Шариатсиз киши учса ҳавоға,
Кўнгил қўйманг анингдек худнамоға
Сўфи Оллоёр
Аллоҳ таоло бутун борлиқни яратар экан, жами маҳлуқоту мавжудотларининг ҳолатини, келажагини, тақдирини Ўзининг буюк илми ила тақдирга битик қилди. Шунингдек ғайб илми, эртанги кун ҳолати, келажакдаги бўладиган ишларни билиш фақат Аллоҳгагина хосдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
“Ғайб (яширин сирлар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзга билмас. Яна қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни (ҳам) билур. Бирор япроқ узилиб тушса ҳам билур. Ер зулматлари (қаъри)даги уруғ бўлмасин, ҳўлу қуруқ бўлмасин (ҳаммаси) аниқ Китоб (Лавҳул-Маҳфуз)да (ёзилган)дир” (Анъом, 59 оят).
Кейинги вақтларда келажакдан башорат берувчилар, инсонни тақдири ҳақида хабар қилувчилар сони кўпайиб бормоқда. Башорат қилишнинг ҳам турли йўллари бўлиб, уларга: кафтга, юлдузларга, расмга, қартага, қаҳва қуйқасига, сувга ва бошқа нарсаларга қараб, инсонларнинг тақдиридан хабар беришади. Башоратчиларнинг ўзларини эса: фолбин, коҳин, ромчи, фолчи мунажжим, арроф ва бошқа номлар билан номланади.
Бундай ишларни ўзларига касб қилиб олганлар одамларни қабул қиладиган хоналарида тасбеҳ, шам, ойна, сув, кофе, кул, пичоқ, чўплар ва бошқа нарсалар билан қабул қиладилар.
Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги вақтда инсонлар орасида оилавий низоларни бартараф этиш, фарзандлик бўлиш, йўқотган нарсасини топиш, юқорироқ лавозимга кўтарилиш, мерос масалалари, эр билан хотиннинг орасини бузиш каби ишларда фолбинларга бориш кўпайиб бормоқда. Авваллари бундай ишлар фақат аёллар томонидан амалга оширилган бўлса, ҳозирда фолбинларнинг эшиги тагида ўтирганлар орасида эркакларни ҳам учратиш мумкин. Одамлар орасида “Ромга ишонма, ромсиз юрма” деган нотўғри талқин қилинган мақолга кўпчилик амал қилиб келади. Ром очтириш, фолга ишониш каби амаллардан ислом динимиз қайтарган.
Исломда сеҳрни ўрганиш ман қилинган. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтадилар: “Фолбин – сеҳргардир, сеҳргар эса – кофирдир”. Фолбинлар шаръий китобларда “кохин”, “арроф” номи билан ҳам юритилган. Фолбинлар инсонларни уларни келажагини билиши ҳақидаги уйдирмалари билан ишонтирадилар. Баъзилари тасодифан тўғри келиши мумкин бўлса ҳам, аксари очган фоллари нотўғри чиқади. Фолбинлар нотўғри фоллари ҳақида умуман гапирмайдилар. Ишонувчан инсонларга фолбинлар ғайбни биладигандек туюлади.
Бир куни шом вақтида қўшнининг ҳовлисидан бақир-чақир эшитилди. Манзура ая: “Тинчликми?” - дея қўшниникига югурди. Қўшни ёш оила, иккита фарзанди бор. Йигит ичкилик ичгани туфайли, эр-хотин тез-тез жанжаллашиб турарди. Манзура ая қўшниникига чиққанларида, сингил акасини бир аҳволда кўриб, ёрдамга чақиради.
Навбатдаги жанжалдан кейин келин ота-онасиникига кетиб қолган, қайтиб келишни ҳохламаган. Баъзилар йигитга “Фол очтириб кўр” деб маслаҳат беришган экан. Бошқа маҳалладаги фолбинга борганида, у “Кўзимга бошқа эркак кўриняпти, ўрнингни бошқа эркакка алмаштирган” деб йигитга гапиради. Йигитга бу гап ёмон таъсир қилади.
Манзура ая қўшнисиникига чиққанида йигит, ўзини осмоқчи бўлиб турган экан. Ҳай-ҳайлаб, тинчлантиришга ҳаракат қилиб, нима гаплигини билганларидан кейин, “Аёлингни тартиблилигини ҳамма билади, иккита гулдек фарзандинг бўлса, ичкиликни ташла, болам”, деб маслаҳат берибдилар.
Уйга чиқиб, энди дам оламан деб турганларида, қўшниникидан синглиси яна ёрдамга чақирди. Манзура ая яна қўшниникига чиққанида йигит қон босимини туширадиган доридан анчагинасини ичиб юборибди. Машинаси бор қўшнини чақириб, йигитни дарҳол касалхонага олиб боришди. Касалхонада ошқозонини қайта-қайта ювишгандан кейин у ўзига келди. Йигитга кўп панд-насиҳатлар қилиниб, келин билан яраштириб қўйилди.
Ҳозирги вақтда йигитнинг оиласи маҳалладаги аҳил оилалардан бири. Лекин фолбинликни ўзига касб қилиб олганларнинг башорати бир оиланинг пароканда бўлиши билан бирга бир инсоннинг ҳаётига зомин бўлишига бир баҳя қолди.
Ойша онамиз розияллоҳу анҳо бундай деганлар: “Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эртага нима бўлишини айтадилар, деб ўйласа, Аллоҳ таолога катта бўҳтон қилади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Айтинг: “Осмонлар ва ердаги бирорта ғайбни билмайди. Фақат Аллоҳ билади” (Намл сураси, 65 оят. Имом Муслим ривояти).
Ҳаётимиз синовлардан иборат, ҳар биримиз дуч келаётган синовларда ақл билан фикр юритиб, оқибатини ўйлаб ҳар бир ишга оқилона ёндашишимиз зарур. Атрофимиздагилар, яқинларимизга турли иримларга ишонмаслик, бирор мусибат етганда фолбин, сеҳр қилувчиларнинг олдига бормасликни қатъий тушунтиришимиз зарур. Ҳар бир ишда Яратганга таваккул қилиш, тиббий касалликларда мутахассисларга мурожаат қилиш, шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўқиб юрган дуоларни ўқиб юриш тавсия этилади.
Мунира Абубакирова
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 14 мартдаги “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, Дин ишлари бўйича қўмита, Имом Мотуридий, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ташкил этилган анжуманда дунёнинг ўттизга яқин давлатидан муфтийлар, исломшунос ва диншунос олимлар, диний-маърифий соҳа вакиллари иштирок этмоқда.
Анжуман муносабати билан ўтказилган брифингда Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати раҳбари – матбуот котиби Илҳом Маърупов конференция ва унинг доирасидаги тадбирлар ҳақида маълумот берди.
– Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жамиятда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш, буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш бўйича пухта ўйланган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – деди И.Маърупов. – Ушбу эзгу ишларнинг узвий давоми сифатида 2025 йил 29-30 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилмоқда.
Сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда мотуридийшунослик илмий мактаби шаклланди, десак тўғри бўлади.
Конференциянинг аҳамияти ва долзарблиги ҳақида гапирганда бугунги кунда қуйидаги омиллар Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини чуқур ўрганишни тақозо этаётганини алоҳида қайд этиш лозим:
– муқаддас ислом дини ниқоби остида фаолият юритаётган радикал гуруҳлар ҳаракати кучайиб бораётган бугунги шароитда халқаро майдонда Имом Мотуридий таълимотини ўрганишга эътибор ошмоқда;
– мотуридийлик мактабининг бағрикенг ғоялари, асрлар давомида минтақамиз хусусиятларига мос ҳолда шаклланган инсонпарвар таълимоти радикализмга қарши курашнинг таъсирчан ва самарали воситаси сифатида баҳоланмоқда.
Конференция 3 та шуъбада фаолият олиб боради:
Биринчи шуъба “Имом Мотуридий ва унинг издошлари илмий меросининг ислом илмлари ривожидаги ўрни” мавзуига бағишланган бўлиб, унда Имом Мотуридий, мотуридий алломалари ва издошлари ҳаёт йўли, Мовароуннаҳр калом илми мактаби ривожланиш тарихи ҳақида баҳс-мунозаралар, илмий музокаралар бўлиб ўтади.
Иккинчи шуъба “Мотуридийлик таълимотида умуминсоний қадриятлар талқини” мавзуида бўлиб, у Мотуридийлик таълимотида илгари сурилган ғоялар, жумладан, бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат назарияларининг шаклланишига оид мунозараларни ўз ичига олади.
Учинчи шуъба “XXI асрда мотуридийлик таълимотининг аҳамияти” мавзуига бағишланган бўлиб, у Имом Мотуридий ва унинг издошлари илмий меросида кўтарилган мавзуларнинг бугунги кундаги долзарб муаммоларни ҳал қилишдаги илмий ва назарий аҳамиятига оид баҳс-мунозараларни қамраб олади.
Анжуман якунида Имом Мотуридий илмий мероси ва мотуридийлик таълимотини ўрганишни янги босқичга олиб чиқиш бўйича нуфузли олимларнинг таклиф ва ташаббуслари асосида якуний декларация қабул қилинади.
Бугун анжуман қатнашчилари учун Самарқанд шаҳридаги муқаддас қадамжолар ва тарихий-маданий ёдгорликларга саёҳат кўзда тутилган.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (видео), ЎзА мухбирлари