Ёши улуғларни қадрлаш;
Ҳурмат кўрсатиш;
Кутиб олиш;
Ҳаёли бўлиш;
Ёши улуғларни қадрлаш
Ёш авлод турмуш синовларида тобланиб, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган, теран ақлли, тақволи, улуғ кишилар кўмаги ва маслаҳатига доим эҳтиёж сезади. Меҳнатсевар, ҳалол-пок, диёнатли, эл иши учун фидойи инсон бўлиб улғайишни истаган ҳар бир ўғил-қиз кексалар ҳаётий тажрибасидан албатта фойдаланиши лозим. Шунинг учун орамизда катталарнинг борлиги улуғ неъматдир.
Инсон ҳаёти мевали дарахтга қиёс этилади. Чунки дарахт бир мавсумнинг ўзида куртаклар тугади, гуллайди, кўпдан-кўп мевалар қилади. Кексалик эса худди мевалари пишган боққа ўхшайди.
Луқмони Ҳакимдан:
– Нега ҳадеб ўғлингга насиҳат қилаверасан? – деб сўрашди.
– Кексаларнинг насиҳатлари ёшлар учун боғбон ниҳолни тарбия қилгани кабидир, – дея жавоб берди Луқмони Ҳаким.
Инсон дунёга келиб ўсади, улғаяди, умргузаронлик қилади. Кечаги гўдак бугун йигит, бўй етган қиз. Вақт ўтиши билан, насиб этса, ҳар бир инсон қарилик ёшига етади, бу – ҳаёт қонунияти.
Қарияларни эъзозлашга динимизда алоҳида эътибор берилган. Имон-эътиқодли, ихлосли ва нуроний кексаларнинг фазилатларини билиш ҳамда уларнинг ҳақларини адо этиш бошқалар учун вожибдир. Бундай хайрли ишлар Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларига мувофиқдир. У зот кишиларга кексаларнинг фазилатларини билдириб, уларнинг ҳақларига риоя этишни шарт қилганлар.
عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَا أَكْرَمَ شَابٌّ شَيْخًا لِسِنِّهِ إِلَّا قَيَّضَ اللهُ (أَيْ قَدَّرَ) لَهُ مَنْ يُكْرِمُهُ عِنْدَ سِنِّهِ (رواه الترمذي).
Имом Термизий Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадиси шарифда Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кексаларни улуғлаш ҳақида бундай деганлар: “Ёш йигит кекса кишини ёши улуғлиги учун ҳурмат қилса, Аллоҳ таоло уни ҳам кексайганида ҳурмат қилинадиган инсонлар қаторига қўяди”.
Бир йигит бобосига дерди: “Бобожон, мен ҳам сизнинг ёшингизга етсам дейман...” “Илоё, ниятингга ет, болам, узоқ яшай десанг, кексаларни ҳурмат қил...” деди бобоси.
Ислом дини доимо катта ёшли кишиларни ҳурмат қилишга чорлаб келган.
رَوَى أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ عَنْ أَبِيهِ عَنْ جَدِّهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمْ قَالَ: لَيْسَ مِنَّا مَنْ لَمْ يَرْحَمْ صَغِيرَنَا وَلَمْ يَعْرِفْ حَقَّ كَبِيرَنَا
Абу Довуд ва Имом Термизий Амр ибн Шуайб отасидан, у эса бобосидан (розияллоҳу анҳум) ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Кичикларга раҳм-шафқатда, катталарга ҳурмат-иззатда бўлмаган киши биздан эмасдир”, дейилган.
رَوَى أَبُو دَاوُدَ عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ : إنَّ مِنْ إجْلَالِ اللهِ تَعَالَى إِكْرَامُ ذِي الشَّيْبَةِ الْمُسْلِمِ وَحَامِلِ الْقُرْآنِ غَيْرِ الْغَالِي فِيهِ وَالْجَافِي عَنْهُ (أَي التَّاركُ لَهُ) وَ إِكْرَامُ ذِي السُّلْطاَنِ الْمُقْسِطِ (الْعَادِلُ)
Абу Довуд Абу Мусодан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмон мўйсафид, Қуръонни ёд олиб, унда ҳаддидан ошмаган ва уни тарк қилмаган қори ҳамда одил подшоҳни ҳурмат қилиш Аллоҳ таолони улуғлаш кабидир”, дедилар.
Ушбу ҳадиси муборакда баён қилинган сифатлар халқимиз онгига сингиб кетган, миллий қадриятларимизнинг ажралмас қисмига айланган. Лекин ҳозирги кунда айрим ота-оналар ва мураббийлар болаларда мазкур сифатлар шаклланишига алоҳида эътибор қаратмаяптилар. Оқибатда, баъзи ёшларда кексаларни ҳурмат қилмаслик ҳолатлари учрамоқда. Афсус, баъзи ғўр ёшлар назарида қариялар дардисардек, ортиқчадек туюлади. Бирор даврага кирган отахонни ёки автобусга чиққан қарияни кўрган нодон ёшлар “уфф” тортишади. “Қариганида уйида жимгина ўтирса бўлмасмикан-а?” дея хато ўйлашади.
Ҳаётнинг аччиқ ва ширин томонлари бор. Қариялар эътибор, меҳр-мурувват ва шафқатга муҳтож бўлишади. Бундай инсонларга эътиборли бўлмоқ лозим. Чунки уларнинг умри меҳнат билан ўтган, энди кексалик боис ишга ярамай, хасталаниб, куч-қувватдан қолганлар. Жамият ва она Ватан равнақи учун ҳисса қўшган, оилани оёққа турғазган, ўғил-қизлар ўстириб, едириб-ичирган, оилам, болам-чақам деб, елиб-югурганлар ҳам шулар.
Кексаликнинг касаллик, кўз хираланиши, оёқ-бел оғриши, кучдан қолиш, аввалги куч-қувватнинг сусайиши, қадамнинг майда бўлиб қолиши каби муайян мушкулотлари ва мураккабликлари бор. Лекин қарилик палласида кишилар ҳаётга ўзгача нигоҳ билан боқади. Сўзлар салмоқли, нигоҳлар вазминлик касб этади. Ҳаётда кўп тажриба орттирган кишилар ювош ва мулойим бўлиб қоладилар. Кекса одам заифлашиб, ўзи ва ўзгаларга мулойимлик истайди. Уларга нисбатан асосан уч ҳолатда мулойимлик зарур: ширин муомалада, тансиқ таом тайёрлашда ва юмшоқ ўрин тўшашда.
رَوَى مُسْلِمٌ عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَرَانِي فِي الْمَنَامِ أَتَسَوَّكُ بِسِوَاكٍ فَجَاءَنِي رَجُلاَنِ أَحَدُهُمَا أَكْبَرُ مِنَ الآخَرِ: فَنَاوَلْتُ السِّوَاكَ الْأَصْغَرَ (مِنْهُمَا) فَقِيلَ لِي: كَبِّرْ فَدَفَعْتُهُ إِلَى الْأَكْبَرِ مِنْهُمَا
Имом Муслим Ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Тушимда мисвок ишлатаётган эдим. Икки киши келди, бирининг ёши катта эди. Мен мисвокни кичигига узатдим, шунда менга: “Каттага бер”, дейилди. Мен ёши каттасига бердим”, дедилар.
Юқоридаги ҳадиси шарифдан ёши улуғларни ҳурматлаш кераклиги ҳақида хулоса чиқариш мумкин.
Ёши улуғларнинг ҳурматини жойига қўйиш дейилганида, ҳар ишда улардан маслаҳат сўраш, йиғинларда юқорироқ жойга ўтқазиш, таомга улардан кейин қўл узатиш кабилар тушунилади. Ушбу фазилатлар Расули акрамнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Инсонларни ўз ўрнига ўтқизинглар”, деган ҳадисларига мувофиқдир.
Маймун ибн Абу Шабиб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Ойшанинг (розияллоҳу анҳо) ёнларидан бир тиламчи ўтди. Шунда ҳазрат Ойша унга бир бўлак нон бердилар. Бир оздан сўнг чиройли кийинган бир киши ўтиб қолди. Ойша онамиз уни ўтқизиб, нон едирдилар. Шунда Ойшадан (розияллоҳу анҳо) “Нега бундай қилдингиз?” деб сўрашди. Ҳазрат Ойша Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Инсонларни ўз ўрнига ўтқизинглар”, деганлар” деб жавоб бердилар» (Имом Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадисни Шиҳоб ибн Уббод элчилардан эшитган қуйидаги воқеа ҳам қувватлайди: “Биз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келганимизда, жуда хурсанд бўлдилар. Бизга кенг жой қилдилар ва у ерга ўтирдик. Ул зот бизга қараб: “Сизларнинг бошлиқларингиз ва улуғларингиз ким?” дедилар. Биз Мунзир бин Оизга ишора қилдик. Мунзир яқин келганида кишилар унга жой берди. Мунзир Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келди. Ул зот уни ўнг томонларига ўтқиздилар ва унга ҳурмат кўрсатдилар”.
Ушбу ўринда жамоа улуғларини ҳурматлаш ва алоҳида эҳтиром кўрсатиш лозимлиги баён қилинмоқда. Халқимизда “Минг қўшчига бир бошчи” деган ҳикматли нақл бор. Азал-азалдан аждодларимиз ҳам ораларидан ҳар томонлама билимдон, оқил, фаҳму фаросати теран ва одил кишини ўзларига бошлиқ этиб, унга бўйсунганлар. Аждодларимиз ушбу фазилатларни фарзандларига ҳам сингдиришган. Азиз устоз ва мураббийлар ҳам ўғил-қизларга таълим-тарбия беришда ушбу сифатларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратсалар, мақсадга мувофиқ бўлади.
Ёши улуғлардан кейин...
Саҳобаи киромлар овқат ейишни Муҳаммад пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кейин бошлардилар. Аввал у зотга ўнг томондан яқин ўтирган киши таомга қўл узатар эди. Бу одат Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатмаларига биноан суннат ҳисобланади. Улуғларни ҳурматлаш ва ҳар бир яхши ишни ўнгдан бошлаш инсон хулқини гўзаллаштириб, унга зийнат беради.
Жамоат намозида кексаларни олдинги сафга ўтказиш, суҳбатда аввал улуғларни тинглаш, фикр-мулоҳазаларини эътиборга олиш лозим.
Абу Масъуддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шарифда бундай дейилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намоз олдидан елкаларимизни силаб: “Тўғри бўлинглар, ҳар хил (қийшиқ) бўлманглар, агар турли хил бўлсанглар, қалбларингиз турлича бўлади. Менга сизлардан балоғатга етган ва оқилларингиз яқин бўлишса, сўнг уларга яқинлар, сўнгра уларга яқинлар...”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳга шукр, мустақиллик шарофатидан юртимизда кўплаб масжидларда намозхонлар тоату ибодатларини эмин-эркин адо этмоқдалар. Аммо бундай улуғ неъматлар қадрини тўла англамаган баъзи ғўр ёшлар ҳам учраб туради. Бир мўйсафид бундай ҳикоя қилади: «Кексаликнинг ўзига яраша гашти, ҳузур-ҳаловати бор, албатта. Фарзанду набиралар қўлларини кўксига қўйиб “Лаббай, бобожон” дея хизматга шай туришлари, келин-қизларнинг тансиқ таомлари, ҳовли-жойларни озода тутишлари, ёшларнинг ҳурмат-эътибори ва эъзозлашларини кўриб, шундай фаровон кунларда кексалик неъматини берган Яратганга чексиз шукроналар айтаман. Қалбим сурурга тўлиб, ёшларимиз ҳақига дуолар, Парвардигорга ибодат қилиш мақсадида доим масжидга қатнайман. Лекин баъзи ҳолатлар мени ранжитади. Қариялар жисмонан заиф ва қалби нозик бўлади. Айрим ёшлар эса уларнинг ҳолатини ҳис қилмай, ўтирганингизда орқадан туртиб ўтса, хафа бўласан киши. Имом-домла неча бор: “Қарияларни олдинги сафга ўтқизайлик”, дея таъкидласа ҳам, кексаларга эътибор бермайдиган айрим ёшларни кўриб ачинаман. Аммо кўплар ёши улуғларга эҳтиром кўрсатиб, юксак одоб билан: “Ҳожи ота, ҳақимизга бир дуо қилинг, биз ҳам юртимиз ва халқимизга хизмат қилиб, элнинг ҳурматига мушарраф бўлиб, сиздек нуроний бўлиб юрайлик”, деганларида кўзларимда ёш қалқийди».
Ҳурмат кўрсатиш
Ёшлар кексаларга нисбатан юксак одоб, чексиз ҳурмат ва ширинсўз ила муносабатда бўлишлари лозим. Абу Умомадан ривоят қилинган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Уч тоифа кишиларни: мусулмон қария, олим ва одил подшоҳни фақат мунофиқ инсон ҳурмат қилмайди”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифдан ёши катталарни ҳурматлаш, эҳтиром қилиш фазилат экани тушунилади. Мураббийлар ёшлар қалбида яхши хулқларга муҳаббат уйғотишлари ва уларни шундай фазилатлар соҳиби бўлишга ундашлари лозим. Қуйида чиройли одобнинг кўринишлари ҳақида баён қиламиз.
Кутиб олиш
Меҳмон ёки катта ёшли киши келганида бошқаларнинг ўрнидан туриб кутиб олиши одобдандир. Бу фазилат ҳақида фарзандларга таълим бериш ва шунга одатлантириш лозим.
Ойша (розияллоҳу анҳо): “Йўл кўрсатиш, бошқариш ва йўналтириш бўйича Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўхшайдиган бирор кишини кўрмадим. Расули Акрам қизлари Фотимага (розияллоҳу анҳо) туриш ва ўтиришда ҳам ўрнак эдилар. Агар Фотима Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига кирса, у зот ўринларидан туриб, пешоналаридан ўпиб, ўринларига ўтқизардилар. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам Фотима (розияллоҳу анҳо) олдига кирсалар, у ҳам ўрнидан туриб, ўринларига ўтқизар эди”, дедилар (Имом Бухорий, Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилган: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) биз билан суҳбатлашардилар. Агар ўринларидан турсалар, биз ҳам турар эдик” (Насоий ва Абу Довуд ривояти).
Умар ибн Соиб ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўтирганларида оталари (эмизиш жиҳатдан) келди, кийимларининг бир қисмини тўшадилар, у киши унга ўтирди. Сўнгра оналари (эмизган) келди, кийимларининг бошқа томонидан бир қисмини қўйдилар, оналари унга ўтирди. Сўнгра эмикдош укалари келди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўринларидан туриб, олдиларига ўтирғиздилар” (Абу Довуд ривояти).
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган ҳадиси шарифда бундай дейилади:
أَنَّ سَعْدَ بنَ مُعَاذٍ لَمَّا دَنَا إِلَى الْمَسْجِدِ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لِلْأَنْصَارِ: قُومُوا إِلَى سَيِّدِكُمْ أَوْ خَيْرِكُمْ
Саъд ибн Муоз масжидга яқинлашганида Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ансорларга: “Улуғлар ёки солиҳ кишилар келганида ўринларингиздан туринглар”, дедилар.
Каъб ибн Молик бундай ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) излаб масжидга бордим. Одамлар олдимга тўда-тўда бўлиб келиб: “Аллоҳ тавбангни қабул қилгани билан табриклаймиз”, дедилар. Масжидга кирдим. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) атрофларида одамлар ўтирганди. Талҳа ибн Убайдуллоҳ ўрнидан туриб келиб, мени қучоқлади ва табриклади».
Уламолар ушбу ҳадисни аҳли илм ва аҳли фазл киши келса, маросимларда ўриндан туриш жоизлигига далил қилдилар. Аммо Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзини улуғ санайдиган, ўз шахсияти учун одамлар туришларини қасд қилган, хос сифатга тақлид қилган кимсалар келганда туришдан қайтарганлар. Бу сифат, яъни баъзи кишилар йўл тутгани каби айримларни улуғлаш ва у кишининг фахрланиб ўтириши ҳамда одамлар унинг атрофида тик туришлари кибрдандир.
Фарзанд кексаларни ҳурмат қилиш ва мўйсафидларни эъзозлаш орқали маънан юксалади. Ёшлигидан катталарни ҳурматлашга ўрганган одам илм, фазилат ва мақом жиҳатидан ўзидан юқори бўлганларни эъзозлайди.
Мураббий фарзандга бошқаларни ҳурматлаш ва уларга яхшилик қилишни ўргатса, фарзанд ҳаёти давомида фазилатли кишиларни улуғлашга ва мўйсафидларни ҳурматлашга интилади. Кексаликка етганлар бор, етмаганлар бор. Қарияларнинг кўнглини чоғ этиб, уларнинг дуосини олганлар асло кам бўлмайди, ниятига етади.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Инсон фарзанди яратилганида ёнида ўлимнинг тўқсон тўққиз сабаби ҳам бирга бўлади. Агар у ушбу сабаблардан халос топиб яшаса, унга кексалик насиб этади”, дея марҳамат қилганлар.
Бу ҳадис ҳам инсонни фикрлаш, тафаккур қилишга чорлайди. Чунки ёнимизда, маҳалламизда хокисор бўлиб юрган қариялар мана “шу сабаблардан халос топиб” яшаган кишилардир. Шунинг учун ҳам Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Катта ёшдагилар билан суҳбатда бўлинглар, уламолардан масалалар сўранглар ва ҳукамолар билан аралашиб туринглар”, деб айтганлар. Унутмайлик, имон-эътиқодли қариялар бўлган жойда ёшлар яхши, чиройли тарбия топадилар. Бу фикрни халқимиздаги бир урф-одат билан далиллашимиз мумкин. Диёримизнинг кўп ҳудудларида совчилар ёки куёвнинг ота-оналари қиз, яъни келин бўлмишнинг оиласида ёши улуғ кишилар борлигини суриштиришади. Агар оилада кексалар бўлса, қиз яхши тарбия топган, деб ҳисоблашади. Албатта, бу ҳаётда кўп синалган ҳолатдир.
Бу дунёда инсонни қилган яхшиликларию эккан дарахтлари, вояга етказган фарзандлари, тарбиялаган шогирдлари улуғлайди.
Саҳобаи киромларнинг бир-бирларига нисбатан юксак ҳурмат ва гўзал ахлоқлари қалбни тўлқинлантириб, кўзларни ёшлантиради. Бу қадар тавозеъ, бу қадар қадр-қиммат, аҳли илмлар ва аҳли фазлларнинг мақомларини бу қадар олий ўринга қўйиш муборак ва соф динимизнинг муҳим кўрсатмаларидан экан. Бу фазилат кишиларнинг одоб-аҳлоқларини назокат ила сайқаллайди, камолот сари етаклаб, сурату сийратини зебу зийнатга тўлдиради. Бир киши ўзини лол қолдириб, таажжубга солган бундай воқеани сўзлаб берган эди:
«Шариату тариқат илмларида пешво устозимиз билан бир жойда меҳмон бўлдик. Хонадон дарвозасидан қадам қўйишимиз биланоқ ҳовлидаги ажиб орасталик эътиборимизни тортди. Хушманзара ҳовлига сувлар сепилган, анвойи райҳону турли-туман гуллар очилган, покизалик ва озодалик барқ уриб турарди. Хонадон соҳиби нурюзли чеҳраси ва табассум ила пешвоз чиқиб: “Хуш келибсиз, азиз меҳмонлар, қадамларига ҳасанот”, дея илиқ кутиб олиши эса хуш кайфиятимизга янада кўтаринкилик бахш этди. Меҳмонхонага жойлашдик, одатий Қуръон тиловати ва ҳол-аҳвол сўрашиб бўлганимиздан сўнг, хонага эгнидаги бош-оёқ ораста либослари ўзига жудаям ярашиб турган, чамаси олти ёшли бола, қўлларини кўксига қўйганча “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракатуҳ”, дея салом бериб кирди. Юқоридан жой олган устозимиз ҳузурларига бориб, қўлларидан ўпиб: “Устоз, менинг ҳақимга бир дуо қилинг, мен ҳам сиздек улуғ олим бўлай”, дея жажжи қўлларини дуога очди. Устоз бу нурли гўдак ҳақига дуо қиляптилар, қани энди бизларнинг кўзларимиз ёшдан тийилса. Дуодан сўнг барчамизнинг қалбларимизни тотли бир ҳайратга тўлдириб, ўзи кичик, аммо одобу тарбияси юксак бўлган бола эҳтиром билан чиқиб кетди. Бир неча дақиқалар ичида бизларга бир умрга татигулик сабоқ, олам-олам завқу ҳавас бериб, ўзи билмаган ҳолда бир илм ўргатиб кетди».
Дарҳақиқат, бу бир улкан илм эди. Бу борада келтирилган ҳадислар денгиздан бир томчи, холос. Мураббийлар фарзандларни шундай азиз хулқ ва юқори одобга одатлантиришлари лозимдир. То фарзандларимиз катта ёшлиларни ҳурматлаш, олимларни улуғлаш ҳамда бошқалар билан муомалада тўлиқ тавозеъ ва юксак хулқли бўлиб улғайсинлар.
Мураббийлар фарзанднинг ўриндан туриб кутиб олиш одоби билан хулқлантиришда икки муҳим жиҳатга эътибор беришлари лозим бўлади:
– чуқур ғулувга кетмаслик;
– Ислом шариати буюрганидан зиёд қилмаслик. Масалан, ўриндан тураётганда эгилиб туриш каби ҳаракатлар билан чегарадан чиқмаслик керак.
Бу бошқаларнинг ҳуқуқларини сақлашдаги Ислом дини белгилаб қўйган муҳим қоидадир. Мураббийлар фарзандларни шу қоида асосида тарбиялаб, уларни бу чиройли амалларга одатлантирмоқлари учун аввало ўзлари амаллари билан кўрсатиб бермоқлари лозим. Ҳатто фарзанд кексаларни ҳурмат қилиш ва мўйсафидларни эъзозлашда поғонама-поғона кўтарилиб боради. Ёшлигиданоқ ўзидан катта ёшдагиларнинг ҳақларини тушунади ҳамда илм, фазл ва ўрин жиҳатидан ўзидан юқори бўлганларни иззат-ҳурмат этиш одобларини ҳам фаҳмлайди.
Шубҳасиз, мураббий бошқаларни ҳурматлаш ва уларга яхшилик қилиш сабабларини ва бу эзгу одат хосиятидан келадиган яхшиликларни ўргатса ва энг асосийси, сингдира олса, фарзанд мажбуран ёки зарурат юзасидан эмас, балки чин қалбидан бу зийнатли амални бажаради. Фазилатли кишиларни улуғлашга ва мўйсафидларни ҳурматлашга астойдил ҳаракат қилади. Бу одоб инсонни улуғлаш ва эҳтиром қилишнинг энг юксак поғонасидир. Аждодларимиз бу улуғвор хислатларни қалбларига мустаҳкам жойлаб, каттаю кичикка ўз ўрнида қўллай билганлар. Бу борада собитқадамликлари боис Ислом умматлари ичра маънавият ва маърифатнинг юқори чўққиларини забт этдилар. Бугунги ёшларимизга Исломдаги тарбия хусусиятларини тушунтирадиган, санаб ўтилган одобларни уларнинг онгу қалбларига нозик йўл ила етказа оладиган даражадаги ота-оналар ва мураббийлар бўлиши жуда зарурдир. Ана шундай руҳда вояга етган фарзанддан аввало ота-она ва бутун жамият манфаат кўради.
Ҳаёли бўлиш
Ҳаё – юксак фазилат, гуноҳ, уят ишни қилишдан тийилиш, айбли ҳаракатларни тарк этиш, имоннинг комиллигини билдирувчи хусусиятдир. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Ҳаё бир хулқ бўлиб, ёмонликни тарк қилишга одатлантиради ва катталарга ҳурматсизлик қилишдан сақлайди”, деганлар.
Имрон ибн Ҳасиндан ривоят қилинган ҳадисда: “Ҳаё яхшиликдир”, дейилган. Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам ҳаёнинг фазилатини таъкидлайди:
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَا عَائِشَةَ لَوْ كَانَ الْحَيَاءُ رَجُلًا لَكَانَ رَجُلًا صَالِحًا وَلَوْ كَانَ الْفَحْشُ رَجُلًا لَكَانَ رَجُلَ سُوءٍ
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ойшага (розияллоҳу анҳо): “Эй Ойша, агар ҳаёли киши бўлса, албатта у солиҳ кишидир. Агар одобсиз кимса бўлса, албатта у ёмон кимсадир”, дедилар» (Имом Табароний ривояти).
رَوَى ابْنُ مَاجَةَ وَالترْمِذِيُّ عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “مَا كَانَ الْفَحْشُ فِي شَيْءٍ إِلاَّ شَانَهُ وَمَا كَانَ الْحَيَاءُ فِي شَيْءٍ إِلاَّ زَانَهُ
Анасдан (розияллоҳу анҳу) қуйидаги ҳадиси шарифни ривоят қилишган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Одобсизлик қаерда бўлса, у жойни булғайди ва ҳаё қаерда бўлса, у жойни безайди”, дедилар (Ибн Можа ва Имом Термизий).
رَوَى الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: اَلْحَيَاءُ شُعْبَةٌ مِنَ الْإِيْمَانِ
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳаё имоннинг бир қисмидир”, дедилар.
Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаё ҳақидаги кўрсатмалари билан саҳобаларнинг фарзандлари бу улуғ хулқ билан зийнатланишди ва ёши улуғларни эъзозлашди.
Абу Саид (розияллоҳу анҳу) бундай дейди: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) замонларида ёш йигит эдим. Ул зотдан ҳадисларни ёд олардим. Менинг сўзимни ёши улуғлардан бошқа ҳеч ким қайтармас эди”.
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
ОВҚАТЛАНИШ ОДОБИ:
Таомланишдан олдин ва кейин қўлни ювиш;
Таомни айбламаслик;
Ўнг қўл билан ва ўзига яқин жойдан ейиш;
Ёнбошлаб овқатланмаслик;
Таомланиш пайтида сўзлашиш мустаҳабдир;
Мезбонни дуо қилиш мустаҳабдир;
Ёши улуғлардан кейин таомга қўл узатиш;
Неъматни исроф қилмаслик;
Чанқоқ босиш одоблари;
Идишнинг оғзидан ичиш макруҳдир;
Ичимликка пуфлаш макруҳдир;
Ўтирган ҳолда ичиш ва ейиш мустаҳабдир;
Тилла ва кумуш идишда ичишдан қайтариш;
Ҳаддан зиёд тўйиб овқат емаслик;
Унутмангки, Аллоҳ таоло Ўзига юзланишингиз учун сизни турли мусибатлар билан синайди. Баъзан Аллоҳдан имтиҳонлардан муваффақиятли ўтишни ёки солиҳа жуфт ҳалол ё яна бошқа нарсаларни сўраб ой ва йиллар давомида дуо қиласиз. Аммо дуоингиз ижобат бўлмаётганидан ташвишга туша бошлайсиз.
“Нега Аллоҳ дуоларимни қабул қилмаяпти?” деган саволлар ҳаёлингизда тинмай айланади. Аммо Аллоҳ сизга қанча неъматларини тайёрлаб қўйганини билмайсиз! Сиз банда эканингизни эътироф этиб, ноумид бўлмай Аллоҳдан қанча кўп сўрасангиз, қалбингиз шунча юмшайди. Тобора Аллоҳга муҳтож эканингизни тушунасиз. Аслида, ҳар бир олган ва чиқарган нафасимиз Аллоҳнинг бизга берган чексиз неъматидир.
Аллоҳнинг юборган синовлари сабабли банда ожизлигини англаш билан бирга, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким унга ёрдам бермаслигини тушуниб етади. Бу банданинг иймонини янада мустаҳкамлайди.
Агар Сиздан “Аллоҳга энг яқин бўлган вақтиниз қачон бўлган?” деб сўрасалар сиз “Оила қурганимда”, “фарзандли бўлганимда” ёки “янги ишга кирганимда” деб айтмайсиз. Балки ҳаётингизнинг энг қийин лаҳзаларини, қийинчиликка дуч келганингизда вазиятдан қандай чиқишни билмай қолганингизни, фарзандингиз касал бўлганда, онангиздан айрилганингизда Аллоҳга янада яқин бўлганингизни эслайсиз.
Сиз ҳаётингизнинг ана шундай энг мушкул вазиятларида Аллоҳга ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ ёлвориб дуо қилгансиз.
Нега? Чунки фақат Аллоҳ сизни бу қийинчиликлардан қутқариши мумкинлигини билгансиз. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ёрдам бера олмаслигини англаб етгансиз.
Ҳа, айрим бандалар турли синов-мусибатлар сабабли Аллоҳга юзланади, Роббига қайтади.
Яна баъзи бандаларнинг эса Аллоҳ таолога қайтишига гуноҳ амаллар сабаб бўлади. Бу ҳақда Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи бундай дейдилар: “Гоҳида У Зот сенга тоат эшигини очади ва қабул эшигини очмайди. Гоҳида сенга гуноҳни тақдир қилади ва у (У Зотга) етишишга сабаб бўлади”.
Уламолардан бири айтади: “Банда гуноҳ сабабли жаннатга кириши ва савоб иш туфайли жаҳаннамга тушиши мумкин”, деди. Одамлар таажжубланиб: “Қандай қилиб бундай бўлиши мумкин?” деб сўрашди. Олим уларга: “Банда баъзан гуноҳга қўл уради, кейин ўзига келиб, қилган гуноҳига қаттиқ афсусланади, тинмай афсус-надомат чекади. Охир оқибат унда ўзини паст олиш, синиқлик ва надомат пайдо бўлади. Аввалгидан кўра тоат-ибодатга кўпроқ уринади, ихлос қилади. Натижада бу гуноҳи унинг жаннат сари ҳаракат қилишига сабаб бўлади. Яна бошқа банда бир яхшилик қилиб, кибрга, ужбга, мақтанишга, одамлардан мақтов эшитишга берилади. Айнан шу ҳол унинг ҳалокатига, дўзахга сари етаклайди”.
Даврон НУРМУҲАММАД