдин ва хусусан, Қуръон нозил бўлаётган пайтда арабларда сўз усталиги, адабиёт, шеър ва ваъзхонлик ниҳоятда юқори даражада эди. Йил давомида улар бир неча сайл ва маросимлар ўтказиб туришар эди. Хусусан, Укоз деган жойда шеър айтиш ва ваъзхонлик қилишда катта-катта мусобақалар ўтказилиб, машҳур ва етук шоирлар мусобақа қатнашчиларига баҳо қўяр эдилар.
Арабларнинг бундай сўз усталигига икки сабаб бор эди: улар қабила-қабила бўлиб яшар эдилар. Бундай ҳаёт эса ўзаро тортишув, уруш ва фахрланишларга сабаб бўлади. Ҳар бир қабила бошқа қабилалар олдида устунлигини кўрсатиш учун ўзининг уста шоирига эга бўлишга интилар эди. Шу билан бирга, бу шоир бошқа қабилаларни ҳажв қилиши ҳам керак эди. Шунинг учун ҳам улар шоирлик ва сўз усталигига катта аҳамият берар, шоирларни ва сўз усталарини ниҳхоятда қадрлар эдилар.
Шундай бир пайтда Қуръони Карим ўзининг ажойиб услуби, шифобахш ҳикматли сўзлари билан пайдо бўлиб, изтиробда ва тартибсиз ҳаёт кечираётган Арабистон ярим оролидаги халқларнинг қалбига йўл топди.
Албатта, Қуръон ўша пайтдаги шоирлар ва сўз усталарининг асарларидан жуда ҳам устун турганлигидан шундай муваффаққиятга сазовор бўлди. Араблар ҳам Қуръон уларни ожиз қолдирганидан сўнг ҳеч нарса дея олмай қолдилар. Қуръонни эшитган пайтда араб сўз усталарининг энг катталари ҳам унга бош эгдилар. Қуръон қаршисида машҳур шоирларнинг ҳам тили тутилиб қолди.
Мушрикларнинг катта раҳбарларидан бўлмиш Валид ибн Муғийра ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръон тиловатини эшитганидан кейин кўнгли эриб, ўз қавми – Бану Маҳзум қабиласига бориб: «Аллоҳга қасамки, мен ҳозиргина Муҳаммаддан бир калом эшитдим, у башарнинг каломи эмас. Унда бир ҳаловат бор, унда бир лаззат бор. Унинг усти серҳосил, ости сербарака. Албатта, у олий бўлади, ҳеч нарса ундан олий бўла олмайди», деган эди.
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
Қуръоннинг арабларни беллашувга чорлаши;
Қуръони Каримнинг баёний эъжози;
Қуръони Каримнинг илмий эъжози;
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳаётда ҳар бир инсон бой бўлишни истайди ва бу йўлда тинмай ҳаракат қилади. Агар бу ҳаракат Аллоҳ кўрсатган ҳалол тарзда бўлса динимизда унга бой бўлишга ҳеч қандай тақиқ йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Эй Амр, солиҳ бойлик солиҳ кишининг қўлида бўлса, қандоқ ҳам яхши! деганлар (Имом Бухорий Имом, Имом Табароний ривоят қилган).
Бироқ бугун баъзи одамларнинг ҳамма нарсани бойлик билан ўлчайдиган, фойда йўлида имон, эътиқод, барча муқаддас туйғулар ва инсонийликдан ҳам воз кечаётганларини гувоҳи бўлмоқдамиз. Улар бой бўлиш йўлида ҳатто ўзининг жигарларини ҳам чув туширишдан тап тортмаяптилар. Умрларида бирор бадиий ёки илмий китоб ўқишга одатланмаган бўлсалар-да, китоб дўконларидаги “Бой бўлиш сирлари”, “Фолбинлар башоратлари” мазмунидаги китобларни топиб ўқишади. Ҳар гал янги чиққан фолбиннинг “энг яқин мижоз”ига айланиб улгурадилар. Энг ачинарлиси, мўмай даромад топиш илинжида хорижга кетаётган аёлларнинг одам савдоси бозорининг маҳсулотига айланиб қолаётганидир.
«Биз хориж давлатларидан бирига борганимиздан сўнг, алданганимизни билдик. Даромадли иш топиб берамиз, деганлар бизга ёлғон гапирганини, аслида эса фоҳишалик билан шуғулланишимиз учун сотилганимизни айтишди. Бизни бу жирканч ишга мажбурлашар, айтганларига кўнмасак, уч-тўрт эркак овозимиз чиқмай қолгунча тепкилашар, хўрлашарди...» афсуски бу гаплар ҳам айнан бойлик ортидан қувган бир ўзбек аёлига тегишли.
Маълумотларга кўра, одам савдосидан жабрланганлар сони йилига ўртача 2,7 миллион кишини ташкил этмоқда. Одам савдоси бозори наркотик ва қурол савдосидан кейинги учинчи ўринни эгаллаб келмоқда. Жаҳон бозорида одам савдосидан кўрилаётган йиллик даромад 7 миллиард доллар миқдорида баҳоланмоқда.
Нега бугун миллатдошларимиз ўз аждодлари минг йиллардан буён тарихнинг энг оғир кунларида ҳам амал қилишган дин кўрсатмаларини қўйиб, сафсаталарга ишонишмоқда. Маҳалла, турли тадбир ва жамоат жойларида уларнинг қилмишларидан эҳтиёт бўлишга қанчалик тарғиб этилмасин, уларнинг қармоғига илинганларнинг сони камаймаяпти? Бу савол жавоби сабрсизликдир.Улар сабрни бир четга суриб қўйиб, ҳамма нарсага осонгина эришмоқчи бўлмоқдалар. Қадимда ота-боболаримиз не-не қонли синовларни бошидан ўтказмаган, бир бурда нонга муҳтож бўлган бўлсаларда, лекин ҳеч қачон сабрсизлик қилмаганлар.
Фараз қилинг, бир хонадонда турли сабаблар билан бирор тангчилик бўлди. Оила аъзолари бошқа хонадонга чиқиб кетмайди-ку. Фарзандлар бошқа ота-онани ўзининг ота-онаси деб билмайди-ку.
Аксарият одамлар бойлик ортидан қанчалик югурса-да, ер юзини кезиб чиқсаларда бойликларида ҳам, умрларида ҳам барака, ҳаловатнинг йўқлигидан шикоят қиладилар. Бунга Аллоҳнинг каломи Қуръонда кўрсатиб қўйилган ҳалол йўл билан ризқ излашни унутиб қўйганлари бош сабабдир. Аслида бой бўлишнинг, бойлик, мол-дунё орттиришнинг ягона йўли тақво билан, ҳалол йўл билан бойлик топишдир. Тақводорлик ризқнинг калити ҳисобланади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур. Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ ўзи (хоҳлаган) ишига етувчидир. Аллоҳ барча нарса учун миқдор (меъёр ва муддатни тайин) қилиб қўйгандир» (Талоқ сураси, 2-3-оят).
Аллоҳ таоло ҳар бир жон учун ризқ тайин қилиб қўйган. Банда хоҳ ўз юртида бўлсин хоҳ хорижда бўлсин белгилаб қўйилган ризқгагина эгалик қилади. Ундан ортиғига ҳам камига ҳам эришиб бўлмайди. Айни шу ҳақиқатни ҳар биримиз яхши тушуниб олишимиз даркор. Чунки юртдошларимизнинг хорижга кетишларига ҳам айнан шу ақидага амал қилмасликлари сабаб бўлмоқда. Ота-она дуосини олиб, қалб тинч бўлиб бир бурда бўлсада нонни ўз оила аъзолари атрофида ейишга нима етсин. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Агар улар Аллоҳ ва Расули уларга ато этган нарсага рози бўлиб: “Бизга Аллоҳ кифоя. Бизга, албатта, Аллоҳ ўз фазлидан ато этур ва Расули ҳам. Биз Аллоҳ (розилиги)гагина рағбат қилувчилармиз”, – десалар эди (ўзларига яхши бўлур эди)» (Тавба сураси, 59-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Бойлик мол-мулкнинг кўплигида эмас. Балки бойлик кўнгил тўқлигидир” (Имом Муслим, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).
Аллоҳнинг берган неъматига шукр қилиш неъматнинг зиёда бўлишига сабаб бўлади. Ва аксинча, неъматга шукр қилмаслик, неъматнинг завол топишига олиб келади. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир» (Иброҳим сураси,7-оят).
Чиндан ҳам, бугун юртимиз тинч, турмушимиз фаровон. Бироқ бу неъматларнинг қадрига етмай, янада кўпроқ даромад топиш мақсадида фарзандлар, яқинларни ҳам унутиб хорижга кетаётган миллатдошларимиз яхши тушуниб олишлари лозимки аслида ота-она, фарзандлар билан бирга борига шукр, йўғига сабр қилиб, чиройли тарзда умргузаронлик қилиш, фарзандларини ўз юрти, халқи тараққиёти йўлида хизмат қиладиган авлод қилиб тарбиялаш ҳақиқий бойликдир.
Даврон НУРМУҲАММАД