Таълим, фан ва маданият бўйича Ислом ташкилоти (ИСЕСКО) ижроия кенгаши ўз номини Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти (ИДТФМТ) деб ўзгартирди, дея хабар беради wам.аэ сайти.
– Янги ном ташкилот вазифалари моҳиятига оид тартибсизликни бартараф этиш ва унинг нуфузини халқаро миқёсда янада кенг ёйишга қаратилган, – дейди ИСЕСКО Бош директори доктор Салим бин Муҳаммад ал-Малик. – Бу ўзгариш ташкилот мақсад ва вазифаларни аниқ акс эттиради.
Исломосфера веб-сайтининг хабар беришича, ИСЕСКОнинг ижроия кенгашининг Абу Дабида бўлиб ўтган 40-сессиясида ташкилотнинг яқин ва узоқ йилларга мўлжалланган ҳаракат режаси ва Бош директор томонидан кенгашга тақдим этган бир қатор ташкилий масалаларҳам кўриб чиқилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Савол: Ўқилган намозимдан кўнглим тўлмади. Шу намозни қайта ўқишим керакми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу масаланинг бироз тафсилоти бўлиб, унга кўра намоз қуйидаги ҳолатларда қайта ўқилиши лозим:
• Намозда бирор фарз амал бажарилмай қолиб кетган бўлса;
• Намозда бирор вожиб амал қасддан бажарилмай қолиб кетса;
• Намозда бирор вожиб амал унутиб бажарилмаса ва намоз охирида саждаи саҳв ҳам қилинмай тугатилган бўлса.
Агар намозда суннат амаллар тарк қилинган бўлса ёки намоз макруҳлик билан ўқилган бўлса, у ҳолда намозни қайта ўқиш вожиб эмас, балки мустаҳаб (чиройли саналган) иш ҳисобланади. Ушбу ҳолатда қайтадан ўқимаса ҳам гуноҳкор саналмайди.
Саволда сўралган ҳолатга келсак, кўнгил тўлмаслиги юқорида санаб ўтилган фарз ёки вожиб амал тарк қилинган ҳолатлар сабабли бўлса, намоз қайта ўқилиши керак. Аммо ҳақиқатда собит бўлмаган шубҳа-гумонлар, васвасалар сабабли кўнгил тўлмаётгандек бўлса, у ҳолда намозни қайта ўқилмайди. Чунки кўп ҳолларда “кўнглим тўлмаяпти”, деб намозни қайта-қайта ўқийвериш инсонни ўзига бўлган ишончини йўқотади ва васваса касалига чалинишига олиб келади.
Шундай экан, намозда бажариладиган фарз, вожиб, суннат амаллар ҳақида яхши ўрганиш, энг асосийси турли хаёлларга чалғимасдан намозни эътибор билан адо этиш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.