Аллоҳ таоло борлиқни яратган Зотдир, Ўзи яратган нарсаларнинг гултожи қилиб инсонни яратди. Бутун башариятни беҳисоб неъматлари билан сийлади. Аммо ана шулар ичида бебаҳолари сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир. Кўпинча соғликни йўқотиб, бемор бўлганимизда тақдиримиздан нолиб «Қайси гуноҳим учун бу дардга чалиндим», деб ношукрлик ҳам қиламиз.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни синовга учратур», дедилар. Ана шундай кўпроқ учрайдиган синовлардан бири бу – беморлик. Одатда соғлиги, ҳаловатини йўқотган бемор соғлом одамга нисбатан кўпроқ Аллоҳни ёдга олади ва гуноҳларига пушаймон бўлади. Бу билан бандага тавба ва истиғфор эшикларини очилиб, Аллоҳнинг марҳаматига ноил бўлади.
Инсон икки дунёдаги ўз бахти ва саодатига эришиш йўлини, барча ҳақиқатларни ва икки дунё илмини бекаму кўст биладиган Аллоҳ таолодан астойдил сўраши керак. Демак, беморликка мубтало бўлган мусулмон инсон ўзига ориз бўлган хасталикни Аллоҳ таоло томонидан ўзига нисбатан бўлаётган синов деб билмоғи ва сабр қилиб, Аллоҳ таолонинг Ўзидан шифо сўраши керак. Мўмин-мусулмон одам ўзига беморлик етганда сабрсизлик қилиш ўрнига, сабр қилиб, хасталикни Аллоҳ таоло томонидан ўзига бериладиган яхшиликдан олдинги синов деб билмоғи лозим. Агар ўша синовдан яхши ўтса, унга яхшилик ато қилинади.
Ато розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ибн Аббос менга: «Сенга жаннат аҳлидан бўлган бир аёлни кўрсатайми?» деди. «Ҳа», дедим. «Манави қора хотин». Оддий, бир қора танли, исмлари Суъайра ал-Асадия бўлиб, жуссали саҳобия аёллардан эди.
У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни излаб, масжидга келди. Дардини айтиб, шифо тилашларини сўрамоқчи бўлган экан. Расулуллоҳ «Марҳамат, гапир, қулоғим сенда», деган маънодаги қараш билан кутиб олдилар. У хотин бундан жасоратланиб, мақсадини бемалол айта олишига қаноат ҳосил қилиб:
— Эй Аллоҳнинг пайғамбари, мен тутқаноқ касалига йўлиққанман. Илтимос, бу касалликни аритишини сўраб Аллоҳга дуо қилсангиз. Келишдан мақсадим шу эди, — деди. Тутқаноқ бўлганда ҳам энг шиддатлисидан эди. Хасталик келганда, думалаб қолганда баданларининг маълум қисмлари очилиб ҳам кетарди. Афтидан аёлни асосан ташвишга солган нарса ҳам шу эди. Бироқ Ҳазрати Пайғамбаримизнинг жавоблари уни катта имтиҳон остонасига олиб келиб қўйди:
— Истасанг, сабр қил, бунинг эвазига сенга жаннат берилади. Истасанг, сенга офият берилиши учун Аллоҳга дуо қиламан. Яъни, «Истасанг, дунё роҳатини, истасанг, охират ҳузурини танла», деганлари эди бу. Бир онда дунё ҳаёти кўз ўнгида гавдаланди. Бу муҳокама жуда қисқа вақтда кечди. Қарорини шахсан ўзи, азму ирода тўла бир овоз ила берди:
— Сабр қиламан!..
Қисқагина бу жавобдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларида нур жилваланди ва шуълалар пайдо бўлди, мамнуният излари кўринди. Бу жавоб мустаҳкам бир иймонга, соф бир тушунча ва ниятга далолат қиларди. Дунёнинг фонийлигига ҳақиқатан ишонган, охиратни боқий деб билган бир инсонгина шундай жавоб қила оларди.
Аёл яна бир муддат турдида, сўнг бошқа бир нарса илтимос қилди:
— Ё Набийаллоҳ, тутқаноқ тутган пайтида баданим очилиб қолади, шундан уяламан. Дуо қилинг, баданим очилиб қолмасин, — деди. Пайғамбар алайҳиссалом қўл очиб, дуо қилдилар. Масала ўша ердаёқ ҳал бўлди. Аёлнинг тутқаноғи тутганда бадани очилмайдиган бўлди. Ўзи эса дардга сабр қилгани учун жаннатга кириш ваъдасини олди. Бу ваъда ҳақ ваъдадир. Пайғамбаримизнинг бу ниёзлари рад этилмаслиги аниқ эди. Аёл келган тарафига қайтиб кетар экан, жаннати аёл эканига ишонган бир зот орқасидан ҳавас билан қараб қолди...
У кўздан ғойиб бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шерикларига бундай изоҳ бердилар:
— Мўминга келган ҳар мусибат туфайли Аллоҳ таоло унинг яхшилигини орттиради. Ёки ёмонликларидан бирини ўчиради. Гарчи бу мусибат оёғига тош ботиши ё тикан кириши бўлса ҳам.
Аллоҳ таоло мўминларни шу дунёда турли синовлар билан имтиҳон қилиб, кимнидир танасига дард беради. Кимдир фарзандидан айрилиб мусибатга йўлиқса, яна кимдир молиявий йўқотишга учраши мумкин. Буларнинг ҳаммаси ўша бандаларнинг гуноҳларини ўчирувчи каффорат бўлади. Ҳаёти поёнига етиб Аллоҳнинг хузурига борганда эса, дунёда тортган мусибатлари эвазига Аллоҳ уни улуғ ажрлар билан мукофотлайди.
Эътибор беринг, ушбу саҳобия аёл бир умр касаликка, дардга сабр қилиб яшашлик эвазига жаннатга кириш ваъдасини олди. Ҳозирги кунимизда озгина беморлик ёки вақтинчалик берилган дардга сабр қилмай, нолиб шикоят ҳам қиламиз. Яна бир эътиборли томони дард сабабли йиқилганда баданини очилиб қолишидан ҳаё қилган аёл. Бугунги кунимизга жуда ҳам ибрат бўладиган хаёт намунаси. Бежирим, ярашиқли бичимлар ўрнига на миллий маданиятимиз ва на қадриятларимизга мос келадиган бачкана, ҳатто кулгули шаклдаги кийим-кечаклар пайдо бўлаяптики, кўриб энсангиз қотади. Ёшларимизнинг мода кетидан кўр-кўрона қувишлари ва янги чиққан тор, очиқ, калта либосларни мода дея эътироф этишлари ва бу турдаги кийимлар албатта кийилиши керак деб фикрлашлари айни хақиқат. Барча соҳаларда икки дунё бахту саодатига эришиш учун шариат аҳкомларига амал қилиш талаб этилганидек, кийиниш борасида ҳам ҳар хил ғоялар, маданиятлар ёки кўр-кўрона тақлидлардан воз кечиб, Аллоҳ таолонинг шариатига итоат этиш, бизларнинг улкан ютуғимиздир.
Раҳматилло МАДАМИНОВ,
Қўштепа тумани “Эшонгузар” масжиди имом-ноиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бу кашфиётларга сабаб бўлган шарт-шароитлар учта асосий банддан иборат:
1. Европа мамлакатлари Шарқ билан савдо-сотиқ қилишда дуч келган қийинчиликлар.
2. Пул метали сифатида олтин танқислиги.
Европанинг иқтисодий тараққиёти тобора кўпроқ пул талаб қилар эди. Бу тараққиётнинг асосий йўналиши товар хўжалигининг, савдо-сотиқнинг ўсиши эди. Буюк географик кашфиётларга сабаб бўлган яна бир муҳим омил ҳам шунга боғлиқ: Европада шаклланиб бораётган кучли абсолютист (мутлақ) монархияларга дабдабали саройлар, ёлланган армияни таъминлаш учун улкан маблағлар керак бўлаётган эди. Ана шу давлатлар йирик денгиз экспедицияларини ташкил этиши мумкин эди. Бундан ташқари, якка шахсларнинг бу қадар харажатларга имкони йўқ эди. Шунинг учун бу кашфиётларда феодал тарқоқ мамлакатлар эмас, айнан марказлашган давлатлар (Испания, Португалия, Англия) асосий ўрин тутгани тасодиф эмас. Бироқ, бундай экспедициялар учун савдогарлар ҳам маблағ ажратар эди. Шунингдек, католик черкови ҳам қўшимча ерлар, катта даромадлар ва янги қавмларга эга бўлиш истагида бундай истилоларга «оқ фотиҳа» берар эди.
Бундай давр учун муқаррар бўлган феодал мулкларнинг парчаланиш жараёни Европа мамлакатларида ҳар қандай йўл билан узоқ қитъаларда бойлик ва ерларни қўлга киритишга интилувчи кўплаб авантюристларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Булар қарамлик ва қашшоқликдан қутулишни орзу қилиб юрган зодагонлар ва деҳқонлар эди.
3. Фан-техниканинг, айниқса кемасозлик ва денгиз навигациясининг ривожланиши. XV асрда янгича тузилишга эга бўлган кемалар – каравеллалар пайдо бўлди. Унинг тўши (киль, пуштак) бор бўлиб, елканлар билан шундай жиҳозланган эдики, ёнбошдан эсган шамолда ҳам юра олара эди. Шунингдек, ўша даврга келиб компасдан ташқари астролябиялар, яъни кенгликни аниқловчи асбоблар ҳамда анчагина ишончли хариталар – портоланлар ҳам пайдо бўлган.
Буюк географик кашфиётлар охир-оқибатда мустамлака тизимининг вужудга келишига олиб келди. Агар XVI асрда Европада капитализм ривожлана бошлаган бўлса, агар Еровпа иқтисодий жиҳатдан бошқа қитъаларнинг халқларидан ўзиб кетган бўлса, бунга мустамлакаларнинг талон-тарож қилиниши ва аёвсиз эксплуатация қилиниши ҳам сабаб бўлган.
Мустамлакалар дарҳол капиталистик усуллар билан эксплуатация қилина бошламаган, улар дарҳол хом ашё манбаига ва янги бозорларга айланмаган. Аввал улар обдон талон-тарож қилинган, бирламчи капитал (сармоя) тўплаш манбаи бўлиб хизмат қилган. Испания ва Португалия мустамлакаларни феодал усуллар билан эксплуатация қилган биринчи мустамлакачи давлатлар бўлишган.
Бу ерларда зодагонларга одатдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари эмас, балки олтин, кумуш ёки ҳеч бўлмаганда Европада қиммат баҳоларга сотиш мумкин бўлган анвойи мевалар керак эди. Улар ҳиндуларни олтин ва кумуш конларда ишлашга мажбурлашар, бўйсунмаганларни бутун-бутун қишлоқлари билан йўқ қилиб юборишар эди. Гувоҳларнинг айтишича, конлар атрофида чириб ётган юзлаб мурдаларнинг бадбўй ҳиди анқиб ётар эди. Шакарқамиш ва қаҳва плантацияларида ҳам ерлик аҳоли ана шундай усулларда эксплуатация қилинар эди.
Ерлик аҳоли бундай оғир меҳнатга бардош бера олмай, ёппасига қирилиб битар эди. Испанлар Эспаньола (Гаити) оролида илк бор пайдо бўлган пайтда у ерда миллионга яқин аҳоли яшар эди, бироқ XVI асрнинг ўрталарига келиб улар битта қўймай қириб ташланди. Испанларнинг ўзи ҳам XVI асрнинг биринчи ярмида америкалик ҳиндуларни қириб ташладик, деб ҳисоблашар эди.
Бироқ, испанлар ишчи кучини йўқ қилиб, ўз мустамлакасининг хўжалик асосига путур етказишди. Етишмаётган ишчи кучини тўлдириш мақсадида Америкага африкалик қоратанлиларни олиб келишга тўғри келди. Шундай қилиб, мустамлакалар пайдо бўлиши билан қулдорлик қайта тикланди.
Испанлар томонидан Америка ерларининг мустамлака қилиниши конларга, шакарқамиш ва тамаки плантацияларига ҳайдаб келинган сон-саноқсиз ерлик аҳолини мажбурлаб ишлатиш йўли билан, бўйсунмаганларни оммавий қирғин қилиш йўли билан амалга оширилди (Ямайка оролида XVI асрнинг биринчи ярмида 50 мингдан ортиқ ерлик аҳоли ҳалок бўлган, Перу ва Чилида эса XVI асрнинг иккинчи ярмида ҳиндуларнинг сони беш баравар камайиб кетган), оқибатда бир неча ўн йилдан сўнг ишчи кучи кескин камайиб кетди. Мустамлакачилар Африкадан қуллар олиб кела бошлашди. Жисмонан чидамлироқ бўлган қоратанлик африкаликлар испан мустамлакаларидаги асосий ишчи кучига айланди.
Қул савдоси сердаромад иш чиқиб қолди: Африкада қабила бошлиқларини ичириб, сув текин тақинчоқлар билан алдаб, қулларни жуда арзонга сотиб олиш ва Америкада уларни 20-30 баравар қимматга сотиш мумкин эди. Баъзан қуллар умуман сотиб олинмас, балки уларни куч ишлатиб, тутиб олиб, кемага юклашар ва Америкага олиб кетишар эди. Испан мустамлакаларига ҳар йили 6-8 минг қоратанли қуллар олиб келинар эди. (Манба: allbest.ru).
(Бу ишларнинг барчаси Европа уйғонишининг гуманизм – инсонпарварлик шиори остида амалга оширилганми?)
Европада динга бўлган муносабатда ҳам кейинроқ ўзгариш юз берди. Бир гуруҳ динсиз бўлиб кетди. Бир гуруҳ динни черковга қамаб олиб, бу ҳар кимсанинг ўз иши дейиш билан кифояланди. Аммо Дарвиннинг асл шогирдлари динни Карл Маркс бошчилигида халқ учун афюн деб эълон қилдилар ва уни батамом йўқ қилиб юборишга бел боғладилар. Карл Маркснинг хаёлини Ленин ва унинг сафдошлари Россияда ва унга қарам бўлган диёрларда ҳаётга татбиқ қилдилар. Ленин тузган давлат дунё тарихида куфрни ўзига шиор қилиб олган биринчи давлат бўлди. Улар дунёнинг ўзларига қарам бўлган барча юртларида «илмий атеизм» асосида динга ва диндорларга қарши қатағон ўтказдилар. Сон-саноқсиз ибодатхоналар ер билан яксон қилинди. Диний ходимлар ва уламолар қатл қилинди, қамалди ва сургун қилинди. Диний китоблар ва динга боғлиқ маданият дурдоналарни оловга ёқилди. Илмий атеизм таълимотлари дунёдаги ягона тўғри эътиқод сифатида барчага мажбурий равишда талқин қилинди.
«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди