Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Июн, 2025   |   20 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:29
Аср
17:39
Шом
20:01
Хуфтон
21:40
Bismillah
16 Июн, 2025, 20 Зулҳижжа, 1446

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Буюк Британиянинг “Ал-Фурқон” фонди ва Туркиянинг Мармара университетидан ҳадя қилинган китоблар тақдимоти ўтказилди

04.02.2020   2106   1 min.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Буюк Британиянинг “Ал-Фурқон” фонди ва Туркиянинг Мармара университетидан ҳадя қилинган китоблар тақдимоти ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 2017 йилда ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ўтган қисқа давр мобайнида буюк алломаларимиз меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш, нуфузли халқаро марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бугунги кунгача дунёнинг 24 та етакчи ислом тадқиқот марказлари, университетлар билан ҳамкорликка оид меморандумлар имзоланди.

Ана шу халқаро ҳамкорлик алоқаларининг самараси ўлароқ, жорий йил январь ойида Буюк Британиянинг “Ал-Фурқон” фонди дунё кутубхоналарида сақланаётган нодир қўлёзма асарларнинг каталоглари ва бошқа манбалардан иборат юзга яқин китоблар тўпламини Марказга ҳадя қилди, дея хабар бермоқда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази матбуот хизмати. Улар орасида дунё фондларида сақланаётган араб, турк, форс тилларидаги нодир қўлёзмалар, каталоглар, шунингдек, қўлёзмаларни таҳқиқ ва таҳрир қилишга оид асарлар, ислом илмига доир китоблар мавжуд.

Анжуманда Буюк Британиядан келтирилган каталогларнинг нодир қўлёзма манбааларни тадқиқ этишдаги аҳамияти, Марказнинг ўтган давр мобайнида амалга оширган ишлари ва истиқболдаги режалари ҳақида сўз юритилди.

Шунингдек, Марказ Туркиянинг нуфузли университетлари билан ҳам илмий ҳамкорликни амалга оширмоқда. Ҳар икки давлат ёш олимларининг ўзаро тажриба алмашиши йўлга қўйилиб, халқаро илмий-амалий семинарларда иштирок этиб келмоқда. Ана шу ҳамкорликнинг амалий ифодаси сифатида Туркиянинг Мармара университети Илоҳиёт факультети томонидан Марказга Имом Мотуридийнинг 18 жилдлик “Таъвилотул Қуръон” асари тақдим этилди.

Тадбир доирасида мазкур китобларнинг ҳам тақдимоти ўтказилиб, иштирокчиларга яқиндан таништирилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, айни вақтда Марказ илмий ходимлари томонидан Имом Мотуридийнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилиш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Жамоат намозини ўтказиб юборганнинг таъзияси

13.06.2025   7045   2 min.
Жамоат намозини ўтказиб юборганнинг таъзияси

Ўтган солиҳ зотлар жамоат билан намоз ўқиёлмай қолсалар, бир-бирларига таъзия изҳор қилишар экан. Шундай зотлардан бири Ҳотамул Асом айтади: “Мен жамоатга улгурмай қолдим, шунда менга Абу Исҳоқ Бухорийнинг бир ўзи таъзия билдирди. Агарда ўғлим ўлиб қолса минглаб одамлар таъзия изҳор қилишади. Бунинг сабаби одамлар наздида дин мусибати дунё мусибатларидан кўра арзимас саналганидандир”.

Бугунги кунда орамизда қанчалаб одамлар жамоат намозларини ўтказиб юборадилар, жиддий эътибор қаратмайдилар. Баъзида иш, ғам-ташвишларнинг кўплигини баҳона қиламиз, тўғрими?! Яна кўплар туни билан ухламасдан, бомдод намозига яқин ухлаб қолишлари ҳам бор гап.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Зимис­тонда масжидлар сари одим ташловчиларга қиёмат кунидаги тамомий нурнинг хушхабарини беринглар”[1] деганларини наҳот эшитмагансиз?!

Шайтон сизнинг устингиздан ғалабага эришиб, намозда хотиржамлигингизни кетказишига имкон берманг!

Омир ибн Абдуллоҳ ўлим тўшагида ётганларида азон овозини эшитиб: “Мени қўлимдан тутинглар”, дедилар. Омир ибн Абдуллоҳга “Ахир сиз бетобсиз-ку”, дейишганида: “Аллоҳнинг чақириғини эшитиб туриб, унга риоя қилмайманми”, дедилар. Кейин  у кишини қўлидан ушлаб турғизишди. Масжидда имом билан шом намозининг бир ракатини ўқидилар ва жон таслим қилдилар.

Яна бир мисол: Суфён ибн Уяйна азон айтилишидан илгари намозга боришга иштиёқманд бўлганлар ва доим: “Намозга азон айтилмагунича масжидга келиб турмайдиган ёмон қул бўлма. Чунки ёмон қул чақирмагунингча келмайди”, дер эдилар.

Оиша розияллоҳу анҳо онамиз айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан суҳбатлашиб ўтирардик, у зот ҳам биз билан гаплашиб ўтирардилар. Борди-ю, намоз вақти кириб қолса, бир-биримизни танимагандай бўлиб олардик”[2].

Шукрки, орамизда масжидда биринчи сафга жойлашиш учун ғайрат қилувчилар кўпайиб бормоқда. Набий алайҳиссалом: “Агарда одамлар азонда ва биринчи сафда нималар борлигини билишса эди, унга эришиш учун қуръа ташлашдан бошқа чора бўлмаса, албатта, қуръа ташлаган бўлардилар”, деганлар.

 Саид ибн Мусайяб айтади: “Мен эллик йилдан бери бирор марта биринчи такбирни ўтказиб юбормаганман. Эллик йилдан буён намозда бирорта кишининг бошининг орқасига қараган эмасман”.

 

Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Имом Термизий ва Имом  Абу Довуд ривояти.
[2]  Мурсал ҳадис. Ироқийнинг “Иҳё”га ёзган тахрижига қаранг (1, 205).