Алишер Навоий (1441-1501) – буюк шоир ва мутафаккир, давлат арбоби. Тўлиқ исми Низомиддин Мир Алишер.
Алишер Навоийнинг ота томондан бобоси Амир Темурнинг Умар Шайх исмли ўғли билан кўкалдош (эмикдош) бўлиб, кейинчалик Умар Шайх ва Шоҳрухнинг хизматида бўлган. Отаси Ғиёсиддин Баҳодир эса Абулқосим Бобурнинг яқинларидан, мамлакатни идора этишда иштирок этган. Онаси Кобул амирзодаларидан Шайх Абусаид Чангнинг қизи.
Алишер болалик чоғлари кўп китоб ўқиди. Эски мактаб, мадрасада Қуръон суралари ёд олинар, қироат усуллари ўргатилар зди. Демак, Алишер болалик чоғлариданоқ Қуръони каримни ёд олди. Унинг қувваи ҳофизаси жуда кучли эди. Шоир болалигида Қуръондан ташқари Фаридуддин Атторнинг «Мантиқут тайр» достонини ҳам ёд олган. Навоий йигитлик чоғлари 50 минг байт ғазални ёд билган.
Алишер Навоий 10—12 ёшларидан шеър ёза бошлаган. Тарихчи Хондамирнинг ёзишича, ёш Алишер Навоийнинг истеъдодидан мамнун бўлган мавлоно Лутфий, унинг:
Оразин ёпқоч, кўзумдан сочилур ҳар лаҳза ёш,
Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш
матлаъли ғазалини тинглаб: «Агар муяссар бўлса эди, ўзимнинг ўн-ўн икки минг форсий ва туркий байтимни шу ғазалга алмаштирардим…» деган.
Алишер Навоий 15 ёшида шоир сифатида кенг танилган. Шеърларини туркий (Навоий тахаллуси билан) ва форсий (Фоний тахаллуси билан) тилларида ёзган.
Навоий ёшлигидан Хуросоннинг бўлажак ҳукмдори Ҳусайн Бойқаро (1469-1506) билан дўст бўлган. Ҳаёти давомида Навоий мусулмон Шарқининг турли мамлакатларида бўлади, ўз даврининг таниқли шахслари билан кўришади. Ўзининг шеърий маҳоратини оширади. 1464-1465 йиллар Навоий ижодининг шинавандалари унинг илк шеърий тўпламини (девонлари) тайёрлашади.
1469 йил дўсти темурий Ҳусайн Бойқаро Ҳиротни эгаллайди ва Хуросон ҳукмдори бўлади. Шу вақтдан эътиборан, Навоий ҳаётининг янги босқичи бошланади. У мамлакатнинг сиёсий ҳаётида фаол иштирок этади. Шу йили Хуросон ҳукмдори Навоийни давлат муҳрдори этиб тайинлайди, 1472 йил вазир бўлади. Эгаллаган мансаби орқали у мамлакатнинг маданий ва илмий тараққиётида катта ёрдам кўрсатади. Катта мулк эгасига айланади.
Хондамирнинг қайд қилишича, 1480-йиллар давомида Алишер Навоий ўз маблағлари ҳисобидан Ҳиротда ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида бир неча мадраса, 40 та работ, 17 масжид, 10 хонақоҳ, 9 ҳаммом, 9 кўприк, 20 га яқин ҳовуз қурган ёки таъмирлаттирган. Улар орасида Ҳиротдаги «Ихлосия», «Низомия» мадрасалари, «Халосия» хонақоҳи, «Шифоия» тибгоҳи, Қуръон тиловат қилувчиларга мўлжалланган «Дорул-ҳуффоз» биноси, Марвдаги «Хусравия» мадрасаси, Машҳаддаги «Дорул-ҳуффоз» хайрия биноси ва бошқа ноёб меъморлик ёдгорликлари бор.
Сарой амалдорларига Навоийнинг бу каби фаолияти ёқмайди ва турли фитналар орқали Ҳусайн Бойқаро билан муносабатларини бузишади. Шундай қилиб, Навоий эгаллаб турган мансабидан озод этилиб, 1487 йил Астробод шаҳрига ҳукмдор сифатида юборилади. Бу ерда у икки йил хизмат қилади. Мазкур муддат ниҳоясига етгачгина, Ҳусайн Бойқаро унга Ҳиротга қайтиб, ҳокимиятда мансабга эга бўлишига руҳсат беради. Лекин Навоий бу таклифни рад этади. Рад жавобига қарамай, Бойқаро султоннинг яқин кишиси лавозимини (“мукарраби хазрати султани”) таклиф этади. Бундай лавозимда Навоий барча давлат ишлари билан боғлиқ ишларда қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга эди.
Шу вақтдан Навоий ҳаётининг янги босқичи бошланади ва у кўпроқ ижод билан шуғулланади. У яратган асарларининг катта қисми айнан шу даврга тегишли. Навоий темурийларнинг сўнгги ҳукмронлик йилларида (1370-1506) яшаб ижод қилган. Шунинг учун унинг асарларида жамоат руҳи, даврга хос муҳим муаммолар устундир. 1490-1501 йиллар Навоий энг нафис, ижтимоий-фалсафий ва илмий асарларини яратган.
Алишер Навоийнинг ижоди улкан. Олти достонининг ҳажми 60 000 га яқин мисрани ташкил этади. 1483-1485 йиллар Навоий ўз ичига беш достонни олган “Ҳамса” асарини яратган: “Ҳайрат ул-Аброр” (“Яхши кишилариинг ҳайратланиши”), “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Сабъаи сайёр” (“Етти сайёра”), “Садди Искандарий” (“Искандар девори”).
Навоийнинг “Ҳамса”си мазкур жанрда яратилган туркий тилдаги биринчи асар ҳисобланади. У – туркий тилида ҳам бу каби йирик кўламдаги асар яратилиши мумкинлигини исботлаб берди.
Алишер Навоийнинг ўзбек тилида яратган шеърий мероси асосан «Хазойин ул-маоний» девонига жамланган. Асар 4 қисмдан иборат. Девоннинг биринчи қисмига «Ғаройиб ус-сиғар» («Болалик ғаройиботлари»), иккинчи қисмига «Наводир уш-шабоб» («Йигитлик нодиротлари»), учинчи қисмига «Бадоеъ ул-васат» («Ўрта ёш бадиалари») ва ниҳоят, тўртинчи қисмига «Фавойид ул-кибар» («Кексалик фойдалари») деган номлар берилди. «Хазойин ул-маоний» инсон боласининг мураккаб ва юксак тафаккури ҳамда беҳисоб ҳис-туйғулари билан боғлиқ мингларча шеър ва ўнларча шеър турларини ўз ичига олган мажмуа бўлиб, Шарқ адабиёти тарихида ноёб ҳодисадир.
Навоий форсий тилида ёзилган ўз шеърларини “Девони Фоний” номи остида жамлаган. Шунингдек, Навоий форс тилидаги қасидаларини жамлаб, “Ситтаи зарурия” (“Олти зарурият”) ва “Фусули арбаа” (“Йилнинг тўрт фасли”) номли икки тўплам яратади.
Давлатшоҳ Самарқандий Алишер Навоийни “Мир Низомиддин”, яъни “диннинг низоми – қонуни” деб бежиз улуғламаган. Ҳазрат Навоийнинг деярли барча асарларида, хусусан, “Хамса” достонларининг муқаддималарида Аллоҳга ҳамд, Пайғамбарга наът, муножот ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мадҳининг мавжудлигиёқ бу фикрни тасдиқлайди. “Арбаъин” (“Қирқ ҳадис”) – ҳадисларнинг шеърий таржимаси бўлиб, анъанавий ҳамд ва наът билан бошланади. Асар муқаддимаси – “Сабаби таълифи манзума”да Навоий устози Абдураҳмон Жомий саҳиҳ ҳадислардан 40 тасини танлаб олиб, форсий тилда “Арбаъин” яратганини, лекин туркий китобхон бу чашмадан бебаҳра эканлигини айтиб, Жомийнинг рухсати билан шу 40 ҳадисни туркий тилга таржима қилганлигини ёзади.
Алишер Навоийнинг “Назму-л-жавоҳир” асари насрий усулда ёзилган муқаддима ва Ҳазрати Алининг икки юз эллик беш рақам остида тартибланган араб тилидаги ўгитларининг туркий тилда рубоий шаклида берилган талқинидан иборат.
“Муножот” – Оллоҳга илтижо тарзида яратилган насрий асар бўлиб, “Ҳамд”, “Наът” ва “Муножот” деб аталган уч қисмни ўз ичига олади. “Ҳамд”да Аллоҳнинг буюклиги, абадийлиги ҳақида сўз борса, “Наът”да Пайғамбаримиз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам таърифлари кетирилади. Асарнинг “Муножот” қисми бевосита шоирнинг Аллоҳдан нажот сўраб қилган илтижоларига бағишланган.
Алишер Навоийнинг “Насойиму-л-муҳаббат” (тўлиқ номи “Насойиму-л-муҳаббат мин шамойилу-л-футувват” – “Мардлик хушбўйликларини таратувчи муҳаббат шабадалари”) асари 1495-96 йилларда яратилган бўлиб, Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳот ул-унс мин ҳазароту-л-қудс” (“Дўстлик таровати”) асарининг ижодий таржимасидир. Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳот ул-унс” асарида 616 та шайх ҳақида маълумот келтирилган. Ҳазрат Навоий бу маълумотларни қайта ишлаб, тўлдириб, шайхлар сонини 770 тага етказади, улардан 35 тасини авлиё аёллар ташкил этади.
Бундан ташқари, у тарихий мавзуларда рисолалар яратган: “Тарихи мулуки Аъжам” (“Эрон шоҳлари тарихи”), “Тарихи анбия ва ҳукама” (“Пайғамбарлар ва донолар тарихи”). Бадиий мактубларини “Муншаат” тўпламига жамлаган. Алишер Навоийнинг сўнгги асари “Маҳбуб ул-қулуб” (1500). Унда шоирнинг сўнгги ижтимоий ва сиёсий қарашлари ёритилган.
Алишер Навоий бутун ҳаёти давомида адабий асарларни сиёсат билан бирлаштирган. Юқори мансабга эга шахс бўла туриб, у мамлакат ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий такомиллашишига катта ҳисса қўшган; илм, фан, санъат ривожига ҳомийлик қилган; тинчлик ва тотувлик ҳукмрон суришига доим ҳаракат қилган.
Манба: Fitrat.uz
Ватанимиз тарихидаги 18 август санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
928 йил (бундан 1097 йил олдин) – Қуёш тутилиши рўй берди. Қадимда кишилар Қуёш тутилишларини олдиндан билганлар. Уларга тутилиш такрорланиб турадиган давр ҳам маълум бўлган. Бу сарос деб аталиб, у 18 йил 11 кун 8 соатга тенг. Ер юзининг маълум жойида тўла Қуёш тутилиши камдан-кам такрорланадиган ҳодиса ўрта ҳисобда 300 йилда бир марта кузатилиши мумкин. Ушбу санада рўй берган Қуёш тутилишини фарғоналик фалакиётчи олим Абдуллоҳ бин Амажур Туркий қуйидагича қайд этади: “Мен Қуёш тутилишини ўғлим Абул Ҳасан ва Муфлиҳ билан бирга кузатдим. Қуёш ўзи тутилган юзасининг чорагидан камроқ микдорга кўтарилди ва ҳатто, Қуёш юзасининг тўртдан бир қисми қораймагунча унинг тутилиши сезиларли даражада ортмади. Биз Қуёшни сувда, соф ва махсус усулда кузатдик”.
1412 йил (бундан 613 йил олдин) – ҳижрий 815 йил жумадулаввал ойининг ўнинчи куни (милодий 1412 йил 18 августда) Ҳиротнинг Боғи Зағон гузарида Мирзо Улуғбекнинг қизи Ҳасиба султон Хонзода бегим дунёга келди. Темурийлар ҳукмдори Шоҳрух мирзо невараси шарафига тўй-томошалар уюштириб, барчага сочқилар улашди.
Шоҳрух саройидаги тартибга мувофиқ Улуғбек Мирзонинг биринчи хотини малика Ўги Бегини ой-куни яқинлашгач, Самарқанддан Ҳиротга олиб келган эдилар. Шу сабабли малика Самарқандда эмас, Ҳиротда дунёга келган. Туғилган қизга Ҳабиба Султон деб исм қўядилар. Шунингдек, Ўги Беги хон авлодига мансуб бўлгани туфайли қизига “Хонзода бегим” унвонини берадилар. Ҳабиба Султон Ҳиротда Гавҳаршод бегим мураббиялигида тарбияланади.
1912 йил (бундан 113 йил олдин) – монументалист рассом, Ўзбекистон халқ рассоми Чингиз Аҳмаров таваллуд топди (вафоти 1995 йил). У ўз ижодида Шарқ миниатюраси анъаналарини давом эттириб, миллий мусаввирлик мактабини яратди. Чингиз Аҳмаров ўзбек тасвирий санъатининг миллий ўзига хослиги борасида халқнинг бой ва гўзал бадиий меросининг илғор анъаналарини ҳозирги замон санъатига ижодий сингдиришда фаол хизмат қилди. Асарларида ижодкорлик руҳи билан яшаётган замондошларининг гўзал ва ёқимтой, табиати мураккаб ва нафис қиёфалари тасвирланди.
1924 йил (бундан 101 йил олдин) – Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган шарафли соқчилар кузатувидаги махсус поезд Усмон Мусҳафини Уфадан Тошкентга олиб келди. У бир қанча вақт Тошкентдаги масжидлардан бирида сақланди, сўнгра хавфсизлик мақсадларини кўзлаб Ўзбекистон халқлари тарихи музейи (ҳозирги Ўзбекистон тарихи давлат музейи)га топширилди. 1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган умумий Мусулмонлар тўртинчи қурултойида Ўзбекистон ҳукуматининг қарори билан Усмон Мусҳафи мусулмонлар ихтиёрига қайтариб берилганлиги эълон қилинди.
Ҳозирда Тошкентда сақланаётган Усмон Мусҳафининг Туркистонга келиб қолиши тарихи ҳақида турли тахминлар бор. Кўпчилик тадқиқотчилар уни Амир Темур Басрадан Самарқандга олиб келган, деган фикрни билдирадилар. Бошқа тарихчилар Амир Темур Тўхтамишни мағлубиятга учратиб, Олтин Ўрдани эгаллаганидан кейин, ўша Қуръонни қўлга киритиб, Самарқандга келтирган, деган хулосада. Тарихда яна бошқа фаразларга ҳам дуч келинади.
Ушбу Қуръон 1868 йилда (баъзи манбаларда 1869 йилда) Самарқанддан Санкт-Петербургга олиб кетилади ва аввал Россия халқ маорифи вазирлигига, сўнгра шаҳардаги Салтиков-Шчедрин кутубхонасига беилади. 1905 йилда Санкт-Петербургда ушбу Мусҳафдан 50 дона нусха олинган. Октябрь тўнтаришидан сўнг, мусулмонлар қурултойининг илтимосига кўра, РСФСР ҳукуматининг қарори билан мусулмонларга қайтариб берилган. Аввал Уфада сақланиб, 1924 йилда Тошкентга келтирилган.
1936 йил (бундан 89 йил олдин) – геолог олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Тўрабек Долимов таваллуд топди (вафоти 2011 йил). У 1996–2004 йилларда Ўзбекистон Миллий университетининг ректори бўлган. Униг илмий ишлари бурмаланган ўлкалардаги вулкан жинсларининг петрологияси ва Тяньшаннинг геодинамикасига бағишланган. У 1998 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.
1980 йил (бундан 45 йил олдин) – Тошкент метрополитени биринчи йўли (ҳозирги “Олмазор” – “Буюк Ипак йўли” бекатлари)нинг 4,6 километрли 2-навбати (3 та бекат) фойдаланишга топширилди.
2006 йил (бундан 19 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Футбол бўйича тренерлар ва спорт ҳакамлари тайёрлаш республика мактаби фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2023 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Балиқчилик хўжалиги эҳтиёжлари учун сув ҳавзаларидан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш ҳамда балиқ овлаш ва сув бўйи туризми масканларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ,
тайёрлади, ЎзА