Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Хоразм вилояти бўйлаб сафарлари чоғида ёрдамга муҳтож, кам таъминланган фуқаролар ҳолидан хабар олдилар ҳамда ширин сўзлар, ҳадялар ила кўнгилларини кўтардилар.
Муфтий ҳазратлари бошчилигида бир гуруҳ мутасаддилар мана шундай ижтимоий ҳимояга муҳтож, жисмоний имконияти чекланган кишилар ва оғир ҳаётий даврларни бошидан ўтказ ўсмирлар хонадонларига ташриф буюриб, суҳбат қурдилар. Бундайларга “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Ислом динида инсонларга меҳр-мурувват кўрсатишга, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзишга ва жисмоний имконияти чекланган шахсларга мадад беришга доимо тарғиб этилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Аллоҳ таолога фарзлардан кейинги энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандлик киргизишдир», деганлар.
Ҳа, иншо Аллоҳ, бу тадбирлар орқали қанчадан‑қанча вайрон бўлган кўнгиллар обод бўлди, десак асло муболаға бўлмайди.
Бундай инсонларнинг синиқ кўнгилларини кўтариб, дилларига мамнунлик улашиш ҳар бир виждонли инсон вазифасидир.
Хоразм вилояти сафари давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ал-Кисоий ал-Куфий 119/737 йил Куфада дунёга келган.
Тўлиқ исми: Али ибн Ҳамза ибн Абдуллоҳ ибн Баҳман ибн Файрузм ал-Кисоий ал-Куфий. Имом ал-Кисоий ёшлигида илм ўрганишга жуда интиларди, лекин бошланғич даврда муваффақият қозона олмасди. Бир сафар Қуръонни ёд олишда қийналгач, устозига: “Мен ҳеч нарсани ёдлай олмаяпман, чарчадим”, деди.
Устоз унга сабр қилишни ва Қуръоннинг баракасига ишонишни тавсия қилди. Шундан сўнг, Имом ал-Кисоий сабр билан ҳаракат қилиб, Қуръонни мукаммал ёд олди ва кейинчалик машҳур қироат имомларидан бири бўлди. Бу воқеа сабр ва меҳнатнинг самарасини эслатади.
Ҳаёти: Ал-Кисоий Куфада туғилган ва тилшуносликда ҳам, қироатда ҳам юқори мақомга эга бўлган. Ундан нега «Кисоий» деб ном олганлиги ҳақида сўрашганида у, – "чунки мен ҳажда кисода (кийимда) эҳром боғлаганман", деб жавоб берган экан. У асли форс бўлиб, Бани Асад қабиласининг қулларидан эди.
Илмий фаолияти: Унинг асосий устозлари Ҳамза ал-Куфий ва бошқа йирик қироатчилар бўлган. Бундан ташқари Куфа мактабини асосчиси ҳисобланади.
Муоз ал-Ҳарро ва Абу Жаъфар Руасийларда наҳвдан таҳсил олди. Улар-даги илмларни олиб бўлиб, улардан қониқмай қолгач, Басрага келиб Исо ибн Умар, Абу Амр ибн ал-Ало ва Ал-Халил ибн Аҳмаддан илм ўрганган. Қироатни эса Шўба ибн Ҳажжождан таълим олган.
У зот жуда кўп асарлар ҳам ёзган: "Китаб мухтасар фи ан-наҳв" (Наҳвга оид қисқа бўлган китоб), "Китаб ал-ҳудуд фи ан-наҳв" (Наҳвдаги ҳадлар оид китоб), "Китоб ал-қироат (Қироатга доир китоб)", "Китаб ал-адад (Сонларга доир китоб)", "Китаб ихтилаф ал-адад (Сонларнинг ихтилофига оид китоб)", "Китаб ал-ҳуруф (Ҳарфларга оид китоб)", "Китаб маоний ал-Қуръан (Қуръон маънолари ҳақидаги китоб)" каби кўплаб китоблар ёзган.
Наҳвдан Фарро унинг хос шогирдларидан ҳисобланади.
Кисоий 189/805 йил Рой шаҳрида вафот этган.
Маткаримов Нурмуҳаммад,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.