У қилаётган баъзи ишларини халқ билан бўлишгиси келарди.
Оиласи даврасида ўтирганда, фарзандларининг кундаликларида қандай баҳолари борлигини ҳаммага эълон қилгиси келарди.
Улфатлари билан ошхона, кафеларда ўтирганда, қандай таом еб ўтиргани, салатлари нималардан иборатлиги, салқин ичимликлари нималигини ҳаммага билдиргиси, кўрсатгиси келарди.
Кўчада юрганда ҳам ўзи гувоҳи бўлган бирор воқеани ўзи таҳлил қилиб, хулоса чиқариб қўявермасдан, тармоққа ёзиб, ундан ташқари ўша воқеада иштирок этганларнинг расмларини ҳам постига қўшиб жойларди. Расмни тарқатишни эгаларидан сўраш кераклиги, умуман, улар билан боғлиқ ҳодисани барчага ёйишни сўраб кўриш керакми-йўқми, ўйлаб ўтирмасди.
Оғайнилари билан дам олишга қорли тоғларга борар экан, иложи бўлса ҳар бир босган қадамини турли томонлардан суратга тушириб, тармоққа жойлашга, умрида “қор кўрмаган саҳрои кабирликлар”га қалин қорни ғирчиллатиб босиб юрганини кўрсатгиси келарди.
У қорли тоғ бағрида ўзини гоҳ мутафаккирдек тутиб, ибратли постлар ёзар, гоҳ бўйдоққа айланиб, севги ҳақида шеърлар “битарди”.
Денгиз бўйига ўхшаш жойларда ўтирганча, “севги бобида омади келмаган ошиқдек” хаёлларга берилар, изтиробларини баён этиб, ўз расмини қўшиб постлар қолдирарди.
Баъзан шаҳарнинг аллақайси бурчагида жойлашган кафеда ким биландир “қиммат” қаҳва ичиб ўтирганини ва бу пайтда ҳам ўзини Истанбулдаги Босфор бўғози соҳилида ўтиргандек ҳис қилаётганини билдиришга уринарди.
Сафарга кетаётганини, аэропорт терминали деразасидан ташқарига нигоҳ ташлаб турганини, ватани соғинчи уни қийнаётганини сездиришга уриниб пост қўяр, постнинг устида эса ўзи турган жой номини киритиб қўярди.
Уйида чироқ ўчса, қора расмнинг устига “21-аср” деб ёзиб, тармоққа жойлар, чироқ ёнса, баъзан “Чироқ ёнди” деб пост қўяр, баъзида эса чироқ ёнганини айтмай қўя қоларди.
Айтяпманку, у қилаётган ишларининг баъзиларини халқ билан бўлишгиси, халққа илингиси келарди.
Биродар, китоб ўқиётганингиз, Масжидга кираётганингиз расмини қўйсангиз, агар қалбингизда риё қилишни кўзламаган бўлсангиз, бу икки турдаги расмингиз бошқаларга ибрат бўлади деб умид қиламиз. Аммо бошқа юмушларни расмга олиб тармоққа жойлайвериш масаласини ўйлаб кўрарсиз.
Ахир сиз қаҳва ичиш, тоққа бориш, улфатлар билан ош ейиш ва ҳоказо ишларни халқ учун эмас, ўзингиз учун қиласиз-ку! Қолаверса, бундай ишлар мақтанчоқликка айланиб кетиши хафви бор.
Ҳар биримиз вақтимиз, умримиз, пулларимизни нималарга сарф этаётганимиз, илмларимизга қанчалик амал қилаётганимизга эътибор берайлик!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Банда қиёмат куни тўрт нарса ҳақида сўралмасидан туриб оёғи ўрнидан жилмайди: умрини нимага сарф қилгани, илмига қандай амал қилгани, мол-дунёсини қаердан топгани ва уни нимага харажат қилгани, жисмини нима учун фидо этгани».
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилгин!
Нозимжон Ҳошимжон
"Ли ийлафи қурайш" сураси, Қурайш қабиласига берилган неъматларга урғу беради.
Бу суранинг нозил бўлиши сабабини ўрганганда, Аллоҳдан янада қўрқиш ҳисси пайдо бўлади. Бу сура ҳаётдаги муҳим муаммолардан бири - неъматга одатланиб, уни қадрсизлантириш ҳақидадир.
Аллоҳ қурайшликларни икки мавсум - қиш ва ёздаги савдо сафарлари орқали тирикчиликларининг яхши кетишига одатланиб қолганликлари, лекин улар бу неъматларнинг ҳақиқий Эгасини тан олиб, шукр қилмаганларини айтади.
Жоҳилият даврида Қурайш қабиласи фақирлик ва очарчиликда яшаган, ҳаётлари жуда ночор ва қийин бўлган. Ҳаттоки, қашшоқлик кучайганида, баъзилар ўз оиласини олиб, “хубо” деб аталган жойга боришар ва ўша ерда очликдан ҳаммаси ҳалок бўлгунига қадар қолишарди. Бу одат жоҳилият даврида “иътифар” деб номланар эди.
Макканинг катта тожирларидан бўлган Ҳошим ибн Абдуманофга бир куни Бани Маҳзум қабиласининг барча аъзолари жуда қаттиқ очликда қолиб, ҳалок бўлиш арафасида экани ҳақидаги хабар етади. У Аллоҳнинг байти Каъбанинг хизматида турган одамларнинг шундай қашшоқлик ва ўта жоҳилона аҳволда эканликларидан ўкинди ва қаттиқ ғазабланди.
Шу сабабдан Ҳошим ибн Абдуманоф бу ёмон одатни ўзгартиришга қарор қилди ва қуйидагиларни амалга оширди:
– Сизлар Аллоҳнинг байтини хизматида бўлатуриб бутун арабларга ўзингизни шарманда қиладиган ёмон одатларни жорий қилгансизлар, деди ва бир қабилани бир нечта уруғларга бўлиб ташлади. Ҳар бир уруғдаги бой кишилардан ўз қариндошлари билан мол-мулкини тенг бўлишишни талаб қилди. Шундай қилиб, камбағал ҳам бой билан тенг бўлди.
Шундан кейин у Қурайш қабиласига тижорат усулларини ўргатди ва уларни йилда икки марта тижорат сафарига чиқиш йўлларини белгилаб берди. Ёзда мева-сабзавотлар савдоси учун Шомга, қишда эса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси учун Яманга сафарларини ташкил қилди.
Шундай қилиб, Шом ва Яманнинг баракаси Маккага олиб келинди ва қурайшликларнинг иқтисодий ҳолати яхшиланди. Шу билан бирга, “иътифар” одати ҳам йўқ бўлди. Бироқ, вақт ўтиши билан Қурайш қабиласи Аллоҳнинг бу неъматларига шукр қилиш ўрнига, уларга одатланиб қолди ва неъматни қадрламай қўйди. Неъматга ношукурлик қилиш – бу унга одатланиб, уни неъмат деб билмасликдир.
Қурайш қабиласи Аллоҳ томонидан туширилган неъматларга одатланиб, уни қадрсизлантиргани учун Аллоҳ уларга бу сурани туширди: "Мана шу Байт (Каъба)нинг Парвардигорига (шукрона учун) ибодат қилсинлар. Зеро, У уларни очликдан (қутқариб) тўйдирди ва хавфу хатардан омон қилди".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ