Юртимизда ҳар йили Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва ўтказишга алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, 1500 дан зиёд масжидларимизда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуси билан хатми Қуръон тадбирлари ўтказиш яхши анъана тусини олган.
Таровеҳ намозларида йилдан-йилга такомиллашиб, савияси оширилиб борилаётган бундай файзли, савоби улуғ бўлган ишлардан юртимизга қут-барака янада зиёда бўлиши, шубҳасиз.
Кеча, 12 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси «Қуръон ва тажвидни ўргатиш» бўлимида Республика ҳудудидаги масжидларда бу йил хатм қиладиган қориларни суҳбатдан ўтказиш ҳайъати йиғилиши бўлиб ўтди.
Бўлим мудири шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум раислигида ўтган ушбу йиғилишда устоз қорилардан иборат ҳайъат аъзолари иштирок этишди. Йиғилишда қутлуғ ойга муносиб тайёргарлик кўриш, хусусан, Қуръон тадбирларида қатнашадиган қорилар билан суҳбатлар ўтказиш, уларни тақсимлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати