Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Халқимиз доимо хайрли ишлар қилишга ундаб: "Садақа радди бало" деган иборани ишлатади. Дарҳақиқат, инсон Аллоҳ таоло йўлида хайрли ишларни амалга оширса, Аллоҳ таолонинг розилигини қўлга киритади. Аллоҳ таоло розилигини қўлга киритган инсон эса ҳар қандай офат-балолардан омонда бўлади.
“Садақа” сўзи арабча “сидқ”, “содиқ” сўзларидан олинган бўлиб, “чин юракдан”, “ сидқи дилдан”, “иймон-эътиқодга мос ҳолда иш бажариш” деган маъноларини англатади. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китобида “ садақа” сўзига бундай изоҳ берилади: “Садақа (арабча) – хайр, эҳсон, садақа, муҳтожларга бериладиган хайру-эҳсон”.
Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни хайр-садақа қилишга буюриб бундай марҳамат қилади: “Эй, сизлар! Аллоҳ йўлида эҳсон қилиш учун чақирилмоқдасиз. Бас, (аниқки) сизларнинг орангизда бахиллик қиладиган кимсалар ҳам бордир. Ким бахиллик қилса, бас, фақат ўз зарарига бахиллик қилур. Аллоҳ Ғаний (бой), сизлар эса фақирдирсиз. Агар сизлар (Аллоҳга итоат этишдан) бош тортсангиз, У (ўрнингизга) сизлардан бошқа бир қавмни алмаштириб қўяр, сўнгра улар сизларга ўхшаган бўлмаслар (балки Аллоҳга итоат қилурлар)” (Муҳаммад сураси, 38-оят).
Хайр-садақа қилиш билан инсоннинг моли камайиб қолмайди. Балки бойлигига барака киради. Ҳадис шарифда бундай дейилади: “Ҳар куни тонгда инсонлар уйқудан уйғонганда ер юзига иккита фаришта тушади. Улардан бири: “Аллоҳ, инфоқ-эҳсон қилган инсоннинг молини тўлдир”, деса, иккинчиси: “Аллоҳ, бахил одамнинг молига талофат етказ” деб дуо қилади.
Хайр-садақа қилиш билан банда Аллоҳ таолонинг мағфиратига сазавор бўлади.
Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳога: “Эй Оиша, бир дона хурмони бўлса ҳам садақа қил. Чунки у оч қолганни тўйдиради ва худди сув оловни ўчиргандек, хатони ўчиради”, дедилар.
Садақа қилиш ёмонликларнинг даф бўлишига сабаб бўлади. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Албатта, Аллоҳ азза ва жалла бир садақа сабабидан етмишта ёмон ўлимни қайтаради", дедилар.
Ушбу ҳадис шарифни шарҳ қилган уламолар инсоннинг садақаси Аллоҳнинг даргоҳида қабул бўлса, бу садақа туфайли унга келаётган ёмонликлар, офат-балолар даф бўлади. Шунинг учун ҳар бир киши яхшиликни, садақа қилишни зинҳор паст санамаслиги, садақа қилиш билан улуғ ажрларга, даражаларга етишиш мумкинлигини билиши ва шунга яраша амал қилиши лозим.
Бошқа ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишининг ўз қўли билан камбағалга (садақа) бериши, уни ёмон ҳолларга тушиб қолишидан сақлайди”, деганлар.
Қилаётган хайр-садақаларимизни Аллоҳ таоло ижобат қилиб, барчамизни турли офат-балолардан асрасин!
Руҳиддин АКБАРОВ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги ходими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Аркон» кўплик сийғасидаги сўз бўлиб, унинг бирлиги рукндир. «Рукн» луғатда бурчак маъносини англатади. Худди бурчак уйдаги асосий нарсалардан бўлганидек, рукн ҳам намоздаги асосий нарсадир. Рукнларсиз намоз бўлмайди. Рукнлар намознинг аввалидан охиригача адо этилиши шарт, уларни қасддан ёки унутиб ёхуд билмасдан қолдириб бўлмайди.
Ҳанафий мазҳабида рукн лафзи ўрнига фарз ва вожиб лафзлари ишлатилади. Қуйидаги ҳадиси шарифларда намознинг фарз ва вожиб амаллари ҳақида сўз боради.
عَنْ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّمَا الْأَعْمَالُ بِالنِّيَّاتِ، وَإِنَّمَا لِكُلِّ امْرِئٍ مَا نَوَى. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Бу ҳадис ва унинг тўлиқ шарҳи «Ният» китобида ўтган. Ҳадиси шарифнинг бир қисмини бу ерда келтиришдан мурод, намозда ният фарз эканлигини билдиришдир. Намоз ўқувчи ният қилиши фарз, аксинча, намози намоз бўлмайди. Агар ниятини тилига олиб айтса, яна ҳам яхши.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ دَخَلَ الْمَسْجِدَ فَدَخَلَ رَجُلٌ فَصَلَّى ثُمَّ جَاءَ فَسَلَّمَ عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَرَدَّ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَلَيْهِ السَّلَامَ، فَقَالَ: ارْجِعْ فَصَلِّ فَإِنَّكَ لَمْ تُصَلِّ، فَصَلَّى ثُمَّ جَاءَ فَسَلَّمَ عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، فَقَالَ: ارْجِعْ فَصَلِّ فَإِنَّكَ لَمْ تُصَلِّ ثَلَاثًا، فَقَالَ: وَالَّذِي بَعَثَكَ بِالْحَقِّ مَا أُحْسِنُ غَيْرَهُ فَعَلِّمْنِي، فَقَالَ: إِذَا قُمْتَ إِلَى الصَّلَاةِ فَكَبِّرْ، ثُمَّ اقْرَأْ مَا تَيَسَّرَ مَعَكَ مِنَ الْقُرْآنِ، ثُمَّ ارْكَعْ حَتَّى تَطْمَئِنَّ رَاكِعًا، ثُمَّ ارْفَعْ حَتَّى تَعْتَدِلَ قَائِمًا، ثُمَّ اسْجُدْ حَتَّى تَطْمَئِنَّ سَاجِدًا، ثُمَّ ارْفَعْ حَتَّى تَطْمَئِنَّ جَالِسًا، ثُمَّ اسْجُدْ حَتَّى تَطْمَئِنَّ سَاجِدًا، ثُمَّ افْعَلْ ذَلِكَ فِي صَلَاتِكَ كُلِّهَا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَزَادَ أَبُو دَاوُدَ: فَإِذَا فَعَلْتَ هَذَا فَقَدْ تَمَّتْ صَلَاتُكَ، وَمَا انْتَقَصْتَ مِنْ هَذَا شَيْئًا فَإِنَّمَا انْتَقَصْتَهُ مِنْ صَلَاتِكَ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кирдилар. Бир одам ҳам масжидга кирди ва намоз ўқиди. Сўнгра келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг саломига жавоб бердилар ва:
«Қайт, бориб намоз ўқи. Сен намоз ўқиганинг йўқ», дедилар. У бориб, намоз ўқиди. Сўнгра келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берди. Бас, у зот:
«Қайт, бориб, намоз ўқи. Сен намоз ўқиганинг йўқ», дедилар. Уч марта шундай бўлди. Бас, шунда ҳалиги одам:
«Сизни ҳақ ила юборган Зот ила қасамки, бундан яхши ўқий олмайман, менга ўргатинг», деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон намозга турсанг, такбир айт. Сўнгра ўзингга муяссар бўлганича Қуръондан қироат қил, сўнгра рукуъ қил ва рукуъда тин ол, сўнгра ғоз туриб, тиклан. Сўнгра сажда қил ва саждада тин ол. Кейин (бошингни) кўтар ва ўтириб тин ол. Сўнгра сажда қил ва саждада тин ол. Кейин намозингнинг ҳаммасида шундай қил», дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Абу Довуд:
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф муҳаддис ва фақиҳ уламолар орасида «намозини ёмон ўқиган одамнинг ҳадиси» номи билан машҳур бўлган. У намознинг сифати ҳақидаги ўта муҳим ҳукмларни ўз ичига олган буюк ҳадисдир.
Унда «масжидга кириб келиб, намоз ўқиди» дейилган кишининг исми Холид ибн Рофеъ бўлиб, Насаий қилган ривоятга кўра, у икки ракъат намоз ўқиган.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Масжидга кирган одам аввало намоз ўқиши кераклиги.
2. Бошлиқ ўзига тобелар қилаётган иш шариатга мосми-йўқми, қараб туриши лозимлиги ва хато бўлса, тузатиб қўйиши.
3. Намоз ўқиб бўлгач, масжиддагиларга салом бериш.
4. Саломни эшитган киши дарҳол алик олиши. Саломга алик олишнинг вожиблиги шу ҳадисдан олинган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аввал саломга алик олиб, сўнг хатони тўғрилашга киришганлар.
5. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қайт, бориб, намоз ўқи. Сен намоз ўқиганинг йўқ» деганларини уламолар икки хил таъвил қилганлар.
Баъзилари «Унинг намози бутунлай намоз бўлмаган», десалар, бошқалари «Унинг намози комил намоз бўлмаган, чунки ҳадиснинг охирида «Бундан бирор нарсани кам қилсанг, намозингдан кам қилган бўласан», демоқдалар», дейишади.
6. Бир нарсани яхши билмаган одам эътироф қилиб, билган одамдан ўргатиб қўйишини сўраши кераклиги.
7. Билган одам эса аввал билмаган одамнинг иши хато эканлигини мулойимлик билан тушунтириб қўйиши лозимлиги.
8. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қачон намозга турсанг, такбир айт» деганлари намозга кириш такбир билан бўлишини ва такбир фарз эканлигини билдиради.
9. «Сўнгра ўзингга муяссар бўлганича Қуръондан қироат қил» деганларидан намозда қироат фарз эканлиги ва у муяссар бўлинганича ўқилиши келиб чиқади.
Ҳанафий уламолар шуни далил қилиб, «Намозда Фотиҳа сурасини ўқиш фарз эмас, балки муяссар бўлганича оятлар ўқиш фарздир», дейдилар.
10. «Тин ол» дейилганидан рукуъ ва саждада хотиржам бўлгудек ҳолат вожиблиги келиб чиқади.
Бунинг энг кам миқдори Ҳанафий мазҳабида рукуъда «Субҳана роббиял азим»ни, саждада «Субҳана роббиял аъла»ни шошмай, уч мартадан айтиш билан белгиланади.
Кўпчилигимиз бу нарсага унча эътибор бермаймиз. Ҳадисдаги намозни камчилик билан ўқиган одамга ўхшаб рукуъ ва саждани номига, тез-тез қиламиз. Аслида эса рукуъда ҳам, саждада ҳам тасбеҳларни ўн бир мартадан айтиш керак.
11. Шунингдек, рукуъдан ҳам ғоз туриб, қоматни ростмана тўғрилаш лозим. Баъзиларга ўхшаб, бошни кўтариб, кўкракни бир оз тўғрилаб, саждага кетавериш керак эмас.
12. Биринчи саждадан бошни кўтарганда ростмана, хотиржам бўлиб ўтириш лозимлиги.
13. «Кейин намозингнинг ҳаммасида шундай қил» деганларидан ҳар бир ракъат намозда юқорида зикр қилинган нарсалар такрорланиши лозимлиги билинади.
14. Намознинг арконларидан бирортасини бузган одам уни қайта ўқиши вожиблиги.
15. Олим одам билмаганларга шариат амалларини сабр билан ўргатиши зарурлиги.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди