Исломдаги энг афзал ибодат, таҳорат қилмай, қиблага юзланмай, пул сарфламай бажариш мумкин бўлган энг енгил тоат Аллоҳни зикр қилишдир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:
الَّذِينَ يَذْكُرُونَ اللّهَ قِيَاماً وَقُعُوداً وَعَلَىَ جُنُوبِهِمْ وَيَتَفَكَّرُونَ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ رَبَّنَا مَا خَلَقْتَ هَذا بَاطِلاً سُبْحَانَكَ فَقِنَا عَذَابَ النَّارِ
“Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида эслайдиган, осмонлару ернинг яратилишини тафаккур қиладиганлар: “Роббимиз, буни бекорга яратганинг йўқ, Ўзинг поксан, бизни ўт азобидан сақлагин” (Оли Имрон сураси, 191-оят)
Аллоҳ таолони кўп зикр қилувчиларга саломатлик бўлсин!
*****
Дин муомалада ҳам кўриниши керак
Дин фақат намоз ўқиётганда, рўза тутаётганда эмас, балки олди-сотди, шариатга мувофиқ келишувлар, берилган ваъдалар, аҳдлар, одамлар билан кўришганда, идораларда навбат кутганда, бемор кўргани борганда, деҳқончиликда ва ҳоказо ўринларда ҳам кўриниши керак.
Шундай қилиб, инсонлар Аллоҳ таолонинг ер юзидаги гувоҳларидир. Ҳар бир инсон бу дунёда қилган амалининг ҳосилини охиратда йиғиб-териб олади.
*****
Бахтиёр бўлишингиз, муваффақиятга эришишингиз, юксалишингиз, нажот топишингиз учун сизга қуйидаги тўрт насиҳатни айтаман:
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:
وَأَقِمِ الصَّلاَةَ طَرَفَيِ النَّهَارِ وَزُلَفاً مِّنَ اللَّيْلِ إِنَّ الْحَسَنَاتِ يُذْهِبْنَ السَّـيِّئَاتِ ذَلِكَ ذِكْرَى لِلذَّاكِرِينَ
“Кундузнинг икки тарафида ва кечанинг бир бўлагида намозни тўкис адо қил! Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади. Бу эса, эсловчиларга эслатмадир”. (Уламоларимиз ояти каримадаги “Кундузнинг икки тарафида” адо қилинадиган намоз бомдод, пешин ва аср намозлари, “кечанинг бир бўлагида” адо этиладиган намоз шом ва хуфтон намозлари, дейишган. Мўмин киши томонидан қилинган ҳар бир яхши иш ёмонликларни кетказади. Намоз ўша яхшиликларнинг гултожидир. Ушбу оятда оғир ва аҳамиятли ишларни қилишда, Аллоҳнинг амрига бўйсунишда, кўрсатган йўли ва йўллаган динида мустақийм туришдек масъулиятли ишда намоз ва яхшилик қилиш ила олдинга йўл очишга ундаш бор.) (Ҳуд сураси, 114-оят)
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:
اقْرَأْ بِاسْمِ رَبِّكَ الَّذِي خَلَقَ
“Яратган Роббинг номи билан ўқи” (Алақ сураси, 1-оят)
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:
فَسَبِّحْ بِحَمْدِ رَبِّكَ وَاسْتَغْفِرْهُ إِنَّهُ كَانَ تَوَّاباً
“Бас, Роббингни поклаб ёд эт ва Унга истиғфор айт. Албатта, У тавбаларни кўплаб қабул этувчидир” (Наср сураси, 3-ояти)
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:
وَقُولُواْ لِلنَّاسِ حُسْناً
“Одамларга яхши гаплар айтинг” (Бақара сураси, 83-оят)
Доктор Оиз Қарний саҳифаларидан Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Бир қизалоқ тақинчоқ дўконига кириб сотувчига қараб чиройли зирак кўрсатишини сўради. Сотувчи қизалоққа ҳайратланганча қараб тураверди. Шунда қизалоқ бир зиракни кўрсатиб: “Мана буни чиройли қилиб ўраб бероласизми?!”, деди. Сотувчи: “Пулинг борми?” деб сўради.
Қизалоқ чўнтагидаги бир нечта тангани чиқариб,:“Бор пулим шу, етадими?” деб сўради. Сўнгра у: “Биласизми, мен опамга шу зиракни совға қилмоқчиман. Чунки у онамиз оламдан ўтганидан кейин бизга ғамхўрлик қилиб келмоқда. Мен опамни хурсанд қилишни жуда хоҳлардим. Менда бори шу”, деди пулга ишора қилиб.
Бир неча сониядан сўнг сотувчи зиракни чиройли қутига солиб, қизчанинг қўлига берди. У хурсанд бўлганича уйига шошиб кетди.
Бир фурсатдан сўнг дўконга бир ўрта ёшли қиз кириб, дўкончига ўша қизалоқ олган зиракни кўрсатиб: “Буни сиздан олганмиди?” деб сўради. Сотувчи тақинчоқга қараб: “Ҳа” деб жавоб берди. Қиз тақинчоқни нархи қанчалигини сўради. Сотувчи: “Бу харидор ва менинг келишувим” деб жавоб қилди. У: “Синглимда бир неча танга бор эди. Бу эса жудаям қимматлигини биламан. Бунга пулимиз етмайди” деб зиракни қайтариб бермоқчи бўлди.
Шунда сотувчи: “Синглингиз бор будини берди. Бу нархни ҳеч ким бера олмайди”, дея тақинчоқни қизга қайтариб берди.
Акбаршоҳ Расулов таржимаси