Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Май, 2025   |   17 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:29
Қуёш
05:04
Пешин
12:24
Аср
17:24
Шом
19:38
Хуфтон
21:07
Bismillah
15 Май, 2025, 17 Зулқаъда, 1446

ХУШХАБАР! Фатво масаласида янги инновацион сайт ишга тушди!

10.03.2020   6280   1 min.
ХУШХАБАР! Фатво масаласида янги инновацион сайт ишга тушди!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мўмин-мусулмонларнинг диний мазмундаги саволларига қулай ва тезкор жавоб олишларини таъминлаш мақсадида, интерактив ва инновацион хизматларни ўз ичига олган fatvo.uz сайтини ишга туширди. Мазкур сайт диний савол-жавоб йўналишида энг замонавий хизматларни ўзида мужассам этгани билан алоҳида аҳамиятга эгадир.

Эндиликда, ушбу сайтдан фойдаланувчилар шаръий масалаларга оид ўз саволларини сайтнинг “Савол юбориш” бўлими орқали йўллашлари мумкин. Савол матнига аудио, видео ва суратларни илова сифатида тақдим этиш имконияти ҳам яратилган. Берилган саволларга фатво соҳасида етарли билим, тажриба ва юқори малакага эга бўлган мутахассислар томонидан батафсил жавоблар қайтарилади.

Сайтда “Ақида”, “Поклик”, “Намоз”, “Рўза”, “Закот”, “Хаж ва умра”, “Никоҳ”, “Талоқ”, “Савдо ва тижорат”, “Қасам ва назр”, “Ижара”, “Ҳалол-ҳаром”, “Руҳий тарбия” ва шу каби долзарб рукнлар остида жавоблар эълон қилиб борилади. Кутубхона бўлимида диний мазмундаги китоб ва рисолалар жойлаб борилади. Медиа қисмида уламоларнинг диний саволларга берган видео ва аудио жавоблари жойлаштирилган.

Фойдаланувчилар “Излаш” тугмаси орқали ўзлари учун зарур бўлган мавзулардаги мавжуд шаръий савол-жавобларни топиб, мутолаа қилишлари мумкин.

2020 йил 10 март кунидан эътиборан мазкур сайт тест режимида ўз иш фаолиятини бошлади.

Келгусида ушбу сайтни фатво ва шаръий масалалар йўналишида қомусий манбага айлантириш ниятимиз бор. Бу эзгу ишни Сиз азиз ўқувчиларимиз билан биргаликда амалга оширамиз, иншааллоҳ!


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Талоққа қачон рухсат этилади?

14.05.2025   2024   4 min.
Талоққа қачон рухсат этилади?

Ислом шариати талоқни зарурат ҳолатларида қўлланиладиган охирги чора сифатида белгилаб, унинг нотўғри қўлланилишидан эҳтиёт бўлишни таъкидлайди. Асоссиз талоқ қилиш нафақат оилавий ҳаётга, балки жамиятга ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Исломда талоқ муҳим масала бўлиб, уни шошқалоқлик билан эмас, балки ўйлаб амалга ошириш тавсия этилади. Қуръонда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бундай марҳамат қилади: Агар улар орасида низолашишдан қўрқсангиз, унда эрнинг оиласидан бир ҳакам ва аёлнинг оиласидан бир ҳакам тайинланг. Агар улар (ҳакамлар) ярашишни хоҳласалар, Аллоҳ уларнинг орасини тотув қилади. Албатта, Аллоҳ (ҳамма нарсани) билувчи ва (ҳамма нарсадан) хабардор Зотдир.

Мазкур оятдан англашиладики, шариатимиз низоларни ҳал қилиш учун қадам-бақадам чоралар кўришни талаб қилади ва дарҳол талоққа мурожаат қилишдан қайтаради.

Шу билан бирга шариатимизда талоқ эркакнинг қўлида бўлганлигининг ҳикмати одатда эр кишилар оқилона қарорлар қабул қиладилар. Шунинг учун талоқ иши эр кишини қўлига топширилгандир. Ҳидоя китобида бу борада бундай дейилади: Талоқ эрнинг қўлида бўлиши унинг оқибатларни кўпроқ тушуниши ва ҳиссиётлардан узоқроқ бўлиши сабабли афзалроқдир.

Асоссиз талоқ қилишнинг оилавий ва ижтимоий зарарларини қуйидагича изоҳлаш мумкин:

Оила барқарорлигига зарар бўлиши асоссиз талоқ қилиш оилавий барқарорликни йўқотишга олиб келади. Бу ҳақида “Ҳидоя”да бундай дейилади:

Низо юз берганида, талоқ қилишга фақат далиллар тасдиқлангандан кейин рухсат берилади.

Талоқ фарзандларнинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатади. Болалар учун ота-онанинг бирлиги ҳаётий муҳим омилдир. "Мухтасар"да бундай таъкидланади:

Ажралиш фарзандлар ва жамият учун жиддий зарар келтиради”.

Ота-оналарнинг ажралиши жамиятда янги муаммоларни келтириб чиқаради. Асоссиз талоқ орқали болаларнинг тарбияси бузилиши ва оилавий қадриятларнинг йўқотилиши кузатилади.

Талоқнинг иқтисодий зарарлари шуки, ажралиш оиланинг иқтисодий барқарорлигига путур етказади. “Иноя”да бу ҳақда бундай дейилади: Талоқ оиланинг молиявий барқарорлигини йўқотади.

Ажримда аёлларнинг обрўсига зарар етиши турган гап. Чунки ажралиш кўпинча жамиятда нотўғри тушунилади. “Ҳидоя”да бу борада бундай дейилади: Аёлни талоқ қилиш уни одамлар орасида гап-сўзларга дучор қилади.

Ажримларнинг болалар тарбиясига таъсири шуки, болалар керакли тарбиядан маҳрум бўлиши мумкин. “Мухтасар”да бундай дейилади: Талоқнинг салбий таъсири болалар тарбиясида яққол намоён бўлади.

Демак талоқни амалга оширишдан олдин вазиятни тўлиқ баҳолаш ва маслаҳатлашиш зарур ишлардан ҳисобланар экан. “Иноя”да бу борада бундай дейилади: Эр талоқ қарорини қабул қилишдан олдин яхшилаб ўйлаб кўриши лозим.

Шу билан бирга шариатимиз низоларни ҳал қилишда босқичма-босқич ёндашувни тавсия этади: насиҳат қилиш, вақтинчалик алоҳида яшаш ва ҳакамлар тайинлаш. “Инояда бу ҳақда бундай дейилади: Талоқ фақат ярашиш имконсиз бўлгандагина рухсат этилади.

Қолаверса талоқни фақат зарурат ҳолатида амалга ошириш керак. Талоқ фақатгина муҳим сабаблар мавжуд бўлгандагина қўлланилиши керак. Шариат кўрсатмаларига амал қилиш орқали оилани сақлаб қолиш мумкин. Ҳамда оилавий маслаҳатчилар ёрдамидан фойдаланиш ҳам зарурдир. Низоларни ҳал қилиш учун маслаҳатчиларга мурожаат қилиш шариатда маъқулланган амалдир.

Асоссиз талоқ қилиш нафақат оилавий ҳаётга, балки жамиятга ҳам салбий таъсир қилади. Ислом шариати талоқни зарурат ҳолатида ва фақат масъулият билан қўллашни таъкидлайди. Бу борада шариатнинг кўрсатмаларига амал қилиш оилаларни сақлаб қолишда ва жамиятдаги барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.


Шамсиддин БУРҲОНИДДИНОВ,
Тошкент Ислом институти 4 курс талабаси.