СЎЗ БОШИ
Тариқатлар;
Тасаввуфда таназзул
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
Аллоҳ таолога Ўзига хос ва мос ҳамду санолар бўлсин!
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин!
Ул зотнинг оли байтлари ва асҳобларига ҳам салавот ва дурудлар бўлсин!
Аммо баъд:
Азиз ўқувчилар! Сиз муҳтарам ила ўзига хос ажойиб бир мавзуда суҳбат бошламоқдамиз. Бу мавзу айниқса сиз билан биз истиқомат қиладиган минтақа фарзандлари учун ўзига хос хусусият касб этгандир. Чунки сиз билан биз фалакнинг гардиши иродамизга қарши айланиши туфайли динимиздан узоқлашишимиз жараёнида ушбу мавзудан ҳам бутунлай узоқлашиб кетганмиз. Кўпчилигимиз бу ҳақда энг оддий тасаввурга ҳам эга эмасмиз. Баъзи бир маълумотга эга бўлганларимиз эса қониқарли даражада билим ҳосил қилмаганмиз.
Бу мавзу тасаввуфдир. Ҳозирда у ҳақда турли гап-сўзлар кўпайиб кетди. Уларнинг қай бири тўғри, қай бири нотўғри эканини ажратиб олишнинг ўзи ҳам қийин. Шунинг учун барчани бирдек қониқтирадиган маълумотларга эҳтиёжимиз кучли. Аммо аввал ўзимиз ўрганмоқчи бўлган мавзу билан алоқамиз ҳақида керакли нарсаларни бир оз эслаб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўлар, деган умиддамиз.
ТАРИҚАТЛАР
Замони саодатда ва ундан кейинги дастлабки вақтларда ақоид, фиқҳ ва бошқа исломий илмлар қатори тасаввуф ҳам алоҳида ажраб чиққан эмасди. Ўша даврдаги мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик чоғларида барча нарсада у зотнинг ўзларига эргашар эдилар.
Кейинчалик эса саҳобалар ўзлари Қуръон ва суннатдан керакли ҳукм ва хулосаларни чиқариб олиб, амал қилиб юрдилар. Ўша пайтда руҳий камолотга, зикр ва зоҳидликка мойил зотлар турли оят ва ҳадислардан ўзлари учун далил топиб, мазкур ишларни ўз ҳаётларига татбиқ қилдилар.
Бу борада саҳобаи киромлар ичида тўрт рошид халифа, Абу Зарр Ғифорий, Абдуллоҳ ибн Амр, Абу Дардо, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар, Салмон Форсий, асҳоби суффа розияллоҳу анҳум ва бошқалар кўзга кўринган эдилар.
Тобеъинлар авлоди эса бошқа барча илмлар қатори, руҳий тарбия ва нафсни жиловлаш илмини ҳам саҳобалардан қабул қилиб олдилар.
Улар орасидан тасаввуф йўналишини белгилашда ва унинг илм сифатида шаклланишида ўзларининг катта ҳиссаларини қўшган зотлар етишиб чиқдилар. Булардан Увайс Қараний, Ҳасан Басрий, Саъид ибн Мусаййаб, Жаъфар Содиқ ва бошқаларни барча эътироф этиб, зикр қиладилар. Уларнинг тутган тасаввуфи энг тўғри тасаввуф эканига ҳеч ким хилоф қила олмаган.
Тасаввуф ва мутасаввифлар тарихини ўрганган олимлардан Абу Нуъайм ўзининг «Ҳулятул авлиё» китобида тасаввуф ила машҳур бўлган тобеъинлардан икки юз кишининг таржимаи ҳолини келтирган.
Табаъа тобеъинлар авлодида Фузайл ибн Иёз ва Иброҳим ибн Адҳам бошлиқ кўплаб сўфийлар етишиб чиқдилар.
Аста-секин руҳий тарбия устозлари ҳам етишиб чиқа бошлади. Уларнинг атрофида шогирдлари ва ўз жамоалари ҳам пайдо бўла бошлади. Бора-бора улар бошқалардан ажралиб турадиган ўз белгиларига ҳам эга бўлдилар.
Кейинчалик бир устознинг руҳий тарбиясини олиб, ўша тарбияни ҳаётига татбиқ қилиб юрган жамоа аъзоларининг тутган йўлини «тариқат» деб номлаш одат тусига кирди. Зотан, «тариқат» арабча «торийқ» – «йўл» сўзидан олинган бўлиб, ҳам моддий, ҳам маънавий йўлни ифода этишга ишлатилаверади.
Ҳар бир тариқатнинг устози ўз шогирдлари томонидан «шайх» дея эътироф қилинди.
Ҳар бир шайх ўз тариқатининг Қуръон ва Суннатга мувофиқ эканини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан олинганини исботлаши керак эди. Бунинг учун ҳар бир шайх ўз устозининг ва устозининг устозининг рухсатларини исботлаб, силсилани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача етказар эди.
Бу маънода аҳли тасаввуфнинг силсиласи худди муҳаддисларнинг санадига ва фақиҳларнинг мазҳабига ўхшаб кетарди.
Агар тасаввуф тариқатлари тарихига назар соладиган бўлсак, улардан ҳозиргача машҳур бўлиб келаётганлари фиқҳий мазҳабларга ўхшаб, ҳижрий иккинчи асрда эмас, балки анча кейин шуҳрат топганларини кўрамиз.
Албатта, ҳар бир тариқатнинг асли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб тақалади. Шу сабабли унинг томирлари узун ҳисобланади. Аммо маълум шайх номи ила машҳур бўлган катта тариқатларнинг аксари ҳижрий бешинчи ва олтинчи асрларга тўғри келади.
Бундан эса айнан ўша асрларда тасаввуф ўз равнақининг чўққисига чиққанини билиб олсак ҳам бўлади. Келинг, тасаввур ва маълумот учун баъзи машҳур тариқатларни қисқача зикр қилиб ўтайлик:
Бу тариқат ўз асосчиси Аҳмад ибн Али ибн Аҳмад Рифоъий раҳматуллоҳи алайҳининг номи билан аталган. У киши Ироқда, Басра билан Восит орасидаги Умму Убайда қишлоғида ҳижрий 512 санада таваллуд топганлар. Ёшликларида оталаридан ажраб, етим қолганлар ва тоғаларининг тарбиясини олганлар. Аввал Шофеъий мазҳаби бўйича фиқҳни ўрганганлар. Кейин тоғаларидан тасаввуф бўйича таълим олганлар ва у кишининг ўрнига тариқат шайхи бўлганлар. Аҳмад ибн Али ибн Аҳмад Рифоъий раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 578 санада вафот топганлар.
Бу тариқат Абул Ҳасан Шозилий раҳматуллоҳи алайҳига нисбат берилгандир. У киши ҳижрий 593 санада туғилиб, ҳижрий 656 санада вафот топганлар. Абул Ҳасан Шозилий раҳматуллоҳи алайҳи олим, обид, зоҳид ва машҳур сўфийлардан бўлганлар. У киши Тунис, Миср, Ироқ ва Макка томонларга кўп маротаба сафарлар қилганлар. Қоҳиранинг Комилия мадрасасида қози Иёзнинг «Шифо» китобини, «Рисолаи Қушайрия»ни, «Ал-Муҳаррар ал-Важийз»ни талабаларга ўқитганлар. У киши узлатни ва маҳрумлик ҳаётини ўзларига эп кўрмаганлар. Одамларга аралашиб, дунё неъматларидан баҳраманд бўлиб яшаганлар.
Бу тариқат ўз муассиси Абу Муҳаммад Муҳйиддин Абдул Қодир Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳининг номлари билан аталган. Абдул Қодир Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 470 санада Бағдодда таваллуд топганлар ва ҳижрий 562 санада ўша ерда вафот этганлар. У киши машҳур фақиҳ бўлиб, ҳам шофеъий, ҳам ҳанбалий мазҳаби ила фатво берар эдилар.
Мавлоно Жалолуддин Румий раҳматуллоҳи алайҳига нисбат берилган бу тариқат Онадўлида кенг тарқалган эди. Мавлоно Жалолуддин Румий раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 604 санада таваллуд топганлар. У кишининг насаблари ота тарафдан Абу Бакр Сиддиққа, она тарафдан Мовароуннаҳрда ҳукм сурган хоразмшоҳлар сулоласига бориб тақалади. У киши кўплаб сафарлардан кейин Султон Алоуддин Салжуқийнинг пойтахти Қўния шаҳрида узоқ вақт яшаб, ўша ерда вафот этиб, дафн қилинганлар. У киши шаръий илмларни кўзга кўринган ҳанафий фақиҳ бўлган ўз оталаридан олганлар. Мавлоно Жалолуддин Румий раҳматуллоҳи алайҳи ўз умрларининг биринчи даврида мударрис, воиз ва фақиҳ бўлганлар. Кейин эса сўфийлик, шоирлик ва ҳакимлик билан шуҳрат қозонганлар.
Бу тариқат улуғ мутасаввиф Хожа Аҳмад Яссавий раҳматуллоҳи алайҳининг номлари билан аталгандир. У киши ҳижрий 562 санада вафот этганлар. Хожа Аҳмад Яссавий раҳматуллоҳи алайҳи шайх Юсуф Ҳамадонийнинг халифаларидан бўлганлар. У киши Бухорода таҳсил олганлар. Яссавийлик тариқати силсила жиҳатидан нақшбандликка алоқадордир. Бу тариқатда зикр жаҳрий бўлади.
Бу тариқат Шоҳ Нақшбанд исми билан машҳур бўлган Муҳаммад ибн Муҳаммад Баҳоуддин Бухорий раҳматуллоҳи алайҳига нисбат берилади. У киши ҳижрий 717 санада Бухоро яқинидаги Қасри Орифон қишлоғида дунёга келганлар. Ўн саккиз ёшларида уйланганлар. Шайх Саммосий ва Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳимодан руҳий тарбия олганлар. Шу билан бирга, шариат уламолари ва олимларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари хусусида олиб бориладиган суҳбатларида доимий равишда иштирок этар эдилар. У киши икки марта ҳаж зиёратини адо этганлар ва Форс ҳамда унинг атрофидаги кўплаб Ислом юртларига сафарлар қилганлар. Шоҳ Нақшбанд раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 791 сана рабиъул аввал ойининг учинчи куни, душанбага ўтар кечаси вафот этганлар.
Ҳазрати Баҳоуддин раҳматуллоҳи алайҳи бутун умр бўйи ўз муридларини суннати Муҳаммадия йўлида тарбиялаб ўтдилар. У кишининг қўлларида ўн минглаб муридлар камол топди. Шоҳ Нақшбанд раҳматуллоҳи алайҳининг тариқатлари ҳозирги кунда ҳам дунёнинг кўплаб юртларида кенг тарқалгандир.
Шайх Абдуллоҳ Деҳлавий Нақшбандия тариқати ҳақида қуйидагиларни ёзади:
«Бу тариқат Ҳақ таолонинг ҳузурида доимий ҳозирликдир, Ислом ақийдасини, Аҳли сунна вал жамоа ақийдасини мустаҳкамлашдир ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишдир».
Уламолар Муҳаммад Мурод Ўзбакийнинг Нақшбандия тариқати ҳақида айтган қуйидаги гапларини ривоят қиладилар:
«У саҳобаи киромларнинг асл ҳолича, зиёда ҳам, нуқсон ҳам бўлмай қолган тариқатидир. У ботинда ҳам, зоҳирда ҳам барча ҳаракат ва саканотларда суннатга ва азийматга комили илтизом қилган, бидъат ва рухсатдан батамом четда бўлган ҳолда ибодатда бардавом бўлишдан иборатдир».
Шайх Амин Алоуддин Нақшбандий ўзининг «Нақшбандия тариқати недир?» номли китобида қуйидагиларни ёзади:
«Муҳаққиқ уламолар Нақшбандия тариқати ҳақида қуйидагиларни таъкидлайдилар:
Нақшбандия тасаввуфи ўртача ва мўътадилдир. У сулукдаги мўътадиллик, шариатга эргашиш, тариқатнинг осонлиги билан ажралиб туради. У хусусан, дин уламолари ичида кенг тарқалган. Нақшбандий сўфийнинг қалби Аллоҳ билан, жисми банда билан.
Бу тариқатдаги эътиборни ўзига тортадиган энг муҳим нарса – сокинлик, яъни унинг риёдан холи бўлмайдиган бақириқ-чақириқ, тараннум ва тинглашлардан узоқдалигидир.
Нақшбандия тариқатидаги зокир намоздан кейин пок ҳолида, қиблага қараб ўтириб олиб, тилини танглайига теккизиб, қалби тил ҳаракати ила бирлашиб, Аллоҳни зикр қилади».
ТАСАВВУФДА ТАНАЗЗУЛ
Минг афсуслар бўлсинким, ҳижрий еттинчи асрдан кейин барча исломий билимлар бошига тушган таназзул тасаввуфни ҳам четлаб ўтмади. Замон ўтиши билан тасаввуфнинг сурати бузилиб, Ислом таълимотларидан, шариат аҳкомларидан узоқлаша борди.
Бу ачинарли ҳолнинг асосий сабаби таълим-тарбиянинг заифлашиб, саводсизликнинг оммалашгани эди. Оқибатда баъзи танбаллар тасаввуфни даромад манбаига айлантириб олишди. Ўша пайтларда илм, тақво, амалнинг ўрнини сохта кароматлар эгаллади. Шайхлар руҳий тарбия устозларига эмас, ҳожатларни чиқариш ва радди бало билан машғул бўладиган азайимхонларга айландилар.
Бунинг устига, саводсиз жоҳиллар тасаввуф ҳақида, унинг аҳли ҳақида турли бўлмағур гаплар билан дунёни тўлдириб ташладилар. Бу гаплар ҳаводан олинмагани, асоссиз эмаслигини исботлаш учун кўзга кўринган аҳли тасаввуфнинг сўзларидан иқтибослар келтиришга ижозат бергайсиз.
Ислом оламининг мағрибида шуҳрати етти иқлимга таралган шайх Аҳмад Зарруқ ўзларининг «Қоваидут-тасаввуф» китобларида қуйидагиларни ёзадилар:
«Ҳозирги вақтда кўп одамларнинг ҳоли бундайдир: улар илми рақоиқ ва ҳақоиқни ўз ишлари учун, авомнинг қалбини ром қилиш учун, золимларнинг молини олиш учун, мискинларни хор қилиш учун ва очиқ-ойдин ҳаромларга ҳамда зоҳир бидъатларга эришиш учун нарвон қилиб олганлар.
Ҳаттоки уларнинг баъзилари миллатдан чиққанлар. Баъзи жоҳиллар уларнинг бу даъвосини мерос ва мутахассислик сифатида қабул қилганлар».
Шайх Дирдир ўзларининг «Шарҳул Харийда» номли китобларида қуйидагиларни ёзадилар:
«Гоҳида улар ўзларини шайх қилиб оладилар. Унинг одамлари эса унга шайхлигини ширк қилиб, фоний дунёнинг ахлатларини тўплаб юрадилар. Улар уни бир нарсага ярайди деб ўйлайдилар. Ана ўшалар каззоблардир. Агар биров садақа қилса ёки икром кўрсатса, ўшани одат ва ибрат қилиб олиш уларнинг жони-дилидир. Улар ўзларини одамларга арбоби ҳол қилиб кўрсатишга, Аллоҳ уларнинг гапини тасдиқлашини уқтиришга уринадилар.
Йўқ! Бу аҳлуллоҳнинг йўли эмас! Улар бу замонда жуда ҳам кўпайиб кетишди. Ҳар бир юртда ер юзини тўлдиришди. Уларнинг шарридан Аллоҳнинг Ўзидан паноҳ тилаймиз».
Шайх Абдул Ваҳҳоб Шаъроний ўзларининг «Ал-анворул қудсия» номли китобларида ёзадилар:
«Аҳмадия тариқати шайхлари аёллардан аҳд оладилар. Шариат таълимотларига зид бўлишига қарамай, эри йўқ пайтида аёллар билан холи қоладилар.
Улар овқатланиш, кийиниш, гапириш ва амал қилишда Аллоҳнинг чегарасига тажовуз қиладилар ва «Аллоҳ таоло буни мен учун яратган», дейдилар».
Мазкур сохта шайхларнинг кирдикорларидан куйган шайх Муҳаммад Тонжий қуйидагиларни айтади:
«Шайх Вуҳайш бизнинг маҳалламиздаги «Хони банотил хато» номли жойда турар эди. У ҳар бир чиқаётган одамга: «Тўхта, чиқишингдан олдин мен Аллоҳнинг олдида сенинг учун шафоат қилай», дер эди. Шундай деб, у баъзи кишиларни икки-уч кун ҳам ушлаб турар эди. «Менинг шафоатим қабул бўлгунча чиқиш мумкин эмас», дер эди».
Ушбу гаплар айтилгандан кейин ҳам тасаввуфнинг таназзули давом этди.
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
Янгиланиш;
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мазҳаб – бу умматдир. Уммат эса кўпчилик уламолардан ташкил топган. Бу уламолар ижтиҳод қилишади, таҳқиқ қилишади. Масала бир эмас, кўпчилик томонидан илмий таҳқиқ қилинади. Умматда саноқсиз уламолар бор, саноқсиз китоблар бор. Уламолар қайта-қайта ўзаро баҳслар қилиб, «Фалон масала тўғри», деб хулоса қилишади.
Натижада мукаммал даражада маъсум бўлмасак-да, кучли ишонч ила тўғри йўлда бўламиз. «Маъсум бўлмасак-да», деганимнинг сабаби шуки, биз ҳанафийлар «Сўзимиз юз фоиз тўғри», деб даъво қилмаймиз. Тўқсон саккиз-тўқсон тўққиз фоиз тўғри бўлиши мумкин, хато қилиш эҳтимоли бор. Токи шофеъий мазҳабига ҳам йўл қолсин. Аммо биз бу қадар катта нисбатга фақат Абу Ҳанифанинг ижтиҳоди билан эмас, балки илм ижтиҳоди билан эришдик, катта миқдордаги, жуда кўп уламолар воситасида эришдик. Уламолар масалаларни диққат билан ўрганиб, таҳқиқ қилишади. Шунинг учун бир масалада турли ўлкаларда авлоддан авлодга маълум бир фатвога кўра амал қилиб келинади. Барча уламолар мана шу масалага мувофиқ келади. Натижада суянишнинг энг олий чегарасига чиқиб борилади.
Бу суяниш ниҳоятда қувватли бўлади, иймон келтирадиган даражада аниқ бўлмаса-да, шунга яқин келади. Аҳли суннанинг ўзига хос хусусияти мана шудир. Нима учун бу фиқҳ залолатдаги фиқҳ бўлмайди? Чунки унда хато бўлиш эҳтимоли жуда кам, чунки ундаги ижтиҳод бир кишига тегишли эмаски, унинг аксари хато бўлса... Балки бу нарса илмий мактаб ижтиҳодига, қарорига айланди. Бундай илмий мактабда эса хато қилиш эҳтимоли жуда кам бўлади. Аллоҳ таоло Ўзининг динини илмий мактабларнинг мана шундай тартибли илмлари орқали муҳофаза қилди.
Акс ҳолда Аллоҳ таоло Ўзининг динини Зайд, Амр ёки Юсуфнинг қўлида, яъни бир ёки бир неча кишининг қўлида муҳофаза қилган бўлиб қолар эди. Бу гапга ақл бовар қиладими? Йўқ. Аллоҳ таоло Ўзининг динини кучли, асосли, жуда кўп уламоларни ўз ичига олган қатъий, собит илмлар орқали муҳофаза қилади.
Масалага енгил, юзаки қарайдиган, мутаассиб мактаблар наздидагина мўътабар бўлган Фалончи ёки Пистончининг фатво бериши билан улуғ уламоларнинг ижтиҳоди ва қарорлари орасида қанчалар фарқ бор!
Қуръон ва Суннатни англашни, фаҳмлашни якка шахсларга топшириб қўйиш мумкинми? Йўқ. Қуръон ва Суннатни англашни илмий мактабдан ҳосил бўлган илмларгагина ҳавола қилиш мумкин.
Аҳли суннанинг наздида Қуръон ва Суннатнинг қадрини кўряпсизми?
Аҳли сунна Аллоҳнинг Каломи ва Расулининг Суннатини англаш йўлида дунёдаги энг буюк илмни сафарбар қилишди. Тўрт мазҳабнинг илми дунёдаги энг кенг илмдир. Бу илм сон-саноқсиз уламоларни қамраб олган. Уларнинг вазифаси – Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ирода қилган нарсани баён қилиб беришдир. Ақоид борасида Аллоҳ ва Расулининг иродасини очиқлаб берадиган мустаҳкам илмлар ишлаб чиқилди. Одоб-ахлоқ борасида ҳам шундай бўлди.
Биз тўғри, нотўғри эмас, балки қатъиян ҳақ, деяётган бу мактаб қаерда-ю, залолат мактаби – енгиллик ва мутаассиблик мактаблари қаерда?!
Ҳақ мактаб Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини ҳурмат қилди. Уни англаш учун керакли барча илмларни ишлаб чиқди. Бу мактабда инсоният тарихидаги энг афзал, энг улуғ уламолар фаолият кўрсатдилар. Улар Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг суннатини оламда тенги йўқ илмлар, қоида ва усуллар орқали тафсир қилишди. Бу дунёда фиқҳ қоидаларининг ўхшаши йўқ! Бирон киши уларнинг мақомию ҳисобига ета олмайди. Саҳобалар ҳам, тобеъинлар ҳам барча саъй-ҳаракатларини Аллоҳ ва Расулининг муродига бағишлашди. Шу боис барча илмлар ўз қоидаларига эга бўлиб, мустаҳкам қарор топди. Бизда – Урдунда «Ким қонунларни ўрганмоқчи бўлса, усулул-фиқҳни ўргансин», деган гап бор. Усулул-фиқҳ (фиқҳ қоидалари)ни билсангиз, қонунларни ҳам яхши тушунасиз.
Қонунлар ишлаб чиқилган, лекин ўзларида усул йўқ, шунинг учун усулул-фиқҳни ўрганишга мажбур бўлишади, шунда уларни яхши тушунишади. Тасаввур қилинг, қанча-қанча қоидалар ишлаб чиқилган! Буларнинг барчаси усулдандир.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан