Ургут тумани бош имом-хатиби
Шоди домла ҲАҚБЕРДИЕВ билан суҳбат
– Ассалому алайкум, домла. Суҳбатимизни инсон ҳаётидаги муҳим сана ва ҳодисаларнинг нишонланиши ҳақидаги саволдан бошласак. Масалан, ҳозир чақалоқни туғуруқхонадан уйга олиб келиш ҳам катта маросимга айланиб боряпти. Ҳатто боланинг мактабга чиқишини карнай-сурнай, қиммат машина иштирокида ўтказиш ҳолатига гувоҳ бўлдик. Буларга динимиз нима дейди?
– Раҳматли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Ижтимоий одоблар” китобида бундай ёзади: «Уламоларимиз маросимлар ҳақида келган шаръий қоидаларни батафсил ўрганиб ва таҳлил қилиб бўлганларидан кейин, қайси маросимлар шариатда борлигини белгилаб беришган. Масалан, “Ал-инсоф” китобида “Одамларни чорлаб, маросим қилиб бериладиган таомлар ўнтадир”, дейилган…” Сўнг керакли шарҳлар берилган: “валийма” – келин тушириш (никоҳ тўйи), “азийра” – хатна маросими, “хурса” – бола туғилиши ила ўтказиладиган маросим, “вакийра” – янги уй-бино муносабати ила, “нақийя” – бировнинг ғойиб бўлганидан кейин сафардан қайтиб келиши, “ақийқа” – бола етти кунлик бўлганда, “вазийма” – мотам муносабати билан, “маъдаба” – оддий, алоҳида сабабсиз зиёфат, “ҳизоқ” – Қуръонни ёдлаб бўлиш муносабати билан, “туҳфа” – бирор киши шарафига қилинадиган маросим, шунингдек, бало-офатдан қутулгани шукронасига эҳсон қилиш, катта муваффақиятга ва ютуққа эришгани шукронасига уюштириладиган маросимлар ҳақида маълумотлар келтирилган».
Шу китобда булардан фақат “валийма” – никоҳ тўйидан бошқа барчаси мустаҳабдир, истаган қилади, истамаган йўқ, деб таъкидланган. Китобда мазкур маросимларни амалга оширишда нималарга риоя қилиш кераклиги ҳақида ҳам аниқ кўрсатмалар берилган. Шуни эътиборда тутиш лозимки, “Исломда ёр-биродарларни бир дастурхон устига жамлаш мустаҳаб амаллардан. Унда яхшилик ва барака бордир…” “Шу билан бирга, маросимларда шариат кўрсатган чегарадан чиқишнинг зарари бор” (ўша китоб, 107-бет).
Сиз айтаётган ҳолатлар эса юмшоқ қилиб айтганда – исроф. Мусулмон киши ҳаётдаги ҳар бир хатти-ҳаракатида, ҳар қандай вазиятда Аллоҳ таолонинг ризолигини ўйлаб иш тутиши зарур.
– Кўп йиллардан буён имомлик вазифасида ишлаб келмоқдасиз. Халқ орасида тарқалган баъзи хурофотлар, бидъат маросимларга ҳануз гувоҳ бўляпмиз. Тажрибангиздан келиб чиқиб айтинг-чи, бундай ишлар авваллари кўпмиди ё кейинги пайтларда урчидими?
– Одамлар орасида ҳануз сақланиб келаётган иллатларнинг барчаси илмсизликдан. Айниқса, хотин-қизлар орасида бундай маросимлар оз эмас. Яшаш шароитларимиз тобора яхшилангани сари ортиқча орзу-ҳавасларга берилиш ҳам, афсуски, кучайиб кетмоқда. Алҳамдулиллаҳ, кейинги йилларда диний идорамиз масъул ходимлари, имом-хатиблар ҳаракатлари билан тўй-маърака ва бошқа маросимлардаги нолойиқ ҳолатларга барҳам берилмоқда. .
– Ҳаж зиёратидан келган ҳожини дабдабали кутиб олиш, пойига кийим, гилам ёки шунга ўхшаш нарса ёзиб, устига чиқиб беринг, дейиш урф бўлган. Шунингдек, ҳожилар орасида “ҳожи оши”, “ҳожи гапи” каби йиғинлар оммалашган. Булар ҳаж ибодатини бажариб келган кишини ноқулай аҳволга солиб қўймайдими?
Ҳожиларимиз имкон борича бундай ҳолатлардан ўзларини сақлашлари, бошқалар шунга интилганда, “Йўқ, маъзур тутинглар, Аллоҳ насиб этиб, покланиб келган бўлсам, энди мени номашруъ ишларга чорламанг”, деб бундай амаллардан сақланиши лозим.
Ҳожиларни сафарга кузатишдан аввал ҳаж комиссияси томонидан йиғилиш ўтказилиб, келганларидан кейинги дабдабали ҳолатларга йўл қўймаслик кераклиги тушунтирилади. Тарғиботларни янада давом эттирсак, жамиятимиздаги бу камчиликлар барҳам топиб, барча ишларимиз ўз изига тушиб кетади, иншоаллоҳ.
– Сўнгги пайтда аҳли сунна вал жамоанинг ақида ва мазҳаб имомлари йўлини хатога чиқарадиганлар ҳам тез-тез учраб турибди. Бунинг сабаби нимада?
– Халқимиздаги: “Кўр тутганини қўймайди, кар – эшитганини”, деган иборанинг ҳаётимизда кўп учрашига мисоллардан бири бу. Доноларимизда шундай ҳикмат бор: “Билиминг осмонга етган бўлса ҳам, бошқалар илмига қулоқ сол ҳар дам!” Эс-ҳуши жойида бўлган, ўз ҳолати ва даражасига кўра озми-кўпми тегишли билимлари бор одам асло бундай ножўя қилиқларга йўл қўймайди! Ақида ва мазҳаб имомларимиз йўлларини хато дейдиганлар Ислом дини моҳиятини тўғри ўрганмаган, қолаверса, кимларнингдир бузуқ ниятларини амалга оширишда ёрдам қилаётган кимсалардир.
– Ҳозир ижтимоий тармоқлар орқали асоссиз гаплар тарқатиш, илм аҳлига маломат тошларини отиш ҳолатлари кузатиляпти. Ислом динида илм аҳлига нисбатан қандай муносабатда бўлиш талаб этилади?
– Интернет инсон имкониятларини ниҳоятда ошириб юборди. Илм олишни истовчилар учун унинг жуда осон ва қулай шароитлари бор. Хоҳлаган саволга жавобни интернет орқали осонгина топиш мумкин. Аммо, афсуски, у жавобларнинг ҳаммаси тўғрилигига кафолат йўқ. Шу боис интернетдан фойдаланишда ақллилик, ҳушёрлик жуда зарур. Берган саволингга жавоб кимдан келяпти, қандай манбага асосланган – буларни эътиборга олиш ниҳоятда зарур. Бошқалар билан ўзаро алоқага киришишу фикр алмашишда ҳам ақлли бўлинг, бузуқ ниятли кимсаларнинг алдовига учиб қолманг, деб доимо таъкидлаб туришга тўғри келмоқда.
Мўмин киши олим, қори ва бошқа илм аҳлларига нисбатан чиройли одоб сақлаши лозим. Чунки бу Қуръонга, ҳадисга – илмга ҳурмат бўлади. Ҳадиси шарифда айтилганидек, илмли кишилар бу дунёда иззат-ҳурматли, охиратда, иншоаллоҳ, шарафли бўладилар.
– Динимизни ўрганишни истаган баъзи ёшларимиз ўзлари билмаган ҳолда айрим “раҳнамо”ларга эргашиб кетганлари бор гап. Бундай адашишларнинг олдини олиш учун тажрибали, оқсоқол имом сифатида қандай тавсиялар берасиз?
– Ислом дини халқимизнинг қонига сингиб кетган. Бинобарин, ёшларимиз намозга ёки Қуръон ўқиш, динимиз асосларини ўрганишга рағбат қилишлари табиий ҳол. Шундай ниятда бўлган ёшлар учун маслаҳатимиз шуки, бунинг учун улар Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги масжидларнинг жойлардаги имом-хатибларига ёки Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий сайтларига мурожаат қилишлари лозим. Шундагина улар барча масалаларда тўғри, ишончли жавобларга эга бўлишади. .
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ суҳбатлашди
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 2-сонидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бутун араблар мусулмонларга қарши оёққа турди. Ички томондан Бани Қурайза яҳудийларининг хиёнати дард устига чипқон бўлди. Ғатафон қабиласидан Уяйна ибн Ҳисн Бани Қурайза йўлидан юриб, аҳволни янада оғирлаштирди. Мусулмонлар гўё омбирнинг икки тиши орасида қолгандек эдилар: бири Араб саҳроларидан келган узоқдаги душман, иккинчиси эса аҳдни бузиб хиёнат йўлига ўтган яқиндаги душман!
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Уяйна ибн Ҳисн агар Ғатафон қабиласини мушрикларга ёрдам бермасдан олиб чиқиб кетса, Мадина ҳосилининг учдан бирини бермоқчи бўлдилар. Шу мақсадда маслаҳат қилиш учун Авс қабиласининг бошлиғи Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу билан Хазраж қабиласининг бошлиғи Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳуни чақиртирдилар. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одоблари эди. Зеро, Мадинанинг мевалари уларники эди, улардан рухсат олмасдан қатъий қарор чиқаришни истамадилар. Шу масала ҳақида гаплашганларида улар айтишди:
– Эй Аллоҳнинг Расули! Агар буни сизга Аллоҳ амр қилган бўлса, бош устига. Аммо агар буни биз учун қилмоқчи бўлсангиз, асло ҳожати йўқ. Биз ҳам, улар ҳам мушрик эди. Бут ва санамларга сиғинардик. Ўшанда улар Мадина хурмосини емоқчи бўлишса, фақатгина сотиб олиб ёки зиёфат бўлганида ейишар эди. Энди Аллоҳ бизни сиз туфайли Ислом билан икром қилганида уларга молимизни берамизми?! Аллоҳга қасамки, уларга фақатгина қиличимизни берамиз!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни мақтадилар, фикрларини қўллаб-қувватладилар ва дедилар: «Араблар сизга қарши бир ёқадан бош чиқаргани учун мен буни сиз учун қилмоқчи эдим!».
Масала, кўриб турганингиздек, сиёсий эди. Уруш бошланган. Ҳамма ҳам урушдан камроқ талафот кўриб, ғолиб бўлиб чиқиш йўлини қидиради. Барчанинг ўз фикри бор. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ғатафон қабиласи билан музокара олиб бориб, уларга қайтиб кетиш эвазига Мадинанинг учдан бир ҳосилини бермоқни истадилар. Аммо Саъд ибн Муоз билан Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳумо бу ишда хорликни кўрдилар. Агар Аллоҳ амр қилган бўлса, бўйсунишларини билдиришди. Аммо Набий алайҳиссалом қон тўкилмаслиги ва Мадинани сақлаб қолиш учун шундай қилаётган бўлсалар, бу фикрга қўшилмасликларини айтишди. Душманга фақатгина қилич билан жавоб қайтаришга тайёр эканликларини билдиришди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уларнинг фикрини қувватладилар!
Ҳар бир инсоннинг шахсий фикри, қараши ва воқеликдан чиқарган хулосалари бўлади. Бу унинг маълумотларни таҳлил қилиши ва шу орқали фойда-зарарни белгилашидир. Мусибатимиз шундаки, биз ўзимизнинг фикримизга юришга одамларни мажбурламоқчи бўламиз. Гўё буни ўзгартириб бўлмайдиган ваҳий деб хаёл қилишади. Ваҳоланки, ваҳий соҳиби бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг фикрини оляптилар, эътирозларини қабул қиляптилар. Чунки Набий алайҳиссаломнинг фикрлари ваҳий эмас, сиёсат, ижтиҳод ва шахсий қараш эди!
Бошқа томондан, ҳар қанақанги сиёсий фикр, ижтиҳод ва шахсий қарашни хиёнат дейдиганлар бор. Улар тўшакда ёнбошлаб олиб, чегарада турганларга фатво бериб ўтиришади. Фалон жойда тинчлик мумкин эмас, пистон жойда уруш мумкин эмас, деб ўтиришади!
Сиёсат билан шуғулланаётган киши ҳам инсонлигини унутмаслик керак. У ҳам хато қилади, тўғри айтади. Унинг инсонларни ўзининг фикрига мажбурлашга ҳаққи йўқ. Омманинг иши билан машғул бўладиган кишилар мужтаҳидни маъзур тутиши, у ҳақда яхши гумон қилиши, унга насиҳатда бўлиши лозим!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди