Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Январ, 2025   |   10 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:35
Bismillah
10 Январ, 2025, 10 Ражаб, 1446

21.02.2020 й. “Такфир” тушунчаси

18.02.2020   4648   14 min.
21.02.2020 й. “Такфир”  тушунчаси

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِيْن، وَأَفْضَلُ الصَّلاَةِ وَأَتَمُّ التَّسْلِيْمِ عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِيْن، أَمَّا بَعْدُ

“ТАКФИР”  ТУШУНЧАСИ

Муҳтарам жамоат! Бугунги суҳбатимизни ҳам ислом ақидасига бевосита боғлиқ бўлган мавзуга бағишлаймиз. Суҳбатимизда ислом оламида аянчли оқибатларга сабаб бўлаётган, жаҳолат туфайли фитналарга замин яратаётган “такфир” тушунчасини мазмун-моҳиятини шарҳлаб ўтамиз. “Такфир” тушунчаси  “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан туриб, “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас! Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

لا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً

яъни: “Сизга салом берган кимсага, мўмин эмассан, деманглар”
(Нисо сураси 94-оят).

Демак, Аллоҳ таоло бу  ояти каримада шошма-шошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқариб, иш кўришдан қайтармоқда.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:

"‏ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ:‏ الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ"

(رَواهُ الإمامُ مسلم عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رضي الله عنه)

яъни: “Уч нарса имоннинг аслидандир. “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни, ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, уни қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.

Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

"وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ"

(رَواهُ الإمامُ البُخاري عن ثابتٍ بنِ الضَحَّاكِ رضي الله عنه)

яъни: “Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривоятлари).

Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: “Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади”, – деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ эканлиги ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган:

وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا 

яъни: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлаб қўйгандир (Нисо сураси 93-оят).

Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги мушҳур ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

"أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ: يَا كَافِر؛ فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا؛ إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ، وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ"

رواه الإمامُ مسلم عن عبدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رضي الله عنه

яъни: “Агар киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади” (Имом Муслим ривоятлари).

Бу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ўзларини эҳтиёт қилганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.

Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли “кофир” дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар “Хавориж” фирқаси бўлди. Улар: “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, исломдан чиқади”, – деди. Бора-бора “Хавориж”ларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган иши бўлмай қолди. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг беҳисоб қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик исломга катта зарар етказган куч бўлмаганини таъкидлайдилар.

Афсуски, ҳозирги кунда ҳам “Хавориж” фирқасининг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан “ўрнак” олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа “ғамлари” йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар. Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарига кўра, “Ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг учдан иккиси мушрик ва кофир бўлиб кетган” (Аллоҳ асрасин!).  Буларнинг бу “фатвоси”нинг пуч экани Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ яъни: “Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз” деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.

Машҳур саҳобий Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан бу масала борасида сўралди:

هَلْ كُنْتُمْ تُسَمُّوْنَ شَيْئاً مِنَ الذُّنُوبِ كُفْراً أَوْ شِركاً أَوْ نِفَاقاً؟ قَالَ: مَعَاذَ اللهُ، وَلَكِنَّا نَقُولُ: مُؤْمِنِيْنَ مُذْنِبِيْنَ

яъни: “Гуноҳлардан бирортасини куфр, ширк ёки нифоқ деб билармидинглар? У зот: “Аллоҳ сақласин! Биз гуноҳ қилган кишини гуноҳкор мўмин деб биламиз” дедилар” (“Мажмаъуз завоид ва манбаъул фавоид” китоби).

Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар. Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Фиқҳул акбар” китобларида шундай деганлар:

وَلاَ نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَاِنْ كَانَتْ كَبِيْرَةً اِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا

яъни: “Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.

Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий ал-Ҳанафий ҳам ўзининг “Ал-Ақида ат-таҳовия” асарида шундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз”.

Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:

قَالَ عُلَمَاؤُنَا: إِذَا وُجِدَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَجْهًا تُشِيْرُ إِلَى تَكْفِيْرِ مُسْلِمٍ وَوَجْهٌ وَاحِدٌ إِلَى إِبْقَائِهِ عَلَى إِسْلاَمِهِ فَيَنْبَغِي لِلْمُفْتِي وَالْقَاضِي أَنْ يَعْمَلاَ بِذَلِكَ الْوَجْهِ

яъни: Машҳур ҳанафий уламолардан Ибн Нужайм раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Агар мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (“Шарҳуш-шифо” китоби).

Аммо ҳозирги  кундаги адашганлар бу масалада: “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизини қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, – дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча аҳли сунна уламоларимизнинг тутган йўлларига тамомила зиддир.

Ўтган асримизнинг забардаст олими Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳ бир мақолаларида қуйидагиларни ёзадилар: “Мен саҳобаларнинг замонларини ўргандим, улардан бирортасининг гуноҳ қилган кимсани кофирга чиқарганларини кўрмадим. Тобеинларнинг даврларини текширдим, уларнинг ичларида “Мўътазила”, “Жаҳмийя”, “Хавориж” ва бошқа фирқалар бўлишига қарамасдан, улар ҳам ҳеч кимни гуноҳи сабабли кофирга чиқармаганлар. Энди ҳозирги кундаги ҳар бир гапида мусулмонни кофирга чиқараётган кимсаларга нима дейиш мумкин. Улар: “Биз саҳоба ва тобеинларга эргашамиз”, деган даъвони кўтарадилару, лекин қилаётган ишлари асло саҳоба ва тобеинларнинг амалларига тўғри келмайди. Улар мусулмонни кофирга чиқаришни худди бандани Аллоҳга яқинлаштирадиган тасбеҳ сингари кўп ишлатадилар”.

(Имом-хатиблар мавъизанинг мана шу ўрнида ўз сўзи билан жонли тарзда такфирнинг салбий оқибатлари, унинг хатари ҳақида гапириб берадилар...)

Ҳозирги кундаги мусулмонларни кофирга чиқарувчиларнинг асосий хатолари – динни пухта билмаслик, оят-ҳадисларни енгил-елпи тушиниш, мўътабар мужтаҳид уламолар, муфассирлар ва ҳадисларга шарҳ ёзган буюк олимларнинг сўзларини билмасликлари ёки билсалар ҳам, эътиборга олмасликларидир. Мисол учун айрим жоҳил тоифалар

  وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ

яъни: Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз! (Бақара сураси 152-оят) оятидаги وَلَا تَكْفُرُونِ деган жойини “Менга кофир бўлманглар” деб тафсир қилишади. Яъни, гапни кофирликка бурадилар. Ваҳоланки, бирор муфассир бу сўзни “куфр” деб тафсир қилмаган, балки, “ношукрлик” деб тафсир қилганлар. Масалан, Имом Қуртубий буни шундай тафсир қилган: فَالْكُفْرُ هُنَا سَتْرُ النِّعْمَةِ яъни, “бу жойдаги “куфр” сўзи Аллоҳ берган неъматни яшириш – ношукрлик қилишдир” деганлар.

Бу каби мисолларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кўплаб келтириш мумкин. Шундай экан, Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифларда “куфр” сўзи ёки унга ўзакдош калималар келганда, ундан фақат кофирлик назарда тутилган деб тушунмасдан, балки мўътабар муфассир ва муҳаддис уламоларимизнинг тафсир ва шарҳларига қараб хулоса чиқаришимиз шарт бўлади.

Муҳтарам жамоат! Тангани икки томони бўлгани каби, ҳар бир мусулмон қалбини шубҳалардан, тилини куфрий лафзлар (кишини кофирликка етаклайдиган сўзлар)дан ниҳоятда эҳтиёт қилиши зарур. Уламоларимиз куфр лафзлари ҳақида ақида китобларида алоҳида боблар ёзганлар.

Шундай экан, мусулмон киши ислом шиорлари (муқаддас тушунчалар)ни масхара қилиши ва паст санаши орқали диндан чиқиб қолади. Масалан, Аллоҳ таолони шериги ёки боласи бор дейиш, Аллоҳ таолога Унга нолойиқ бўлган сифатлар нисбатини бериш, Аллоҳ ёки пайғамбарларни масхара қилиш, улар буюрган топшириқ ва қайтариқларни инкор қилиш, дин амаллари ва шиорларини паст санаш ва масхаралаш, Қуръони карим, фаришталар, жаннат, дўзах, Қиёмат куни, қайта тирилиш ва намоз каби фарзларни инкор қилиш, уларни менсимаслик, масхара қилиш ва одамларни кулдириш учун улар ҳақида латифа тўқиш кишини имонига футур етказади.   

Бу ҳақда машҳур муҳаққиқ олим Имом Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ “Саҳиҳ Бухорий”га шарҳ ёзган ўзларининг “Фатҳул Борий” китобларида бундай деганлар: 

مَنْ ثَبَتَ لَهُ عَقْد الْإِسْلَام بِيَقِينٍ لَمْ يَخْرُج مِنْهُ إِلَّا بِيَقِينٍ

(الفَتْحُ البَّارِي)

яъни: “Кимнинг исломи (мусулмонлиги) аниқ бўлса, у исломдан фақат аниқ куфр билангина чиқади” (Аллоҳ асрасин!).

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмонни кофирга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар. Шундай экан, мусулмон шахс суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан, ушбу қоидани маҳкам тутиши лозимдир.

Муҳтарам жамоат! Ўтган жума маърузаларида таҳоратнинг фарзлари билан батафсил танишаётган эдик. Бугун ана шу мавзуни давом эттириб, таҳоратда оёқ ювишга тегишли масалалар билан танишиб чиқамиз.

Таҳоратнинг тўртинчи фарзи – оёқларни тўпиқ билан қўшиб ювишдир. Бир кишининг қўли тирсагининг ёки оёғи тўпиғининг юқорисидан кесилган бўлса, бу аъзоларни ювиш ўз-ўзидан соқит бўлади. Лекин тирсак ва тўпиқдан озгинаси қолган бўлса, ўша ерни ювиш фарз бўлади. Оёғини кесиб ташласа ҳам, билмайдиган даражада оёғи шол бўлган киши таҳоратда оёғини ювиши шарт ҳисобланади.

Оёқлари ёрилган киши ёрилган жойларига малҳам суртган бўлса-ю, таҳорат қилганда малҳам остига сув етмаса, қаралади: Агар сувнинг малҳам остига етиши ёрилган жойларига зарар қилса, таҳорати жоиз саналади. Агар зарар қилмаса, малҳам остига сув еткизмагунча, таҳорати жоиз ҳисобланмайди.

Таҳоратда оёқ бармоқларини хилол қилиш – суннати муаккада саналади. “Хилол қилиш” деганда – оёқ бармоқлари орасидан сув томчилаб турган қўл бармоқларини ўтказиб, бармоқлар орасига сув етказиш тушунилади. Оёқлари семиз, бармоқларининг орасига сув етмайдиган кишининг оёқ бармоқлари орасини хилол қилиши фарз бўлади.

Оёқ бармоқларини хилол қилишда – чап қўлининг жимжилоқ бармоғи ёрдамида ўнг оёғининг бармоқларидан бошлаб чап оёғининг кичик бармоғигача сув етказади. Бунда жимжилоқ бармоғини оёқ бармоқларининг остидан киритади.

Агар бармоқларининг тирноғи бармоқларнинг учини тўсадиган даражада узун бўлса, таҳорат пайтида тирноқларнинг остига сув етказиш вожибдир (манба: “Фатавойи ҳиндийя” китоби).

  

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “НАМОЗ МЎМИННИНГ МЕЪРОЖИ мавзусида бўлади. 

 

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Дунё тарихидаги энг яхши уммат

9.01.2025   2336   10 min.
Дунё тарихидаги энг яхши уммат

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳеч шубҳа йўқки, халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлимларига сабаб бўлган ҳодисалардан тортиб ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ўлимларигача бўлган даврда бўлиб ўтган ҳодисалар Ислом учун, мусулмон уммати учун мисли кўрилмаган мусибат бўлди.

Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати ўртасида бўлиниш юз берди. Ўша пайтгача бир тану бир жон бўлиб, бутун дунёга Ислом нурини таратиб келаётган, бутун инсониятга хайру баракани улашиб келган дунё тарихидаги энг яхши уммат ичида дарз пайдо бўлди. Авваллари бу уммат вакиллари ихтилоф нималигини билмас эдилар. Вақти келиб, улар аввал иккига, кейинроқ учга бўлиниб ихтилоф қилдилар. Худди ўша машъум ҳодисалар туфайли бошланган бу бўлинишлар секин-аста давом этиб, мусулмон умматининг соғлом танаси ичидан турли-туман тоифалар чиқди. Шийъа, рофиза, хавориж ва шунга ўхшаш бошқа ҳар хил тоифаларнинг келиб чиқиши айнан ана шу ҳодисалардан бошланган эди.

Мазкур ҳодисалар туфайли мусулмон уммати аввал ҳоким шахс ҳақидаги баъзи мулоҳазалар билан баҳс бошлаган бўлса, охири келиб иймон ва куфр борасида баҳс қиладиган, бир-бирини куфр­га кетганликда айблайдиган даражага етди.

Ушбу ҳодисалар, аввало, фитначиларнинг ҳазрати Усмонга у киши ишга қўйган баъзи волийлар ҳақида шикоят қилишлари билан бошланган эди. Охири келиб хорижийлар ўзларига мухолиф бўлганларни, ҳатто ҳазрати Алийдек зотни кофирликда айблай бошлашди. Табиийки, қарши томондан ҳам ўзига яраша жавоб бўлди.

Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати ичида бир-бирининг қонини ўзи учун ҳалол билиш ва бир-бирини ўлдиришни раво кўриш бошланди.

Биринчи марта фитначилар ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг қонлари ва молларини ўзларига ҳалол ҳисоблаб, у кишини ўлдириб, молларини талашди. Ана шу нобакорлик оқибатида ишлар ривож топиб, «Туя ҳодисаси»да, «Сиффин»да бир неча ўн минглаб киши ҳалок бўлди. Хорижийлар билан бўлган алоҳида ҳодисаларни қўшадиган бўлсак, бу ҳисоб яна ҳам ортади.

Бир тану бир жон бўлиб, дунё халқларини бирин-кетин бандаларнинг бандаларга сиғинишидан Аллоҳнинг ибодатига, нотўғри динларнинг жабридан Исломнинг адолатига, дунё торлигидан охират кенглигига, жоҳилият зулматларидан Ислом нурига чиқараётган уммат бир-бирини Роббига ибодат қилишдан чиқариш, бир-бирига жабр қилиш, Исломнинг кенглигидан ихтилоф торлигига, Ислом нуридан жаҳолат зулматига ўта бошлади.

Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон умматининг гули, етакчи кучи бўлмиш саҳобаи киромларнинг кўпчилиги нобуд бўлдилар. Уларнинг маънавий кучларига футур етди.

Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати бошига тушган мусибатларни бирма-бир санаб чиқиш ниҳоятда оғир иш. Шунинг учун бу борада гапни қисқа қилганимиз маъқул.

Энди ижозатингиз билан мазкур ҳодисаларга баҳо бериш ҳақида бир неча оғиз сўз.

Бу ҳодисалар бўлиб турган вақтларнинг ўзидаёқ уларга баҳо бериш бошланган. Унда ҳар бир томон ўзини ҳақ, ўзгани ноҳақ деб билган. Тарафкашлик бўлиб турган жойда бундан бошқа нарса бўлиши мумкин ҳам эмас. Аммо мазкур ҳодисаларга баҳо бериш улар бўлиб ўтганидан кейин ниҳоятда авж олгани кутилмаган ҳол. Ушбу ҳодисалар бўлиб ўтгандан кейин турли сабабларга кўра уларни баҳолаш, «ким нима қилган-у, ким нима қилмаган, аслида нима қилиш керак эди», каби мавзуларда мунозаралар қизиб кетган. Бу борада ҳар ким ўша тўпалонлар юз берган вақтдаги ҳар бир ҳаракат ва саканот, ҳар бир оғиз гап ва сўздан ўз фикрини қўллашга, ўзганинг фикрини рад қилишга далил излаган. Тарафкашлик ва низо оловида қизиб кетиб, далил топа олмай қолган пайтларда ўзидан қўшиб юборишлар бўлмаганига эса ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Тарафкашлик авж олган жойда ҳар ким ўзининг ҳақ эканини исбот қилишга уриниб, ўзида бўлмаган яхши сифатларни бемалол даъво қилганидек, ўзида бўлган салбий сифатларни тараддудсиз инкор этади. Шу билан бир вақтда, қарши тарафнинг барча яхшиликларини инкор этган ҳолда, барча ёмонликларни унга ағдаради. Мана шу жараёнда нима бўлса бўлади.

Ислом уммати ёлғон нима эканини билмас эди. Аммо фитначилар ўз қилмишларини хаспўш­лаш, одамларни ортларидан эргаштириш мақсадида бу уммат ичига «ёлғон» деган иллатни олиб киришди. Жумладан, улар: «Бизга Алийдан хат келди» «Бизга Оишадан хат келди», «Бизга фалончидан хабар келди» «У дебди», «Бу дебди» деган ёлғонларни ҳам тарқатишган эди.

Фитначилар мазкур машъум ҳодисалар ўтиб кетганидан кейин ҳам ўз тарафини олиб, ўзгани танқид қилишда давом этаверишди. Бу нарсалар аста-секин авж ола бошлади. Тарафкашликда учига чиққан томонлар эса ўз гапларини тасдиқлаш учун оят ва ҳадисларни ноҳақ таъвил қилганлари етмагандек, ёлғонлар тўқиб, ҳатто уларга ҳадис сифатини беришгача етиб боришди.

Аммо масъул кишилар, уламолар бу нобакорликни дарҳол бўғиб ташлаш йўлига ўтдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга оид барча ривоятлар яхшилаб ҳимоя қилинди. Ҳадисларнинг даражаларини аниқлашнинг мустаҳкам қоидалари ишлаб чиқилди. Бу борада фитначиларнинг фитнаси ўтмади.

Аммо тарихчилар келтирган ривоятларга бу қадар эътибор қаратилмади, чунки тарих ҳақидаги ривоятлар дин ва эътиқод масалалари бўйича ривоятлар аҳамиятига эга эмас, деган ўй бор эди. Ўша пайтларда бўлиб ўтган ҳодисалар ҳақидаги ривоятлар тўпланди. Аммо уларни саралаш ва яроқсизини ташлаб юбориш ишлари қилинмади. Бу нарса айниқса ҳукмдорлик учун ўзаро кураш олиб борган тоифаларга қўл келди. Улар турли асоссиз ривоятлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш билан бирга, етмай қолган жойларига ўзларидан қўшиб юборишди.

Аста-секин саҳобаи киромларга тил теккизиш бошланди. Тил теккан саҳобийнинг тарафдорлари ўзига яраша жавоб беришди. Ҳар ким ўзи эргашган шахсни улуғлашга ўтди.

Айниқса, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ҳақларида бунга ўхшаш гап-сўзлар кўп учрайди. Баъзи ғулувга кетган тоифалар у зотни илоҳлик даражасигача кўтарган бўлишса, хорижийларга ўхшаш кимсалар: «Куфрга кетди», дейишган.

Яна бошқа бир тоифалар ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг тарафларини олиш мақсадида у зотни мазлум қилиб кўрсатишга уриниб, бош­қа бир нечта катта саҳобаларни эса кофирга чиқариб қўйишган.

Бу масалаларга бағишланган мажлислар, жанжаллар бўлди, китоблар ёзилди, хутбалар ўқилди. Нима бўлса бўлди, лекин ихтилоф кўпайиб бораверди.

Ниҳоят, мусулмонлар жумҳури – аҳли сунна вал жа­моа бу масалада ижмоъ ила энг адолатли ва сўнгги нуқтани қўйди: орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларда ҳазрати Алий ва у зотнинг та­рафдорлари ҳақ бўлганлар. Улар ҳақида бошқача гап бўлиши мумкин эмас. Бунга далил ва ҳужжатлар етарли. Уларнинг энг ишончли ва кучлиси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган саҳиҳ ҳадислардир. Хусусан, Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ва Зул Садяйнининг ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг фазилатлари ҳақидаги, келажакда бўладиган фитналар ҳақидаги ҳадислари фикримизга далил бўла олади.

Орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларнинг айбдорлари Ибн Сабаъ бошлиқ фитначилар ва хорижийлардир, барча қилинган гуноҳлар уларнинг бўйнида. Улар ҳақида бошқа гап бўлиши мумкин эмас.

Фитначилар асосан Миср, Басра ва Куфада тухум қўйиб, урчиб кетишди. Фитнанинг бош қароргоҳи Миср эди. Унинг Ислом жамиятининг марказидан узоқда жойлашгани, у ерда ҳақиқий уламоларнинг, хусусан, саҳобаларнинг кам бўлгани ва бошқа шунга ўхшаш омиллар фитначиларнинг ўз фикр-мулоҳазаларини авом халққа етказишларига катта имкон берар эди.

Орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларда фитначиларга ҳам, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга ҳам қўшилмаган, балки у зотга талаб қўйиб, талаби бажарилгандагина байъат қилишларини айт­ган тоифа ҳам бор эди. Уларнинг гаплари ва қилган ишлари «Туя» ва «Сиффин» ҳодисаларидан ҳаммамизга маълум. Ушбу тоифанинг машҳур шахслари сифатида Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Аввом, Муовия ибн Абу Суфён ва Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумни эслаш мумкин. Аҳли сунна вал жамоа мусулмонлари уларни: «Хато таъвил ва ижтиҳод қилганлар», деб баҳолайди. Улар ҳақоратланмайдилар, ёмонланмайдилар. Балки саҳобий бўл­ганлар бошқа саҳобаи киромлар билан бир қаторда кўрилади.

Уламоларимиз ва мусулмонлар жумҳури бу ишда ғоятда талабчан бўлгани сабабли бу ҳақда ҳар бир мусулмон шахс эътиқод қилиши лозим бўлган нарсани ақийда китобларимизга битиб ҳам қўйганлар.

Жумладан, аҳли сунна вал жамоанинг энг маш­ҳур ақийда китобларидан бири бўлмиш «Ақийдаи Таҳовийя»да қуйидагилар айтилади:

«Биз уларнинг ҳаммалари ҳақида яхшилик билан: «Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга нисбатан қалбимизда ғашлик қилмагин. Роббимиз, албатта, Сен ўта шафқатлисан, ўта раҳмлисан», деймиз (Ҳашр сураси, 10-оят).

Аллоҳ таоло бизнинг қўлларимизни ўз вақтида бўлиб ўтган фитнадан асраган. Биз Аллоҳдан тилларимизни ҳам мазкур фитнадан сақлашини сўраймиз».

«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди

Мақолалар