Миср бош имоми, Шайх Аҳмад Тоййиб ҳазратлари бошчилигидаги делегация Самарқанд шаҳридаги “Чокардиза” қабристонида жойлашган улуғ аллома Имом Мотуридий мақбарасини муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳамроҳлигида зиёрат қилдилар. Ташриф чоғида Шайх Аҳмад Тоййиб ҳазратлари ушбу олимга юксак эҳтиромини кўрсатиб шундай деди:
– Бизнинг руҳимиз Маккаи Мадинага интилса, ақлимиз Самарқандга ошиқади. Чунки Самарқанд илм-маърифат маркази ҳисобланади. Мен бу муборак гўшани зиёрат қилар эканман, имом Мотуридийга эҳтиром сифатида қад ростлаган мақбара ва атрофидаги ободончиликни кўриб, жуда хурсанд бўлдим. Келажакда бу юртда ётган бошқа олимларни ҳам эъзозлаб, уларга алоҳида мақбаралар қурилиши ҳақидаги Самарқанд вилояти ҳокимининг сўзлари мени жуда ҳам қувонтирди. Олимларга бўлган бундай эътибор – Ўзбекистон заминига, албатта, қут-барака ва файз олиб келади.
Шундан сўнг меҳмонлар Имом Бухорий мажмуаси зиёратгоҳига ташриф буюрдилар. Меҳмонларга муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Имом Бухорий ҳазратларининг ислом оламидаги ўрни ва нуфузига мос равишда мажмуанинг янгидан барпо этилиши режалаштирилаётгани ҳақида маълумот берилди. Шайх Аҳмад Тоййиб ушбу ташаббус алломага нисбатан кўрсатилган муносиб ва улуғвор қадам эканини мамнуният билан эътироф этди.
Сўнг мартабали меҳмонлар Самарқанд шаҳрида бунёд этилган Ҳадис илми мактабида бўлиб, талабаларнинг дарс машғулотлари жараёнлари билан яқиндан танишдилар. Шайх Аҳмад Тоййиб ташрифи чоғида ушбу таълим даргоҳида таҳсил олаётган талабалардан келажакда буюк олимлар ва улуғ уламолар етишиб чиқишига умид билдириб, Ўзбекистон раҳбари томонидан тақдим этилган ушбу маскан мазкур мақсадни амалга ошириш учун жуда яхши имконият эканини алоҳида қайд этди.
Ўз навбатида, ушбу мактабда дарс бераётган мисрлик малакали устозларга ўзларининг бор илм-маърифатларини ушбу таълим даргоҳидаги талабаларга ўргатиб, улуғ олимларнинг етишиб чиқишида ўз ҳиссаларини қўшишларини таъкидлади.
Ташриф чоғида меҳмонлар Ҳадис илми мактабида яратилган шарт-шароитлар, ўқув хоналари, ахборот ресурс маркази ва спорт билан шуғулланиш учун ҳозирланган имкониятлар билан яқиндан танишдилар. Талабалар илм олишлари, мазкур йўналишда олим бўлиб етишишлари учун барча қулайликларни ҳозирлаб берган Давлат Раҳбарининг эзгу саъй-ҳаракатлари, албатта, яқин келажакда ўз самарасини беришига ишонч билдирди.
Миср бош имоми, Шайх Аҳмад Тоййиб ҳазратларининг юртимизга ташриф давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
“Ҳаж – 2025” мавсуми зиёратчилари тоат-ибодатларини қулай шароитларда бажаришларини таъминлаш мақсадида Саудия Арабистони сафарида бўлиб турган Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, “Ҳаж” ва “Умра” ишлари бўйича атташе Шуҳрат Амоний мутасадди идоралар билан музокаралар ўтказишмоқда.
Хусусан, муборак масканлар – Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида муносиб шарт-шароитлар ҳозирлаш юзасидан мазкур ҳудудларда турар жой, транспорт, озиқ-овқат таъминоти билан шуғулланадиган “Тавофа” муассасаси раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда ҳар бир ҳожи учун Мино водийсида етарли ўрин билан таъминлаш, Арафот ҳудудидаги чодирларни иссиқ ўтказмайдиган замонавий сендвич панеллар билан ўрашни охирига етказиш, уларда “Sofa bed” (ёстиқ ва тўшак), “Martaba” (тўшак), совуткич сингари қулайликлар қилиш, коммунал хизматларни яхшилаш, уч маҳал иссиқ овқат ва мунтазам чой-салқин ичимликлар билан таъминлашга урғу қаратилди. Шунингдек, Муздалифа ҳудудида етарли миқдордаги гилам-полослар ва сув билан таъминлаш қўшимча қилинди.
Айниқса, ҳожиларнинг муқаддас маконларда вақтларини ғанимат билиб, доимо тоату ибодатда бўлишлари учун таниқли уламоларнинг суҳбатлари, машҳур қориларнинг қироатларини барчага етказиш учун микрафон ва овоз кучайтиргичларни етарли даражада ташкил этишга эътибор қаратилди.
Соҳа раҳбарлари томонидан Дин ишлари бўйича қўмита Зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги "Ҳаж ва Умра" маркази раҳбари Зиёуддин Мақсудовга мазкур хизмат кўрсатиш йўналишларини янада синчковлик билан ўрганиш ва якуний маълумотларни тақдим этиш юзасидан кўрсатма берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати