Жаҳон адабиётига катта ҳисса қўшган кўплаб олимларнинг сўз бойлиги ўрганиб чиқилган. Масалан, рус шоири А.С.Пушкин ўз асарларида 21.197 сўздан, Шекспир 20.000 сўздан, Сервантес 18.000 сўздан, Абдулла Тўқай 14.000 сўздан, Абай эса 6000 сўздан фойдаланган.
Шоирлар султони Алишер Навоий сўз ишлатиш борасида ҳам тенги йўқ шахс бўлган. Унинг асарларида, тахминан, 1.378.660 сўз ишлатилган. Биргина “Ғаройиб ус-Сиғар”нинг ўзида 7669, “Фарҳод ва Ширин”да 5431 сўз турли маъноларда қўлланилган. Навоий авлодлари бўлган Ойбекнинг сўз хазинаси 25.000, А.Қаҳҳорники эса 22.000 бўлган.
* * *
Алишер Навоий туркий ва форсий тилларда гўзал ғазаллар битиб, 15-16 ёшлигида эл орасида “зуллисонайн” шоир (“икки тил эгаси”) сифатида танилади.
* * *
Алишер Навоий 16 та адабий жанрда ижод қилган. Шоир Хисрав Деҳлавийдан қарийб 200 йил кейин 1483-1485 йилларда биринчи бўлиб туркий тилда 51 минг мисрадан ортиқ беш достондан ташкил топган “Хамса” асарини ёзади. Шоир бу улуғ асарнинг 2 йилда ёзилганини таъкидлаб, агар бошқа ишлар халақит бермаганида уни 6 ойда ёзиб тугатиши мумкинлигини, аслида бу беш достонни ёзишга кетган вақт “умумлаштирилса 6 ойдан ошмаслиги”ни ёзиб қолдирган.
Навоийнинг “Хамса” асари дунёдаги 64 тилга таржима қилинган.
* * *
Бир куни ёш Алишер мавлоно Лутфий ҳузурига келиб ўзининг қуйидаги:
Оразин ёпқач кўзумдин сочилур ҳар лаҳза ёш,
Ўйлаким пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш, – деб бошланувчи ғазалини ўқиб беради. Кекса шоир бу ғазални тинглаб, ундан ниҳоятда хурсанд бўлиб: “Агар имкони бўлса эрди, ўзимнинг туркий ва форсийда ёзган 10-12 минг мисра шеъримни шу биргина ғазалга алмашган бўлар эдим...”, дейди.
Т.Низомов
тайёрлади.
Саудия Арабистонининг туризм ва саёҳатларга ихтисослашган “Arab Tourist” электрон нашрида “Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган ва Буюк ипак йўли билан боғланган мамлакат” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада Буюк ипак йўли тарихида ўзбек шаҳарларининг тутган ўрни алоҳида эътироф этилади. Хусусан, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар асрлар давомида Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо, фан ва маданият марказлари сифатида хизмат қилгани таъкидланади. Регистон майдони, Ичан-қалъа ва Бухородаги меъморий обидалар ислом цивилизацияси ҳамда жаҳон маданий меросининг бебаҳо дурдоналари сифатида тилга олинади.
Бундан ташқари, нашр Ўзбекистоннинг ранг-баранг табиати ва географик рельефига тўхталиб ўтган. Қизилқум чўли, серҳосил Фарғона водийси, Тянь-Шань ва Помир-Олой тоғ тизмалари аҳоли жойлашуви ва қишлоқ хўжалиги ривожида муҳим ўрин тутиши қайд этилади.
Нашр, шунингдек, Буюк Мирзо Улуғбек каби донишмандларнинг астрономия ва математика соҳасидаги буюк кашфиётларини алоҳида эътироф этган.
Хулосада таъкидланганидек, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Андижон каби шаҳарлар бугунги кунда нафақат маъмурий ва иқтисодий, балки жадал ривожланаётган йирик маданий-туристик марказлар сифатида дунё сайёҳлари эътиборини ўзига жалб этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати