بسم الله الرحمن الرحيم
الحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي يَقْبَلُ التَّوْبَةَ عَنْ عِبَادِهِ وَيَعْفُو عَنِ السَّيِّئَاتِ وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ الَّذِي يَعْفُو وَيَصْفَحُ وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّيْن أَمَّا بَعْدُ
КЕЧИРИМЛИЛИК – МЎМИНГА ХОС
Муҳтарам жамоат! Маълумки, инсондаги улуғ сифат ва фазилатлардан бири – бу кечиримли бўлишдир. Аллоҳ таоло инсонларнинг ташқи кўринишини гўзал қилиб яратган. Агар инсон сийрати ва ички дунёсини ҳам чиройли қилса, шунда у комиллик даражасига етиши мумкин. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир қанча ояти карималарида бандаларини бир-бирларининг хато камчиликлари ва айб-нуқсонларини кечиришга буюрган. Жумладан:
وَإِنْ تَعْفُوا وَتَصْفَحُوا وَتَغْفِرُوا فَإِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَحِيمٌ
яъни: “Агар сизлар афв этсангиз, койимасангиз ва кечирсангиз, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам сизларга нисбатан) мағфиратли ва раҳмлидир” (Тағобун сураси 14-оят).
Демак, киши биродарини кечириши билан Аллоҳ таоло ҳам унинг гуноҳини кечирар экан.
Яна бир ояти каримада кечирган кимсага ажр бериш Аллоҳ таолонинг зиммасида эканлиги баён қилинган:
فَمَنْ عَفَا وَأَصْلَحَ فَأَجْرُهُ عَلَى اللَّهِ إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الظَّالِمِينَ
яъни: “Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золим (тажовузкор)ларни севмас” (Шўро сураси 40-оят).
Бошқа ояти каримада Аллоҳ таоло жаннатий бандаларини сифатларини баён қилиб шундай деган:
وَالْكَاظِمِينَ الْغَيْظَ وَالْعَافِينَ عَنِ النَّاسِ وَاللَّهُ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ
яъни: (Улар) ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар” (Оли Имрон сураси 134-оят).
Дарҳақиқат, турли-туман хулқ-атворли одамлар орасида яшар эканмиз, албатта, улардан бир қанча озор-азиятлар кўришимиз мумкин. Агар ҳар бир шундай кўнгилсизлик бизга қаттиқ таъсир этиб, ғамга ботириб қўяверса, шубҳасиз, бутун ҳаётимиз азобга айланади. Шу боис имкон қадар ён-атрофимиздагиларнинг хатолари, билиб-билмай етказган озорларига сабр қилиб, кечиришга ҳаракат қилишимиз керак бўлади. Шунда бир-биримизга меҳр-муҳаббатимиз зиёда бўлади.
Барча яхши хулқ ва сифатларни ўзларида мужассам қилган Зот – Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам кечиримли бўлиш фазилатида ҳам энг гўзал намуна эдилар.
Оиша разияллоҳу анҳо онамиздан Пайғамбаримизнинг хулқлари ҳақида сўралганда шундай жавоб берганлар:
"لَمْ يَكُنْ فَاحِشًا وَلاَ مُتَفَحِّشًا وَلاَ صخَّابًا فِي الْأَسْوَاقِ، وَلاَ يَجْزِي بِالسَّيِّئَةِ اَلسَّيِّئَةَ، وَلَكِنْ يَعْفُو وَيَصْفَحُ"
(رَوَاهُ الإمامُ الترمذي والإمامُ أحمدُ عن عائشةَ رضي الله عنها)
яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳш ишларни қилувчи, фаҳш сўзларни сўзловчи ва бозорларда бақир-чақир қилиб юрувчи инсон эмасдилар. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармас эдилар, балки афв этиб, кечириб юборар эдилар” (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривоятлари).
Ислом тарихидан маълумки, Пайғамбарликларининг ўнинчи йиллари ўтиб ҳам қурайшликлардан ижобий натижа чиқмагач, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд ибн Ҳориса разияллоҳу анҳу ҳамроҳлигида Тоифга бордилар. У Зот шояд Тоифда дин ишлари юришиб кетса, деган умидда қабила оқсоқоллари билан учрашиб, уларни Исломга чақирдилар. Аммо улар унашмади. Аксинча, Пайғамбаримиз алайҳиссаломни масхара қилдилар. Бу ҳам етмагандай, ўзларининг эси паст, бебош болаларини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан қичқиришга, сўкиб, тош отишга юбордилар. Тоифликлар йўлнинг икки четида туриб, У Зот ўтаётганларида аёвсиз тошбўрон қилишди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оёқлари қонади ва ғамгин бўлиб, қувватлари озлиги ва заифликларидан Аллоҳга илтижо қилдилар. Шунда Аллоҳ таоло У Зотнинг ҳузурларига фариштани юборди. У келиб, икки тоғни Тоиф аҳли устига бостириб, уларни ҳалок қилишга изн сўради. Лекин Аллоҳ таоло томонидан оламларга раҳмат этиб юборилган Зот мушриклардан энг шиддатли азиятни Тоиф халқидан кўрганларига қарамасдан, бу ишга изн бермадилар ва шундай дедилар:
بَلْ أَرْجُو أَنْ يُخْرِجَ اللهُ مِنْ أَصْلاَبِهِمْ مَنْ يَعْبُدُ اللهَ وَحْدَهَ لاَ يُشْرِكُ بِهِ شَيْئًا
(رواه الإمامُ ابنُ خزيمةَ عن عائشةَ رضي الله عنها)
яъни: “Уларнинг сулбидан Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қиладиган, Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайдиган кишилар чиқишини умид қилурман” (Имом Ибн Хузайма ривоятлари).
Демак, кечиримли бўлиш ва ғазабини ютишда барчаларимиз Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олишимиз керак бўлади.
Киши ғазабини ютиб, биродарини кечирса, унга жаннатда ҳури ийнлар ваъда қилинган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
"مَنْ كَظَمَ غَيْظًا وَهُوَ قَادِرٌ عَلَى أَنْ يُنْفِذَهُ، دَعَاهُ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ عَلَى رُؤوسِ الْخَلَائِقِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ حَتَّى يُخَيِّرَهُ اللَّهُ مِنَ الْحُورِ الْعِينِ مَا شَاءَ"
(رواه الإمامُ الترمذي والإمامُ أبو داود عن معاذِ بنِ أنسٍ الجهنيِّ رضي اللهُ عنه)
яъни: “Кимки қодир бўла туриб, ғазабини ютса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни уни чақириб, бутун халойиқ олдида шаҳло кўзли ҳурлардан хоҳлаганича олишга ихтиёр беради” (Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоятлари).
Одамларнинг хато ва камчиликларини кечириш – ғазабни ютишнинг давомидир. Яъни, ҳақиқий тақводор фақатгина ғазабини ютмайди, балки ана шу ғазабини қўзғаган одамдан ўч олишга кучи етса ҳам, уни кечиради.
Кечиримли бўлиш улкан савоб ва жаннатга кириш учун сабабдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
"إِذَا كَانَ يَوْمُ الْقِيَامَةِ نَادَى مُنَادٍ يَقُولُ: أَيْنَ الْعَافُونَ عَنِ النَّاسِ؟ هَلِمُّوا إِلَى رَبِّكُمْ، وَخُذُوا أُجُورَكُمْ، وَحَقٌّ عَلَى كُلِّ امْرِئٍ مُسْلِمٍ إِذَا عَفَا أَنْ يَدْخُلَ الْجَنَّةَ"
(رواه الإمامُ ابنُ مُرْدَوَيْهْ عَن ابنِ عَباسٍ رضي اللهُ عنهما)
яъни: “Қиёмат куни бўлганда бир жарчи нидо қилади: "Одамларга кечиримли бўлганлар қаерда? Парвардигорингизни ҳузурига келинглар ва савобингизни олинглар! Қайси бир мусулмон кечиримли бўлса, жаннатга киришликка ҳақлидир"” (Имом Ибн Мурдавайҳ ривоятлари).
Динимизда ёмонликка доимо яхшилик билан жавоб қайтариш фазилатли амаллардан саналади. Албатта, ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш фақат сабр тоқатли, икки дунёда ҳам улуғ насибага эга бўладиган кишиларнинг феълидир. Билиб билмай айб-нуқсон ва хато-камчиликларни қилган кишиларга бир имконият бериб, уларни кечиришимиз – инсоний ва мусулмонлик бурчимиздир.
Маълумки, Уҳуд жангида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг олд тишлари синиб, юзлари қонга беланди, бу ҳолат асҳобларига жуда оғир ботди. Ҳатто айримлари: “Уларни дуойи бад қилсангиз-чи?” дейишгача борди. Шунда У Зот:
إِنَّ اللهَ لَمْ يَبْعَثْنِى طَعَّانًا وَلاَ لَعَّانًا وَلَكِنْ بَعَثَنِى دَاعِيًا وَرَحْمَةً اَللَّهُمَّ اهْدِ قَوْمِى فَإِنَّهُمْ لاَ يَعْلَمُونَ
(رَواه الإمامُ البيهقىُّ عن عبدِ اللهِ بن عبيد بن عُمير)
яъни: “Мени Аллоҳ таоло лаънатловчи ва таъна қилувчи қилиб юбормади, балки яхшиликка чақирувчи ва оламларга раҳмат қилиб юборган. Эй Аллоҳ! Уларни тўғри йўлга бошла, албатта улар билмайдилар”, – дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Афсуски, ҳозирда кундалик ҳаётда ўта қаттиққўл, мутакаббир инсонлар учраб туради. Улар бировларни айб-нуқсонларини, хато-камчиликларини қидириб, уларни ёмонлашни, танбеҳ беришни яхши кўрадилар. Ҳеч ким камчилик ва хатодан холи эмас. Инсоннинг олижаноблиги, иззату шарафи унинг кечиримлилигида намоён бўлиши билан бирга, бу унинг мартабаси янада зиёда бўлишига сабаб бўлади.
Ушбу ўринда яна бир нарсага эътибор қилиш зарур. Ҳар қандай зулм ёки тажовузкорлик Аллоҳ белгилаган чегаралардан ошмаслиги керак. Акс ҳолда ўч олинади. Бу ҳақда Оиша разияллоҳу анҳо онамиз шундай деганлар:
"مَا انْتَقَمَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لِنَفْسِهِ إِلَّا أَنْ تُنْتَهَكَ حُرْمَةُ اللَّهِ فَيَنْتَقِمَ لِلَّهِ بِهَا
(رواه الإمامُ البخاري عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا)
яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг ҳадларидан бирор ҳад оёқости қилинмагунча, Ўзлари учун ҳеч қачон ўч олмасдилар. Агар Аллоҳнинг ҳадларидан бирор нарса оёқости бўлса, инсонларнинг энг ғазаблисига айланар эдилар” (Имом Бухорий ривоятлари).
Муқаддас ислом динимиз инсонларни кечиримли бўлишга тарғиб қилади. Чунки кечиримли бўлишда инсонлар учун кўп манфаатлар бор. Аввало, кечирган инсон ўзини енгил тортиб, Аллоҳдан бўладиган ажрга лойиқ бўлса, кечирилган инсон эса кечиргувчига нисбатан бўлган адовати кетиб, қалбида унга нисбатан илиқлик ва меҳр пайдо бўлади.
Шу ўринда айтиш жоизки, Юртбошимиз ташаббуслари билан охирги уч йил ичида байрам ва ҳайитлар арафасида турли хил жиноятларни қилиб, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтган минглаб шахслар авф этилмоқдалар. Улар ўз оилалари бағрига қайтиб, қалбларида Ватанга муҳаббат, келажакка ишонч туйғулари пайдо бўлмоқда. Шу билан биргаликда авф этилганларни реабилитация қилиш, уларни жамиятга қўшиш ва иш билан таъминлаш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Ўз навбатида авф этилган кимсалар ҳам кечиримни суистеъмол қилмаслиги ва шунга муносиб жавоб бериши шариатимиз талабидир.
2019 йилда “Меҳр-1” ва “Меҳр-2” инсонпарварлик тадбирлари муваффақиятли амалга оширилди. Ана шу тадбирлар доирасида Яқин Шарқдаги қуролли можаролар майдонидан, Афғонистондан 261 нафар фуқаро, асосан аёллар ва болалар юртимизга қайтариб олиб келинди. Алдов оқибатида ўзга юртга бориб қолиб, оғир ҳаётий даврни бошидан ўтказган бу инсонларга ҳукуматимиз томонидан уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга мослашишлари, таълим ва ижтимоий дастурларда иштирок этишлари учун тиббий, моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилди. Бошпана ва иш билан таъминлаш чоралари кўрилди.
(Имом-хатиблар мавъизанинг мана шу ўрнида ушбу ислоҳотларни ўз сўзлари билан, жонли тарзда намозхонларга тушунтириб берадилар...).
Жорий йилнинг 24 январь куни Юртбошимиз Парламентга қилган мурожаатномаларида кечириш ва авф қилиш тўғрисида қуйидаги сўзларни айтдилар:
“Сизларга маълумки, кейинги йилларда юртимизда олиб борилаётган инсонпарвар сиёсат туфайли тўғри йўлдан адашган, билиб-билмай хатога қўл урган фуқароларни соғлом ҳаётга қайтариш бўйича муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда ҳам диний экстремистик йўлга кириб қолганидан чин дилдан пушаймон бўлган шахсларнинг ижтимоий-маиший муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш, уларни жамиятга мослаштириш бўйича ишлар давом эттирилади”.
Аллоҳ таоло барчаларимизни кечиримли, сабрли ва хушмуомала бандаларидан айлаб, ўзгаларга нисбатан бағрикенг бўлишимизни насиб айласин!
Ҳурматли азизлар! Марузамизнинг фиқҳий масалалар қисмини таҳоратда икки қўлни ювиш мавзусига боғлиқ баъзи ҳукмлар ҳақида суҳбатлашамиз.
(“Фатовои ҳиндийя” китобидан).
Аллоҳ таоло Ўзи буюрганидек ибодатларимизни адо этишга муваффақ этсин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “АҚИДАДА АДАШМАЙЛИК” мавзусида бўлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Алҳамду лиллаҳ вассолату вассаламу ала Росулиллаҳ. Аммо баъду.
Фатво – мусулмонлар ҳаётидаги муҳим ҳуқуқий ва диний ҳужжат бўлиб, муфтий ёки фақиҳ томонидан Қуръон ва суннат асосида берилади. Унинг роли ислом аҳкомларини тушунтириш ва амалга оширишда жуда муҳим ҳисобланади.
Фатволар мусулмонлар ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, турли ижтимоий, иқтисодий ва маънавий муаммоларни ҳал қилишда ўта муҳимдир. Айниқса, ҳозирги мураккаб замонда фатво бериш жараёни кўплаб янги муаммолар ва саволларга жавоб топишни тақозо қилмоқда.
Фатво берувчи шахсдан шариат аҳкомларига тўғри ва аниқ ёндашиш, замонавий илмларни билиш, ижтимоий шароитлардан хабардор бўлиш, жамиятдаги турли хил бўлиб турган муаммоларга ҳаққоний ечим топиш талаб этилади. Фатво фақатгина аниқ далилларга асосланган ва шариат аҳкомларига мувофиқ бўлиши керак.
Ҳозирги замонда фатво бериш жараёни уламоларнинг билимлари инсоният тараққиёти ва жамият ўзгаришлари билан ҳамоҳанг бўлишини талаб қилади. Муфтийлар ҳам диний, ҳам дунёвий илмларни пухта ўрганиб, ҳар бир саволга шариат аҳкомларига мос ва замонавий аҳамиятга эга жавоб беришлари керак. Фатво беришдаги адолат, тушунарлилик ва замонавий ёндошув мусулмонлар ҳаётини яхшилашга хизмат қилади.
Ҳозирги замонда фатво бериш анъанавий услублардан фарқли равишда тезкор ахборот, интернет технологиялари ва глобализация таъсирида ривожланмоқда.
Фатво бериш жараёнида интернет орқали тарқатиш имконияти пайдо бўлди, бу эса фатволарнинг кенг тарқалишига хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, интернетда тарқатилган ҳар хил тушунчалар ва шубҳали маълумотлар сабабли фатво берувчи уламоларнинг масъулияти ҳам ошди.
Фатво беришда жаҳоннинг турли нуқталарида яшовчи мусулмонларнинг масалаларини кўпроқ универсал ҳал этишга эҳтиёж пайдо бўлди. Замонавий фатво чиқариш жараёнида халқаро даражадаги ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий масалалардан хабардор бўлиш ҳам муҳим ўрин тута бошлади.
Ижтимоий тармоқлар фатволарни оммавийлаштиришда катта рол ўйнайди, аммо шу билан бирга турли мазҳаблар ўртасида тушунмовчиликларни келтириб чиқариши мумкин. Бу вазиятда уламолардан фатво беришда барча ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маҳорати ва сабр-тоқат билан иш тутиши муҳим аҳамиятга эга.
Замонавий жамиятда турли хил мафкуравий, ҳуқуқий ва иқтисодий муаммолар, янги ижтимоий муносабатлар туфайли уламолар янги ҳолатларда фатво беришга мажбур бўлмоқдалар. Бу ҳолларда мутахассис уламолар томонидан ижтиҳод қилиш талаб этилади, яъни маълум мавзу ёки муаммонинг шариатга мос келувчи энг тўғри ва оқилона ечимини топиш лозим.
Фатволар ижтимоий тартибни сақлашда, мусулмонлар орасида тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Уламолар фатволарнинг инсонлар ҳаётига, иқтисодиёт ва сиёсатга қандай таъсир кўрсатишини ҳам ҳисобга олишлари зарур.
Ҳозирги замонда фатво бериш анъанавий ва замонавий билимларнинг уйғунлашган ҳолда амалга оширилишини талаб этади. Фатво беришда инсоният манфаати учун хизмат қилиш, фатвонинг аниқ ва тушунарли бўлишини таъминлаш муҳимдир.
Фатво берувчи шахс Қуръон ва ҳадисни мукаммал билиши, ислом фиқҳи ва унинг мазҳаблари бўйича кенг билимга эга бўлиши, шунингдек ижтиҳод (қўшимча ақлий фаолият) қила олиш қобилиятига эга бўлиши зарур.
Замонавий даврдаги фатво анъанавий фатводан ўзининг бир неча жиҳатлари билан ажралиб туради. Бунда асосий омиллардан бири – глобализация ва ахборот-коммуникация технологияларининг тарқалиши бўлиб, улар муфтийларнинг иш тартибига ўз таъсирини кўрсатмоқда.
Ҳозирда кўплаб муфтийлар онлайн савол-жавоб йўли билан фатволар берадилар. Бу жамият учун қулайлик туғдиради, аммо ушбу фатволарнинг сифатини ва ишончлилигини сақлаш муҳим.
Глобализация даврида мусулмонлар жаҳоннинг турли жойларида яшаб, турли маданият ва қонунлар таъсирида бўладилар. Шу сабабли фатво беришда янада универсал ва бошқа ҳудудлардаги мусулмонларга ҳам муносиб ечимларни таклиф қилиш зарурати пайдо бўлди.
Фатво берувчи уламолар, шунингдек, мусулмонларнинг хорижий жамиятлардаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, турли динлар билан ҳамкорлик ва тинчликни таъминлаш масалалари бўйича фатволар беришга мажбур.
Замонавий фатволар, айниқса, ёшлар орасида кенг тарқалган интернетга боғлиқ масалалар, сунъий интеллект, криптовалюта ва бошқа янги иқтисодий воситаларни ҳам қамраб олиши керак.
Бугунги кундаги кўнгилочар маданият, оилавий муносабатлар ва гендер масалалари бўйича фатволар янгича талабларга мувофиқ бўлиши ва мусулмонларга тушунарли бўлиши зарур.
Ҳозирги замонда фатволар нафақат диний, балки ижтимоий-иқтисодий ва давлатчилик муносабатларида ҳам катта аҳамият касб этмоқда. Улар мусулмонлар ҳаётида қонуний ва ахлоқий қоидаларни белгиловчи йўналтирувчи ролини ўйнайди. Фатволар жамиятда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш учун ҳам хизмат қилади. Ислом ҳуқуқи ва давлат қонунларини уйғунлаштириш масалаларида фатволар муайян аҳамиятга эга, хусусан, мусулмон жамиятларида фатво чиқаришда давлат қонунчилиги ҳам эътиборга олиниши лозим.
Фатволар ижтимоий тартибни сақлаш, турли ҳолатларда адолатни таъминлаш учун хизмат қилади. Масалан, оилавий муносабатлар, эр-хотин бурчлари ёки мерос масалаларидаги фатволар, жамиятда тинчлик ва тартибни таъминлашда аҳамиятлидир. Замонавий шароитда жамиятда турли хил маданиятлар ва ғоялар таъсирида пайдо бўлган саволларга фатволар орқали мусулмонлар ўз қадриятларини сақлашлари мумкин.
Бугунги замонда илм-фан ва технологиялар жадал ривожланмоқда ва уларнинг шариат нуқтаи назаридан кўриб чиқилиши талаб этилмоқда. Масалан, тиббий генетика, сунъий интеллект ёки органлар трансплантацияси каби муаммолар мусулмонлар ҳаётида муҳим ўрин тутмоқда. Муфтийлар бу масалалар бўйича шариат нуқтаи назаридан фатво бериш орқали мусулмонларга тўғри йўл кўрсатишади.
Замонавий шароитда фатволар мусулмонлар ҳаётида турли соҳалардаги муаммоларга ечим топиш, маънавий ва ахлоқий қадриятларни ҳимоя қилиш, ижтимоий барқарорликни сақлашда муҳим аҳамиятга эга. Улар жамиятдаги ўзгаришларга нисбатан шариат талабларига мос йўл тутишда йўл-йўриқ кўрсатиб, мусулмонларга замонавий дунёда ўз диний бурчларини адо этишда ёрдам беради. Фатволар замонавий илмий ва технологиявий ютуқларга шариат нуқтаи назаридан қараш имконини беради, алалоқибат мусулмон жамиятининг барқарор ва аҳил бўлишига ҳисса қўшади.
Ҳомиджон Ишматбеков,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари.