Бугун, 12 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Хоразм вилоятига сафарлари давомида Урганч шаҳридаги “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юрти фаолияти билан танишиб, устоз ва талабалар билан мулоқот қилдилар.
Муфтий ҳазратлари бошчиликларида аввал ушбу мадрасада яратилган шарт-шароитлар, ўқув хоналари ва ахборот-ресурс маркази билан яқиндан танишдилар ва ўзларининг муҳим тавсияларини бердилар.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари ушбу билим юртининг янги биноси лойиҳаларини кўздан кечирдилар. Янги иморатда ўқув хоналари, ётоқхона, компьютер хоналари, ошхона, радиоузель, тиббиёт маркази, кир ювиш хоналари ва намозхона ўрин олганига алоҳида эътибор қаратилди.
Шундан кейин билим юртининг аҳборот-ресурслари марказида бўлиниб ушбу марказдаги мавжуд адабиётлар базаси билан танишдилар. Мазкур марказда 13000 дан ортиқ диний маърифий адабиётларни ўзида мужассамлаштирганига катта урғу берилди. Муфтий ҳазратлари билим юрти ахборот-ресурс маркази билан танишар эканлар, айниқса, ақида бўйича китобларни кўпайтириш, Имом Мотурудий ва Имом Насафийлар китобларидан кенг фойдаланиш тўғрисида ўз тавсияларини бердилар.
Ташриф доирасида барча мударрис ва талабалар билан муфтий ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов суҳбат ўтказиб, билим юрти устозлари ва таълим олаётган талабаларга муҳтарам Президентимиз томонларидан диёримизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари ҳақида атрофлича сўзлаб бердилар. Ташриф чоғида билим юртида таълим сифати, ўқув дарсликлари турлари, ўқитувчилар ва талабаларга янада қулайликлар ташкил этиш бўйича Муфтий ҳазратлари муҳим тавсиялар бердилар. Келажакда ушбу даргоҳдан илмига риоя қиладиган, она-Ватанига содиқ, халқига вафодор, динига хизмат қиладиган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотурудий сингари аждодларимизга муносиб толиби илмлар етишиб чиқишларини тилаб, Аллоҳ таолога дуо қилдилар.
Сафар давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
1. Али ибн Ҳасан ибн Абу Исо Ҳилолий (ёшлари имом Муслимдан катта)
2. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб Фарро (шайхларидан). Аммо Фарродан «Саҳиҳ»ларида ҳадис ривоят қилмаганлар.
3. Ҳусайн ибн Муҳаммад Қаббоний
4. Абу Бакр Муҳаммад ибн Назр ибн Салама Жорудий
5. Али ибн Ҳусайн ибн Жунайд Розий
6. Солиҳ ибн Муҳаммад Жазара
7. Абу Исо Термизий («Жомеъи Термизий»да)
8. Аҳмад ибн Муборак Мустамлий
9. Қози Абдуллоҳ ибн Яҳё Сарахсий
10. Абу Саъид Ҳотим ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Киндий Бухорий
11. Иброҳим ибн Исҳоқ Сайрафий
12. Сабоқдош дўстлари Иброҳим ибн Абу Толиб
13. Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Ҳамза
14. Фақиҳ Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Суфён («Саҳиҳи Муслим»нинг ровийларидан)
15. Абу Амр Аҳмад ибн Наср Хаффоф
16. Закариё ибн Довуд Хаффоф
17. Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Абдусалом Хаффоф
18. Ҳофиз Абу Али Абдуллоҳ ибн Маҳаммад ибн Али Балхий
19. Абдурраҳмон ибн Абу Ҳотим
20. Али ибн Исмоил Саффор
21. Абу Ҳомид Аҳмад ибн Ҳамдун Аъмаший
22. Абу Ҳомид Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Шарқий
23. Абу Ҳомид Аҳмад ибн Али ибн Ҳаснавайҳ Муқрий (заиф ровийлардан)
24. Ҳофиз Аҳмад ибн Салама
25. Саъид ибн Амр Барзаъий
26. Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Шарқий
27. Фазл ибн Муҳаммад Балхий
28. Абу Бакр ибн Хузайма
29. Абул Аббос Саррож
30. Муҳаммад ибн Абд ибн Ҳумайд
31. Муҳаммад ибн Махлад Аттор
32. Маккий ибн Абдон
33. Яҳё ибн Муҳаммад ибн Соъид
34. Ҳофиз Абу Авона
35. Ҳофиз Наср ибн Аҳмад ибн Наср.
Абу Амр Мустамлий айтганлар: «Бизга Исҳоқ Кавсаж 251 йилда ҳадис ёздирдилар. Муслим танлаб ёзардилар, мен эса айтганларини ёзардим ва давом этаверишларини сўрардим. Шунда Исҳоқ Кавсаж Муслимга: «Сиз мусулмонлар орасида экансиз, яхшилик доим биз билан бирга», – дедилар».
Термизий «Жомеъ»ларида имом Муслимдан биттагина ҳадис ривоят қилганлар («Рамазон бошланишини билиш учун шаъбонда ойни кузатинглар»).[1]
Абул Қосим ибн Асокирга Абу Наср Юнортий шундай деганлар: «Менга Солиҳ ибн Абу Солиҳ дарахт пўстлоғига ёзилган бир варақни бердилар. Унда имом Муслим дастхатлари билан Валид ибн Муслимдан эшитиб ёзиб олган ҳадислар битилган экан».
Бу санади узилган, ишончиз маълумот.
Аҳмад ибн Салама айтганлар: «Абу Зуръа ва Абу Ҳотимнинг саҳиҳ ҳадисларни билишда имом Муслимни замоналарининг шайхларидан устун қўйишларини кўрдим. Ҳусайн ибн Мансурдан эшитишимча, у киши Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг имом Муслим тўғриларида гапира туриб, форсча бир сўз айтганларини эшитганлар. Унинг маъноси – шу қадар улуғ инсон бўлар экан-да?!».
Аҳмад ибн Салама айтганлар: «Муслим бир илм мажлисига таклиф этилдилар. Унда бу киши билмайдиган бир ҳадис зикр қилинди. Уйларига бориб, чироқни ёқдилар-да, оила аҳлига: «Ҳузуримга ҳеч ким кирмасин», – дедилар. Бир пайт: «Бизга бир сават хурмо ҳадя қилинди», – дейишди. «Олиб киринглар», – дедилар. Хурмони киритишди. Тонг отгунча ундан битта-биттадан олиб, ўша ҳадисни қидиришга тушдилар. Хурмо ҳам тугади, ҳадис ҳам топилди».
Бу воқеани Абу Абдуллоҳ Ҳоким ҳам ривоят қилиб: «Ишончли дўстларимиздан бирининг айтишича, ўшандан кейин имом Муслим вафот этибдилар», – деганлар.
«Машҳур даҳолар сийрати» китобидан
[1] 687-ҳадис.