Дунёда коронавирус пандемияси кенг тарқалиб, Ўзбекистон халқи ҳам бу синовдан четда қолмади. Президентимиз халқимизга мурожаат қилиб, Яратганнинг бу каби синовлари миллати, тили ва динидан қатъи назар давлатлару халқларнинг бошига тушиши мумкинлигини қайд этдилар.
Куни кеча давлатимиз Раҳбари раислигида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтиришга бағишланган бўлиб ўтди. Унда Юртбошимиз шифокорларнинг машаққатли меҳнатларини алоҳида эътироф этиб:
Дунё бўйлаб, хусусан, мамлакатимизда шифокорларнинг ўз касбига садоқати, халқимиз, ота-оналаримиз, фарзандларимиз соғлиғи йўлида тун-у кун қилаётган меҳнати барчамиз учун жасорат намунаси бўлмоқда.
Ҳурматли тиббиёт ходимлари, ўз ҳаёти ва соғлиғини гаровга қўйиб, пандемия билан курашаётган шифокорлар, ҳамширалар, санитар ходимларга бутун Ўзбекистон халқи номидан чексиз миннатдорлик билдираман», – деб таъкидладилар.
Бугунги мураккаб даврда ҳар бир ишда фаоллик кўрсатаётган имом-хатиблар бутун дунёга таҳдид бўлаётган пандемияга қарши курашаётган матонатли шифокорларнинг меҳнатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, уларнинг ҳақларига дуои хайрлар қилмоқдалар.
Шунингдек, туну кун беморлар муолажаси билан банд бўлган ҳатто уйига ҳам келолмаётган тиббиёт ходимларининг хонадонларига ташриф буюриб, оила аъзоларидан ҳол-аҳвол сўраб, озиқ-овқат маҳсулотлари ва ҳадяларни туҳфа қилмоқдалар. Бундай савобли ишларда Самарқанд, Фарғона, Навоий, Қашқадарё ва Жиззах вилоятлари анча фаол бўлганларини алоҳида таъкидлаймиз ва ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.
Аллоҳ таоло юртимиздан ушбу балони тез орада даф қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Собит ибн Иброҳим таҳорат ола туриб ариқда оқиб келаётган бир олмага кўзи тушади ва олмани олиб ейди. Олманинг ярмини еб бўлганида, унинг ҳаққи ҳақида ўйлаб қолади. Шу хаёлда Собит ибн Иброҳим ариқ четидан юриб олма оқиб чиққан боғга киради ва боғ эгасига:
– Еб қўйган яримта олмам учун ҳаққингизни ҳалол этинг. Қолган ярми мана, олинг, – дейди.
– Майли, ҳаққимни ҳалол этаман, фақат бир шартим бор, – дейди боғ эгаси йигитнинг ҳалол, тақволи эканини англаб.
– Шартингизни айтинг, – дейди Собит ибн Иброҳим.
Шунда боғ эгаси:
– Бир қизим бор, уни никоҳингга оласан. Лекин рози бўлишингдан аввал унинг ҳолатидан сени огоҳ этишим лозим. Қизимнинг кўзи ожиз, ҳеч нарсани кўрмайди, соқов – гапирмайди ва яна қулоғи эшитмайди – кар, қимирламайди – шол, – дейди.
Боғ эгасининг гапларини эшитган Собит ибн Иброҳим лол бўлиб қолади. Еб қўйган яримта олманинг ҳаққидан қўрқиб, қизга уйланишга рози бўлади ва:
– Майли, таклифингизни қабул қилдим, зора шу билан Аллоҳнинг розилигига эришсам, – дейди.
Ота қизига оқ фотиҳа беради. Тўй-томошалар ўтгач, Собит ибн Иброҳим салом берганича қизнинг ёнига киради. Қиз саломга алик қайтарганча қўли кўксида қуллуқ қилади.
Йигит бўлаётган ишлардан ҳайратланади: “Бу жуда ғалати-ку, соқов эмас экан-да, саломимга жавоб берди. Тик турибди, демак шол ҳам эмас. Қўли кўксида, бундан чиқди кўзлари ҳам кўради”.
Йигит шошганча ташқарига чиқади ва қизнинг отасига: “Бу менга ваъда қилинган қиз эмас-ку, кўр, соқов, кар ва шол деганингизнинг боиси не?!” – дейди.
“Нега энди?” – изоҳ беради қизнинг отаси: “Бу ўша қиз. Кўзи ожиз деганим – унинг кўзлари Аллоҳ ҳаром қилган нарсага боқмаган, қулоғининг карлиги – Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга қулоқ тутмаган, соқовлиги ҳам рост, чунки тили Аллоҳнинг зикригагина айланган, шоллиги – ёмон ишга юрмаган”.
Собит ибн Иброҳим бировнинг ҳаққидан қўрққанлиги эвазига олий мукофотга эришади. Вақт ўтиши билан унинг аёли ер юзини илм ва фиқҳга тўлдиражак бир зотга, буюк Имом Абу Ҳанифага ҳомиладор бўлади.