Жорий йилнинг 11 февраль куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида “Умра сафарини ташкил этиш ва ўтказиш” масалалари бўйича ОАВ вакиллари ва журналистлар учун матбуот анжумани ташкил этилди.
Матбуот анжуманида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Uzbekistan airways” раҳбарияти ва мутасадди ходимлари ҳамда журналист ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда мутасаддилар томонидан Умра сафарини ташкил этиш ва ўтказиш, сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан зиёратчиларимиз учун янада қулай шарт-шароитлар яратилаётгани ва бу жараён йилдан-йилга яхшиланиб борилаётгани ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, анжуманда Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида республикамиз ҳудудларида умра навбатларининг сезиларли даражада камайишига эришилгани, ҳозирги кунда аксарият вилоятларда, жумладан, Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё, Сирдарё, Хоразм, Жиззах, Навоий ва Қорақалпоғистон Республикасида жорий навбатлар тугатилгани айтиб ўтилди.
Тадбир давомида фуқароларимизнинг умра сафарига бориш истакларини тўлақонли таъминлаш ҳамда жорий навбатни тезроқ тугатиш мақсадида қисқа фурсат ичида Тошкент-Мадина-Тошкент йўналишида қўшимча 3-рейсни йўлга қўйиш бўйича амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилаётгани алоҳида таъкидланди.
Матбуот анжуманида 2020 йил 1 февраль кунидан эътиборан, биринчи рейс Тошкент-Жидда, иккинчи рейс эса Тошкент-Мадина йўналишида амалга оширилаётгани, 3-рейс йўлга қўйилса, Тошкент-Жидда йўналишида 1 та, Тошкент-Мадина йўналишида 2 та рейс амалга оширилиши маълум қилинди.
Шунингдек, тадбирда 2019 йилнинг 14 ноябрь кунидан эътиборан ҳар куни биттадан авиарейс йўлга қўйилган бўлса, 10 декабрь кунидан эътиборан кунлик авиарейслар сони
2 тага етгани, ҳозирга қадар жами 38 мингга яқин фуқаро Умра зиёратини адо этиб қайтгани айтилди.
Ўз навбатида, буларнинг барчаси – муҳтарам Президентимизнинг халқни рози қилиш керак деган эзгу ташаббуслари асосида амалга оширилаётгани, юртдошларимизнинг Умра амаллари хавфсиз, ишончли ва энг муҳими ибодатлари мукаммал бўлиши учун уларга бўлган юксак эътиборнинг олий намунаси экани қайд этилди.
Матбуот анжуманида мутасаддилар журналистларни қизиқтирган саволларга, шунингдек, веб-сайт таҳририятлари, фуқароларимиз томонидан Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Ўзбекистон ҳаво йўлларига мазкур мавзуга оид ёзма равишда келиб тушган мурожаат ва саволларга атрофлича жавоб бердилар.
Дин ишлари бўйича қўмита
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир қиз айтади:
«Худонинг берган куни ҳали у тарафдан, ҳали бу тарафдан мени ғам-ташвишлар сиқувга олади. Лекин жума куни кайфиятим бошқача бўлади, қайғуларим камайиб, хурсандчилигим ортади. Сизларга бунинг сирини айтиб бераман.
Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Энг афзал кунлардан бири – жума кунидир. Одам алайҳиссалом шу куни яратилган, руҳи ҳам шу куни қабз қилинган. Сурга шу куни пуфланади. Даҳшатли қичқириқ ҳам шу куни бўлади. Бу кунда менга кўп салавот айтинглар, чунки салавотларингиз менга кўрсатиб турилади». Саҳобалар «Ё Аллоҳнинг Расули, сиз тупроққа қоришиб кетган бўлсангиз, қандай қилиб салавотларимиз сизга кўрсатилади?» дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла анбиёларнинг жасадини тупроққа ҳаром қилган», дедилар (Абу Довуд, Насоий ривояти).
Мана шу муборак ҳадисни эшитганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени қандай қилиб таниб олишларини ўйладим. Ҳар жума куни айтган салавотларим у зотга етказиб турилар экан. Расулуллоҳ мени умуман салавот айтмаган ёки жуда кам салавот айтган ҳолимда таниб қолсалар-чи? Буни ўйлаб, ўзимдан ҳам, Расулуллоҳдан ҳам жуда уялиб кетдим. Қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени таниб олсинлар, у зотга кўп салавот айтганим учун шафоат қилсинлар деб умид қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп-кўп салавот айтадиган бўлдим. Ҳар жума куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпроқ салавот айтишни одат қилдим.
Шундан кейин салавот айтиб бўлишим билан улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилаётганини ўйлаб, жума кунини чинакамига севиб қолдим. Жума куни айтган салавотларим Расулуллоҳга кўрсатилгани учун бу кунни интиқлик билан кутадиган бўлдим. Жума куни тонгда бомдод намозини ўқиб бўлгач, қалбим шодликдан энтикиб кетадиган бўлди, чунки шу кунги салавотларим суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилади! Иншааллоҳ, мен бу борада биринчилардан бўламан!
Салавотнинг бундан бошқа фойдалари ҳам билина бошлади. Жума куни уйимиз янада сокин, файзли бўлиб қолади, муаммо ва ташвишлардан холи бўлиб кетади. Шу куни онам билан бир-биримизга янада меҳрибон, илтифотли бўлиб қоламиз. Буларнинг барчаси, албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган салавотларимизнинг шарофатидир. Ҳатто узрли пайтимда бошқа кунларни руҳан сиқилиб ўтказсам ҳам, жума куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтганим учун қийинчиликлар йўқ бўлиб кетади. Мен бу ҳолатни тахминан етти йилдан бери кузатиб келаман. Ҳозирда эса жума кунлари ўзгача бахт, ўзгача тетиклик ҳис қиламан. Аллоҳ таоло барча муслима қизларни жума кунлари ҳам, бошқа кунларда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ҳаловати билан сийласин!»
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.