Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Бақара” сурасида бандарига эслатма қилиб:
“Албата, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкга, жонга меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер. Улар мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз», дерлар. Ана ўшаларга Роббиларидан саловатлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир” (155-157 оятлар) деган.
Яратган Роббимиз бугун бизга ана шундай синовлардан бирини юборган ҳолда бизни синамоқда. Бутун дунё бўйлаб тарқалаётган коронавирус инфекцияси бизни ҳам четлаб ўтмади. Бундай синовлар бизни сабрга, ҳамжиҳатликка ҳамда истиғфору дуоларни орттириб, Аллоҳга яқин бўлишга, бир сўз билан айтганда, савобли амалларимизни кўпайтиришга тарғиб этади. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларининг бирида: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. У унга зулм ҳам қилмайди ва ташлаб ҳам қўймайди. Ким ўз биродарининг ҳожатини чиқарса, Аллоҳ унинг ҳожатини чиқаради. Ким бир мусулмонни ғамдан фориғ қилса, Аллоҳ ундан қиёмат кунининг ғамларидан бир ғамни фориғ қилади. Ким мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ қиёмат куни унинг айбини беркитади”, дея марҳамат қилганлар.
Динимизнинг бу каби кўрсатмаларидан келиб чиққан ҳолда имом-хатибларимиз жойларда аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб бормоқдалар. Жумладан, ушбу синовли кунларда тадбиркорлар томонидан нарх-наволарни ошириб юбормаслик, халқимиз эса саросимага тушмай бу Аллоҳнинг синови-имтиҳони эканини ҳис қилиб, ҳамжиҳатлик ила синовларни енгишга даъват этмоқдалар.
Қайд этиш лозимки, халқнинг бошига келган синовли кунларда ҳиммати ва саховатпешалиги билан ўрнак бўлаётган ватандошларимиз ҳам талайгина. Имом-хатибларимиз жойларда саховатли кишилар билан ҳам учрашиб, уларнинг ҳақига дуо қилдилар.
Шунингдек, тарғибот ишлари давомида аҳолига мутасаддилар томонидан берилаётган кўрсатмаларга амал қилиш, зарурат бўлмаган тақдирда кўчага чиқмаслик лозимлиги ҳақида ҳам кенг қамровли тушунтириш ишлари олиб бормоқдалар.
Раҳматуллоҳ ЖАЛИЛОВ,
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги ходими
#xabar #muftiy #juma
Бугун, 18 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жума намозини Тошкент шаҳридaги "Яккасарой" жоме масжидида адо қилдилар.
Муфтий ҳазратлари жамоат намозидан олдин йиғилганларга “Ўзганинг ҳаққидан ҳазар қилайлик!” мавзусида манфаатли суҳбат қилиб бердилар.
Мавъизада бугунги кунда бировнинг молини нотўғри йўл билан ейиш ва ўзганинг хаққига хиёнат қилишдек оғир гуноҳлар, жумладан, қарзини қайтармаслик, тарозидан уриш, муаллифлик ҳуқуқини поймол қилиш, порахўрлик, қиморбозлик, фирибгарлик каби иллатлардан ҳазар қилиш лозимлигини қатъий таъкидладилар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қуръони каримдаги: “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз!...” (Нисо сураси, 29) оятини шарҳлаш асносида Аллоҳ таоло инсониятни Ер юзида ҳалол ризқ талаб қилишга амр этгани, унинг акси бўлмиш ҳаромдан ҳазар қилишга буюргани ҳамда ҳалол ва ҳаром нарсаларни очиқ баён қилганини айтиб ўтдилар.
Суҳбат якунида Ҳақ таолодан элу юртимиз тинчлик-фаровонлиги ва ҳалол-пок молу давлат топиш, ноҳақ-ботил йўллар орқали келадиган моллардан асрашини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати