Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Урганч шаҳридаги "Охун бобо" масжидига ташриф буюриб, вилоятдаги имом-хатиблар билан учрашув ўтказдилар. Учрашувда Президентимиз Ш.Мирзиёев бошчилигида мамлакатимиз бўйлаб олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, бугунги доруломон кунларга шукроналик ҳисси билан яшаш каби жиҳатларга тўхталиб ўтилди. Ушбу йиғилишда тизимда олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар тингланди, ечими бўйича аниқ таклифлар берилди.
Бугун, 20 январь куни пойтахтимиздаги "Wyndham Tashkent" меҳмонхонасида "Тинчлик – дунё динларининг муҳим тамойили" мавзусида илмий-амалий конференцияси бошланди.
Нуфузли анжуманни Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров, Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатли вакили Андре Алгермиссен, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов ва бошқа мутасадди вакиллар табрик сўзи билан очиб берди.
Конференцияда диншунос экспертлар, исломшунослар, этник-маданий бирлашмалар, диний конфессия вакиллари, шунингдек, жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамият, миллий маданий марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессор-ўқитувчилари ва талабалари ҳам қатнашмоқда.
Конференция давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати